Жиноят-процессуал кодексига


Download 0.79 Mb.
bet446/491
Sana18.06.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1565152
TuriКодекс
1   ...   442   443   444   445   446   447   448   449   ...   491
Bog'liq
Jinoyat-protsessual kodeksiga sharh

ЎН ИККИНЧИ БЎЛИМ
ҲУКМ, АЖРИМ, ҚАРОРЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


58-БОБ. ҲУКМ, АЖРИМ, ҚАРОРЛАРНИ ИЖРО ЭТИЛИШИ


528-модда. Ҳукмнинг қонуний кучга кириши ва уни ижро этиш


Ҳукм унинг устидан апелляция шикояти бериш ва про­тест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти берилган ёки протест билди­рилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради.
Маҳкумлар икки ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, башарти шулардан лоақал бирига нисбатан ҳукм устидан шикоят берилган ёки протест билдирилган бўлса, юқори суд ишни кўриб чиққунига қадар маҳкумларнинг ҳаммасига нисбатан ҳукм қонуний кучга кирмай туради.
Ҳукм қонуний кучга кирган ёки иш апелляция инстан­цияси судидан қайтарилган кундан бошлаб уч кундан кечик­май, ҳукм чиқарган суд томонидан ижро эттирилади. Иш фақат биринчи инстанция судига юборилиши лозим, проку­рорга ёки бошқа судга юборилиши мумкин эмас. (ЎзР 14.12.2000 й. 163-II-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

1. Кодекснинг ушбу бобида суд ҳокимияти чиқарган ҳужжат­лар тарзида турли поғона судлари (судьялари) қабул қилган ҳукм, ажрим ва қарорлар назарда тутилади. Судья ёки суд раиси имзолаган бошқа хил хат-ёзишмалар ушбу боб моддаларида назарда тутилган суд ҳужжатлари жумласига кирмайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-мод­дасида кўрсатилганидек, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир. Улар Ўзбекистон Республикасининг қонун­лари каби белгиланган тартибда кучга киради. Маълумки, қо­нунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар кучга кириши ва ҳаётда қўлланиши учун матбуотда эълон қилиниши шарт (Консти­туциянинг 83-моддаси). Суд чиқарган ҳужжатлар, шу жумладан ҳукм суд мажлисида эълон қилингани ҳамон барча учун мажбурий ҳисобланади. Суднинг айрим ҳужжатлари (масалан, шахсни судга мажбурий келтириш, қидирув эълон қилиш, жиноят туфайли етказилган зиённинг қопланишини таъминлаш учун судланувчига тегишли мулкни хатга олиш каби баъзи процессуал ҳаракатларни бажаришга оид хусусий ажрим ва қарорлари) бевосита тегишли давлат органи ёхуд мансабдор шахсга юбориш йўли билан ижро этилади.
3. Ҳукмнинг ижро этилиши – бу суднинг ҳукмда баён қилинган қарорини амалга ошириш, судланувчини ҳукмга асосан жазолаш ёки оқлаш, жиноят оқибатида етказилган зиён­ни ва суд харажатларини ундириш демакдир.
Суд ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ иш юритиш жиноят процессидаги анъанавий босқичлардан фарқ қилади. Биринчидан, у жиноятни ҳақиқатан ҳам ким содир этганини аниқлашга қаратилмаган. Иккинчидан, у жиноят ишини юри­тишнинг давоми ёки якунловчи босқичи ҳам эмас, чунки, суд ҳужжатларини ижро этишга оид муаммолар юз бермаслиги ва, аксинча, бир неча марта, ҳатто назорат тартибида иш юритиш­дан сўнг ҳам уларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар, чунон­чи шахсни реабилитация қилиш заруратини суд ҳал қилишига тўғри келади.
4. Ҳукм, ажрим, қарорларни ижро этиш давлат ижроия ҳокимияти органларининг вазифасидир. Уларнинг вақтида ва тўла ижро этилиши ҳақида судлар ижроия органларига тегишли топшириқ бериши ва талаблар қўйиши, уларнинг илтимосно­маси ёки тақдимномасига кўра, суд ҳужжатларининг мазмунига оид тушунтиришлар бериши мумкин.
Суд ҳукмининг тўғри ижро этилишини текшириш ва назорат қилиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда про­курор томонидан ЖИКнинг 16-17-моддалари ва “Прокуратура тўғрисида” Қонуннинг 30-32-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.
5. Бирорта ҳокимият бошқарув органи ёки мансабдор шахс суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатишга ҳақли эмас. Бундай ваколат фақат Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ва унинг ўринбосарларига берилган. Улар протест билдирилган ишни назорат тартибида ҳал қилингунга қадар, фавқулодда ҳолларда, қонуннинг очиқдан-очиқ бузилганини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган тақдирда, иш бўйича протест билди­рилгунга қадар уч ойдан ошмайдиган муддатга ҳар қандай суд ҳужжатининг ижросини тўхтатишлари мумкин (517-модданинг шарҳига қаранг).
6. Агар маҳкум Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқа­рида истиқомат қилаётган бўлса, уни тутиб бериш масаласини Ўзбекистоннинг тегишли давлат билан тузилган ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисида битимига мувофиқ дипломатик йўллар билан ҳал қилинади. Бу ҳақда Кодекснинг 8-моддасидаги шарҳ­ларга қаранг.
7. Кодекснинг мазкур бобида ҳукм, ажрим, қарорларни ижро эттиришга оид суднинг процессуал фаолияти тартибга солин­ган. Суд ҳужжатлари, умумий қоидага биноан, қонуний кучга кирганидан сўнг ижро этилади. Чунки фақат қонуний кучга кирган ҳукмлар қатъий ҳисобланади ва ўзгартирилмайди. Қонунлар сингари, суднинг айрим ажримлари ва қарорининг ҳам кучга кириш ва ижро этилиш вақти унинг ўзида кўрса­тилган бўлиши мумкин. Баъзи ҳукмлар эълон қилиниши била­ноқ ижро қилинади. (Бу ҳақда Кодекснинг 529-моддасига қаранг).
8. Ҳар қандай ҳукм, унинг устидан шикоят ва протест берилмаган бўлса, апелляция тартибида шикоят ва протест бериш муддати ўтгандан кейин, агар апелляция тарзида шикоят ёки протест берилган бўлса, ишни юқори инстанция суди кўриб чиқиб ҳукмни бекор қилмаган куни қонуний кучга киради.
Ҳукмнинг қонуний кучга кирганлиги унинг қатъий, яъни бекор қилиш ёки ўзгартишни истисно қиладиган якуний ҳужжат деб ҳисоблашни билдиради. Ҳукм кучга киргач шахс шу қилмиши учун иккинчи марта судланиши мумкин эмаслиги унинг ижроси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда инобатга олиниши лозим.
9. Ҳукм судланган барча шахсларга - маҳкумларга ҳамда оқланганларга нисбатан тўла ва бир йўла қонуний кучга киради. Агар ҳукмнинг фақат бир қисмига оид шикоят берилган бўлса ёки бир неча шахс судланган бўлиб, улардан фақат биттасига нисбатан апелляция шикояти ёки протест берилган бўлса, бундай ҳолларда иш юқори инстанция судида кўриб чиқилгунига қадар ҳукм барча судланганларга нисбатан қонуний кучга кирмайди. Маса­ланинг бундай тарзда ҳал қилиниши иш бўйича судланган барча шахсларга нисбатан қонуний ва асослантирилган ҳукм чиқарилганлигини текшириб кўриш зарурлигидан келиб чиқади.
Бинобарин, бир неча шахс айбланган иш бўйича ҳукмнинг маҳкумлардан фақат айримларига оид қисми юзасидан шикоят ва протест берилган тақдирда ҳукм қисман кучга кирмай, иш юқори инстанция судида кўриб чиқилгандан кейин барча судланганларга нисбатан бир йўла қонуний кучга киради.
Шунингдек, агар маҳкумлардан бирортаси шикоят ёки протест берган бўлса, оқланган шахсга нисбатан ҳам ҳукм юқори инстанция судида апелляция тартибида кўриб чиқилган­дан кейингина қонуний кучга киради.
10. Юқори инстанция суди жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиққач, ҳукм чиқарган судга ишни дарҳол қайтариши шарт. Амалиётда бу муҳлат уч кундан ошмайди. Ҳар қандай зарурат бўлса-да, бундай ишни прокурорга ёки бошқа судга юбориш тақиқланган. Ҳукм чиқарган суд ишни олгач, уч кун мобайнида ҳукмнинг нусхасини уни ижро этувчи муассаса ёки органга юбориши шарт.
11. Муайян жиноят иши бўйича чиқарилганига йигирма беш йил ўтган ҳукмни, ЖК 69-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилганидек, ижро этиш мумкин эмас.



Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   442   443   444   445   446   447   448   449   ...   491




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling