Жиноят-процессуал кодексига


Download 0.79 Mb.
bet2/491
Sana18.06.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1565152
TuriКодекс
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   491
Bog'liq
Jinoyat-protsessual kodeksiga sharh

СЎЗ БОШИ

Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга алоҳида эътибор берил­моқда. Давлат ва жамиятни демократлаштириш ҳамда эркин­лаштириш борасида юртбошимиз И.А.Каримов раҳбарлигида республикамизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Конституциямизга биноан босқичма-босқич амалга оширилмокда. Конституция нормаларидаги ғоялар мазмуни, судларни ихтисослаштириш, жиноий жазо тизимини либераллаштириш, ўлим жазосини бекор қилиш, санкция бериш ҳуқуқини судларга олиб бериш йўналишларидаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ташаббускори, ижодкори ва муаллифи шахсан Президентимизнинг ўзлари бўлди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси VI сессиясида қабул қилинган ва амалдаги қонунларга киритилган ўзгарти­ришлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини бошлаб берди. Бу босқичнинг моҳияти энг аввало ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш жараёнлари қатъий ҳаракатга келганлигида кўринади. 2001 йилда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгарти­ришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни либерал­лаштириш сиёсатининг муҳим таркибий жараёнларини бошлаб берди. Жиноятларни таснифлаш, жиноий жазо тайинлаш ва уни ўташ қоидаларига жиддий янгиликлар киритилди, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш доираси кенгайтирилди, ярашув институти жорий қилинди. Жиноят ишларини тергов қилиш, шахсни хибсда ушлаб туриш, ишларни судларда кўриб чиқишнинг янги тарти­би ва қатъий муддатлари белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 2005 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган маърузасида давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги энг муҳим вазифа сифатида ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқлари ўртасида барқарор мувозанатга эришиш, суд-ҳуқуқ тузилишини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш, санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш каби вазифаларни қўйди ва уларни бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари деб белгилади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг кейин­ги муҳим босқичи бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши бўлди. Фармонга асосан 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди. Ўлим жазосини жиноий жазолар тизимидан чиқариб ташлаш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Республика Прези­дентининг 2006 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиниши муносабати билан қабул қили­ниши лозим бўлган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилинди. Ушбу Фармон ва фармойишнинг асосий моҳияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унда инсонпарварлик тамойиллари ўз аксини топган ва у халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги билан ҳам аҳамиятлидир. Европа давлатлари 100 йилдан кўп давр ичида ўлим жазосини бекор қилишга эришган бўлса, республикамиз мустақилликка эришганидан сўнг ўтган тарихан қисқа давр мобайнида жиноий жазо тизимидаги ўлим жазоси бекор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 ав­густдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштирди. Хусусан, “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғриси­да”ги Фармоннинг қабул қилиниши Конституциянинг 19, 25, 44-моддаларида белгиланган шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги ва улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклашга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, қонунга асосланма­ган ҳолда ҳибсга олиш ёки қамоқда сақлаб туриш мумкин эмас­лиги ҳамда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини судга шикоят қилиш орқали ҳимоя қилиш кафолатланганлиги тўғри­сидаги талабларни жиноят-процессуал қонунида акс эттирили­шини таъминлади ҳамда Жиноят-процессуал қонунини тако­миллаштириб, дастлабки терговга суд назоратини олиб киришга имконият яратди. Суд назоратининг замирида эса, холислик, тортишув, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинлик­ларини муҳофаза қилиш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топди.
Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият ривожланган ва ривож­ланаётган мамлакатларида фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш билан боғлиқ мажбурлов чораларини қўллашга санкция бериш судлар ваколатида бўлиб, у узоқ тарихга эга. 1679 йил 26 майда Англияда қабул қилинган «Habeas Corpus Act» деб ном олган қонун инсоният тарихида ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни чеклаган биринчи ҳужжат бўлиб, унда “ҳеч бир зот, эркин фуқаро суд қарорисиз ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, мулкидан маҳрум қилиниши, қонундан ташқари деб эълон қилиниши, қувғин қилиниши мумкин эмас” - дейилган. «Habeas Corpus Act»да белгиланган тартибга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи суд ҳузурига дарҳол олиб келиниши ва шахсни қамоққа олишга суднинг розилигини олиш учун қонуний асослантирилган тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши керак ва бундай асослар бўлмаганда шахс Habeas corpus буйруғини чиқариш йўли билан озод қилинади.
Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазо­сини бекор қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Қамоққа олишга санк­ция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги тарихий фармонларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва уларнинг амалиётда ижросини таъминлаш мақсадида 2007 йил июнь ойида “Ўлим жазосини бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжат­ларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди, Сенат томонидан 2007 йил 15 июнда маъқулланди ва 2008 йил 1 январдан кучга киритилди. Ушбу қонулар билан Жиноят, Жиноят процессуал ва Жиноят ижроия кодексларига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар мамлакатимизда демократик жараёнларни ривожлантиришга, инсонпарвар декмократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга, юртимиз обрў-эътибори, шон-шуҳ­ратини жаҳон хамжамияти олдида кўтаришга, фуқароларимиз­нинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда қонун устуворлигига эришиш, ҳар бир қонун меъёрининг тўла ва изчил ижросини таъминлашга, ҳамда ҳуқу­қий тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Прези­дентимиз И.А. Каримов таъкидлаганларидек, “Қонуннинг усту­ворлиги  ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир. У ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Ҳеч бир давлат органи, ҳеч бир хўжалик юритувчи ва ижтимоий-сиёсий ташкилот, ҳеч бир мансабдор шахс, ҳеч бир киши қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос бўлиши мумкин эмас. Қонун олдида ҳамма баробардир. Қонуннинг устуворлиги шуни билдирадики, асосий ижтимоий, энг аввало, иқтисодий муносабатлар фақат қонун билан тартибга солинади, унинг барча қатнашчилари эса ҳеч бир истисносиз ҳуқуқ нормаларини бузганлик учун жавобгар бўлади”.
Фойдаланиш учун тақдим этилаётган китобда муҳим қонун ҳужжатларимиздан бири – Жиноят-процессуал кодексига шарҳ­лар баён этилган. Мазкур Кодекс ҳам Республикада мустақил ижод этилган ва барча қонунларимиз каби халқимизнинг ирода­сини ифодалайдиган, инсонпарварлик руҳида ривожланиб, сайқалланиб келаётган ҳужжатдир.
Ватанимизда илгари амал қилган кодекслардан мустақиллик даврининг ҳуқуқий маҳсули бўлган ушбу Кодекс кўп жиҳатдан мазмунан жиддий фарқ қилади. Унинг ҳажми ва тузилиши ҳам ўзига хос батафсиллик билан ажралиб туради. Аммо, қонун меъёри, қанчалик тўла ва равон ифодаланган бўлмасин, уни ижро қилиш ёки унга риоя қилиш чоғида баъзи жиҳатларни тўғри, ягона, бир хилда талқин қилиш зарурияти сезилиб туради.
Бундай ҳолларда кўпинча “қонун чиқарувчи нима демоқчи, нимага урғу бермоқчи” эканини аниқ тушунмаслик қонун талабларига риоя қилишда хатоликка олиб келади. Бунга йўл қўймаслик учун қонундаги ҳар бир жумла, ифода ва ибора инсон манфаатларини инобатга олиб тушунилиши лозим.
Ҳуқуқ назариясида қонуннинг мазмунини тўғри тушуниш ва тўғри тушунтира олишга оид, ҳар бир ҳуқуқий меъёрнинг мазмуни нимага қаратилган, унинг аҳамияти нимада, қандай ҳаётий вазият ва воқеликка оид эканини аниқлашга кўмаклаша­диган қоидалар мавжуд. Уларга биноан, ҳар бир ҳуқуқий нор­манинг турли жиҳатдан тушуниш (интерпретация), шарҳлаш (комментирование) ва тушунтириш (трактование) мақсадга мувофиқ. Қонуннинг ҳар қандай талқини (толкование) унинг мазмунига мутаносиб (адэкват) бўлмоғи шарт.
Қонунни талқин қилишнинг энг жиддий ва барча учун маж­бурий турлари: аудентик – қонун чиқарувчи томонидан, легал – расмий қўшимча қонун-қоидалар чиқариш ва Конституциявий суд шарҳи тарзида амалга оширилади.
Қонунни бажаришга қаратилган, хусусан одил судлов ва жиноятчиликка қарши кураш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг марказий идоралари тегишли қонунларга амалий-меъёрий талқинлар беришга ҳақли. Жумла­дан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди пленумлари ўз ваколатлари доирасида суд амалиётига оид қарорлар қабул қилишлари ва тушунтиришлар беришлари мумкин. Бундай ҳужжатлар суриштирув, тергов, прокуратура органлари ҳамда судлар учун мажбурий тусда бўлади. Лекин Олий суд Пленуми амалдаги қонунларни амалга оширишга йўналтирилган қарор чиқарганларида қонунга қўшимча, янги меъёрлар яратмайди.
Шунингдек, жиноят-процессуал қонунларининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини такомиллаштиришга оид бир қатор низомлари ва буйруқлари Кодекс талабларини самарали амалга оширишга қаратилган. Улар ҳам ушбу шарҳларда инобатга олинди.
Қонуннинг бошқа турдаги талқинлари илмий тарзда бўлиб, улар, табиийки, барча учун мажбурий эмас, назарий, фанга асосланган доктринал талқин ҳисобланади. Бу хил талқинлар, аксарият, қонун матнининг мантиқий ва грамматик мазмунига оид бўлиб, тарихий ва жорий юз берган ҳолатлар ҳамда бу тўғрида амалда қўлланаётган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олади. Одатда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига оид меъёрий қоидалар кенгайтирилиб, шахс зиммасига мажбурият юклайди­ганлари, аксинча, торайтирилиб шарҳланади. Бу инсонпарвар­ликка хос тамойилларга риоя қилиш шарт.
Ҳар бир шарҳ меъёрий матнда охиригача ифодаланмай қол­ган, бошқа қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш билан кифоя­ланган ҳолатларни ойдинлаштириши лозим. Бу жиҳатдан ушбу шарҳ муаллифлари дастлаб чоп этилган Жиноят-процессуал кодексга шарҳларни чуқур талқин қилдилар, мазмунан ва шаклан илгари узил-кесил ифодаланмаган талқинларни тўлди­риб, ойдинлаштирдилар. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Кодекс­га қарийб 14 йил давомида демократлаштириш ва эркинлашти­риш руҳидаги киритилган ўзгартишлар, янги моддалар ва боблар ҳам шарҳланди.
Яна бир масалани эслатиб ўтиш жоиз. Маълумки, Кодексда “ҳақли”, “ваколатга эга”, “...муайян ҳаракатни бажариши мум­кин”, “йўл қўйилади” каби имконият яратувчи моддалар ҳамда “мажбур”, “ҳаққи йўқ”, “...муайян ҳаракатларни бажариши лозим, шарт” каби қатъий ва аниқ моддалар билан бир қаторда “Кодекс моддаларида белгиланади”, “қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади”, “кўрилади”, “ҳисобга олинади”, “амалга оширилади”, “хабар беради”, “тушунтиради”, “тўхтати­лади” сингари турлича талқин этиладиган иборалар учрайди. Уларнинг кўпчилиги қатъий ва мажбурий характерга эга. Лекин бу хил ибораларни жиноят процессида ўз манфаатини кўзлаб иштирок этувчиларга нисбатан ҳуқуқий имконият бериш, процессни юритувчи масъул шахсларга нисбатан эса, уларнинг мажбурияти сифатида талқин қилинмоғи лозим.
Китобдан фойдаланувчилар унинг келгуси нашрида эътибор­га олиш учун ўз фикр-мулоҳазаларини ва қимматли тавсия­ларини юборишларига умидвормиз.

Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   491




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling