6. Муболаға (ёки гипербола) услубий восита бўлиб, ифодаланган тушунчанинг кўпиртириб, орттирилиб тасвирланишидир. Муболаға халқ достонларида, эртакларда, айтишув ва лофларда фаол ишлатилади: Тўқсон молнинг терисидан кавуши... (“Алпомиш” достонидан)
7. Сифатлаш (ёки эпитет) нарса, шахс, ҳодисаларнинг белгисини ифодалаш воситасидир. Бу вазифада тилимиздаги белги билдирувчи сўз туркумлари (асосан, сифатлар) қўлланади: Золим жаллод, билмаганим билдиргин... (“Кунтуғмиш” достонидан)
3-§. Фонетик услубият
1. Нутқ товушларининг услубий хусусиятлари
1) асир, девон каби сўзлардаги товушларнинг нотўғри (аср, диван каби) талаффуз қилиниши оқибатида нутқда тушунмовчилик юзага келади.
2) –да, -ва, -қа (ёки -қ) каби бўғинлардан кейин яна шундай товушлар билан бошланадиган сўзларни келтириш нутқий ғализликни келтириб чиқаради: Сўзларнинг гапда қўлланиши ва вазифалари...
2. Урғунинг услубий хусусиятлари
Сўз урғусининг кўчиши шу сўз маъносини ўзгартириши мумкин: янги́ кийим(сифат) - я́нги дамланди (равиш). Гапда оҳангнинг ўзгариши ҳам янги услубий мазмун пайдо бўлишига олиб келади: Сиз аҳмоқ одам эмассиз жумласида аҳмоқ сўзидан кейин тўхтам (пауза) қилинса, фикр қаратилган шахснинг ҳам аҳмоқ, ҳам одам эмаслиги ифодаланиши мумкин: Сиз аҳмоқ, одам эмассиз.
38–МАЪРУЗА
ГРАММАТИК УСЛУБИЯТ. МОРФОЛОГИК УСЛУБИЯТ
Режа:
1. От туркумига хос услубий хусусиятлар.
2. Сифат туркумига хос услубий хусусиятлар.
3. Олмош туркумига хос услубий хусусиятлар.
4. Феълларга хос услубий хусусиятлар.
1-§. От туркумига хос услубий хусусиятлар
1. Келишик қўшимчаларининг услубий хусусиятлари.
Келишик қўшимчалари ўзаро алмашиб қўлланиши мумкин:
1) –ни ва –дан қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Қани, ошдан (ни) олинг, меҳмон.
2) –ни ва –га қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Гапингизга (гапингизни) тушунмадим.
3) –ни ва –да қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Далани (да) айландим.
4) –нинг ва –дан қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: келганларнинг бири – келганлардан бири.
5) келишик қўшимчалари ва кўмакчилар алмашиб қўлланади:
а) –га қўшимчаси ўрнида учун кўмакчиси қўлланади: Укамга олдим – Укам учун олдим.
б) –да қўшимчаси ўрнида билан кўмакчиси қўлланади: Хатни қаламда ёзди – Хатни қалам билан ёзди.
в) –дан қўшимчаси ўрнида орқали кўмакчиси қўлланади: Хабарни радиодан эшитдик – Хабарни радио орқали эшитдик.
г) –ни қўшимчаси ўрнида ҳақида кўмакчиси қўлланади: Акаси келганини гапирди – Акаси келгани ҳақида гапирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |