184-модда. Экспертнинг хулосаси
Эксперт зарурий текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин ўз номидан ёзма хулоса тузади ва уни имзолаб тасдиқлайди.
Экспертнинг хулосасида:
унинг фамилияси, исми ва отасининг исми, маълумоти, ихтисоси, ушбу ихтисослик бўйича стажи, илмий даражаси ва илмий унвони, эгаллаб турган лавозими;
хулоса беришдан бўйин товлаганлик ва била туриб ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида экспертнинг огоҳлантирилганлиги;
экспертиза қайси процессуал қарорга асосан ва қачон ўтказилганлиги;
уни ўтказиш вақтида ким ҳозир бўлганлиги;
эксперт ишнинг қайси материалларидан фойдаланганлиги, қайси ашёвий далиллар, намуналар ва бошқа объектлар текширувдан ўтказилганлиги;
хусусан қандай текширишлар ўтказилганлиги, қандай усуллардан фойдаланилганлиги ва уларнинг ишончлилик даражаси;
қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар, шунингдек, иш учун аҳамиятли бўлган ва эксперт ўз ташаббуси билан аниқлаган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.
Эксперт хулосасида жиноят сабаблари ва унинг содир қилинишига имкон берган шарт-шароитлар, шунингдек, уни бартараф қилишга доир ташкилий-техникавий тавсиялар кўрсатилган бўлиши мумкин.
Текшириш ўтказилганидан қолган ашёвий далиллар, намуналар, бошқа объектлар, шунингдек, фотосуратлар, схемалар, чизмалар эксперт хулосасига қўшиб қўйилиши зарур.
Агар экспертга берилган материалларнинг етарли эмаслиги ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текширув чоғида маълум бўлиб қолса, экспертнинг хулосаси айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосларини ўз ичига олган бўлиши лозим.
1. Экспертнинг хулосаси якуний ҳужжат бўлиб, унда экспертиза ўтказувчининг маълумоти, касби, ихтисоси, кобилиятига оид маълумотлар, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, кимнинг топшириғи билан, қандай экспертизани, қаерда ва қачон ўтказгани, экспертиза объектлари, уларни тадқиққилиш усуллари ва воситалари, қўйилган саволларга жавоблари, уларнинг қатъийлик даражаси аниқ кўрсатилиши лозим.
2. Эксперт унга берилган саволларнинг бирортасига ҳам жавоб беролмаса, хулоса ўрнига бу ҳақда асослантирилган ҳужжат тузади (185-моддага берилган шарҳларга қаранг). Агар эксперт айрим саволларга ўзининг ихтисослиги ва малакаси етарли эмаслиги, савол ноаниқлиги, бу ҳақда фан, техника, санъат ёки касб-ҳунар соҳасида ишончли маълумот ва текшириб аниқ жавоб бериш имкониятлари йўқ бўлса, хулосада буни кўрсатиши лозим.
3. Агар эксперт ўтказган тадқиқотлари натижасида унга қўйилган саволлардан бошқа ҳолатларни аниқласа ва бу жиноят ишига алоқадор бўлса, ўз ташаббуси билан қўшимча саволлар шакллантириши ва уларнинг жавобларини ҳам ўз хулосасида ёхуд айрим ҳолда баён этишга ҳақли. Шунингдек, эксперт ўз хулосасида ёки айрим ҳолда жиноятнинг сабаблари, содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, уларни бартараф этиш учун ташкилий-техникавий чоралар кўришни тавсия қилишга ҳақли.
4. Эксперт хулосасига илова қилинган объектлар, шу жумладан намуналар, фотосуратлар, чизма ва бошқа ёрдамчи материаллар ўралиб, муҳрланиб, имзо қилиниб, экспертизани тайинлаган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьяга юборилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |