мундарижа
Қудуқлар ишининг технологик режими улардан олинадиган маҳсулот миқдорининг нормасини белгилаб беради. Қудуқнинг тадқикот натижалари технологик режим тузиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир қудуқда мунтазам тадқикот ишлари олиб борилиши керак.
Қудуқнинг максимал (потенциал) имконияти бўйича маҳсулот миқдорини белгилаш мумкин эмас. Чунки бу ҳолда қатлам энергияси норационал сарфланиши, нефть захирасининг тўла ишлатилмаслиги, қатлам емирилиш ва колонна сиқилиши ҳоллари юз бериши мумкин.
Шу сабаб ҳар бир қудуқ учун ўзининг оқилона ишлатилиш шароитини таъминилайдиган маҳсулот миқдори меъёри белгиланади.
Меъёрни белгилашда қудуқлар икки гуруҳга бўланади:
1. Чекланмаган маҳсулот миқдори билан
2. Чекланган махсулот миқдори билан
Биринчи гуруҳга кам маҳсулотли, динамик сатхи паст бўлган ва паст босимли қудуқлар киради. Бу қудуқлардан олинадиган маҳсулот миқдори мавжуд ускуналарнинг максимал имконияти ва потенциал миқдор орқали белгиланади.
Иккинчи гуруҳдаги қудуқларнинг миқдорини бир неча сабабларга кўра чеклашга тўғри келади. Уюмнинг чекка сувлари фаол шароитда қатлам босими тўйинганлик босимидан юқори бўлса, суюқликдан газ ажралиб чикиши олдини олиш мақсадида маҳсулот миқдори чекланади. Бунда туб босими тўйинганлик босимига тенг ёки ундан 20-25% паст ҳолда белгиланади.
Чекланишнинг бошқа сабаблари сифатида қатлам сувининг қудуқ тубига кўтарилишининг олдини олиш, газ дўпписининг бир меъёрда кенгайишини таъминлаш, қатламдан қум ва механик заррачалар олиб чиқилишининг олдини олиш, йўлдош сув миқдорини камайтириш ва бошкалар хизмат қилади.
Баъзан қудуқнинг маҳсулот миқдори техник сабабларга кўра чекланади. Масалан, паст босимли чуқур қудуқларда динамик сатҳнинг пасайиши натижасида мустаҳкамловчи қудуқнинг сиқилиб қолишидан сақлаш учун ҳам маҳсулот миқдори чекланади.
Газ қудуқларида маҳсулот миқдори сув кўтарилишнинг олдини олиш ва газ оқимида қум олиб чиқилишини чеклаш шартлари билан белгиланади. Катта маҳсулотли газ қудуқларида меъёр қудуқ диаметрига қараб белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |