Ёнғин хавфсизлиги қоидалари – ёнғиннинг олдини олишга қаратилган талаблар, меъёрлар ва стандартларга риоя қилиш тартибини белгиловчи муайян қоидалар мажмуидир.
Шарҳланаётган модда диспозицияси бланкетли бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қайси банди бузилганлигини, бунинг натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилганлигини аниқлаш зарур.
3. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида содир этилади.
4. Ўн олти ёшга тўлган ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш учун масъул шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
5. Мазкур модданинг 2-қисмида айтиб ўтилган хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган оғирлаштирувчи ҳолатлар учун жавобгарлик назарда тутилган.
XVIII боб. ТРАНСПОРТ ҲАРАКАТИ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ХАВФСИЗЛИГИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
260 - м о д д а. Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво
транспортининг ҳаракати ёки
улардан фойдаланиш хавфсизлиги
қоидаларини бузиш
Транспорт воситасининг ҳаракат ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортини бошқарувчи шахс томонидан бузилиши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, -
саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти механик транспорт воситаларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулкни йўқ қилиш ва унга зарар етказиш хавфини туғдирмай йўловчи ва юк ташиш қобилиятидан иборат бўлган ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатлардир.
Жабрланганларнинг ҳаёти ва соғлиғи эса жиноятнинг қўшимча объекти деб эътироф этилади. Денгиз ва дарё транспорти ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида аксарият ҳолларда экологияга зарар етказилиши (дарё ўзанлари, кўл сатҳларининг нефть, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан ифлосланиши) туфайли табиатни асраш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳам факультатив объект сифатида ажратиб кўрсатиш мумкин.
2. Жиноят предмети сифатида қонунда кўрсатилган транспорт турлари иштирок этадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |