Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида, ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқиш масаласини муҳокама этинг.
39-модда. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш
Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.
Ушлаш воситалари ва усулларига, қилмишнинг ҳамда уни содир этган шахснинг хавфлилик даражасига, шунингдек ушлаш шароитига бутунлай мос келмайдиган, ушлаш зарурати тақозо этмаган ҳолда ушланаётган шахсга қасддан зарар етказиш ушлаш чоралари чегарасидан четга чиқиш деб топилади.
Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида унга етказилган зарарнинг қонунийлигини баҳолашда, қилмишни содир этган шахснинг ушланишдан қочиш мақсадида қилган ҳаракатлари, ушловчининг кучи ва имкониятлари, руҳий ҳолати ва ушлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳолатлар ҳисобга олинади.
Махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шартлари:
Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказишни ҳуқуққа хилоф эмас деб топишнинг қуйидаги шартлари мавжуд. Зарар:
- жиноят содир этган шахсгагина етказилиши;
- жиноят содир этган шахсни ушлаш вақтида етказилиши;
- айбдорни бошқа бир янги жиноят содир этишини олдини олиш учун ҳокимият органларига топшириш мақсадида етказилиши;
- зарар мажбурий чора ҳисобланиши;
- ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаганлиги.
117-савол Жазо тизимини гапириб беринг
Жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
б1) мажбурий жамоат ишлари;
в) ахлоқ тузатиш ишлари;
г) хизмат бўйича чеклаш;
д1) озодликни чеклаш;
е) интизомий қисмга жўнатиш;
ж) озодликдан маҳрум қилиш;
з) умрбод озодликдан маҳрум қилиш.
Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин.
Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш фақат асосий жазо сифатидагина эмас, балки қўшимча жазо тариқасида ҳам қўлланилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |