300 - м о д д а. Кемани бошқариш қоидаларини бузиш
Кемани бошқариш қоидаларини бузиш кеманинг ҳалокатга учрашига ёки унга жиддий шикаст етказилишига, одамлар ҳалок бўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Кеманинг хавфсиз сузишини таъминловчи кемани бошқаришнинг ўрнатилган тартиби жиноят объекти ҳисобланади.
Кемани бошқариш бевосита қуйидагиларни: сузиш пайтида кемани бошқариш, кеманинг курси ва тезлигини белгилаш, унинг жойлашган жойини белгилаш, манёврларни ва шатакка олишни, тўқнашувлардан сақланиш ва огоҳлантириш чораларини кўришни, об-ҳаво ўзгарган тақдирда хавфсизлик чораларини кўриш ва бошқа шу каби кеманинг бошқарувига оид Ҳарбий денгиз флотининг Кема устави билан, йўриқномалари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган қоидаларни ўз ичига олади.
2. Ушбу жиноят предмети фақат Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига тегишли бўлган кемалар таркибидир. Бу таркибга жанговар ва қўриқловчи кемалар, махсус вазифали кемалар, катерлар ва бошқалар киради.
3. Объектив томондан жиноят кемани бошқариш қоидаларининг бузилиши натижасида кеманинг ҳалокатга учраши ёхуд одамлар ҳалок бўлиши ёки унинг жиддий шикастланиши ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлишида ифодаланади.
Кемани бошқариш қоидаларини бузиш кема командирининг доимий чуқурликни ўлчашга ёки дарёнинг тор жойида ёхуд қирғоққа яқин қолганда тезликни камайтириш қоидаларига амал қилмагани билан изоҳланиши мумкин.
4. Кеманинг ҳалокатга учрашига ёки унга жиддий шикаст етказилишига, одамлар ҳалок бўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган, қонунда қатьий белгиланган кемани бошқариш қоидаларини бузишгина жиноий жазоланадиган кемани бошқариш қоидаларини бузиш ҳисобланади.
Кеманинг ҳалокатга учраши деганда, унинг умуман вайрон бўлиши ёки чўкиб кетиши тушунилади. Агар кемани қайта тиклаш имконияти бўлмаса, у ҳалокатга учраган ҳисобланади.
Кемага жиддий шикаст етказилиши деганда, кемага тубдан таъмирлашни талаб қилувчи зарар етказиш тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |