348-модда. Жиноят ишини бошқаларга ўтказиш
Жиноят ишини бир тергов бўлинмаси доирасида бир терговчидан бошқа терговчига ўтказиш шу тергов бўлинмасининг раҳбари томонидан амалга оширилади.
Ишни бир тергов бўлинмасидан бошқасига ўтказиш юқори тергов бўлинмасининг бошлиғи томонидан прокурор розилиги билан амалга оширилади.
Ишни бир дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказишга прокурорнинг қарорига биноан йўл қўйилади.
1. Жиноят ишини бошқаларга ўтказиш тергов бўлими ичида ушбу тергов бўлимининг бошлиғи томонидан амалга оширилади, агар тергов бўлимининг фаолият кўрсатиш ҳудуди катта бўлиб, тергов бўлинмаларининг жойлашиши бир-биридан узоқ масофада бўлса, жиноят ишини бошқа тергов бўлинмаларига ўтказиш прокурорнинг рухсати билан амалга оширилади.
Жиноят ишини бир вилоят тергов органидан бошқа вилоят тергов органига ўтказиш марказий тергов органининг бошлиғи ва Республика прокуратурасининг розилиги билан амалга оширилади.
2. Жиноят ишини тергов бўлинмасининг ичида бир терговчидан иккинчи терговчига ўтказиш ушбу бўлинма раҳбарининг расмийлаштирган кўрсатмаси асосида амалга оширилади. Агар жиноят иши бир ҳудудда жойлашган тергов бўлимидан иккинчи ҳудудда жойлашган тергов бўлимига юбориладиган бўлса, бу иш вилоят тергов органи бошлиғининг расмийлаштирилган кўрсатмаси асосида амалга оширилиб, унга вилоят прокурорининг розилиги олиниши лозим. Жиноят ишини бир вилоят тергов органидан бошқа вилоят тергов органига ўтказиш учун марказий тергов органи бошлиғи томонидан расмийлаштирилган кўрсатма олиниши ва кўрсатмада Республика Бош прокурорининг розилиги қайд этилиши лозим.
3. Жиноят ишини бир органдан бошқа органга оғзаки буйруқ асосида ўтказилиши мумкин эмас. Шу сабабдан жиноят ишини бошқаларга ўтказиш зарурати туғилганда, у ёзма шаклда рамийлаштирилиши ҳамда белгиланган муддатда юборилиши керак.
4. Терговга тегишлилик бўйича фарқ қилувчи тергов органлари ўртасида жиноят ишлари биридан иккинчисигапрокурор қарорига биноан ўтказилади. Мазкур ҳаракатдан аввал тергов органи жиноят иши материаллари ва бошқа ҳужжатларни прокурорга ўрганиб чиқиш учун тақдим қилади. Прокурор уларни ўрганиб, таҳлил қилганидан сўнг жиноят ишини бошқаларга ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради. Прокурор томонидан чиқарилган қарорлар терговчи учун мажбурий ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикасидан бошқа хорижий мамлакатга жиноят ишини ўтказиш масаласи Республика Бош прокурори томонидан кўриб чиқилиб, унинг қарорига асосан ўтказилади. Жиноят ишини бошқаларга ўтказиш ҳамда экстрадиция масалалари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат ўртасида тузилган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |