29 - М А Ъ Р У З А
ГАПНИНГ ТУЗИЛИШ ЖИҲАТДАН ТУРЛАРИ
Режа:
1. Гапларнинг тузилиш турлари ҳақида умумий маълумот
2. Содда гаплар ва уларнинг турлари
3. Икки бош бўлакли гапларнинг турлари
4. Бир бош бўлакли гапларнинг турлари
5. Сўз-гаплар ҳақида маълумот
6. Тўлиқ ва тўлиқсиз гаплар ҳақида маълумот
1-§. Гапларнинг тузилиш турлари ҳақида умумий маълумот
Гаплар тузилиш жиҳатдан икки хил бўлади ва улар ўзаро грамматик асослар миқдорига кўра фарқланади:
1. Содда гапларда битта эга ва кесим муносабати, яъни битта грамматик асос мавжуд бўлади: Дарс эрта бошланди. Бугун ёмғир ёғмади. Баҳор келди. Баъзан содда гап эгасиз, фақат битта кесимдан иборат бўлиб, бошқа бўлаклар шу кесим атрофига бирлашади: Бугун Москвадан укам билан учиб келдим.
2. Қўшма гапларда икки ва ундан ортиқ эга ва кесим муносабати, яъни грамматик асос мавжуд бўлади: Қўнғироқ чалинди ва дарс бошланди.
Шуни назарда тутиш керакки, кесимлик белгиси гапнинг асосий белгисидир. Бунга кесим орқали ифодаланган замон, шахс-сон, майл хусусиятлари киради. Демак, битта кесимлик белгисига эга бўлган гапни содда гап, иккита ва ундан ортиқ кесимлик белгисига эга бўлган гапни эса қўшма гап деб аташ мумкин.
2-§. Содда гаплар ва уларнинг турлари
Содда гаплар грамматик асосига кўра икки гуруҳга бўлинади (грамматик асос – бу эга ва кесимдир):
1) бир бош бўлакли гапларнинг грамматик асосида бир бош бўлак мавжуд бўлади: Ота-оналарга ёрдам бердик.
2) икки бош бўлакли гапларнинг грамматик асосида ҳар иккала бош бўлак ҳам, яъни эга ва кесим ҳам қатнашади: Биз мактабга бордик.
3-§. Икки бош бўлакли гапларнинг турлари
1. Йиғиқ икки бош бўлакли гаплар таркибида бош бўлакларгина мавжуд бўлади: Ўқувчилар йиғилдилар. Баъзан эга ва кесим бирикма билан ифодаланиб, кенгайиб келади ва иккинчи даражали бўлаклар борга ўхшаб кўринади, лекин бу гаплар ҳам йиғиқ гаплар ҳисобланади: Йигит ҳам шунақа бўладими? Икки дугона термилиб қолишди.
Do'stlaringiz bilan baham: |