75-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги низолар муросага келтирувчи воситалар ёрдамида ҳал этилади”.
Мазкур моддани қуйидагича шаклга ўтказиш кўзда тутилмоқда:
Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий, иқтисодий, маданий, инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиши учун зарур молиявий, моддий, ташкилий-техник ва бошқа шарт-шароитларни яратади. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти олий органларида ўз вакилларига эга бўлади.
77-моддага Олий Мажлис депутатлари ҳудудий кенгашларда депутат бўлишини чекловчи банд қўшилмоқда:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати айни бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
78- ва 93-моддаларга киритилаётган ўзгаришларга биноан:
Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ваколати Олий Мажлисдан президентга ўтказилади.
78-моддада, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига қуйидагилар қўшилмоқда:
Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш;
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш.
80- ва 93-моддаларга киритилаётган ўзгаришларга асосан, Сенатнинг ваколатлари учтага кўпаймоқда:
Президент тақдимига биноан Ҳисоб палатаси ва Судьялар олий кенгаши раисларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш тўғрисидаги президент фармонларини тасдиқлаш;
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик вакиллари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларни эшитиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |