495-модда. Юқори суд кўрсатмаларининг мажбурийлиги
Жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб чиққан суднинг иш ҳолатлари тўла-тўкис ва ҳар томонлама текширилишини таъминлашга, шунингдек, Жиноят кодекси ҳамда ушбу Кодекс нормалари бузилишларини бартараф этишга қаратилган кўрсатмаларига ишни янгитдан судда кўриш чоғида амал қилиш мажбурийдир.
Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди ишни қўшимча терговга ёхуд янгитдан судда кўриш учун юбораётганда айблов исботлангани ёки исботланмагани, у ёки бу далилларнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг иккинчисидан афзаллиги, жиноятнинг тавсифи ва жазо чораси ҳақида олдиндан хулоса чиқариб қўйишга ҳақли эмас. (ЎзР 14.12.2000 й. 163-II-сон Қонуни таҳриридаги модда)
1. Шарҳланаётган модда қуйидагиларни белгилайди:
а) қуйи суд томонидан йўл қўйилган қонуннинг бузилишларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий воситалар;
б) апелляция, кассация ва назорат инстанция судининг ҳақиқий маълумотларга баҳо бериш фаолиятининг доираси;
в) апелляция, кассация ва назорат инстанция суди томонидан қуйи судга кўрсатма беришда белгиланган чеклашларнинг рўйхати
г) жиноят иши янгитдан судда кўрилган вақтида суд мустақиллигининг кафолатлари.
2.Апелляция, кассация ва назорат инстанция судининг кўрсатмалари қўшимча тергов юритишда ва суд томонидан жиноят ишини қайтадан кўришда ушбу кўрсатмалар юқори суд томонидан унинг ваколати доирасида ва ЖПКнинг 395-моддасида белгиланган чегарада берилган ҳолда мажбурий тусга эга булади. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган кўрсатмалар аниқ ва реал бўлишлари шарт, тергов ва биринчи инстанция судининг ушбу кўрсатмаларга мувофиқ амалга оширилган ҳаракатлари жиноят ишининг тўғри ва адолатли ҳал қилишига реал ёрдам беришлари лозим.
Юқори суд кўрсатмаларни янги тергов юритишда ва суд томонидан жиноят ишини қайтадан кўришда амалга оширилмаслик ҳукмнинг янгитдан бекор қилинишига олиб келади.
3. Апелляция, кассация ва назорат инстанция суди, ҳукмни бекор қилиб, прокурор протестининг доирасидан чиқишга ҳамда биринчи инстанция судига судланувчининг ҳолатини оғирлаштиришга олиб келадиган кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.
Жиноят ишини янгидан судда кўриш учун юбормасдан апелляция, кассация ва назорат инстанция суди жавобгарликни оғирлашувига олиб келган фактик ҳолатларни аниқланган деб эътироф этиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |