10.3.Асосий фаолиятдан олинган қўшимча даромадларнинг ҳисоби
21-сон БҲМСга мувофиқ асосий фаолиятдан олинган қўшимча даромадлар қуйидаги счётларда ҳисобга олинади:
9310 “Асосий воситаларнинг чиқимидан олинган фойда” –бу пассив ва вақтинчалик счётда корхоналар ўзларининг асосий воситаларини сотишдан ва бошқа чиқимларидан олган фойдасини ҳисобга олишда фойдаланадилар. Счётнинг кредитида олинган фойда йил мабойнида тўпланиб боради. Ушбу фойда асосий воситаларнинг сотиш (бериш ) қийматидан уларнинг қолдиқ қийматини ва сотишдан олинган ҚҚС суммасини айиргандан қолган суммадан иборат бўлади. Масалан, бошланғич қиймати 500000 сўмлик, жамланган эскириш қиймати 300000 сўмлик компьютер 440000 сўмга сотилди дейлик. Сотишдан олинган ҚҚС суммаси ушбу ҳолда 40000 сумни ((440000 – 200000) *20/120), сотишдан олинган фойда суммаси эса – 200000 сумни ( 440000-200000-40000) ташкил қилади. Ушбу фойда суммаси дебет 9210 “Асосий воситаларнинг чиқими” счетда ва кредит 9310 “ Асосий воситаларнинг чиқимидан олинган фойда”счётида акс эттирилади.
Йил якунида ушбу 9310- счётнинг кредитида тўпланган сумма унинг дебетига ва 9900 “ Охирги молиявий натижа” счетининг кредитига ёзилади ва шу асосда у ёпилади.
9320 “Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда” - бу пассив ва вақтинчалик счётда корхоналар ўзларининг турли бошқа активларини, масалан материалларини, хўжалик инвентарларини, номоддий активлари ва бошқа активларини сотишдан ва бошқа чиқимларидан олган фойдасини ҳисобга олишда фойдаланадилар. Счётнинг кредитида олинган фойда йил мабойнида тўпланиб боради. Ушбу фойда бошқа активларнинг сотиш (бериш ) қийматидан уларнинг таннархини (қолдиқ қийматини) ва сотишдан олинган ҚҚС суммасини айиргандан қолган суммадан иборат бўлади. Масалан, таннархи 50000 сўмлик материал 72000 сўмга сотилди дейлик. Сотишдан олинган ҚҚС суммаси ушбу ҳолда 12000 сумни (72000 *20/120), сотишдан олинган фойда суммаси эса – 10000 сумни ( 72000-50000-12000) ташкил қилади. Номоддий активларни сотишдан (беришдан) олинган фойда худди асосий воситаларни сотишдагидек топилади. Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда суммаси дебет 9220 “Бошқа активларнинг чиқими” счетда ва кредит 9320 “Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда”счётида акс эттирилади. Йил якунида 9320- счётнинг кредитида тўпланган сумма унинг дебетига ва 9900 “ Охирги молиявий натижа” счетининг кредитига ёзилади ва шу асосда у ёпилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |