3. Антонимларнинг услубий хусусиятлари. Антонимлардан тўғри фойдалана олмаслик ҳам услубий хатоликларни келтириб чиқаради: Чойхона мудири Юсуфжон Нозимов турмушнинг иссиқ-чучугини тотиган кишига ўхшайди. Бу гапдаги иссиқ-чучугини жуфтлиги ўрнида аччиқ-чучугини жуфтлиги ишлатилиши керак эди. Антонимлардан фойдаланган ҳолда яратиладиган бадиий санъат тазод (антитеза) деб аталади.
4. Паронимларнинг услубий хусусиятлари. Паронимларни тўғри қўлламаслик натижасида ҳам хатоликлар келиб чиқади: Чаноқлардаги лўппи очилган пахталар қуёшда ярқираб кумушдек тобланади. Бу гапдаги тобланади сўзи ўрнида товланади сўзи ишлатилиши керак эди.
5. Турли сабабларга кўра қўлланиши чегараланган сўзларнинг услубий хусусиятлари. Бундай сўзларга эскирган ва янги сўзлар, шева, касб-ҳунарга оид сўзлар, атамалар, жаргонлар киради. Нутқда бу каби сўзлар ҳам муҳим услубий вазифалар бажаради. Архаизмлардан бадиий ёки оммабоп асарларда нутққа киноя, ҳажв руҳини киритиш учун фойдаланилса, тарихий сўзлардан ўтмиш воқелигини ифодалаш мақсадида фойдаланилади. Шева сўзлари маҳаллий руҳни ифодалашда ишлатилса, атамалар илмий ва бадиий асарларда фан-техникага оид тушунчаларни ифодалаш учун ишлатилади, жаргонлар эса маълум тоифага мансуб кишилар нутқини бериш учун зарурдир.
Албатта, бу гуруҳ сўзлардан фойдаланганда, чегарадан чиқмаслик лозим, акс ҳолда нутқда ғализлик пайдо бўлади:
1. Терилган пахтани ташиб туриш учун кўтаримчи ажратилди.
2. Бунинг устига токарлик станогининг резцодержатели ўрнига махсус мослама тайёрланиб унга гребенларни тозаловчи фрез ўрнатилди. Биринчи гапда кўтаримчи деган ўринсиз ясалган янги сўз ишлатилган бўлса, иккинчи гапда атамалар меъёрдан ортиқ ишлатилган.
Нутқда ибора, тасвирий ифода ва мақоллар ҳам маълум услубий вазифа бажаради. Иборалардаги омонимлик, синонимлик, антонимлик хусусиятлари, тасвирий ифодалардаги баландпарвозлик, мақоллардаги мазмуний ихчамлик катта услубий имкониятлар яратади: Бир ёқадан бош чиқармоқ ибораси бадиий нутққа мансуб бўлса, бир жон, бир тан бўлмоқ ибораси умумнутққа хосдир. Ёзувчи ва шоирларимиз ҳам ибора ва мақоллар ижод қилишади: Ўликнинг ёғини, тирикнинг тирноғини ейди бу. (Абдулла Қаҳҳор) Ўқсиз солдат – қиличсиз қин. (Ойбек)
Do'stlaringiz bilan baham: |