Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
АҚШ реклама бизнеси: фойда, зарар ва таъсир кўлами
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
- Bu sahifa navigatsiya:
- Пол Отнил, ёзувчи(Америка)
АҚШ реклама бизнеси: фойда, зарар ва таъсир кўлами
Севара Мусаева, Халқаро журналистика факультети 3 курс талабаси Сиз биринчи сатрдан ўқувчининг ёқасидан олишингиз керак, иккинчисида маҳкамроқ қисишингиз ва сўнгги қаторгача ушлаб туришингиз шарт. Пол Отнил, ёзувчи(Америка) Телевизор томоша қилаётганимизда ёки радио тинглаб ўтирганимизда фақат бир нарсагина эътиборимизни чалғитади, сериаллар ўртасида эса бир оз бўлса-да норозилик кайфиятини уйғотишга сабаб бўлади. Гап нимада эканлигини англагандирсиз? Ҳа, бу бугунги кунда биз қабул қиладиган кундалик ахборот олишнинг муҳим қисмига айланган рекламалардир. Ҳозир ҳеч бир оммавий ахборот воситасини рекламаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Қаёққа қараманг, рекламага дуч келасиз. Рекламага бориб тақалмайдиган бирор соҳани излаш ҳам бефойда. Реклама эндиликда оддий савдо-сотиқ, тижорат ишларини ривожлантиришда эмас, балки бутун бошли бизнесга айланиб улгурди. Ҳатто уй бекаси, ёш болаларнинг ҳам бирор маҳсулот истеъмолчиси сифатида рекламаларни томоша қилиши одатий ҳолга айланган. “Реклама” атамаси аслида лотинчада “қичқирмоқ” деган маънони англатиб, бир неча минг йиллик тарихга эга. АҚШ президенти Рузвельт рекламага “давлат миқёсида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий ва иқтисодий куч” деб таъриф берган эди. Дунёдаги энг қиммат реклама роликлари АҚШда тайёрланади. Мамлакат дунёда газета рекламасидан энг кўп даромад кўрадиган давлатлардан. 2005 йилда ушбу давлат газеталарининг йиллик реклама даромади 1,51 фоиз бўлган. Охирги беш йил ичида эса бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил қилган. Шунинг баробарида турли хориж компаниялари: “Coca-Cola”, “Apple”, “СHEVROLEТ” рекламалари энг қиммат роликлар ҳисобланади. Уларнинг қимматлилиги фақат рекламаларида эмас, балки савдо белгисида ҳам. Мегабрендлар деб ҳам аталувчи Mercedes вa BMW автомобиллари, Soпу мураккаб маиший аппаратураси, Samsung техника воситалари, Сoсa-Сola ва Рepsi ичимликлари, тез хизмат кўрсатувчи Mс Donald’s ресторанлари, Вoeing самолётлари ва шу кабиларнинг белгилари онгимизда шунчаки автомобиль, телевизор, газли ичимлик, гамбургер, самолётдан кўра кўпроқ тасаввур уйғотади. Албатта омма онгида маҳсулот ҳақида бундай тасаввур уйғотиш узоқ изланиш ва катта маблағ сарфлашни талаб қилган. Маьлумотларга кўра, Американинг компьютер технологияларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компанияси бўлган “Apple” томонидан яратилган “Макинтош” компьютерини харид қилишга ундовчи рекламани яратиш учун 6 млн. доллар сарфланган. Умуман олганда, реклама учун энг кўп маблағ сарфлайдиган давлат ҳам АҚШ ҳисобланади. Йил давомида ҳар бир реклама учун 2000 йилда 236,3 млрд, бир йил ўтиб 233,7 млрд, 2006 йилда эса 285,1 млрд доллар харажат қилинган. Энди қойилмақом рекламалар, қолаверса қойилмақом реклама яратувчилар ҳақида сўз юритсак. 1958 йилда америкалик Дебора Шнейдер “Плимут” автомобиль компанияси учун ёзган 25 сўздан иборат реклама матни учун умрининг охиригача ойига 500 доллардан нафақа олиш ҳуқуқини қўлга киритган экан. “Coca-Cola” компаниясининг парҳезли версияси ҳам Американинг салқин ичимликлар бозорида ўз ўрнига эга. Beverage Digest тадқиқот компаниясининг хабар қилишича, 2010 йилда АҚШда жами 927 млн. шиша Diet Coke сотилган. Худди шу даврда Пепси эса 892 млн. шиша сотилган. Бундан ташқари, ўтган йили америкаликлар 1,6 млрд. шиша идиш Соса - соlа истеьмол қилишган. Американинг алькоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи Pepsi - Cola Company корпорацияси асосий тармоқ сифатида ёшларнинг талабини қондириш учун Pepsi-Co1a вa бошқа ичимликлар таклиф қилади. Масалан, Mirinda, Seven-Up, Aqua Minerale, Pepsi Light вa бошқалар. «Pepsi-Co1a» ўз ичимликларини ёшларнинг дам олиш ва кўнгилочар тадбирларида тақдим этадилар ҳамда компанияда харидорлар имкониятини ҳам ҳисобга олган ҳолда фирманинг нарҳ-наво сиёсатини шакллантиришган. АҚШ рекламаларида энг кўп қўлланиладиган сўзлар қуйидагилар: табиий (naturаl), caмарали (useful), энг аъло (the best), нафис, яхшироқ (better) ажойиб, яхши (good). “Сиз” (You) сўзи эса Америка рекламасида энг кўп ишлатиладиган ибора. Америка ОАВда реклама роликларини яратишда, мутахассислар сифатида мультипликатор рассомлар, дизайнерлар, тилшунослардан тортиб, ҳатто руҳшуносларгача фаолият олиб боришади. Дарвоқе, маҳсулоти реклама қилинаётган компанияларникидан кўра, реклама орқасидан даромад топаётган компаниялар фойдаси анча кўпроқ... Иш бор жойда камчилик бўлади. Буни қарангки, шу даражада устомон мутахассислар тайёрлаган реклама роликларида ҳам мантиқий, географик, техник, баъзан эса сиёсий хатолар учраб туради. Бу хатолар эса реклама буюртмачиси ва бажарувчиси ўртасидаги жиддий келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлади. “MEGAFON” мобиль алоқа компанияси барчамизга таниш. Бу компаниянинг халқаро қўнғироқлар учун арзон нархларни таклиф қилувчи реклама ролиги жуда қимматга тушди. Реклама ролигида компания хизмат кўрсатувчи мамлакатларнинг харитаси акс эттирилади. Бу ўринда йўлга қўйилган географик хато шундан иборатки, харитада Озарбайжон давлати ўрнига Арманистон ҳудуди акс этттирилган. Бундан озарбайжонлик дипломатик корпус вакиллари жуда таажжубга тушадилар ва катта можаро чиқишига бир баҳя қолади. Хуллас, ролик Россия телеканаллари эфиридан бутунлай олиб ташланади. Таъкидланишича, ноқулай аҳволга тушиб қолган компания ушбу реклама ролиги учун 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфлаган экан. Бутун дунёга машҳур “Orbit” сақичи рекламаси билан боғлиқ халқаро ғавғо тафсилотлари ҳали-бери жамоатчиликнинг ёдидан кўтарилмаса керак. Бу сафар реклама ролигини тайёрлаган ББДО компанияси овоз режиссёри айби билан роликда бир текис, оппоқ тишларини намойиш қилганча сақич чайнаётган малласоч, гўзал қизлар, Хитой давлат мадҳиялари садолари остида рақсга тушган экан. Хитойнинг Россиядаги элчихонаси аралашуви билан бу ролик ҳам рус телеканаллари эфиридан “четлаштирилди”. Дунёга машҳур автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири “СHEVROLEТ”нинг Мексикадаги савдо-сотиқ ишлари сира юришмаганининг сабаби ҳам ўзига хос. Гап шундаки, компанияда янги ишлаб чиқарилган Chevy Nova деб номланган янги русумдаги авто худди шу ном билан мексикаликларга таклиф этилади. Лекин сифати аъло бўлган бу автомобилни сотиб олишга мексикаликлар сира шошилмайдилар. Маълум бўлишича, испан тилидаги “NO-VA” сўзлари “Ҳайдаш мумкин эмас!” деган маънони англатар экан... Болажонлар севиб истеьмол қиладиган “Kinder surprise” шоколадларини Америкада реклама қилиш таъқиқланган. 1938 йилда қабул қилинган битимга кўра, истеьмол қилинадиган маҳсулот ичига буюмни солиш мумкин эмас. АҚШ рекламаларидан тушадиган йиллик энг катта 33 фоизғ даромадни “Facebook” келтиради. АҚШ реклама агентликлари жаҳон иқтисодий инқирозига мамлакат кўчалари ва таксиларида ўзларининг чиқишлари билан иштирок этишди. Масалан, машиналарда: «Бу шунчаки синов, муқаддима эмас”, ёки баннерлардаги – “Иқтисодий инқироз билан боғлиқ қизиқарли маьлумот: инқироз тўхтамоқда!” Статистик маълумотларга кўра, америкалик бола йилига 40 мингга яқин телереклама ва роликларни кўради. 1990 йилларнинг бошида АҚШда болалар учун мўлжалланган рекламаларга 100 минг доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Бундан, айниқса, ота-оналар, ўқитувчилар хавотирланиб, фарзандларининг пул, мол-мулк ҳажми ва миқдорига нисбатан мойиллигини кучайтириб юборади, деб ўйлашган. Аммо 2000 йилларга келиб мамлакатда болалар рекламаси учун 12 миллиард доллар сарфланди. Доктор Кэннернинг тадқиқотларига кўра, америкалик уч ёшли бола 100 га яқин савдо-тижорат белгиларини билади. Америкалик ўсмир замонавий кийим-кечаклар учун ҳар йили 1,4 минг доллар сарфлайди. Деярли барча компанияларнинг стратегияси болалар психологияси билан боғлиқ. Texas A&M Universityда маркетинг бўлим профессори Жеймс Мак Нилнинг таъкидлашича, реклама ишлаб чиқарувчилари ва бозорнинг болаларга қизиқишининг учта сабаби бор: биринчидан, у ўз пулига эга ва уни кўпинча рекламага бўйсуниб сарфлайди; иккинчидан, у нима сотиб олиш кераклиги ҳақида ота-онасига таьсир ўтказа олади ва ниҳоят, учинчидан, болалигида кўрган рекламалари таьсирида уларнинг ҳаётий талаблари ва одатлари шаклланиб улгуради. Ўрта ёшдаги америкалик ўсмир ҳафтасига 92 доллар маблағ сарфлайди. Тадқиқотларда кўрсатилишича, болалар ва ўсмирлар 59 фоиз пулини ота-оналаридан совға сифатида оладилар. Болалар кўп вақтини телевизор қаршисида ўтказганлиги сабабли, телерекламаларнинг мақсадларини амалга оширишдаги энг асосий объектлари ҳисобланишади. Юқорида таҳлил этган далилларимиздан кўриниб турибдики, Америкада реклама алоҳида бизнесга айланиб улгурган. Буни айнан реклама ишлаб чиқарувчи ташкилотларниг мавжудлиги билан ҳам тасдиқлаш мумкин. Америка бозоридаги товар ва хизмат соҳалари рекламасиз ўз фаолияти давомийлигини тасаввур қила олмайди. Гарчи рекламалари билан боғлиқ жиддий муаммоларга учраган компаниялар бўлса-да, улар тез орада олдинги хатоларидан сабоқ олиб, яна янги рекламалар яратишга интилишади. Ўз навбатида реклама истеьмолчиси ҳисобланган аҳоли ҳам кундалик ҳаётини рекламаларсиз тасаввур эта олмайди. Рекламалар аҳоли учун энг сўнги замон талабларига мос маҳсулот ва хизматларини таклиф этади ва ташкилотлар ўртасидаги рақобатни намоён қилади. Энг асосийси, рекламалар маьлум даражада аҳоли дунёқаршига, яшаш тарзига таьсир кўрсата олади. Шу асосда айтиш зарурки, бизнинг миллий ОАВ фаолиятининг муҳим қисмларидан бирига айланиб улгурган рекламалар масаласи бугунги кунда жиддий масалалардан бири саналади. Реклама роликлари ва ғояларини ишлаб чиқишда мавжуд тажриба ва хорижий ОАВ рекламаларини тадқиқ этиш соҳа ривожига йўл очади. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling