532-модда. Ҳукмни ижро этиш босқичида маҳкумнинг ҳуқуқлари
Ҳукмни ижро этиш босқичида маҳкум: судга ҳукмнинг ижросини кечиктириш ҳақида, касаллиги ёки ногиронлиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш ҳақида, жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш ва муддатидан олдин шартли озод қилиш ҳақида, жазони ижро этиш жойларида сақлаш шароитларини ўзгартириш ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа масалалар бўйича аризалар беришга; суд мажлисида иштирок этишга ва кўрсатувлар беришга, далиллар тақдим қилишга, илтимослар қилишга ва рад этишга; ишдаги барча материаллар билан танишишга, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар беришга ҳақли.
1. Маҳкум Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Конституция ва қонунларда назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган истиснолар ва чеклашларга риоя этади. Ажнабий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган маҳкум эса, фақат Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳуқуқларга эга.
2. Маҳкумнинг жазони ўташ давридаги асосий ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 9-моддасида батафсил санаб ўтилганидек, қуйидагилардан иборат:
жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида ҳамда шу муносабат билан ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш;
ўз она тилида ёки бошқа тилда таклиф, ариза ва шикоят билан мурожаат қилиш, уларга шу тилда ёки ўзи биладиган тилда жавоб олиш;
тушунтириш бериш ва хат-ёзишмалар олиб бориш;
ўқув, бадиий ва бошқа хил ахборот манбаларидан фойдаланиш;
соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам олиш, шахсий хавфсизлик ва виждон эркинлиги ҳуқуқларининг таъминланишини талаб қилиш;
ниҳоят, маҳкум адвокатлардан малакали ҳуқуқий ёрдам олиш, шу мақсадда улар билан ўзи истаган миқдорда ва муддат давомида учрашиб туришга, шунингдек, ЖИКда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |