Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


Спорт юрт байроғини баланд кўтармоқда


Download 2.74 Mb.
bet36/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   32   33   34   35   36   37   38   39   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

Спорт юрт байроғини баланд кўтармоқда
Усмон АБДУРАСУЛОВ,
Халқаро журналистика факультети
3 курс талабаси

“Ҳеч бир нарса мамлакатни спортчалик машҳур қила олмайди” муҳтарам Юртбошимизнинг мазкур сўзлари бугун ёш ва навқирон мустақил Ўзбекистонимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқларига бевосита дахлдордир. Зеро, серқуёш мамлакатимиз заминида тинч-осуда яшаб, яратилган қулай имкониятлардан фойдаланиб, ўз қобилияти ва салоҳиятини намойиш этиб, миллатимизнинг ғурури ва шаънини кўтараётган спортчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ҳа, ватанимиз спортчилари жаҳон ва қитъа чемпионатларида, олимпия ўйинларида ва жамийки барча халқаро мусобақаларда мунтазам равишда қатнашиб, шоҳсупанинг юқори ўринларини банд этиб, совриндорлар қаторидан жой эгаллаб келишмоқда. Ўз ўрнида спортчиларимизнинг бундай ютуқлари барчамизга фахр-ифтихор бағишлаши билан бирга, мамлакатимиз нуфузини, шон-шавкатини юксалтириб, давлатимиз байроғини жаҳон ареналари бўйлаб баланд ҳилпиратмоқда. Ўзбекистон фарзандларининг бундай натижаларини кўрган ҳар қандай инсон халқимизни ҳеч кимдан кам эмаслигига ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигига яна бир карра иқрор бўлишмоқда.


Ҳа, она юртимиз азал-азалдан мард, матонатли, ватанпарвар ва ҳар соҳада билимли ва шижоатли фарзандлари билан фахрланади. Жаҳон цвилизациясига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек сингари буюк сиймолар ҳам ўзбек халқининг асл ўғлонлари бўлишган.
Аждодларига муносиб издош бўлаётган бугуннинг пахлавон ва шижоатли, бир сўз билан атганда, баркамол авлодлари: Равшан Эрматов, Абдулла Тангриев, Артур Таймазов, Ришод Собиров, Рустам Қосимжонов, Вадим Меньков, Антон Фокин, Екатерина Хилко, Денис Истомин ва Оқгул Омонмуродова каби кўплаб моҳир ва омадли спортчиларимиз халқаро мусобақаларда шоҳсупанинг юқори ўринларини забт этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини юртимизга олиб келишмоқда. Шундай экан, уларнинг фаолияти, ғалабалари ва ҳаёти ҳақида оммага батафсил маълумот етказиб берувчи ўз касбининг устаси бўлган журналистлар ҳам энди қаламни тўғри ва ўткир қилиб чархламоқлари лозим. Зеро, халқимиз ҳаётида оммавий спортни йўлга қўйиш, профессионал спорт турлари билан шуғулланувчи юксак маҳоратли спортчиларни етиштириш ҳар қандай халқ учун ҳам ҳаётий зарурият ҳамда тенгсиз шон-шараф тимсоли эканлигини ҳисобга олиб, барча спорт турларини мукаммал биладиган етук спорт журналистлари зарур эканлигига амин бўлмоқдамиз.
Ҳозирда футбол ва боксдан ташқари бошқа спорт турларига доир мусобақалардан малакали савияда репортажлар берувчи, қизиқарли шарҳлар ёзувчи журналистларимиз ниҳоятда озлиги барчамизга аён. Шу боисдан ҳам бугун халқимизнинг фахр-ғурури учун куйиб-ёниб ўз қобилиятини кўрсатадиган ёш журналист кадрлар керак бўлмоқда.
Эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунда республикамизда “Спорт” телеканали, “Машъал” радиоканали ва кўплаб спортга оид газеталар, спорт- интернет сайтлари фаолият юритиб, аудиторияни ахборот билан таъминламоқда. Хусусан, “Спорт” телеканалининг ижодий ходимлари бу борада ахборотни жуда тезкорлик билан тақдим этишмоқда. Ва, шунингдек турли-туман янгидан-янги газеталар пайдо бўлиб, спорт ихлосмандларини қизиқ ва қайноқ хабарлар билан баҳраманд қилишмоқда. Шу ўринда, бугунги кунда турли-туман янги газеталар иш бошлаётгани ҳақида фикр юритсам.
Сўнгги икки-уч йил ичида “Чемпион”, “Футгол”, “Football+”, “Стадион” каби газеталар иш бошлади. Ушбу нашрларда олдинги газеталарда нима ёритилаётган бўлса, яна ўша нарса такрорланаётгандек. Бунга бошқача ёндашсак: биринчидан, ушбу газеталар катта аудиторияни эгаллаган газеталар билан рақобатга дош бера олмайди. Иккинчидан, бу газеталарга бундай ном қўйгандан кўра, ўзимизнинг ўзбек футбол клублари “Насаф”, “Бунёдкор”, “Пахтакор” ва “Шўртан” каби жамоаларнинг номларинини қўйиб, фақатгина уларнинг фаолиятини тўлиқроқ ёритиб боришса. Сабаби, биздаги клубларнинг мавқеи кундан-кунга кўтарилишига қарамай, клубларда матбуот хизматлари яхши фаолият юритмайди. Биргина мисол, бизда футболчиларнинг трансфер баҳолари ва шартномадаги маошлари аниқ ошкор этилмайди. Жаҳоннинг энг кучли клубларидан бири “Реал” (Мадрид) жамоасининг ўзида “Маrса” телевидениеси, радиоси, газетаси ва сайтлари клуб ҳақидаги ҳар қандай хабарни бутун дунёга тезкорлик билан етказади. Қани эди бизда ҳам “Насаф”, “Бунёдкор” каби клубларда ана шундай тажриба йўлга қўйилса.
Ёйинки, бугунги спорт журналистикамизга доир матбуот саҳифаларида айрим имловий хатолар кўзга ташланмоқда. Масалан, “лар” кўплик кўшимчаси кўп ўринларда нотўғри қўлланилмоқда. Қисман “Interfutbol” ва “Футбол экспресс” газеталаридан мисоллар:
2011 йил 25 октябрь сонидан:

  1. “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари бош соврин учун 13 ноябрь куни майдонга тушадилар (тушишади, тушади).

  2. “Араблар” ғарб минтақасида учинчи ўриндан жой олганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эгалар (эга ёки эга бўлишди).

  3. Мюнхенликлар турнинг марказий учрашуви сифатида эътироф қилинган баҳсда “Байер”га ҳеч қандай имкон қолдирмадилар (қолдиришмади, қолдирмади).

  4. “Сток Сити” майдонига сафар уюштирган мамлакат чемпионлари рақиблари билан очко бўлишиб олишга рози бўлдилар (бўлди, бўлишди). Энди улар ҳамшаҳарлари билан турнир жадвалида қўшҳокимлик қилмоқдалар (қилишмоқда, қилмоқда).

Яна бир ҳолат бугунги спорт журналистикамизда хориж жамоаларининг, футболчиларининг номлари ОАВда бузиб қўлланмоқда. Масалан, “Аш-Шабоб”ни газеталарда “Ал-Шабоб”деб ёзишса, “Хабарлар” дастурида ҳам шундай ўқишади. Сабаби, русча нашрларда шундай ёзилади-да. Бу жиддий хато. Тасаввур қилайлик, Ал-Бухорийни Аш-Бухорий деб ёзиш қўпол хато ҳисобланади. Шундай экан, журналистлар бу борада ҳам изланишса фойдадан ҳоли бўлмайди.
Шунингдек, асосий муаммолардан бири, танқидий мавзудаги материалларнинг озлиги деб ўйлайман. Ваҳоланки, холис танқид бари бир ўз самарасини беради. Абрамов миллий терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг, эҳ-ҳе, ким қанча танқид тошлари отилмади дейсиз! Натижада бу ўз самарасини кўрсатди. Демакки, ана шунга ўхшаган танқидий мақолаларни кўпайтириш фойдадан ҳоли эмас.
Аудитория тушунадиган тилда ёзиш, гапириш, хуллас, спорт журналистикасининг равнақ топиб, гуллаб-яшнаши учун, аввало, спорт атамаларини ўзбекчалаштириш, спорт атамалари луғатини тузиш, чоп этиш, шунингдек ушбу соҳага оид илмий-назарий ва амалий аҳамиятга эга китоблар ёзиш муҳим омиллардан саналади. Ва шу билан бирга ушбу мутахассислик эгалари умуман спортни халқимиз орасида кенг оммалаштириш, хусусан ўзбек спорти муваффақиятларини дунёга танитиш, шунингдек жаҳон спорти янгиликларини халқимиз орасида профессионал даражада оммалаштириш билан шуғулланишади. Кўриниб турибдики, спорт журналистикасининг ривожланинши ва малакали ёш журналист кадрларнинг кўпайиши натижасида ўзбек спортчиларининг шон-шуҳрати мамлакатимиз миқёсида ва шунингдек жаҳон бўйлаб кенг ёйилишига хизмат қилади. Ахир спорт юрт байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтармоқда. Шундай экан, бу йўлда спортчилар билан биргаликда спорт журналистлари ҳам ўз салоҳиятларини кўрсатишлари лозим.



Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   32   33   34   35   36   37   38   39   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling