2.2 Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт ва логистик салоҳияти тахлили.
Жаҳон давлатлари иқтисодиётининг самарали ривожланишида асосий “қон айланиш” вазифасини бажарувчи транспорт комплекси алоҳида аҳамият касб этади. Самарали транспорт тизими ички бозорда хомашё ва маҳсулот ҳаракатларини оптималлаштиради, шу билан бир қаторда ташқи савдода мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини ошириб, жаҳон бозорига интеграция жараёнларини тезлаштириш имкониятини беради. Умуман олганда мамлакатни кенг кўламда ривожлантириш минтақалараро иқтисодий муносабатларнинг юқори суръатларда бўлиши кенг маънода транспорт инфратузилмасининг самарали фаолиятига ҳам бевосита боғлиқ. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки транспорт-транзит ҳамда транспортлогистика салоҳиятини ошириш географик нуқтаи назардан оптимал жойлашмаган, шу билан бирга тўғридан-тўғри денгиз портларига ҳатто қўшни давлатлар орқали чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар учун ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аммо, бугунги кунда мазкур соҳаларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан халқаро амалиёт ва назарияда турлича ёндашувларнинг мавжудлиги дастлаб уларни тўғри талқин қилиш ҳамда назарий асосларини аниқроқ ёритиб бериш лозимлигини белгилайди. Шу ўринда назариянинг луғавий маъносига тўхтаб ўтиш мақсадга мувофиқ, назария қайсидир билимлар соҳасига тааллуқли бўлган асосий ғоялар мажмуи ҳисобланиб, жамият ва табиатдаги барча ҳодиса ва жараёнларнинг юз бериши ҳамда шаклланишида қандайдир боғлиқлик ва қонунийликнинг мавжудлиги ҳақида тасаввур беради.
Мамлакатимиз халқаро денгиз портларига бевосита чиқиш имкониятига эга эмаслиги унинг транспорт логистикасини ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда халқаро юк ташувлари билан шуғулланаётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари қуйидаги транспорт коридорларидан фойдаланиб келмоқдалар:
1-йўлак – Болтиқбўйи давлатлари портлари йўналишида (транзит билан Қозоғистон ва Россия орқали) – Клайпеда (Литва), Рига, Лиепая, Вентспилс (Латвия), Таллин (Эстония);
Do'stlaringiz bilan baham: |