Алоҳида хонада суд қуйидаги масалаларни ҳал қилади:
1) жиноят содир этилганми ёки ақли норасо шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этганми;
2) ана шу жиноят ёки ижтимоий хавфли қилмиш иши кўрилаётган шахс томонидан содир этилганми;
3) мазкур шахс ҳозирги вақтда руҳий касалми;
4) жиноят содир этганидан кейин руҳий касалликка дучор бўлиб қолган ёки ақли норасо ҳолда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш талаб этиладими ва агар талаб этилса, айнан қандай чорани қўллаш керак;
5) мазкур шахс руҳий касалликдан умумий асосларда даволанишга муҳтожми.
Суд, шунингдек, ушбу Кодекс 457-моддаси биринчи қисмининг 10-14-бандларида назарда тутилган масалаларниҳамҳал қилади.
ЖПК 576-моддасининг биринчи қисми 1-5 бандларида кўрсатилган масалаларни раислик килувчи алоҳида ҳонада ажрим чиқариш вақтида қонунда кўрсатилган тартибда муҳокама қилиш учун суд таркибига тақдим этади. Суд таркиби бу масалаларни ҳал этмай туриб, кейинги масалаларни ҳал қилишга ўта олмайди. Бундан ташқари, иш материалларидан келиб чиқиб, ашёвий далиллар, иш бўйича тайинланиб иштирок этган адвокатнинг хизмат ҳақи, болаларга ҳомийлик, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилаётган шахснинг мулкини қўриқлаш чоралари ҳақидаги масалалар ҳам ҳал этилади.
Муҳокама этилган ва ҳал қилинган барча масалалар бўйича тўхтамлар суд ажримида қайд этилади ва барча судьялар томонидан имзоланади. Ажрим суд мажлисида эълон қилинади ва унда адвокатнинг иш ҳақи ва суд чиқимлари, фуқаровий даъво, эҳтиёт чорасини қўллаш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахснинг вояга етмаган болаларини ҳомийликка бериш ва унинг мулкини қўриқлаш тўғрисидаги масалалар ҳал этилиши лозим.
577-модда. Суд ажрими
Кейинчалик руҳий касалликка дучор бўлиб қолган шахс содир этган жиноят тўғрисидаги ёки ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши ҳақидаги иш бўйича суд мажлисида чиқарилган суд ажрими қуйидаги қоидалар асосида тузилади.
Суд ажримнинг кириш қисмида иши кўрилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, ойи, куни ва жойи, турар жойи, иш жойи, машғулот тури, маълумотини ва шахси тўғрисидаги иш учун аҳамиятга молик бошқа маълумотларни кўрсатади.
Ажримнинг тавсиф-асослаш қисмида суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки қўлламаслик учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни баён қилади, шу чорани қўллашни тақозо қиладиган, шубҳа остига қўядиган ёки унга монелик қиладиган далиллар келтиради. Шундан сўнг ажримда суд ушбу Кодекснинг 576-моддасида санаб ўтилган масалаларга ўзининг жавобларини ифодалайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |