Жиноят иштирокчиларининг жавобгарлиги асослари ва доирасини таърифлаб беринг.
Жиноят иштирокчиси қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.
ЖК 30-моддасига кўра, ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ЖК Махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортишни назарда тутадиган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.
Олдиндан тил бириктирган гуруҳ (мураккаб иштирокчилик), жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари бевосита қатнашган барча жиноятлари учун жавобгарликка тортиладилар.
Уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки уларга раҳбарлик қилган шахслар – жиноий уюшма ёки қуролли уюшган гуруҳ ташкил этганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилишлари билан бирга, шу гуруҳ ёки уюшма содир этган барча жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлсагина, жавобгарликка тортиладилар. Жиноий уюшма ёки уюшган қуролли гуруҳнинг бошқа (жиноий уюшмани тузишда иштирок этмаган ёки раҳбарлик қилмайдиган) аъзолари фақатгина ўзлари бевосита содир этган жиноятлари учунгина жавобгар бўладилар.
Бажарувчи экцесси ва унинг турларини таҳлил қилинг.
Экцесс бажарувчи деб - бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган қилмишни содир этган бажарувчига айтилади .
Эксцесснинг икки хил кўриниши мавжуд бўлиб, улар:
- сифат кўрсаткичли экцесс;
- миқдор кўрсаткичли эксцесс.
Сифат кўрсаткичли эксцессда - бажарувчининг ҳаракатлари бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган бошқа бир жиноятни содир этишида ифодаланса (масалан: иштирокчилар ўғрилик қилишни келишиб олишади, лекин бажарувчи босқинчилик қилиб чиқади.);
Миқдор кўрсаткичли эксцессда эса - бажарувчи бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган жиноятни содир қилади, лекин унинг оқибати бошқа иштирокчилар ўйлаганидан кўра оғирроқ бўлади (масалан: иштирокчилар жабрланувчини қўрқитиб қўйиш мақсадида енгил тан жароҳати етказишни келишиб олишади, бажарувчи жабрланувчига оғир тан жароҳати етказади).
Ушбу икки кўринишдаги эксцессда ҳам - бажарувчи ўзи содир этган қилмиши учун фақат ўзигина жавобгар бўлади. Қолган иштирокчиларнинг ҳаракатлари эса - қасд қилинган жиноятга нисбатан суиқасд қилиш ёки тугалланган жиноят деб квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |