СИНТАКТИК УСЛУБИЯТ
Режа:
1. Гап бўлакларининг услубий хусусиятлари
2. Айрим гап турлари ўртасидаги синонимия
3. Қўшма гапларнинг услубий хусусиятлари
4. Кўчирма ва ўзлаштирма гапларнинг услубий хусусиятлари
1-§. Гап бўлакларининг услубий хусусиятлари
1) сифатловчи аниқловчилар от билан ифодаланса, мажозий маъно ифодалайдиган бўлиб қолади: Кумуш чойшаб ёпиб далалар, қор қўйнида ухлаб ётади. (Уйғун)
2) сифатловчи аниқловчилар турли сўз туркумларидан тузилиб, сифатлаш вазифасини бажарган ибора ва сўз бирикмалари билан ифодаланади: Осмон ўпар тоғлар, бағри кенг инсон, чеки йўқ қирлар, фикри тиниқ инсонлар.
3) сифатловчи-аниқловчи такрорий сўзлар билан ифодаланганда маъно кучайиши юз беради: Баланд-баланд бинолар тез учрай бошлади.
4) изоҳловчи ҳам услубий вазифа бажаради. Маълумки, изоҳловчи лақаб, қариндошлик, ўхшатиш каби маъноларни ифодалаш учун хизмат қилади. Бунда маълум шахсга нисбатан муносабат сезилади, яъни услубий маъно юзага келади: Мамажон қуруқ, Али тажанг, Соли совуқ ва ҳ. Ўхшашлик маъносидаги изоҳловчи жумлага кўтаринкилик(пафос) хусусиятини киритади: она-Ватан, гулчалар-қизчалар.
5) ажратилган бўлаклар жумла таркибидаги айрим бўлакларга урғу бериш, уларни алоҳида ажратиб кўрсатиш, шахс ва нарса ҳақида қўшимча маълумот бериш, белги-хусуситларни таъкидлаш каби вазифаларни бажаради: Биз, ёшлар, ота-боболаримиз меросини кўз қорачиғидай асрашимиз лозим.
6) ундалмалар ҳам турли услубий вазифаларни бажаради. Улар гап бошида ва ўртасида келса, чақириқ ва мурожаатни ифодалайди: Ука, менинг йўқлигимни билинтирма. Гап охирида келган ундалма тингловчига нисбатан ҳурмат, муҳаббатни ифодалайди: Тупроғингни зар биларман, она-Ватаним! Булардан ташқари ундалмалар илтимосни, сўзловчининг ҳис-туйғусини, кучли эҳтиросини, кўтаринки ҳолатни, пичинг ва кинояни ифодалаш учун ҳам хизмат қилади.
7) кириш сўз ва кириш бирикмалар сўзловчининг ўз фикрига бўлган муносабатини билдиради. Бу муносабат сифат, сон, олмош, феъл ва модал сўзлар ёрдамида ифодаланиб, гумон, тасдиқ, инкор, фикр тартиби, фикр изоҳи, эътиборни тортиш, хулоса, икки фикрни ўзаро боғлаш каби маъноларни акс эттиради: У бугун келмайди, шекилли.
Do'stlaringiz bilan baham: |