Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


ҚОРАҚАЛПОҚ МАКТАБ-МАДРАСАЛАРИДА ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ КОММУНИКАЦИЯ


Download 2.74 Mb.
bet39/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

ҚОРАҚАЛПОҚ МАКТАБ-МАДРАСАЛАРИДА ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ КОММУНИКАЦИЯ
(XIX-XX асрлар мисолида)


Несибели Мамбетирзаева,
Халқаро журналистика факультети
3 курс талабаси


Ҳаёт йўлида биринчи масала - мактаб масаласидир.
Фитрат

Ота-боболаримиз таълим-тарбияни инсон камолати ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. Фарзандларини диний ва дунёвий илм-фан янгиликларидан бохабар қилишган. Янги мактаб-мадрасалар ташкил этган. Зеро, бу кунга қадар яратилган иморатлар ичида энг улуғи ҳам мактабдир.


19-асрда қорақалпоқлар орасида зиёли инсонлар кўп бўлган. Улар дастлабки билимни ўз овулларидаги мактабларда ўрганишган. Яъни, ҳар бир бола етти ёшга тўлганидан кейин қишлоқ муллалари қўлида савод чиқарган. Мактабларда араб тилида ўқиш-ёзишни ўргатиш билан бирга бошланғич диний тушунчалар ҳам берилган. Ана шундай мактабларнинг сони 19-асрда Қорақалпоғистон ҳудудида 318 та бўлган. Мактабларни тугатган ёшлар ўз қизиқишидан, моддий имкониятларидан келиб чиқиб, юқори ўқув даргоҳларида, яъни мадрасаларда ўз билимларини мустаҳкамлаганлар. Бундай мадрасалардан, Қорақум эшон мадрасаси бутун Ўрта Осиёга таниқли бўлган. Шу билан бирга, Қалила ахун, Емберген ахун, Алибек эшон, Эшон қала, Тош мадрасалари ҳам ўз даврининг илғор билим даргоҳлари ҳисобланган.
Тош мадраса ҳозирги Амударё туманида 1841 йили Хўжаниёзбий томонидан қурилган. Қорақум Эшон мадрасаси эса 19-асрнинг ўрталарида ҳозирги Кегейли ҳудудида қад кўтарган. Унинг талабалар учун мўлжалланган 30 ҳужраси бўлган. Бу ерда таълим яхши ривожланган. Бунинг яққол мисоли сифатида мадрасанинг ўз замонига мос қироатхонаси бўлганлигини айтиш мумкин. Унда Алишер Навоий, Фирдавсий ва бошқа Шарқ адабиёти етук намояндаларининг асарлари сақланган.
19-асрдаги йирик мадрасалардан Жон Темир эшон (Мўйноқ туманида), Имом эшон (Нукус туманида), Аймбет эшон, Хон масжид (Шимбой туманида), Абсептер ахун, Абдиқодир эшон (Қораўзак туманида), Айимбет эшон Қаймоқбой ўғли, Айимбет эшон Ўразов, Абдирейим ахун (Тахтакўпир тумани), Абдикарим ахун (Қораўзак тумани), Эшон қалъа (Кегайли тумани), Эшим ахун (Қанликўл тумани), Асем эшон (Қўнғирот тумани), Пирим эшон (Хўжайли қалъаси), Раҳматулла охун (Тўрткўл тумани) мадрасаларини мисол келтириш мумкин.
Қорақум эшонлари Оролбўйи элатлари билан, шунинг ичида қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек халқлари орасида суфизм (тасаввуф) таълимотини тарқатишда улкан аҳамият касб этган. Қорақалпоқ адабиётининг таниқли вакилларидан бири Бердақ шоир Қорақум эшон мадрасасида ўқиган. Бу мадраса харобалари ҳалигача Кегейли тумани ҳудудида сақланиб турибди. Ҳозирги Тахтакўпир ва Қораўзак туманларида ҳам кўплаб масжид-мадрасалар бўлган. Уларнинг орасида Абдикарим охун масжиди йирик билим марказларидан бири ҳисобланган. Бу ерда қорақалпоқ шоирлари Утеш, Аннақул, Ўмар билим олганлар.
Шунингдек, қорақалпоқлар орасида Хива ва Бухоро қалъаларидаги таниқли мадрасаларни тугатиб келганлар ҳам бўлган. Улар Қорақалпоғистонга келиб, мактаблар очган, давлат ва диний лавозимларни эгаллаган. Бунга Қайипназарбий ўғли Имаматдин ёрқин мисолдир. У Хива ва Бухоро мадрасаларини тугатган, ўз даврининг зиёли одамларидан бири ҳисобланган. Кейинчалик Муҳаммад Раҳимхоннинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Халқ у ташкил қилган мадрасани “Имом эшон мадрасаси” деб номлаган. Имом эшоннинг фарзандлари ҳам ота йўлини давом эттирган. Унинг Атағулла деган ўғли Қумўзак ерларига кўчиб келади ва кўп масжид-мадрасалар қурдиради. Билим ва маданиятнинг ривожланишига замин яратади. Шу сабаб халқ бу ерни Эшон қаъла деб атайди. Шундан буён олти отадан кўб вақт ўтди. Эшонқаъла эшонлари неча машъум хатарларни кўрди, жабрини тортди, фақат кейинги йиллардагина унинг Қорақалпоқ халқининг маънавий ҳаётида ҳақиқий ўрни кўрина бошлади.
Мадрасалар халқнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилган. Уларда таълим-тарбия олганлар халқимиз жонкуярлари, маданиятимиз фидойилари бўлиб етишиб чиққан.
Шулардан бири Қорақалпоқ шоири Ажиниёздир. У дастлаб Хўжамурод эшон мадрасасида таълим олган. Аммо, онасининг тўсатдан вафот этиши ўқишини давом эттиролмаслигига сабаб бўлган. Оилани тебратиш, укаларига қараш ёш Ажиниёзнинг зиммасига тушади. Шунга қарамай у, қандай бўлмасин, илмини мустаҳкамлашни ўйлай бошлайди. Шундай вазиятда туғишган тоғаси Элмурод охун унга ёрдам қўлини чўзади. “Инимни ўзим тарбиялайман” деб Ажиниёзни ўз мадрасасига олиб кетади. Элмурод Бухоронинг Мирараб мадрасасини тугатган, ўз даврининг билимли кишиларидан эди. У диний китоблар билан бир қаторда Шарқ классиклари: Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Бедил асарларини яхши ўзлаштирганди. Ажиниёзнинг бу ерга келиши ўз билимини мустаҳкамлашга улкан йўл очиб берди. Кечалари мадраса хужраларида қолиб, Навоий ва Ҳофиз ғазалларини ҳижжалаб ўқиб-ўрганиш натижасида поэзияга бўлган ихлоси кучаяди. Тинимсиз изланиши ва сўнмас иштиёқи сабабли Ажиниёз Хиванинг Шерғози мадрасасига ўқишга киради. Сўнгидан Қутлимурод иноқ мадрасасида таълим олади.
20-асргача ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудида 70га яқин мадраса бўлган. Мадрасаларда 17-40 ёшлар атрофидаги муллалар, яъни талабалар ўқиб, таълим олган. Ҳар бир мадрасада ўртача ҳисоб билан 30/40 мулла ўқиган. 19-аср охири – 20-аср бошларида энг катта мадраса сифатида танилганлардан Қутлимурод эшон асос солган Қорақум эшон мадрасаси (Шилпиқ эсдалиги ёнида) ҳисобланади. У дастлаб масжид ҳисобида 19- асрнинг ўрталарида барпо этилади. Масжид-мадраса атрофида 19-асрнинг охирига келиб 300га яқин катта-кичик иморатлар қурилади. Буларнинг ичида муллаларнинг ётиб ўқийдиган ҳужраларидан, донхона ва кутубхоналардан ташқари ҳар хил касб йўналишидаги хоналар ҳам бўлган: жувозхона, меҳмонхона ва бошқалар. Бу ерга фақат қорақалпоқ еридан эмас, балки қўшни ўзбек, туркман, ҳатто қозоқ ерларидан ҳам (Оқтепадан, Шалқардан) келиб ўқишган. Китоблар асосан Россия, Татаристон ва Бошқирдистондан келтирилган.
Қорақолпоғистон ҳудудида мадрасаларда ўқиш асосан икки курсдан иборат бўлган. Биринчи курсда араб тилининг грамматикасини икки босқичда: илми сарф ва илми наҳв ўқитилган. Шариат ахкомлари ҳам ўргатилган. Булардан ташқари диний тарихий мазмундаги “Алти бармақ” “Қиссасул анбиё”, шунингдек, айрим дунёвий илмга оид китоблар ўқитилган. Шу даврда юқори билим берадиган асосан Хива ва Бухоро мадрасалари бўлиб, уларда астрономия, биология, кимё, тиббиёт илмларидан сабоқ берилган. Кўплаб охун уламолар Станбул ҳамда Макка мадрасаларида ҳам билим олишган. Мадрасаларнинг жамият тарихида тутган ўрни улкан аҳамият касб этган. 20-асрнинг 20-йилларида кенг халқ оммаси орасида номлари машҳур бўлган, ижтимоий-сиёсий ва маданият соҳаларида етакчилик қилган Қасим Авезов, Аббоз Дабилов, Сифулғабит Мажитов, А.Ўтепов сингари зиёлилар айни биз сўз юритаётган мусулмон мадрасаларида ўқиб, савод чиқаришган эди.
Қорақалпоғистонда дастлабки “Янги усул” мактаби 1907 йили Петро- Александровск (ҳозирги Тўрткўл) қалъасида татар зиёлилари томонидан очилган. Қарийб, шу вақтнинг ўзидаёқ Хўжайли ва Қўнғирот қалъаларида ҳам “янги усул” мактаблари ишга тушган. Уларнинг баъзилари собиқ масжидлар ёнидан очилган. “Янги усул”нинг фидойиларидан Қорақалпоғистонда Сўфизода, С.Мажитов, Ю.Аҳмедов, З.Шокиров ва бошқалар бўлган. Жумладан, С.Мажитов Қўнғирот қалъасида жадид усулидаги мактаб очади ва ўзи ўқитувчилик қилади. Қ.Авезов билан биргаликда биринчи қорақалпоқ “Алифбо”сини яратади. Шунингдек, “Ўқиш китоби”, “Катталар учун ўқиш китоби” дарсликларини ҳам ёзади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, халқимиз ҳар қандай шароитда ҳам, зиё масканлари бўлмиш мактаблар ташкил қилишни, таълим-тарбия сабоғининг аҳамияти юксаклигини ҳаётий эҳтиёж деб билган.



Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling