Жиддий зарар – мансабдор шахснинг ўз хусусияти ва кўламига кўра кўп миқдордаги жиноий натижасининг тавсифи ҳисобланади. Бу зарар Қуролли Кучларга, алоҳида ҳарбий хизматчиларга ва бошқа шахсларга етказилган моддий ёки номоддий характердаги ҳар хил кўринишдаги зарар бўлиши мумкин. Бунда жиноят тугалланган деб тан олиниши учун зарар амалда етказилган бўлиши керак.
Жиддий зарар сифатида, жумладан, содир этилган жиноят туфайли бўлинмада (қисмда) ҳарбий интизомга путур етиши, жанговар топшириқнинг, ўқув отишмаларининг, ишларнинг барбод бўлиши ҳарбий мулкка зиён етказиш ёки уни йўқ қилиш, жиддий моддий зарар етказиш, ҳарбий хизматчилар ва бошқа шахсларнинг шахсий ёки мулкий ҳуқуқларининг бузилиши кабилар тан олинади.
Жиддий зарар тушунчаси ўз ичига ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти учун хос бўлган жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни ҳам олади. Қасддан одам ўлдириш ёки қасддан баданга оғир шикаст етказиш сифатида етказилган зарар ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти аломатларидан ташқари чиқади ва оғирроқ жиноят сифатида мустақил квалификация қилишни тақозо этади.
8. Субъектив томондан ҳокимият ёки хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги жиноятлари – қасддан содир қилинадиган жиноятлардир. Айбдор мансаб мавқеидан фойдаланиб, содир этаётган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳарбий хизмат манфаатларига зид эканлигини англайди ва айнан шуни содир этишни истайди ёки ўзининг бундай ҳаракатларига бефарқ қарайди. Айбдорнинг келиб чиққан оқибатларга – қонунга мувофиқ жиноят таркибининг зарурий белгилари бўлган жиддий зарарга муносабати ҳам қасд, ҳам эҳтиётсизлик шаклида бўлиши мумкин.
Жиноят содир этиш мотиви ва мақсади квалификация қилишда аҳамиятга эга бўлмайди.
9. Ҳарбий мансабдор шахс ушбу жиноятнинг субъекти бўлиши мумкин.
Ҳарбий мансабдорлик жиноятларининг субъекти ҳарбий бошлиқлар ва бошқа мансабдор шахслар бўлиши мумкин. Ички хизмат уставига мувофиқ, бошлиқ хизмат мавқеи (лавозими)га ва ҳарбий унвонига кўра бўлиши мумкин. Ҳарбий мансабдор шахсларнинг намунавий рўйхатлари Ички хизмат уставида, Интизомий уставда, Гарнизон ва қоровул хизмати уставида ва бошқа норматив ҳужжатларда келтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |