Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


ХХ АСР ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ТУРКЧА


Download 2.74 Mb.
bet12/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

ХХ АСР ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ТУРКЧА
ИНТЕРНЕТ МАНБАЛАРИДА ЁРИТИЛИШИ


Тоҳир ҚАҲҲОР,
Жаҳон журналистикаси назарияси,
амалиёти ва тарихи кафедраси доценти
Ўзбек адабиёти намуналарининг дунё тилларига ўгирилиши, тадқиқ қилиниши, бизнингча, икки жиҳати билан эътиборлидир. Биринчиси, яхши асарлар халқимизнинг маданий ва маънавий ҳаётидан, даражасидан дунёни хабардор этиш бўлса, иккинчиси, мустақил жумҳуриятимизни жаҳонга танитишдир. Демак, адабий-маънавий ҳамда сиёсий аҳамиятга молик бу жараёнда китобларнинг, газета-журналларнинг фаолияти нечоғли муҳим ҳисобланса, интернет манбаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
Биз бу ўринда ХХ аср ўзбек адабиёти тўғрисида туркча интернет манбаларида қандай ёзувлар мавжудлиги, уларнинг савияси, ютуқлари ва албатта, айрим нуқсонлари ҳақида фикр юритмоқчимиз.
www.ekitap.kulturturizm.gov.tr сайтида, “Ўзбек адабиёти” бўлимида, Туркия Маданият ва Туризм Вазирлиги нашриётида 2000 йилда босилган, 32 жилдлик “Туркия ташқарисидаги туркий адабиётлар антологияси. Ўзбек адабиёти. 14, 15, 16 жилдлар” ҳақидаги ёзувлар мавжуд. (Başlangıcından Günümüze Kadar TÜRKİYE
DIŞINDAKİ TÜRK EDEBİYATLARI ANTOLOJİSİ. Özbek Edebiyatı. 14.-15.-16.Ciltler.). Минг йиллик адабиётимиз тарихига мансуб 200 дан ортиқ муаллиф ва асарларидан парчалар туркча ва ўзбекча босилган бу уч жилд китоб туркиялик китобхонларга умумий тушунча бериш билан бирга, ўзбек адабиёти тадқиқотчилари учун ҳам адабиётимиз тарихи, ижодкорларимиз ҳаёти ва асарлари хусусидаги бошланғич илмий манба бўлиб хизмат қилаётгани университетлар, илмий журналлар, тадқиқотчи олимларнинг шахсий сайтларидаги турли ёзувлардан маълумдир. Афсуски, айрим сайтларда бу китоблардан ўзбек адабиёти ва ўзбек ижодкорлари ҳақидаги мақолалар, муаллифларнинг асарларидан парчалар олиб берилгани ҳолда, манбаси кўрсатилмаётгани ачинарлидир (бу уч жилдлик биз тарафимиздан ёзилгани учун бу ўринда шу фикрлар билан чекланамиз).
ХХ аср ўзбек насрининг энг кучли қалами, ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўтган кунлар” романи ҳақида ҳам туркча сайтларда турли ёзувлар мавжуд. Масалан, уни илк бор туркчага ўгирган Аҳсан Ботурнинг www.selenge.com.tr сайтида, китоб муқовасига битилган сўзида ҳам бу фикримиз акс этган. У А. Қодирийни ўқувчиларга “Туркистон туркий адабиётидаги унутилмас шахс... Туркистон романчилигининг дарғаси... Ёзувчи, мутафаккир ва миллий курашчи... Мустақиллик ва ҳуррият йўлидаги шаҳид...” дея танитган.
www.antoloji.com сайтида доктор Азиз Мархоннинг “Абдулла Қодирий ва ўзбек романининг туғилиши” (Aziz Merhan, Abdulla Qodiriy ve Özbek Romanının Doğuşu ) номли китобининг “График” нашриётида, “Ўрта Осиё туркий адабиёти” рукнида босилгани билдирилган.
www.sosyalbilimler.cukurova.edu.tr сайтида доктор Азиз Мархоннинг “Абдулла Қодирийнинг тарихий романлари” мақоласи хусусида ёзув бор. Мақола Чукурова университетининг Ижтимоий фанлар институти илмий журналининг 2007 йил 16 жилд, 2-сонида берилган. Муаллиф ўзбек ёзувчисининг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” асарларини таҳлил этган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, асарлари элликдан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган Одил Ёқубов ва унинг туркчага ўгирилган, бир неча нашриётлар томонидан қайта-қайта босилган “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Адолат манзили”, “Муқаддас” номли асарлари ҳақида ўнларча сайтларда турли маълумотларни учратиш мумкин. Масалан, www.selenge.com.tr, www.orkun.com.tr, www.imge.com.tr, www.kitap.antoloji.com , www.netkitap.com , www.turksolu.org ва бошқалар.
www.biografi.net сайтида “Бугунги ўзбек адабиёти” бўлимида Одил Ёқубовнинг расми ва қисқача таржимаи ҳоли берилган. Маълумотлар асосан тўғри, фақат бу ерда адибнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирланган даври нотўғри ёзилган (тўғриси 1985 йил).
Сайтларда ўзбек ижодкорларининг вафотига бағишланган хабарлар ва мақолалар, эсдаликлар ҳам ёритилмоқда. Масалан, О. Ёқубов вафоти муносабати билан www.selenge.com.tr, www.turksolu.org сайтларида адибнинг барча асарларини туркчага муваффақиятли ўгирган, Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Аҳсан Ботурнинг “Устод Одил Ёқубовни хотирлаб” номли эсдалиги берилган. Таржимон унда юртимизга келган йиллари, адиб ва бошқа ўзбек ижодкорлари билан танишувлари, улуғ ёзувчининг ўзига хос фазилатлари, асарлари хусусидаги фикрларини баён этган. Масалан, “Суҳбатларимиздан бирида, устоз менга: “Болам, ҳар бир ёзувчининг ўзига хос руҳи бор, у асарларида, жумлаларида жойлашган бўлади. Сендан биргина илтимосим шуки, таржима қиларкансан, руҳимни сақлашга интил”, дея ўгит берди”.
Шу ўринда, бизнингча, ўзбек ижодкорлари орасида О.Ёқубовга туркча сайтларда энг кўп ўрин берилганини ҳам таъкидлашимиз лозим.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг А. Ботур таржимасида туркчада 1993-2004 йилларда қайта-қайта босилган “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” тарихий романлари ҳақида ҳам туркча сайтларда кўплаб хабарлар ва мақолалар учратиш мумкин.
www.selenge.com.tr сайтида П. Қодировнинг иккала тарихий романини икки жилдлик ҳолида “Сўнгги Темурий” (Pirim Kadirov. Son Timurlu) номи билан “Селенге” нашриётида Аҳсан Ботур таржимасида босилгани билдирилган, китобларнинг расми, улар ҳақида маълумотлар берилган. Китоб муқовасидаги ёзувда “Қўлингиздаги роман ўзбек классик асаридир” дея адиб ижоди юксак баҳоланади; “Бир давлат қурол воситасида тикланади, аммо уни қурол кучи билан сақлаб бўлмайди, от устида бошқариш мумкин эмас” дейилади, Бобур бу ҳақиқатни яхши тушунгани учун давлатни ақл ва билим билан бошқаргани таъкидланади.
www.orhansoylemez.com сайтида Отатурк университетининг “Туркийшунослик тадқиқотлари” (Türkiyet Araştırmaları Dergisi) журналининг 2000 йилги 15-сонида босилган доктор Ўрхон Сўйламаснинг “Ўзбек адабиётидан тарихий бир роман – “Юлдузли тунлар” (Бобир)” деган мақоласининг электрон нусхаси берилган. Унда ўзбек ёзувчисининг 1993 йилда Истанбулда А. Ботур таржимасида босилган машҳур романи тадқиқ этилган.
Яна шу сайтда берилган Анвар Жўрабоевнинг ёзувчи билан суҳбати – “Яшашнинг маъноси” (“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил 12-сон) ҳам адиб ҳаёти ва ижодини ўрганишда манба бўлиб хизмат қиладиган асардир. Суҳбат доктор Ўрхон Сўйламас таржимасида Отатурк университетининг “Туркийшунослик тадқиқотлари” (Türkiyet Araştırmaları Dergisi) журналининг 2001 йилги 16-сонида босилган. Сайтга мақоланинг электрон нусхаси қўйилган. Бу ундан ўқувчилар ва ўзбек адабиёти тадқиқотчиларининг унумли фойдаланиши учун имкон яратади, албатта.
Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло ва унинг туркчага ўгирилган, икки марта А.Ботур (www.selenge.com.tr), бир марта Ш. Қорақош таржимасида босилган “Кафансиз кўмилганлар” романи ҳақида ҳам туркча сайтларда хабарлар, мақолалар мавжуд.
www.ceeol.com сайтида, инглизча ва туркча босиладиган “Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари” журналида (Journal of Central Asian and Caucasian Studies (Orta Asya ve Kafkasya Araştırmaları, issue: 2 / 2006, pages: 185-189), “Китоб таҳлиллари” (“Book Reviews”) бўлимида доктор Ҳаётий Бижанинг “Кафансиз кўмилганлар” номли мақоласи ўрин олган. Унда Шукруллонинг 2005 йилда Истанбулда, “Эдил” нашриётида А. Ботур таржимасида қайта босилган романи адабий ва ижтимоий жиҳатдан теран таҳлил этилган. Мақола муаллифи турк ўқувчисига аввало шўро даври ва адабиётида сталинизм, шахсга сиғиниш фожеалари мавзуси ҳақида қисқача маълумот бергач, Шукрулло ва унинг ижоди билан ҳам таништиради. Унинг “Кафансиз кўмилганлар” бу мавзуда битилган хужжатли ва ёки хотираларга асосланган мингларча бадиий асарлардан бири эканлигини, аммо ниҳоятда ўзига хослигини таъкидлайди; бу каби китобларда 1928-1939 йиллардаги ноҳақ зулмларнинг бош айбдори Сталин бўлганлигини, у даврда мингларча зиёлилар қириб ташланганини, бу тарихий фожеалар романда нечоғли бадиий инъикосини топганини баён этади.
www.gencmekan.com cайтидаги “Ўзбек туркий тили ва адабиёти” (Özbekistan Türkçesi ve Edebiyatı) номли мақола 19-асрнинг иккинчи ярми ва 20-асрдаги адабиётимиз мавзусига бағишланган. Афсуски, муаллифнинг кимлиги билдирилмаган. Унда мақола ўзбекистонлик ва туркиялик олимларнинг айрим китобларини ўқиб ёзилганлиги сезилиб турибди. Бизнингча, мақолада бирёқлама қарашлар, даврга, ижодкорлар ва асарларига эскича ёндошув мавжуд. Масалан, бизнингча, унда билдирилган қуйидаги фикрларга тўла қўшилиб бўлмайди: “Эллигинчи йилларнинг ўрталарида, анчадан бери давом этиб келган тоталитар тузумнинг адабиёт соҳасидаги сиёсатини, хусусан ижодкорларни таъқиқ ва қатағон этиш сиёсатини танқид қилишга йўл очилди, ўлкада эркинлик шабадалари эса бошлади (?-Т.Қ.). Сталиннинг ўлимидан кейин демократик ҳаракатлар бошланди (?-Т.Қ.)... Эркин асарлар ёзиш, ҳақиқатларни айтиш ва ўзлигини ифодалаш имконига эга бўлинди (?-Т.Қ.). Илмий тараққиёт, космосни кашф этиш соҳаларида жиддий муваффақиятлар қўлга киритилди. Халқнинг моддий турмуши тузала бошлади...”
www.turkcuturanci.com сайтидаги туркиялик тадқиқотчи Қалқоннинг “Ўзбекистонда 1909-1917 йиллар орасида фаолият кўрсатган “Турон” жамияти” номли мақоласи у даврнинг тарихи ва адабиётига қизиқувчи ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Мақола яхши ёзилган; манбалар рўйхатида муаллифнинг турк олимларидан профессор Содиқ Туролдан бошлаб ўзбеклардан С.Айний, З.Саид, Б.Қосимов, Т. Қаҳҳор, Ш. Ризаев ва бошқа йигирмага яқин ижодкорнинг китобидан фойдалангани билдирилган. Мавзу анчагина теран ёритилганини таъкидлаган ҳолда, мақоланинг бир жузъий нуқсонини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Яъни 1909-1917 йилларда Ўзбекистон атамаси матбуотда ва расмий манбаларда қўлланилмаганини муаллиф кўздан қочирган (1917-1924 йилларда Туркистон Мухтор Шўро Жумҳурияти ва 1924 йилдан бошлаб Ўзбекистон Шўро Жумҳурияти бўлгани маълум). Албатта, мингларча, миллионларча ўқувчи танишадиган мақолаларда бундайин камчиликнинг бўлмагани яхшидир.
www.kerkukvakfi.com сайтидаги “Терзибаши Туркиянинг лицей китобларида” сарлавҳали ёзувда Туркия Миллий Таълим вазирлиги нашриётида босилган Усмон Чевиксўй ва Адҳам Бораннинг “Турк тили ва адабиёти” лицейлар учун қўшимча дарс китоби ҳақида фикр юритилган. Унда Туркиядан ташқаридаги туркий дунё аҳолиси бугунда икки юз миллиондан ортгани, ҳар бир ўлканинг ўзига хос бой адабиёти мавжудлиги, турк лицей ўқувчиларининг улардан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Бу дарс китобига турк халқларининг ХХ асрдаги энг машҳур ижодкорлари, масалан, Ўзбекистондан Абдулҳамид Чўлпон ва Ойбек, Озарбайжондан Жалил Мамадқулизода ва Бахтиёр Ваҳобзода, Қозоғистондан Мағжан Жумабой, Қирғизистондан Чингиз Айтматов, Туркманистондан Ота Отажонғўли, Шимолий Қибрис жумҳуриятидан Усмон Туркой ва Ўзкэр Яшин, Татаристондан Аёз Исҳоқий, қрим адабиётидан Исмоилбек Ғаспрали, уйғур адабиётидан Зиё Самадий, Фузулий ва Насимий юрти Ироқдаги туркман адабиётидан Ота Терзибоши киритилган, бу адиблар ва асарлари ҳақида маълумот берилган.
www.ismailgaspirali.org.2001 сайтида Cафтар Нўғаевнинг “Ғаспирали ва Туркистон” номли мақоласининг PDF электрон нусхаси берилган. Унда мавзунинг ёритилиши баробарида, ХХ аср ўзбек адабиётидаги марсия жанри тараққийсида муҳим нуқталардан бири ҳисобланган, И. Ғаспирали вафотига бағишланган марсиялар ҳақида ҳам қимматли фикрлар билдирилган. Бу мақола аввал Ёвуз Оқпинор Измирда нашр эттирган ва ўзбек адабиётини 1980-1995 йиллар орасида Туркияда танитилишига катта ҳисса қўшган “Қардош адабиётлар” журналида (1994 й. 20-сон) босилган, Байрам Ўроқ уни туркчага таржима қилган. Мақолада ХХ аср ўзбек адабиётининг яратувчиларидан бири Ҳамзанинг 1914 йилда “Садои Фарғона” газетасида чиққан ва (75 йил таъқиқдан) сўнгра нашр бўлган тўла асарлар тўпламининг 4-жилдида босилган, “Воҳ, қаро кун тушди қайдан, боғу бўстондин жудо” деб бошланадиган марсияси ўзбекчада берилган. Шўро даврида фақат совет мафкураси тарғиботчисидай талқин этилган Ҳамзанинг қайта қуриш йиллари ва мустақиллик даврида юзага чиққан Туркистон мустақиллиги мавзусидаги бошқа шеърлари каби бу марсиясининг бу интернет ёзувида тўла келтирилгани ўзбек адабиётидаги мустақиллик ва эрк мавзусининг жаҳон ўқувчиларига етиб боришида ва тадқиқ этилишида муҳим аҳамиятга эгадир, деб ўйлаймиз.
www.nuveforum.net сайтидаги (NevART Sanat ve Tasarım Akademisi) турк тили ва адабиёти бўлимида ўзбек адабиёти ҳақида ҳам яхши мақолалар бор. Масалан, 2008 йил 10 августда сайтга “Ёзма ўзбек адабиёти” сарлавҳали беш бўлимдан иборат каттагина ҳажмдаги, олимона битилган мақола қўйилган. Унинг ютуғи минг йиллик ўзбек адабиёти хусусида асосан тўғри маълумот беради. Даврлар тўғри талқин этилган, ижодкорларнинг адабиётда тутган ўрни, муҳим асарлари номма-ном аниқ кўрсатилган, бизнингча.
Айрим нуқсонлари ҳам бор. Энг катта камчилиги – уни ким ёки кимлар ёзгани, қаердан олингани билдирилмаган. Демак, у ўқувчиларга умумий тушунча бериши мумкин, аммо ундан тадқиқотчилар (муаллифи ва айрим манбалари кўрсатилмагани учун) фойдалана олмайдилар.
Мақолада яна бир кўзга ташланиб турган нуқсон шуки, ижодкорлар номи туркчада “Çŭlpon, Mahmud Xodiyev Botu” каби бузиб берилган (туркчада булар Чулпўн, Хўдийев Бўту шаклида ўқилади), ҳолбуки турк матбуотида тўқсон йилдан бери Çolpan, Batu шаклида ёзиб келинган ва тўғриси будир.
Сайтда, рекламамизни бир кунда 35 минг киши ўқийди, дейилган. Демак, сайтлардаги адабиёт ҳақидаги ёзувларда бундай нуқсонларнинг бўлмагани яхшидир.
Хулоса қилиб шуларни айтишимиз мумкин:
1) ўзбек адабиёти намуналарининг туркчага таржима қилинаётгани, улар ҳақида газета ва журналларда хабарлар ва илмий мақолалар босилаётгани, Туркиядаги жуда кўп университетларнинг адабиёт факультетларида очилган туркий тиллар ва адабиётлар бўлимлари талабалари томонидан ҳам адабиётимиз ва адибларимиз ижоди хусусида битирув малакавий ишлари, номзодлик диссертациялари ёзилаётгани, бу жараён эндиликда интернет ёзувларида ҳам акс этаётгани бизни қувонтиради;
2) бу ижодий ва илмий жараён ўзбек тадиқиқотчилари тарафидан ҳам ўрганилиши, ютуқлар ва камчиликлар холис баҳоланиши, тажрибалар жамоатчиликка билдирилиши мақсадга мувофиқдир.

Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling