Шубҳали қарзлар бўйича резервларнинг ҳисоби. Тўлови шубҳали бўлган дебиторлик қарзларни ҳисобот даврлари бўйича бир маромда ҳисобдан чиқариб бориш мақсадида корхоналар махсус резерв ташкил этишлари мумкин. Ушбу резервни ташкил этишнинг икки усули мавжуд:
1-усул. Сотилган товарлар ҳажмига нисбатан ҳисоблаш усули. Ушбу усулда ҳар ойлик резерв суммаси нақдсиз йўл билан сотилган товарлар ҳажмини резервга ажратма қилишнинг фоизларда белгиланган меъёрига кўпайтириш ва 100 фоизга бўлиш орқали аниқланади. Аниқланган сумма йил бошидан бошлаб мавжуд бўлган шубҳали қарзлар резерви суммасига қўшиб борилади, яъни уни кўпайтиради. Шубҳали деб тан олинган ва келиб тушиши даргумон бўлган қарзлар ташкил этилган резерв ҳисобидан ҳисобдан чиқарилади.
2- усул. Дебиторлик қарзлари суммасига нисбатан ҳисоблаш усули. Ушбу усулда мавжуд дебиторлик қарзлари тўлови ўтиб кетган муддатлари бўйича гуруҳлаб чиқилади ( масалан , 30 кунгача, 60 кунгача, 90 кунгача, 90 кундан ортиқ ва шу каби). Ҳар бир гуруҳ бўйича дебиторлик қарзларнинг умумий суммалари топилади ва ушбу суммалардан шубҳали қарзлар резервига фоизларда белгиланган меъёрлар бўйича ажратмалар қилинади. Тўлов муддатлари қанчалик кўп бўлса, резервга ажратманинг меъёри ҳам шунчалик катта бўлади. Барча гуруҳлар бўйича топилган резерв суммалари жами шубҳали қарзлар резервини ташкил этади. Агар олдинги даврларда резерв счётида ишлатилмайин қолинган сумма мавжуд бўлса, у ҳолда резервга охирги ажратмани қилишда ушбу сумма камайтирилади, агар олдинги даврларда резерв счёти манфий суммага эга бўлган бўлса, яъни ишлатилган сумма ташкил этилган суммадан кўп бўлган бўлса, у ҳолда охирги ажратма суммасига ушбу манфий сумма миқдори ҳам қўшиб ҳисобланади.
Шубҳали қарзлар резервини ташкил этишнинг танланган усули, резервга ажратмаларнинг фоизларда белгиланган меъёрлари корхонанинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилган бўлиши лозим. Ҳар иккала усулда ҳам ташкил этилган резерв
4910 “ Шубҳали қарзлар бўйича резерв” контрактив счётида ҳисобга олинади. Резервга ажратмага қуйидаги бухгалтерия ёзуви қилинади:
Do'stlaringiz bilan baham: |