529-модда. Суд мажлиси залида қамоқдан озод этиш
Суд ҳукмни эълон қилгач, суд мажлиси залида қуйидагиларни дарҳол қамоқдан озод қилади:
1) оқланган шахсни;
2) жазо тайинланмаган маҳкумни;
3) жазодан озод этилган маҳкумни;
4) ушлаб туриш ёки эҳтиёт чорасини қўллаш оқибатида қамоқда бўлган вақтдан ёхуд назорат тартибида бекор қилинган ҳукмга биноан шу иш бўйича жазони ўтаган вақтдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумни;
5) шартли равишда озодликдан маҳрум этилган маҳкумни;
6) озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога маҳкум этилган шахсни.
1. Ҳукм бўйича судланувчи оқланган ёхуд унга нисбатан жазо тайинланмаган ёхуд жазодан озод этилган ҳолларда, яъни:
- судланувчи айбланаётган жиноят учун жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганда (ЖК 64-м.);
- қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганда (ЖК 65-м.);
- судланувчи ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод этилганда (ЖК 66-м.);
- судланувчи ва жабрланувчи ўзаро ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилинганда (ЖК 661-м.);
- маҳкум содир этган жиноят учун жазо тайинлашни истисно этадиган амнистия акти эълон қилинганда (ЖК 68-м.);
- маҳкумнинг тузалишига жамоат таъсир чоралари ёки маъмурий жазо чоралари кўриш йўли билан эришиш мумкин бўлганда ҳукм чиқариш вақтигача судланувчи вафот этганда ёхуд маҳкум содир этган жиноят учун жазо тайинлашни истисно қилувчи амнистия акти эълон қилинганда (ЖПК 463-м.) қамоқдаги судланувчи суд залидан дарҳол озод қилиниши лозим.
2. Шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланган вақтга нисбатан кам муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум қилинган ёхуд шартли равишда озодликдан маҳрум этилган ёинки озодликдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога маҳкум қилинган тақдирда ҳам суд залидан озод қилиниши шарт. Маҳкумни иш бўйича судгача ушлаб турилган кунлар ва суд-тиббиёт ёки суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш учун доимий (стационар) кузатув зарурлиги туфайли тиббий муассасага жойлаштирилган кунлар озодликдан маҳрум этиш кунларига тенглаштирилади.
3. Ҳар қандай ҳукмнинг фуқаровий даъво, суд харажатлари, далилий ашёларнинг тақдири, оқланганга унинг ҳужжатларини қайтариш каби масалаларга оид қисми ҳукм қонуний кучга киргандан кейин ижро этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |