Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet259/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   255   256   257   258   259   260   261   262   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Қоровул хизмати – амалдаги қонунчилик ва Қуролли Куч­ларнинг умумҳарбий низомларига мувофиқ ҳарбий ва давлат объ­ектлари, шунингдек, гауптвахта ва интизомий қисмдаги шахс­ларни қўриқлаш бўйича махсус хизмат. Қоровул хизматини ўташ жанговар вазифани бажариш ҳисобланади ва шахсий таркибдан уставнинг барча қоидаларига риоя қилишни, юқори ҳушёрлик, собит жасоратни талаб қилади.
Ҳибсдаги ёки ахлоқ тузатиш муассасаларидаги маҳбусларни қўриқлаш ва конвоирлаш бўйича хизмат ҳам қоровул хизмати ҳисобланиб, буни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазир­лигининг ички қўшинлари амалга оширади.
Ҳарбий кема соқчилик хизмати ҳам қоровул хизматига  тен­глаштирилади. Бу кемада навбатчилик қилишнинг алоҳида тури бўлиб, вазифаси жанговар техника ва кеманинг ўзини қўриқлаш, шунингдек, уни жанговар тайёргарликда тутиб туришдир. Кема соқчилиги (умуман, кема бўйича) ва махсус (кеманинг жанговар қисмлари ва хизматлари бўйича) соқчилик фарқланади.
3. Қоровул (соқчилик) тартиби амалдаги қонунчилик, Қуролли Кучлар умумҳарбий низомлари, Ички ишлар вазирлиги норматив ҳужжатлари ва уларни бажариш учун чиқарилган турли буйруқлар, фармой­ишлар билан тартибга солинади, яъни шарҳланаётган модданинг диспозицияси ўз хусусиятига кўра бланкет хусусиятга эга бўлиб, жиноят таркибий белгиларининг аниқ таърифланиши мазкур ҳо­латда тузилган қоровул хизмати қоидаларининг мазмуни билан боғлиқдир.
Мазкур тоифа ишлар бўйича уставнинг қайси қоидалари, ёзма фармойишлар, пост табелларида ва йўриқномаларда баён этилган талаблар бузилганлигини синчиклаб текшириш зарур бўлади.
4. Қоровул хизматини ўташнинг устав қоидаларини бузиш ҳаракат орқали ҳам, ҳаракатсизлик орқали ҳам ифодаланади:  по­стдан ўзбошимчалик билан кетиш, постда ухлаш, эътиборсизлик, постга бегона шахсларнинг қўйилиши, қўриқлашга топширилган объектдан мулкнинг талон-торож қилиниши ва ҳоказолар.  Гауп­вахта ва интизомий қисмдаги, шунингдек, муҳофазадаги конво­ирланган ёки ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо ўтаётган шахс­ларни қоровуллаш бўйича хизмат олиб бораётган қоровул тарки­бидаги ҳарбий хизматчиларнинг устав қоидаларини бузиши қа­моқдагиларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг инсоний қадр-қимматини ерга уриш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг камси­тиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.
5. Қоровул (соқчилик) хизматини ўташнинг устав қоида­ларини бузиш мазкур қоровул олдини олиши лозим бўлган оғир оқибатларга олиб келган тақдирда тугалланган жиноят тарки­бини ҳосил қилади. Бунда қоидани бузиш билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланишни аниқлаб олиш лозим.
6. Зарарли оқибатлар – хизматдаги қоровул йўл қўймаслиги лозим бўлган оқибатлардир. Булар, масалан, қўриқланаётган объ­ектдан ҳарбий мулкнинг талон-торож қилиниши, конвоирлаш вақтида ҳибсга олинган шахснинг қочиб кетиши, патруль наряди­нинг ҳаракатсизлиги боис ҳарбий хизматчиларнинг жамоат тар­тибини қўпол равишда бузиши ва ҳоказолардан иборат бўлиши мумкин. Қоровул томонидан қўриқланаётган объектга етказилган зарар сифатида Ҳибсга олинган шахсларга нисбатан зўрлик ёки қонунга хилоф таъсир чораларини ишлатиш, шунингдек, қонунга хилоф равишда ҳибсдан қисқа муддатга қочиш қоровул томонидан қўриқланаётган объектга етказилган зарар сифатида квалификация қи­линади.
Зарарли оқибатлар келиб чиқиши сифатидаги белги қоровул таркибига кирувчи ҳар бир шахсга нисбатан кўрилиши лозим. Масалан, йўл қўймаслик қоровулнинг эмас, балки соқчи ёки қо­ровул бошлиғининг вазифаси ҳисобланган зарарли оқибатлар ке­либ чиққан пайтда, у томонидан қоровул хизматини ўташ қоида­ларининг бузилиши ЖК 291-моддаси 1-қисми бўйича квалифика­ция қилинади.
7. Шарҳланаётган жиноятнинг содир этилиши натижасида йўл қўймаслик қоровулнинг вазифасига кирмайдиган бошқа оғир оқибатлар етказилган бўлса, содир этилган қилмиш қоровул хиз­матини ўташ қоидалари таркибини бузишга кирмайди. Масалан, соқчи постга яқинлашаётган бегона шахсни кўриб қолиб, огоҳ­лантирмасдан ўқ узади ва ҳамла қилганни ўлдиради. Гарчи, у қо­ровул хизматини ўташ тартибини бузган бўлса-да, унинг қил­мишларида зарар қоровул қўриқлаётган объектга етказилмаган­лиги сабабли, ЖК 291-моддасида кўзда тутилган жиноят таркиби бўлмайди. Қилмиш шахсга қарши жиноят сифатида квалифика­ция қилинади.
8. ЖК 291-моддаси 1-қисми белгиларига мувофиқ келади­ган оқибатларни, муҳрни ёки пломбани бузиш, тамбани ва қулфларни олиб ташлаш, шунингдек, қўриқланаётган объект­ларга соқчининг ёки бошқа бегона шахснинг кириши, қўриқланаётган ашёларга амалда зарар етказилмаган ҳоллар ҳуқуқбузарлик деб топил­майди. Аммо баъзи ҳолларда бегона шахснинг қўриқланадиган объектга кириб қолиши қоровул ол­дини олиши лозим бўлган за­рарли оқибат сифатида квалифи­кация қилиниши керак. Масалан, қўриқланадиган махфий объ­ектга бегона шахснинг кириб қолиши ушбу тайинланган соқчи олдини олиши лозим бўлган зарарли оқибат сифатида кўрилиши лозим.
9. Агар қоровул (соқчилик) хизматини ўташ қоидаларининг бузилиши натижасида зарарли оқибатлар келиб чиқмаган бўлса, ЖК 291-моддаси бўйича жавобгарлик истисно қилинади. Бундай ҳаракатлар учун қоровул (соқчи) таркибидаги ҳарбий хизматчи­лар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом Низомига кўра интизомий жавобгарликка тортилади.
10. Субъектив томондан қоровул хизматини ўташ устав қои­даларининг бузилиши тўғри қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин. Айрим қоидабузарликлар (постдан кетиш, қўриқланаётган объектдан буюмларни ўғирлаш ва ҳоказолар) фақат қасддан содир этилиши мумкин. Бошқа қоида- бузарликлар (постда турганда қурол билан эҳтиётсизларча муомала қилиш, хизматни ўташда етарлича сергак бўлмаслик ва бошқалар) эҳти­ётсизлик туфайли содир бўлади. Бироқ шундай қоидабузарликлар ҳам мавжудки, улар ҳам қасддан, ҳам эҳтиётсизлик туфайли юз бериши мумкин (постда ухлаб қолиш, соқчининг патруллик хиз­матини бажариш жараёнида ўз ҳаракат йўналишини ўзгартириши ва бошқалар).
11. ЖК 291-моддасида кўзда тутилган жиноят субъекти қоро­вул ёки соқчи таркибига кирадиган шахслар (қоровул бошлиғи, соқчиларни жой-жойига қўювчи, соқчи, қоровул ва ҳоказолар) бўлиши мумкин. Қоровул (соқчилик) хизматининг ташкил қили­ниши ва ҳолати учун жавоб берувчи, бироқ қоровул таркибига кирмайдиган мансабдор шахслар (масалан, гарнизон коменданти, гарнизон гауптвахтаси бошлиғи) шарҳланаётган жиноят субъекти бўла олмайди. Бу шахслар томонидан қоровул (соқчилик) хиз­мати устав қоидаларининг бузилиши, зарур белгилар мавжудли­гида, ҳарбий мансабдорлик жинояти сифатида квалификация қи­линиши лозим.
12. Жиноятни тўғри квалификация қилиш учун қоровул хиз­матини ўташнинг бошланиши ва тамом бўлиши муддатини аниқ белгилаш зарур.
Қоровул таркибидаги шахсларнинг хизмат вазифаларини ба­жаришининг бошланиши қоровулларни хизматга тақсимлаш (развод) пайтида қоровул (қисм) бўйича навбатчини кутиб олиш учун берилган “Ростланинг!” буйруғининг берилиши вақтидир. Ушбу вақтдан бошлаб соқчилар қоровуллар (қисм) бўйича на­вбатчининг тасарруфига ўтади.
Қоровул таркиби хизматини ўташнинг тамом бўлиши ал­маштирилган қоровул бошлиғининг алмашгандан сўнг қисмга жўнаш учун берган буйруғи ҳисобланади. Қоровулнинг юқорида кўрсатилган шахслар ихтиёридан чиқиши ушбу вақт билан аниқ­ланади.
Агар қоровул хизматини ўташ қоидаларининг бузилишига соқчиларни хизматга тақсимлашдан илгари ёхуд қоровул алмаш­ганидан сўнг йўл қўйилган бўлса, ҳарбий хизматчи ЖК 291-мод­даси бўйича жавобгар бўлмайди. Масалан, хизматга тақсимлашда хизматга боришдан ва қоровулга чиқишдан бош тортгани учун ҳарбий хизматчи ЖК 279-моддаси бўйича бўйсунмаслик учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
13. Амалдаги қонунчилик ва Қуролли Кучларнинг Умумҳар­бий низомлари ҳарбий қасамёд қабул қилмаган шахсларнинг қо­ровул хизматига тайинланишини тақиқлайди. Шу боис ҳарбий қасамёднинг қабул қилиниши шахснинг шарҳланаётган жиноят субъекти деб топилиши учун зарурий шартдир.
14. Қоровул таркибига кирувчи шахслар шарҳланаётган модда томонидан қамраб олинмайдиган бошқа жиноятларни ҳам содир этишлари мумкин. Уларнинг айримлари жиноятлар мажмуи та­риқасида қоровул хизматини ўташ қоидаларини бузиш билан ква­лификация қилинади, бошқалари эса қўшимча квалификацияни талаб қилмайди. Масалан, қоровулнинг қўриқлаш учун топши­рилган объект мулкининг талон-торож қилиниши, шарҳланаётган модданинг “в” бандида кўзда тутилган белгилар мавжуд бўлмаганида, жиноятлар мажмуи тариқасида ўзганинг мулкини талон-торож қилиш ва қоровул хизматини ўташ қоидаларини бу­зиш бўйича квалификация қилинади.
15. Соқчилик (қоровул)да турган шахснинг қўриқлаётган объ­ект, ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши зарарли оқибатларга олиб келган бўлса, жиноятлар мажмуи тариқасида ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш (дезертирлик) ва қоро­вул хизматини ўташ тартибини бузиш бўйича квалификация қи­линиши лозим.
16. Шарҳланаётган модданинг 2-қисми қоровул (соқчи) хизматини ўташ қоидаларининг квалификация қилинган бузи­лиши учун жавобгарлик белгилайди, бунда қуйидаги оқибатлар­нинг келиб чиқиши квалификация қилиш белгиси сифатида мус­таҳкамланади:
¨ баданга оғир шикаст етказилиши;
¨ одам ўлиши;
¨ бошқа оғир оқибатлар.
Баданга оғир шикаст етказиш, шахснинг ўлими, шунингдек, бошқа оғир оқибатлар қоровул (соқчилик) хизматини ўташ устав қоидалари бузилиши билан сабабий боғланишда бўлиши лозим.
17. (Баданга оғир шикаст етказиш тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 104-моддаси шарҳига қаранг.)
18. (Одам ўлиши тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 97-моддаси шарҳига қаранг.)
19. Қоровул (соқчилик) хизматини ўташ устав қоидала­рини бузишнинг бошқа оғир оқибатларига (ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди) бир неча шахсларнинг баданига ўртача ёки оғир шикаст етказиш, бир неча кишининг ҳалок бўлиши, қўриқланадиган объектга кўп ва жуда кўп миқдорда зарар еткази­лиши, объектнинг жанговар тайёргарлигига путур етказилиши ёки унга путур етган вазиятда унинг жанговарлигини таъминла­маслик, белгиланган жойга қўшинларнинг ўз вақтида етиб кел­маслиги, қўшинларни бошқаришда тартибсизликнинг вужудга келиши, қўриқланаётган объектдан қурол, ўқ-дорилар ва ҳарбий техниканинг талон-торож қилиниши, ҳарбий техниканинг ишдан чиқиши, ҳарбий қисм байроғининг йўқотилиши, қамоқдан қо­чишни киритиш мумкин.
20. Қоровул (соқчилик) хизматидаги шахс томонидан қўриқланаётган объектдан қурол, ўқ-дорилар, портловчи модда­ларнинг талон-торож қилиниши жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди ва 247-моддаси бўйича ква­лификация қилинади.
Шунингдек, ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди ва Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича қоровулнинг эҳтиётсиз­лик орқасида қўриқлов остида бўлган бир неча шахслар соғлиғига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиши ёхуд одам ўлдириши ҳол­лари ҳам жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.
21. Жиноят кодексининг 2551-моддаси бактериологик, кимё­вий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллар турларини эгаллаб ол­ганлик учун жиноий жавобгарлик белгилайди (кўрсатилган модда шарҳига қаранг). Қоровул (соқчилик) хизматини ўташ ус­тав қоидаларини бузиш бактериологик, кимёвий ёки бошқа омма­вий қирғин қуролларини эгаллаб олиш билан биргаликда содир этилса, қилмиш жиноят мажмуи тариқасида ЖК 291-мод­даси 2-қисми “в” банди ва ЖК 2551-моддаси бўйича квалифика­ция қили­нади.
292 - м о д д а. Ички хизматни ўташ ёки гарнизонда
патруллик қилиш қоидаларини бузиш
Ички хизмат устави қоидаларини, шунингдек, гарнизонда патруллик қилиш қоидаларини зарарли оқибатлар келтириб чиқарадиган тарзда бузиш, тегишли хизмат бундай оқибатлар­нинг олдини олиш учун тайинланган бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёки уч йилгача озод­ликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ички хизматни ўташ тартиби, шунингдек, гарнизонда пат­руллик қилиш қоидалари ҳарбий гарнизонларда хавфсизлик, шах­сий таркиб ва айрим хизматларнинг жанговар ҳолатини таъмин­лашга қаратилган. Ўрнатилган қоидаларнинг бузилиши ҳарбий хизматчилар ичида ёки уларнинг иштирокида тартибсизликлар­нинг келиб чиқиши, ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг жанговар қобилиятининг сусайиши, қурол ва ўқ-дорилар талон-торож қи­линиши, ҳарбий хизматчилар ўртасида уставга хилоф муносабат­ларнинг келиб чиқиши хавфини туғдиради.
2. Жиноят объекти – республика Қуролли Кучлари Ички хиз­мат Низом билан белгиланган ички хизматни ўташнинг ўрна­тилган тартиби ва гарнизонда патруллик қилишдир.
3. Объектив томондан жиноят Ички хизмат устави қоидала­рини, шунингдек, гарнизонда патруллик қоидаларини зарарли оқибатлар келтириб чиқарадиган тарзда, тегишли хизмат бундай оқибатларнинг олдини олиш учун тайинланган бўлса-да, бузишда ифодаланади.
4. Шарҳланаётган модданинг диспозицияси бланкетли хусу­сиятига эга. Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун Ички хизмат Низомининг айнан қайси қисми бузилганлигини, зарарли оқибат ва улар ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш лозим. Зарарли оқибат келтириб чиқармаган ички хизматни ўташ қоида­лари бузилган ҳолларда айбдор интизомий жавобгарликка торти­лади.
5. Ички хизмат деганда, ички тартибни сақлаб туриш, шах­сий таркиб, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, ҳарбий қисм (бўлинма) хоналари ва мулкини қўриқлаш, бўлинмалардаги ишларнинг бо­ришини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чораларни ўз вақтида кўриш, шунингдек, ички тартибни таъминлаш бўйича бошқа мажбуриятларни бажариш мақсадида тузилган махсус хизмат тушунилади.
Ички хизмат уставига мувофиқ, ички тартибни сақлаш, ҳар­бий қисм (бўлинма) хоналари ва мулкини қўриқлаш, шунингдек, ички тартибни таъминлаш бўйича бошқа мажбуриятларни бажа­риш мақсадида ҳарбий хизматчилардан кунлик наряд тайинла­нади (қоровул ва соқчилардан ташқари).
6. Ички тартиб хизмати қоидаларини бузиш оқибатида айбдорнинг вазифасига кирган зарарли оқибатлар ке­либ чиқса, жиноят тугалланган ҳисобланади.
Зарарли оқибатларга қуйидагиларни киритиш мумкин: кун тартиби ва айрим ҳарбий тадбирларни барбод қилиш (издан чиқа­риш); ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатларига оид устав қоидаларини бузиш, бўлинмалардаги ҳарбий хизматчилар бада­нига оғир ёхуд ўртача оғир шикаст етказиш; бўлинма шахсий таркибидан бўлган шахснинг ҳарбий хизматдан бўйин товлаши ёхуд ўқ-дорилар, қурол ёки кўп миқдорда бошқа ҳарбий мулкнинг талон-торож қилиниши ва ҳоказо.
Оқибатлар қоидабузарлик билан сабабий боғланишда бўлиши лозим.
7. Айбдорнинг устав қоидаларини бузган ҳолда ўқ-дорилар, қурол ёки кўп миқдорда бошқа ҳарбий мулкни талон-торож қи­лиши ёхуд ҳарбий хизматдан бўйин товлаши каби ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификция қилиниши лозим.
8. Гарнизонда патруллик қилиш деганда, устав тартибини ва кўчаларда, жамоат жойларида ва бошқа ҳарбий хизматчилар пайдо бўлиши мумкин бўлган жойларда ҳарбий хизматчилар ўртасида интизомни сақлаб туриш мақсадида ҳаракат қилувчи махсус хизмат тушунилади. Ҳарбий хизматчилар ўртасида ёхуд ўзларининг иштирокида тартиббузарликлар, уставга хилоф муно­сабатлар, талон-торож қилиш ва ҳарбий хизматчилар томонидан хавфли ҳаракатларнинг намоён этилишининг олдини олиш гарни­зон патрулининг асосий вазифасидир.
Патруллик қилиш қоидаларининг бузилиши патрул маршрути ва жадвалидан четга чиқиш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий ин­тизомни бузишларига йўл қўймаслик бўйича чораларнинг кўрилмаслиги, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, кимнидир асоссиз ушлаб туришда, қуролни қонунга хилоф равишда қўллашда ифода этилиши мумкин.
9. Гарнизонда патруллик қилиш қоидалари гарнизон ва қоро­вул хизмати Низоми, шунингдек, айрим ҳарбий қисмларнинг их­тисослигини ҳисобга олган ҳолда устав қоидаларини ривожлан­тириш асосида чиқарилган буйруқ ва фармойишлар томонидан белгиланади.
10. Патруллик қилишнинг устав қоидалари бузилиши, қил­миш натижасида патрул йўл қўймаслиги керак бўлган оқибатлар келиб чиққан бўлса, тугалланган жиноий жазоланадиган қил­мишни ҳосил қилади.
Бундай оқибатларга қуйидагиларни киритиш мумкин: ҳарбий хизматчилар ўртасидаги муштлашишлар, ҳарбий хизматчилар ва фуқаро аҳоли ўртасидаги тўқнашувлар, улар томонидан талон-торож қилиш ёки бошқа жиноятларнинг содир этилиши, ушлан­ганнинг соғлиғига асоссиз равишда оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш ва ҳоказолар. Соғлиқ ёки ҳаётга зарар етказиш шахсга қарши жиноятларни назарда тутувчи моддалар билан жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилинади. Келиб чиққан оқи­бат ва қоидабузарлик ўртасида сабабий боғланишни аниқлаш лозим. Бу боғлиқлик патруль хизматида у ёки бу оқибатга йўл қўймаслик имконияти мавжудлигини кўзда тутади.
11. Субъектив томондан жиноят қасддан, шунингдек, эҳти­ётсизликдан содир этилиши мумкин. Келиб чиққан оқибатларга нисбатан айб эҳтиётсизликда намоён бўлади.
12. Жиноят субъекти фақат қисм ёки патрулнинг кундалик нарядига кирадиган ҳарбий хизматчилар бўлиши мумкин. Уларга қисм навбатчиси ва унинг ёрдамчиси, бўлинма бўйича навбатчи ва казарма бўйича навбатчилар, назорат билан ўтказиш жойи ёки назорат-техника пункти бўйича навбатчи ва унинг ёрдамчиси, ошхона навбатчилари, ишчилари ва ҳоказолар киради. Ҳарбий хизматчининг кундалик наряд ёки гарнизон патрули таркибига киритилиши тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Қоровул (соқчилик) таркибига кирувчи шахслар жиноят субъ­екти ҳисобланмайди, чунки қоровул хизматини ўташ устав қои­даларини бузганлик учун улар ЖК махсус 291-моддаси бўйича жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, ишлаш учун нарядга тайинланган ҳарбий хизмат­чилар шарҳланаётган модданинг субъекти бўла олмайди.
293 - м о д д а. Жанговар навбатчиликни ўташ
қоидаларини бузиш
Жанговар навбатчиликни ўташ (жанговар хизмат) қоидала­рини бузиш қўриқланаётган объектларга зарар етказилишига ёки жанговар топшириқ бажарилмай қолишига сабаб бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш Ўзбекистон Республикасига тўсатдан қилинган ҳужумни ўз вақтида пайқамаганлик ёки даф этмаганликда ифо­даланса, шунингдек, оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Жиноят объекти – Ўзбекистон Республикаси Ички хизмат Низоми ва ҳар бир қисм қўмондонлигининг бошқа норматив ҳуж­жатлари билан белгиланган жанговар навбатчиликни ўташ тар­тиби (жанговар хизмат).
2. Объектив томондан биринчи қисмда кўзда тутилган жи­ноят қўриқлаш объектларига зарар етказиш ёки жанговар вази­фани бажармасликни келтириб чиқарган жанговар навбатчилик (жанговар хизмат)ни ўташ тартибининг бузилишида намоён бўлади.
3. Жанговар навбатчилик (жанговар хизмат) навбатчилик кучлари ва воситалари билан амалга оширилади. Уларга жанговар расчёт, экипажлар, жанговар таъминот куч ва воситалари ҳамда хизмат кўрсатиш киради.
Жанговар навбатчиликни ўташ қоидаларининг бузилиши жан­говар постни ташлаб кетиш, постда ухлаб қолиш ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин.
Модданинг диспозицияси бланкетли хусусиятга эга. Ҳар бир муайян ҳодиса жанговар навбатчилик (жанговар хизмат) ўташнинг қайси қоидаси бузилганлигини, қўриқлаш объектларига зарар етказилганлиги ёки жанговар вазифа бажарилмаганлиги, улар ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш лозим.
Жанговар навбатчиликни (жанговар хизмат) ўташ қоидаси­нинг бузилиши қўриқланаётган объектга зарар келтирмаган бўлса, айбдор интизомий жавобгарликка тортилади.
4. Субъектив томондан жиноят қасддан ёхуд эҳтиётсизлик­дан содир этилади. Оқибатларга руҳий муносабат эҳтиётсизликда ифодаланади.
Мотив ва мақсад турлича бўлиши мумкин, бироқ ишни ква­лификация қилиш учун улар аҳамият касб этмайди.
5. Жиноят субъекти жанговар расчёт, экипаж ва бошқа ҳар­бий бўлинмалар навбатчи сменаси таркибига кирувчи ҳарбий хизматчи ҳисобланади.
6. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида Ўзбекистон Рес­публикасига тўсатдан қилинган ҳужумдан ўз вақтида пайқама­ганликда ёки уни даф этмаганликда ёхуд оғир оқибатларга олиб келганликда ифодаланган жанговар навбатчиликни ўташ қоида­ларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Мазкур модда мазмуни бўйича оғир оқибатлар деганда, рес­публика хавфсизлигига сезиларли даражада путур етказиш тушу­нилади. Бунга республика ҳудуди ва объектларига зарбалар бе­риш, жанговар техникани ишдан чиқариш ёки нобуд қилиш, одамларнинг ҳалок бўлиши мисол бўла олади.
294 - м о д д а. Чегара хизматини ўташ қоидаларини бузиш
Чегарачилар наряди таркибида бўлган шахснинг чегара хиз­матини ўташ қоидаларини бузиши чегаранинг дахлсизлигига за­рар етказиши мумкин бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки уч ойгача қамоқ ёхуд бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёки беш йилгача озодлик­дан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) қонунга хилоф равишда чегарадан ўтишга;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, давлат чегара­ларини қўриқлаш ўз ичига қуйидагиларни олади:
¨ жойларда чегарани қонунга хилоф равишда ўзгартириш, ке­сиб ўтиш ҳаракатларининг олдини олиш, Ўзбекистон ҳудудига ҳарбий қўшинлар ва бандаларнинг қуролли тажовузини қайта­риш;
¨ чегарадаги қуролли ва бошқа хоинлик ҳаракатларини тўхтатиш;
¨ аҳолини, мол-мулкнинг барча турларини мазкур тажовуз­лар­дан ҳимоя қилиш;
¨ чегарани кесиб ўтишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик;
¨ чегарадан портловчи, заҳарловчи, радиоактив, наркотик воси­талар, қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар ва Ўзбекистонга олиб кириш ва чиқиш тақиқланган бошқа предметларни, шунингдек, контра­банда предметларини олиб ўтишни тўхтатиш;
¨ чегарадан мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий манфаатла­рига, давлат хавфсизлигига, жамоатчилик тартибига, аҳоли соғлиғи ва маънавиятига путур етказиши мумкин бўлган  тақиқ­ланган нашрлар, видео ва овоз ёзувлари олиб ўтилишига йўл қўймаслик.
2. Жиноят объекти чегара хизматини ўташнинг белгиланган тартиби ҳисобланади.
3. Объектив томони чегара наряди таркибига кирувчи шахс­нинг чегаранинг дахлсизлигига зарар етказишни келтириб чиқар­ган чегара хизматини ўташ қоидаларини бузишидир.
Чегара хизматини ўташ қоида ва тартиби “Ўзбекистон Рес­публикаси давлат чегараларини қўриқлаш тўғрисида”ги Низомда, шунингдек, чегара наряди шахсларининг муайян мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси қўмондонлигининг айрим буйруқлари, давлат чегара­сини қўриқлаш бўйича кўрсатмаларда мустаҳкамланган.
Модданинг диспозицияси бланкетли хусусиятга эга. Ҳар бир муайян ҳолатда чегара хизматини ўташ қоидалари бузилганли­гини ва улар Ўзбекистон Республикаси ҳудуди дахлсизлигига за­рар етказиши мумкинлигини аниқлаш лозим.
4. Жиноят чегара дахлсизлигига зарар етказишни келтириб чиқариши мумкин бўлган чегара хизматини ўташ тартиби  бузил­ган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
5. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилади. Оқибатларга муносабат доимо эҳтиётсизликда ифодаланади.
6. Чегара дахлсизлигига зарар етказишни келтириб чиқариши мумкин бўлган чегара хизматини ўташни бузишга йўл қўйган че­гара наряди таркибига кирувчи шахс жиноят субъекти ҳисобла­нади.
7. Мазкур модданинг 2-қисмида чегара хизматини ўташ қоидаси бузилиши: қонунга хилоф равишда чегарадан ўтишга; бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлгани учун жавобгарлик белги­ланган.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   255   256   257   258   259   260   261   262   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling