Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш
Download 1.53 Mb.
|
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola
- Bu sahifa navigatsiya:
- Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш
- Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини қасддан ўлдириши
- Фуқаролик бурчини бажариш
- Оммавий тартибсизликлар жараёнида содир этилган одам ўлдиришни
- Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш
- Тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш
- Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш
- Диний таассублар замирида қасддан одам ўлдириш
Олдиндан билиш айбдор шахс аёлнинг ҳомиладорлигидан хабардорлигини назарда тутади. Айбдорнинг хабардорлиги шах-сий кузатишларига (ҳомила муддати катталигида), даволаш муас-сасаси томонидан берилган ҳомиладорликни тасдиқловчи расмий ҳужжат билан танишганлигига асосланган бўлиши ёки жабрланувчининг ўзи, унинг ота-онаси, дўстлари, танишлари берган маълумотлардан келиб чиқиши мумкин.
Айбдор тахмин асосида ҳомиладорлик мавжуд эмас деб янглиш ўйлаган, аслида жабрланувчи эса ҳомиладор бўлиб чиқса (ҳомиладорлик муддати кичик бўлган бўлса), ЖК 97-моддасининг 2-қисмида кўрсатиб ўтилган жавобгарликни оғирлаштирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлмаса, ЖК 97-моддасининг 1-қисми бўйича квалификация қилинади[8]. Ҳомиладорлик муддати ва ҳомиланинг яшаш қобилияти қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди. 18. Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш ЖК 97-моддасининг 2-қисми “в” банди билан квалификация қилинади. Ожиз аҳволдаги деганда, жабрланувчининг шундай жисмоний ёки руҳий ҳолатини тушуниш керакки, бундай ҳолат уни ўз ҳаётига қилинаётган суиқасдга қарши ҳаракат қилиш имконияти-дан маҳрум қилади. Мазкур ҳолат вояга етмаганликка ёки кекса-ликка, оғир хасталикка, уйқу ҳолатига, кучли даражадаги маст-ликка ва бошқа омилларга боғлиқ бўлиши мумкин. Ожиз аҳвол деганда, жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганли-ги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки бехуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлганлиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлик туфайли) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусиятини ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара ол-маслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шарт. Жабрланувчининг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида атрофдаги вазиятни англай олмайдиган даражада мастлиги, унинг ожиз аҳволда бўлган, деб тан олинишига асос бўлиши мумкин. Бунда жабрланувчини ким бу аҳволга солганлиги аҳамиятга эга эмас[9]. Чақалоқни ожиз аҳволдаги одам деб эътироф этиш зарурлигига қарамасдан, унинг туғилиши чоғида ёки ундан кейин онаси томонидан ўлдирилиши ЖК 99-моддасида кўзда тутилган жиноят таркибини келтириб чиқарганлиги сабабли ЖК 97-моддасининг 2-қисми “в” банди бўйича квалификация қилинмайди. 19. Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини қасддан ўлдириши (ЖК 97-моддаси 2-қисми “г” банди) ўч олиш мақсадида жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши оқибатида келиб чиққан қасддан одам ўлдириш сифатида квалификация қилиниши лозим. Сабаблари аниқланмаган ҳолда ҳам, яъни одам ўлдириш жабрланувчининг ўз қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш мақсадида ёхуд унинг бундан кейинги айбдор учун ножоиз хизмат ёки фуқаролик фаолияти билан боғлиқ ҳолларда содир этилганда ҳам шундай квалификацияга йўл қўйилиши мумкин. Қариндош ёки қуда-анда бўлганлар, яъни ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотинлар, болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари яқин қариндошларга киради. Муассаса, корхона, ташкилотда ишлайдиган ўз зиммасига юклатилган хизмат (меҳнат) мажбуриятларини бажараётган ҳар қандай шахснинг фаолияти ўз хизмат бурчини бажариш деб тушуниш зарур. Булар ҳокимият вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек, ўз хизмат бурчини бажараётган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин. Ўз хизмат бурчини қонуний бажараётганлиги туфайли содир этилган қотиллик ЖК 97-моддаси 2-қисми “г” банди бўйича квалификация қилинади. Хизмат бурчини бажараётган шахснинг хатти-ҳаракати қонуний бўлмаса ва айбдор муайян жавоб ҳаракати кўрсатиб, уни ўлдирган бўлса, унга ЖК 97-моддасининг 2 қисми “г” бандида кўзда тутилган белгини айб сифатида қўйиб бўлмайди. Одам ўлдиришни ЖК 97-моддасининг 2-қисми “г” банди бўйича квалификация қилишда жиноятнинг жабрланувчи ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда ёки бошқа вақтда содир этилганлиги аҳамиятга эга эмас. Шу ўринда қасддан одам ўлдириш жабрланувчи ёки унинг яқин қариндоши ўз хизмат вазифасини бажаргани ёки шундай фаолияти учун қасд олиш мақсади билан боғлиқ ҳолда содир этилганлигини аниқлаш муҳим[10]. Фуқаролик бурчини бажариш деганда, ҳар қандай кишининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ёки бошқа қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишига ҳам, бошқа ижтимоий фойдали фаолиятни амалга оширишига ҳам йўналтирилган ижтимоий фойдали ва ҳуқуқий фаолиятини тушуниш лозим. Масалан, бу ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар бериш, гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида шахснинг жиноят содир этганлигини фош этувчи кўрсатмалар бериши ва ҳоказо бўлиши мумкин[11]. 20. Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳолда уни қасддан ўлдириш ЖК 219-моддасининг тегишли қисмида ҳамда ЖК 97-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади[12]. Давлат ёки жамоат арбобини ёхуд ҳокимият вакилини уларнинг давлат ёки жамоат ишига оид фаолиятлари билан боғлиқ ҳолда ўлдириш, вазиятни издан чиқариш ёхуд давлат идораларининг қарор қабул қилишларига таъсир кўрсатиш ёки уларнинг сиёсий ёки бошқа ижтимоий фаолиятига қаршилик кўрсатиш мақсадида содир этилганда, бу қилмиш ЖК 155-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган терроризм жиноятини ташкил этди ва ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “г” банди бўйича қўшимча тарзда квалификация қилишни талаб этмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўлдирилиши ёки унинг ҳаётига тажовуз қилиш ЖК 158-моддасининг 1-қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради. Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўлдирганлик учун жавобгарлик, жабрланувчининг у ёки бу хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариш бўйича ижтимоий фойдали ҳаракатлари қачон содир этилганлигидан қатъи назар вужудга келади. 21. Одам ўлдиришнинг оғирлаштирувчи таркибини вужудга келтирадиган бошқа шахслар ҳаёти учун хавфли бўлган усулда (ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “д” банди) жиноят содир этиш деганда, муайян вазиятда нафақат аниқ бир жабрланувчининг, балки бошқаларнинг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлган усуллардан фойдаланишни тушуниш лозим. Бунга одамлар гавжум жойда тартибсиз равишда ўқ отиш, кўп кишилик хонадонда, жамоат транспортида ўқ отиш ҳолатини, шунингдек, портлатиш, ўт қўйиш, сувни ёки озиқ-овқатларни заҳарлашни киритиш лозим. Айни пайтда одам ўлдириш услубининг хавфлилиги жиноят содир этилган муайян вазиятга кўра баҳоланади. Масалан, жабрланувчидан бошқа одам бўлмаган жойда автомашинани портлатиб ёки машина билан уни босиб жиноят содир этилган бўлса, мазкур ҳодисани ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “д” банди билан квалификация қилиб бўлмайди, чунки бундай ҳолатларда айбдорнинг қилмиши бошқа кишиларнинг ҳаёти учун реал хавф туғдирмайди. Одам ўлдириш усулининг бошқалар ҳаёти учун хавфи сохта ёки тахминий эмас, балки ҳақиқий бўлиши лозим. Аниқ шароитда бошқалар ҳаётига хавф туғдириш мумкинлиги аён бўлиши керак. Одам ўлдириш бошқалар ҳаёти учун хавфли ҳолатда содир этилган деб эътироф этиш учун муайян шахсни ҳаётидан маҳрум қилиш билан айбдор бундай ўлдириш усули фақат жабрланувчи учунгина эмас, балки бошқалар учун ҳам хавфли эканлигини, танланган жабрланувчи билан бирга бошқа шахсларни ҳам ҳаётдан маҳрум қилиш имконини яратишини англаганини аниқлаш лозим. “Усулнинг чинакам хавфлилиги, ҳар бир муайян вазиятда ишнинг барча ҳолатларидан, чунончи, айбдор ишлатган жиноят қуролининг шикаст етказиш хусусияти, воқеа жойида жабрланувчидан ташқари ўзга шахслар ҳам бўлганлиги ва шу кабилардан келиб чиққан ҳолда аниқланиши зарур”[13]. Агар кўпчилик кишилар ҳаёти учун хавфли бўлган усулда одам ўлдирилса ёки ўзга шахсларга тан жароҳати етказилса ёхуд ўзга шахсларнинг ўлими келиб чиқса, айбдорнинг қилмиши Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим. 22. Оммавий тартибсизликлар жараёнида содир этилган одам ўлдиришни ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “е” банди бўйича квалификация қилиш зарур. Қотил оммавий тартибсизликларнинг ташкилотчиси ёхуд фаол иштирокчиси бўлган ҳолларда, унинг ҳаракатлари ЖКнинг 244-моддаси ва 97-моддаси 2-қисмининг “е” банди бўйича жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилиниши лозим. Айбдор томонидан оммавий тартибсизликлар жараёнида қасддан одам ўлдиришдан ташқари, қирғин солиш, вайрон қилиш, ўт қўйиш ва бошқа жиноятлар ҳам содир этилганда, башарти оммавий тартибсизликлар иштирокчиси уларнинг фаол иштирокчиси ёки ташкилотчиси бўлмаса, унинг қилмиши шахсга ҳамда, мулкка қарши жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак. 23. Жабрланувчини алоҳида қийноқлар йўли билан ўлдириш ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш (ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “ж” банди) деб тушунилиши зарур. Ушбу ҳолатда суд-тергов органлари ўта шафқатсизлик тушунчаси одам ўлдириш усули билан ҳам, айбдор ўта шафқатсизликни намоён этишидан гувоҳлик берувчи бошқа ҳолатлар билан ҳам боғланишини назарда тутишлари лозим. Қилмишнинг шарҳланаётган модданинг ушбу банди билан квалификация қилинишига фақат айбланувчида ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш қасди мавжуд бўлгандагина йўл қуйилади[14]. Жабрланувчини ўлдириш олдидан ёки бевосита ўлдириш жараёнида қийноққа солиш, унга азоб бериш, унинг баданига дам-бадам кўп миқдорда жароҳат етказиш, уни ўлимга олиб келадиган даражада озиқ-овқатдан, иссиқликдан маҳрум қилиш, кучли оғриқ берувчи заҳардан фойдаланиш, тириклайин ёқиб юбориш ва ҳоказоларни қўллаб азоб беришни ўта шафқатсизлик деб эътироф этиш керак. Айни пайтда жабрланувчига кўплаб тан жароҳати етказишнинг ўзи қотиллик ўта шафқатсизлик билан содир этилган дейишга асос бўла олмайди, чунки мазкур белги мавжуд бўлиши учун қотиллик жабрланувчига алоҳида қийноқлар ёки ўта азоб етказиш қасди билан содир этганлигини аниқлаш лозим. Ҳаётдан маҳрум қилиш жабрланувчининг яқинлари кўз олдида амалга оширилган, айбдор ўз хатти-ҳаракати билан уларга алоҳида азоб етказаётганлигини англаган бўлса, одам ўлдириш ўта шафқатсизлик билан содир этилган деб топилиши лозим. “Жабрланувчининг яқин кишилари қаторига, унинг яқин қариндошларидан ташқари, жабрланувчи билан алоҳида шахсий дўстона муносабатда бўлган шахслар ҳам кириши мумкин”[15]. Мурдани таҳқирлаш, уни йўқ қилиш ёки қисмларга ажратиш ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик сифатида баҳоланиши мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг мурдани таҳқирлаш учун жавобгарликни назарда тутувчи 134-моддаси билан қўшимча квалификация қилинади[16]. Бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдирилган ҳолларда, ЖК 97-моддаси “ж” банди бўйича квалификация қилиш фақат қотилликни амалга оширувчи шахснинг ҳаракатларига нисбатан қўлланишини таъкидлаш зарур. бошқа иштирокчиларнинг ҳаракати эса ЖК 97-моддасининг тегишли қисмлари бўйича квалификация қилинади, ЖК 97-моддаси “ж” бандига кўра ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш тўғрисида улар ўртасида дастлабки тил бириктирув бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади[17]. Жабрланувчи томонидан қилинган ҳуқуққа хилоф зўрлик ёки оғир ҳақорат туфайли тўсатдан юз берган кучли руҳий ҳаяжонланиш ёхуд зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб содир этилган одам ўлдириш, гарчи кўп миқдорда тан жароҳати етказиш ёки жабрланувчини яқин кишилари кўз олдида ўлдириш сингари ўта шафқатсизлик аломатларига эга бўлса ҳам, ЖКнинг 98-моддаси ёки 100-моддаси билан квалификация қилиниши назарда тутилиши лозим. 24. Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш учун жавобгарлик ЖК 97-моддасининг 2-қисми “з” бандида назарда тутилган. Қасддан одам ўлдириш билан бирга номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш ҳаракати амалга оширилганда ушбу банд бўйича квалификация қилиниши лозим. Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ қасддан одам ўлдириш номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жараёнида амалга ошириладиган қасддан одам ўлдиришдан иборат бўлади. Бунда иккита мустақил жиноят содир этилганлигини инобатга олган ҳолда, айбдорнинг қилмишлари ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “з” банди ва ЖК 118-моддаси ёки ЖК 119-моддасининг тегишли қисмлари бўйича квалификация қилинади. Номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондиришни яшириш ниятида содир этилган одам ўлдириш, ёки жабрланувчи шахсларнинг жинсий эркинлиги ёки жинсий дахлсизлигига қилинган тажовузга қаршилик кўрсатгани учун ўч олиш ҳисси билан одам ўлдириш жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 118 ёки 119-моддалари ва 97-моддаси 2-қисмининг “о” банди бўйича квалификация қилиниши лозим[18]. 25. Тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “и” банди) ҳар хил моддий фойда олиш (пул, мулк, мулк ҳуқуқи, турар жойга эгалик ҳуқуқи, одам ўлдирганлик учун мукофот олиш ва бошқалар)га қаратилган, ёхуд моддий харажатлар (қарзни тўлаш, алимент тўлови ва ҳоказолар)дан қутулиш нияти билан одам ўлдиришдан иборат. Одам ўлдиришни тамагирлик ниятида содир этилган, деб топиш учун жабрланувчининг мулк ёки бошқа бойликлар эгаси бўлган-бўлмаганлиги, бойликлар унинг қонуний ёки ҳуқуққа хилоф тасарруфида бўлганлигининг аҳамияти йўқ. Бунда жабрланувчининг ўлими натижасида айбдор моддий бойликларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни қўлга киритишга умид боғлаган бўлиши муҳимдир. Одам ўлдириш қотил томонидан ўзининг ёки бошқаларнинг манфаати йўлида моддий фойда олингани ёки моддий харажатлардан холис бўлинганидан қатъи назар, уни тамагирлик ниятида содир этилган деб эътироф этиш лозим. Қотиллик учун ҳақ ваъда қилган ташкилотчи (буюртмачи)нинг ҳаракатлари, у қайси сабабларга кўра шундай қилганлигидан келиб чиққан ҳолда, ЖК 28-моддаси ва 97-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим. Босқинчилик, товламачилик билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш ҳаракатлари ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “и” банди ҳамда Жиноят кодексининг босқинчилик ва товламачилик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан квалификация қилинади[19]. Қотилликка сабаб бўлган тамагирлик қотилликдан олдин юзага келган бўлиши лозим. Агар айбдор қотилликни бошқа сабаблар билан, масалан, қасд олиш учун, рашк туфайли содир этиб, кейин жабрланувчининг мулкини эгалласа, унинг ҳаракатлари ЖК 97-моддасининг 1-қисми ва 169-моддаси бўйича квалификация қилиниши лозим. Айбдор қотиллик содир этиб, ўзи хоҳлаган моддий бойликларга ёки бошқа қимматликларга эга бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъи назар, жиноят тамагирлик ниятида содир этилган деб эътироф этилиши даркор. 26. Тамагирлик ниятида қотиллик бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган ҳолларда фақат бажарувчининг ҳаракатларини, ушбу жиноятнинг бошқа иштирокчилари билан олдиндан тил бириктирилмаган тақдирда, ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “и” банди билан квалификация қилиш лозим. Бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатлари, ушбу модда 2-қисмининг “и” бандини истисно этган ҳолда, ЖК 97-моддасининг тегишли қисмлари бўйича квалификация қилиниши керак. Тамагирлик ниятида содир этилган қотилликнинг ташкилотчиси, далолатчиси ёки ёрдамчисининг ҳаракатларини, қандай мақсадни кўзлаганларидан қатъи назар, ЖКнинг 30-моддаси ва 97-моддаси 2-қисмининг “и” банди билан квалификация қилиш лозим. 27. Жабрланувчининг у ёки бу миллатга, ирққа ёки элатга мансублиги боис, у ёки бу ирқ, миллат ёхуд элатнинг ҳаёт тарзига, турмушига, маданиятига, урф-одатига, оилавий тутумига адоват ёки нафрат туфайли содир этиладиган қотиллик миллий ёки ирқий адоват замирида содир этилган қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “к” банди) сифатида кўрилиши зарур[20]. Бошқа миллат, ирқ ёхуд элат вакилини тамагирлик, рашк, ўч ва ҳоказо сабаблар билан ўлдириш ЖК 97-моддаси 2-қисми “к” банди бўйича квалификация қилинмайди. Айни пайтда айбдорда ушбу сабаблар билан бирга мустақил квалификация қилинадиган белгиларни вужудга келтирадиган бошқа ҳолатлар ҳам аниқланган бўлса, бу квалификация қилишда ўз аксини топиши шарт. 28. Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан квалификация қилинади. Жамиятга ва умумэътироф этилган ахлоқ нормаларига нисбатан ошкора ҳурматсизлик, жамоат тартибига ошкора бўйсунмаслик, ўзини атрофдагиларга нисбатан қарши қўйиш, уларга беписанд муносабатни намойиш этиш истаги асосида содир этилган қасддан одам ўлдириш “л” банди бўйича квалификация қилинади. Безорилик оқибатида одам ўлдириш кўпинча ҳеч қандай сабабсиз ёки ўлдириш учун арзимаган сабабдан келиб чиқиши мумкин. Қотилликда безорилик шу билан тавсифланадики, субъект кўзга ташланадиган сабабларсиз одам ўлдиради ва бундан қониқиш ҳосил қилади, ёки жамиятда ўрнатилган хулқ-атвор қоидаларини қасддан менсимаслик жараёнида жабрланувчини ўлдиради. Бундай ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 277-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди[21]. Агар айбдор томонидан безорилик оқибатида одам ўлдирилгандан сўнг жамоат тартибини қўпол равишда бузиш ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик кўрсатиш, шунингдек, ўзганинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки унга шикаст етказиш билан боғлиқ ҳаракатлар қасддан содир этилган бўлса, қилмиш ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” банди ҳамда ЖК 277-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилиниши лозим[22]. Безорилик оқибатида қотиллик содир этилган жой қилмишни ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” банди бўйича квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас. Ўзаро жанжал, шахсий адоват билан боғлиқ муносабатлар оқибатида содир этилган қотилликни, жамоат тартиби бузилган бўлсада, безорилик оқибатида содир этилган қотиллик деб қарамаслик лозим. “Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш жиноятини ўзаро жанжал ёки урушиш оқибатида содир этилган қотилликдан (ЖК 97-моддасининг биринчи қисми) фарқлаш учун уруш-жанжал ташаббускори ким эканлиги, низо одам ўлдиришда баҳона сифатида фойдаланиш айбдор томонидан атайлаб уюштирилган-уюштирилмаганлигини аниқлаш лозим. Агар уруш ёки жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлса ёки низога унинг ғайриҳуқуқий хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, айбдор безорилик оқибатида одам ўлдириш жинояти учун жавобгар бўлмайди”[23]. 29. Диний таассублар замирида қасддан одам ўлдириш учун жавобгарлик ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “м” бандида кўзда тутилган. Download 1.53 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling