4-§. Уюшиқ ва уюшмаган сифатловчи-аниқловчи ҳамда ҳоллар
Санаш оҳанги билан айтиладиган ва ёзувда вергул билан ажратиладиган аниқловчи ёки ҳоллар уюшиқ аниқловчи ва ҳоллар ҳисобланади (бу ҳақда юқорида сўз юритилди). Санаш оҳанги билан айтилмайдиган, ёзувда орасига вергул қўйилмайдиган аниқловчилар ва ҳоллар уюшмаган аниқловчи ва ҳоллар ҳисобланади. Уюшмаган сифатловчи-аниқловчи ва ҳоллар ўзи боғланган бўлакнинг турли томонига оид белгиларни англатади: Қоп-қора ширин узумлар ғарқ пишган. Бугун мактабда ота-оналар мажлиси бўлади.
28–МАЪРУЗА
АЖРАТИЛГАН БЎЛАКЛАР
Режа:
1. Ажратилган бўлаклар ҳақида умумий маълумот:
а) ажратилган бош бўлаклар;
б) ажратилган иккинчи даражали бўлаклар.
2. Ажратилган изоҳ бўлакларда тиниш
белгиларининг ишлатилиши
1-§. Ажратилган бўлаклар ҳақида умумий маълумот
Ўзидан олдинги бўлакнинг маъносини изоҳлаб, бўрттириб, тўлдириб, аниқлаштириб келган бўлак ажратилган изоҳ бўлак дейилади: Мен ишни мана шундан, яъни тушунтиришдан бошладим.
Ажратилган бўлакларнинг уюшиқ бўлаклардан фарқи шундаки, улар бир тушунчанинг иккита номидир, яъни бир шахс ёки бир нарса икки марта номланади, уюшиқ бўлаклар эса бир неча шахс ёки нарсани ифодалайди.
Гап бўлакларининг ажратилишида гапда сўз тартибининг ўзгариши, гап бўлакларининг кенгайиши, бир бўлакнинг ўзидан олдинги бўлакни изоҳлаши бир бўлакни бошқаларидан ажратиб бўрттириб кўрсатиш зарурияти кабилар сабаб бўлиши мумкин. Кўчада борар, ғамгин ва ўйчан. Укаси, кўзлари чақнаган, унга ғазаб билан қаради. Олдинда, муюлишда, бир қора кўринди. У ҳар куни, қуёш тикка келганда, шаҳарга тушади.
Қуйидаги гап бўлаклари ажратилади:
1. Ажратилган эга ўзидан олдин кишилик олмошлари, от ва отлашган сўзлар билан ифодаланиб келган эгани изоҳлайди: Биз, ёшлар, буни эсдан чиқармаслигимиз керак
Do'stlaringiz bilan baham: |