Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
МИРЗО УЛУҒБЕК ДАВРИДА ИЛМИЙ-МАДАНИЙ КОММУНИКАЦИЯ
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ислом КАРИМОВ
МИРЗО УЛУҒБЕК ДАВРИДА ИЛМИЙ-МАДАНИЙ КОММУНИКАЦИЯ
Маъмура Ёқубова, Халқаро журналистика факультети 3 курс талабаси Мирзо Улуғбек ўз умрини келажак учун, бугунги ҳаёт учун фидо этди. Ўша узоқ замонларда башарият тараққиётини ўйлаб яшади, ўз авлодлари асрлар оша тартиб этажак маърифатли бир жамиятни орзу қилди. Ҳар қандай миллат ҳам Улуғбекдай фарзандни тарбия этгани учун ғурурланиши табиий ҳолдир. Чунки бундай инсонлар фақат ўз халқига эмас, балки умумбашарий цивилизация учун ҳам хизмат қилади ва жаҳоннинг эътиборини қозонади. Ислом КАРИМОВ Жамиятнинг тараққий топиши унинг маданий илдизлари билан чамбарчас боғлиқ. Маданий коммуникация моддий ҳамда маънавий коммуникация шаклларини ўз ичига олиб, моддий коммуникация шаклларига шаҳарлар, мадрасалар, девор безаклари, боғлар, йўллар, работлар ва инсон қўли билан бунёд этилган бошқа қурилишлар назарда тутилади. Бежизга уларга “тошдан яратилган йилнома” дея таъриф берилмаган. Сабаби, улар орқали биз ўша давр маданиятининг қанчалар ривожланганлиги ҳақидаги тўлиқ тасаввурга эга бўламиз. Маънавий маданиятнинг энг юксак наъмунаси эса китоблардир. Абу Наср Фаробий “Фозир одамлар шаҳри” асарида “Ниҳоят, соҳиби қонун, тавоф қилинадиган ерлар, ибодатхоналарга катта эътибор бериши керак, токи улар нураб, бузилиб кетмасин, уларнинг ёмон аҳволга келиши, шаҳар аҳолисиинг юракларини ҳамда шаҳар ишларига мутассадди одамларнинг қалбларининг бузилиши, қабихланишига олиб келади” - дея маданият ўчоқларини асраш лозимлигини уқтиради. Маълумки, Самарқанд дунё мамлакатлари ичида тан олинган маданият ўчоқларидан бири. Уни дунёга танитиш йўлида беҳисоб хисса қўшган шахслардан бири Мирзо Улуғбекдир. У жаҳонгир Темурнинг Ироқ ва Озарбайжонга қилган ҳарбий юриши вақтида 1394 йил 22 мартда Султония (ҳозирги Озарбайжонда жойлашган) шаҳрида туғилади. Темурнинг ҳоҳиши билан унга Муҳаммад Тарағай деб ном қўядилар. У йирик олим ва фан арбоби бўлгани туфайли кўпрок Улуғбек исми билан машхур бўлди. Улуғбек билимдон ва тажрибали мураббийлар, яъни астрономия илмининг билимдони Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий рахнамолигида фан асосларини, айниқса, астраномия илмини пухта ўрганади. Улар Улуғбекни диний ва дунёвий илмларнинг асоси билан яқиндан таништирадилар. Бир қатор манбаларда келтирилишича, 1397-98 йилиёқ, келажакда катта шоир ва олим бўлиб етишган шайх Ориф Озарий ҳам Улуғбекнинг мураббийси қилиб тайинланган экан. Жуда ёш бўлишига қарамай, у давлат кенгашларига, масъул қабул маросимларига ҳам киритадилар ва ҳамиша бобосининг чап томонида ўтирар эди. Демак, Темур бу набирасини давлат ишларини бошқаришга ҳам тайёрлаб борган. Улуғбекнинг ёшлиги асосан Мовароуннаҳрда марказлашган йирик давлат юзага келган шароитда, бобоси Темурнинг ҳарбий юришлари даврида ўтади. Темур вафотидан сўнг (1405 йили) Темурийлар ўртасида ҳокимият учун кураш бошланади, сиёсий парокандалик кучаяди. Бу кураш натижасида 1409 йили Хуросон ва Мовароуннаҳрда икки мустақил давлат юзага келади. Маркази Ҳирот шаҳри бўлган Хуросонга Шоҳрух, маркази Самарқанд бўлган Мовароуннаҳрга Улуғбек ҳукмдор бўлди. Бу даврда ҳукмдор салтанатнинг маданий юксалишига алоҳида эътибор қаратади, бобосининг эзгу ишларини давом эттирди. Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи - cаъдайн” асарида Самарқандда қурилган иморатларга шундай таъриф берилади: Мовароуннахр мамлакати, маъмурчилик ва ободончиликнинг чўққисига етиб, жавонбахт шаҳзода муғисуддин Мирзо Улуғбек кўрагон хайрли жойлару олий иморатлар қуришга майл кўрсатди. Самарқанд шаҳрининг ичида, шаҳарнинг ўртаси ва майдонининг марказида, (Улуғбек) бир - бирига рўбарў мадраса ва хонақоҳ бино қилиб, бу икки мақомни қуриб тамомлаш борасида бир неча йил давомида саъй - ҳаракатлар кўрсатди... Кайвон виқор ва муштарий асар шаҳзода кўп давроматли ерлар, экинзорлар ва ариқларни у жойга вақф қилиб ажратди, уламоларнинг энг билимдонлари ва фозил кишиларнинг тажрибакорларини мадрасада дарс бериш ва тушунтириш учун тайинлади, шунингдек, хонақоҳга ҳам билимдон машойихлар ва мубоширларни белгилади ҳамда бу икки олий мақомнинг муҳим ишларини коржон кишиларнинг саъйи - ҳаракати қўлига топширди. Вақфга ажратилган дароматли ерлар ва экинзорлардан ҳар йили шунчалик кўп хосил олинар эдики, у икки жойнинг заруратлари сарфидан ортиб қолар ва ўша икки жойнинг ўз хазинасига йиғиб қўйилар эди; ҳеч такаллуфсиз (айтиш мумкинки), энг билимдон подшоҳ (Аллоҳ) иҳтиёр қилган бирор жой бўлмаса, ислом шаҳарларининг барчасида бу икки бахтли мақомга тенг келадиган бошқа бир жойни кўрсатиб бўлмас эди. Бу варақларни ёзиб тўпловчи Абдураззоқ Қутли бир неча вақт дорулсалтана Самарқандда муқим турганида бу ҳолни ўз кўзи билан кўрди: Илму фанлар бўйича етарли насиба ва тўлиқ сармоя эгаси бўлган Мирзо Улуғбек ... ўз билимим нурларини бутун жаҳонга офтоб шуъласи янглиғ зоҳир қилишни, идрок ёруғлигини тупроқ чуқурлигидан энг юқори фалак гумбазига етказишни, юлдузлар расади садосини гардун гумбази бўйлаб таратишни ва бу улуғ иш тантанасини ер юзига янгратишни истади. Шунга биноан у замон Афлотуни мавлоно Салоҳуддин Мусо Қозизодайи Румий, Мирзо Улуғбек ўзи тарбиялаб иноят тили билан “фарзандим” деб атагани даврон Батлиймуси бўлмиш мавлоно Алоуддин Али Қушчи бу икки донишманд тадқиқотчи Самарқандда муқим яшар эди – Мирзо Улуғбек Кошондан Самарқандга келтиргани улуғ мавлоно Ғиёсуддин Жамшид ва ҳурматли мавлоно Муинуддинлар каби барча илмлар бўйича ва маъқулу мавҳум, ҳусусан риёзий ҳам ҳикамий тадқиқотлар бўйича аср мўъжизаси ва давр нодираси бўлмиш ҳукамолар ва машҳур билимдонлар, уторид зеҳнли муҳандислару “Мажистий” кашф этувчи файласуфлар билан биргаликда бир анжуман тузди ва ақли кулнинг қўллови билан осмон қисмларидан ҳар бир қисмнинг кайфиятидан воқиф бўлган хаёл сайёҳининг дадил қадамлари билан юқорию қуйи оламнинг узунлик ва кенглик масофасини босиб ўтадиган ва жисмларнинг оралиқ ҳам сатҳларини аниқлашда бирор муҳмал дақиқа ёки сонияни эътиборсиз қолдирмайдиган ана шу донишмандлар билан мунажжимликнинг сирларини тушуниб етиш соҳасида сўз мартабаси даражаларини фалак ул- афлокка етказиб суҳбатлар қурди. Етук камолот ҳосил қилгач ва асбобларни шайлагач, (Улуғбек) расад ва рийж тузишга майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди, ҳамда шуҳратли ҳакимларнинг ихтиёри бўйича у ишни бошлашга мувофиқ бир толъе муқарарр қилинди. У (расадхона)нинг биноси давлат асосидек пойдор, пойдевори эса салтанат қоидасидек устувор қилиб мустаҳкамланди, иморатини тиклаш ва устунларини кўтариш (оятдаги): - албатта ўша (қиёмат) куни тоғлар сайр қилади, дейилган кунгача барқарор (турувчи) тоғлар сингари йиқилишу нурашлардан омон тарзда бажарилди. (Оятда келган: (етти мустаҳкам) қуббадор қасрдан намуна бўлган у олий бунёд ва улуғсифат иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъатию, тўққиз (осмон) доиралари шаклларини даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларгача (чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра юлдузлари, собита юлдузлар кўриниши ва ер курраси ҳайъатию, иқлимлар суратларинни тоғлар биёбонлар ва (ер куррасига) нимаики тегишли бўлса, (ҳаммаси) билан бирга дилпазир нақшлару, беназир рақамлар билан чизишга бурди; офтоб ва бошқа сайёраларнинг тақвимини кузатиб бориб, ҳикмат эгаси бўлмиш жаноб Насируддин Тусий тузган “Зийжи жадиди Элхоний ”га фойдали ва нозир (тафсилотлар) орттирди ҳамда (у зийждаги) офтоб ва бошқа сайёралар тақвимида (йўл қўйилган) кўп аниқ тафовутларни кўрсатди. Бу нозик ишга унга улуғ ҳукамолар мададкор ва муовин эдилар. Бу муҳим ишнинг овозаси шаҳар ва мамлакатлар бўйлаб тарқалиб, шуҳрат топди. Шаҳзода у зийжга тузатишлар киритилиб тамомлашига муваффақ бўлди ва унга “Зийжи Султони Кўрагоний” деб ном берилди. У зийж мунажжимлик санъати моҳирлари ва тақвим усталари орасида қўлланилиб келинмоқда. Улуғбек юнон олимларидан Афлотун, Аратсу, Гиппарх, Птолемейларнинг классик асарлари билан таниш бўлган ва ўз ватандошлари Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Хоразмий каби олимларнинг асарларини яхши ўрганган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси фақат олий уқув юртигина эмас, расадхона билан бирга олганда ўша даврнинг академияси ҳам эди. Улуғбекнинг устози замонасининг машҳур олими, математик ва астроном Қозизода Румий мадраса муаллимларидан бири бўлган. Шу билан бирга у Самарқандда замонасининг машҳур алломаларини атрофига тўплаб, илм-фан аҳлига ҳомийлик қилади. У тузган астрономик жадвал — «Зижи Кўрагоний» классик астрономиянинг етук кашфиёти сифатида нафақат Шарқда, балки бутун Европада ҳам катта шуҳрат қозонади. 1417 йилда Мирзо Улуғбек раҳбарлигида Самарқанддан унча узоқ бўлмаган Кўҳак тепалигида расадхона қурилиши бошланган ва 1420 йилда қуриб битказилган. Улуғбек илми нужум борасидаги тадқиқотларини шу расадхонада олиб борди. Бу бинонинг диаметри 46,4 метр, ер сатҳига тик ва меридианига параллел жойлаштирилган. Бурчакни ўлчашга мўлжалланган улкан секстантнинг радиуси 401 метр, ҳаракатланадиган ёй узунлиги эса 60 метр бўлиб, шу ёйдаги 1 градусга тенг келган масофа 701,85 мм. ва 1 минут бурчакка тенг келган масофа 12 мм. яқиндир. Мана шу мукаммал қурилма туфайли Улуғбек ва унинг издошлари сайёралар ҳолатини аниқлашда ўша давргача эришилмаган аниқлик даражасини кашф этишган. Бу ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида қуйидагиларни баён этган: «Яна бир олий иморати Пуштаи Кўҳак доманасида расаддурким зич битмакнинг олатидур. Уч ошёнликдур. Улуғбек Мирзо бу расад била Зичи Кўрагонийни битибтурким, оламда ҳоло бу зич мустаъмалдур. Ўзга зич била кам амал қилурлар». Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўша қадим замонда Улуғбек бошчилигида расадхонада олиб борилган кузатишларнинг ҳисоблаш натижалари ҳозирги илмий таҳлиллардан унча фарқ қилмайди. Масалан, эклептика текислигининг экваторга оғмаганлигини Улуғбек 23ҳ 30м 15с деб топган бўлса, ҳозирги техника ривожланган даврдаги ҳисоблаш кўрсаткичи 23ҳ 30м 47сдир. Ўртадаги тафовут 32 секундни ташкил қилади, холос. Ўша даврда юлдуз йили 365 кун 6 соат 10 минут 8 секунд деб ҳисобланган, бугунга келиб эса 365 кун 6 соат 9 минут 6 секунд эканлиги фанга маълум. Ўртадаги фарқ 1 минуту 2 секундни ташкил қилади. Шу ўринда Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида келтирилган қуйидаги мисолга эътиборимизни қаратсак «...1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Маёр жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Маёр Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Маёр, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам». Манбаларга қараганда, Гиппархдан Улуғбекка қадар 50 га яқин юлдузлар жадвали тузилган. Аммо Улуғбек астрономик мактабида тузилган юлдузлар жадвали аниқлиги ва ишончлилиги билан Гиппарх ва бошқа жадваллардан устундир. Шу боис «Зижи жадиди Кўрагоний» Улуғбек раҳбарлигидаги астрономик мактабнинг қўлга киритган энг муҳим ютуғи, жаҳон астрономия фани тарихидаги бебаҳо илмий асардир. 1471 йилда Али Қушчи Улуғбек «Зижи»ни бошқа ноёб китоблар қатори Туркияга олиб боради. Бу эса китобнинг Европада ҳам кенг тарқалишига сабаб бўлди. Самарқанддаги меъморчиликнинг нодир намуналаридан яна бири Улуғбек расадхонасидир. Бу иншоот Улуғбек фармойиши билан 1428-29 йилларда Куҳак (Чўпонота) тепалигида Обираҳмат ариғи буйида бунёд этилган. Расадхона силиндр шаклида уч қаватли, баландлиги 30,4 метрдан иборат улкан бино бўлган. Расадхона ўрта асрларда асбоб-ускунаси жиҳатидан ҳам беқиёс бўлган. Шарқ астрономиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган "Зижи жадиди Курагоний" асари ҳам шу ерда яратилган. Бобурнинг ёзишича, Улуғбек расадхонасининг сирти қошин ва чиройли безаклар билан безатилган. Унинг катта заллари ва катта-кичик хоналари бўлган расадхона ичига ўрнатилган катта асбоб ёрдамида қуёш, ой, сайёра ва юлдузлар катта аниқлик билан ўрганилган ва кузатилган. Расадхонада кутубхона ҳам бўлган, ички деворда осмон тасвири, юлдузлар харитаси, тоғ-денгиз ва мамлакатлар, шунингдек Ер шари тасвири ҳам ишланган. Улуғбекнинг "Зижи жадиди Курагоний" асари астрономия илми тарихида алоҳида ўрин тутади ва у ўрта аср фалакиёт фанининг дурдонаси ҳисобланади. "Зижи жадиди Курагоний" авваламбор Мирзо Улуғбек бош қош бўлган Самарқанд расадхонасининг кўп йиллик меҳнати самараси Шарқ классик астрономиясининг назарий ва амалий масалаларини ўзида мужассамлаштирган, уни янги далилу-исботлар билан бойитган шоҳ асардир. "Зижи жадиди Курагоний" асосан икки қисмдан: катта муқаддима ва 1018 та юлдузларнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган жадваллардан иборат. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Темур замонида олиб борилган зўр қурилиш ишлари Улуғбек ҳукмронлик қилган даврда ҳам кенг кўламда давом эттирилганидан ва кўпдан кўп обидалар, айниқса Самарқанднинг қоқ марказида жойлашган Регистон майдонида қатор бинолар ҳақида мана буларни ёзган: "Улуғбек мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоқдир. Хонақоқнинг гумбази бисёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ деб нишон берурлар... Янабу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, масжиди муқаттъ дерлар. Бу жиҳатни муқаттаъ дерларким, қитъа-қитъа ёғочларини тарош қилиб, ислимий ва хитойи нақшлар солибтур, тамом деворлари ва сақфи ушбу йўқсунлуқтур. Бу масжиднинг қибласи бирла бисёр тафовуттур. Қолибо бу масжид қибласининг самти мунажжим тарихи била амал қилибтурлар" Улуғбек даврида ҳунармандчилик, меъморчилик ва адабиёт равнақ топди, илм-фан юксалди, савдо ривожланди. Улуғбек фармойиши билан Бухорода (1417), Самарқандда (1420), Ғиждувонда (1432-33) мадрасалар ва Марвда хайрия муассасалари қурилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ансамбли қурилишлари поёнига етказилди. Улуғбек булардан ташқари, талайгина жамоат бинолари, яъни карвонсарой, тимлар, чорсу, ҳаммом ва ҳоказоларни ҳам қурдирган.Карвонсаройлардан энг каттаси Регистон, ҳозирги Тиллакори мадрасаси ўрнида бўлган ва Мирзойи Карвон саройи номи билан шухрат топган. Бундай карвон саройлар Улуғбек замонида, шахар ичкарисидагина эмас, балки Самарқанд билан туташ ҳамма савдо йўлларида қурилган эди. Улуғбек Мирзо бобоси даврида қурила бошлаган, лекин айрим сабабларга кўра битмай қолган талайгина биноларни ҳам битказди. Гўри Амир мақбараси, Шоҳи зинда мозори ва Шахрисабздаги Кўк гумбаз масжиди шулар жумласидандир. Бобоси Амир Темур даврида давлатнинг маданий ривожланишида янгиланишлар бўлди. “Улуғбек хазинаси” асарида бу ҳақида шундай дейилган: “Кўкимтир туман орасидан элас элас кўринган довон ортида аждодларининг юрти ётибди. Раҳматлик бобоси Амир Темур ҳам, Мирзо Улуғбек ҳам кўҳна Кешга бўлакча меҳр қўйган эди. Кешда, Амир Темур ҳукми билан барпо бўлган Оқсарой дахмасида барлос уруғи зодагонларининг хоки ётибди” бобоси Амир Темур бирламчи- дорулсалтана Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган, туман орасидан базўр кўриниб турган довон этагида эса одам кирса адашиб қоладиган “Боғи биҳишт ” ни бапро қилдирган эди. Чиндан ҳам биҳиштга ўхшаган бу боққа олис Мирсия хурмоларию, хушбуй хитой олмаларини, Ҳиндистондан эса ажойиб банан дарахтларини келтириб ўстирган эди. Боғда тоғ этагидаги хушбуй арчазорларда шохлари қулочга сиғмадиган оқ архарлар, уйноқи кийикчалар, кўзлари масъум оҳулар гала гала бўлиб юрарди. Тиниқ, шаффоф булоқларда, оқ мармардан ясалган ҳовузларда олтин балиқчалар тузарди... бобоси Темур қийин сафарлардан чарчаб қайтганида, аксарият шу боғда хордиқ чиқарар, тоғ ёнбағридаги хушбуй арчазорларда ов қилар, хорижий улус элчиларини ҳайратга солувчи шохона зиёфатлар, маъракалар ўтказарди...” Улуғбек олиб борган илмий ишларида унга яқиндан ёрдам берган шогирдларидан бири Али Қушчидир. “Улуғбек хазинаси” асарининг сўннги қисмида Али Қушчининг шогирдларига айтган хитоби бор. Бу эса барча башарият аҳлига айтилган эслатма кабидир. “– Ҳануз хотирамда. Ўша машъум кечадан сал олдин устод билан худди мана шу ерда учрашиб, видолашган эдик. Раҳматлик устод бу нодир хазинани сақламоқни фақирга юклаган эди. Энди, камина буни икковинггга, икковингни оллога топширамен... Абадулабад эсларингда бўлғай: Мовароунннаҳр донишларининг ақл дурдоналари йиғилган бу ноёб хазина бўлғуси авлодларга, узоқ зурриётларимизга хизмат қилур. Зероким, Мовароуннахр элини чулғаган бу зулмат қанчалиу чўзилмасин, бир кун эмас, бир кун бу қора булутлар тарқаб, офтоб чиқажакдур... ” Олимдан бизга 4 та асар мерос қолган: 1) “Зижи жадиди Кўрагоний” – астрономияга оид; 2) “Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола” – математикага оид; 3) “Рисолайи Улуғбек” – юлдузларга бағишланган; 4) “Тарихи арбаъ улус” (Тўрт улус тарихи) – тарихга оид. “Тарих и арбаъ улус” (Тўрт улус тарихи) асари 1425 йили ўзи томонидан ёзиб тугатилган. Бу асар Марказий ва Ўрта Осиёнинг ХIII XIV асрнинг биринчи ярмидаги ижтимоий сиёсий тарихини ўрганишда мухим ўрин эгаллайди. Асарнинг мазкур ўзбекча нашри Британия музейи (Англия)да сақланаётган АДД 26190 рақамлик қўлёзма нусхаси асосида амалга оширилди. “Олимнинг мероси ХVII асрдан бери бутун дунё илмий жамоатчилигининг диққат эътиборини ўзига тортиб келяпти. Мирзо Улуғбек ва у қолдирган меросни ўрганишда бизнинг мамлакатимизда ҳам, хорижий юртларда ҳам анчагина асарлар яратилди. Мен бу ерда Жон Гривс, Томас Хайд, Френсис Бейли, Л. Седийо, В. В. Бартолтд, В. Л. Вяткин, Е. Кнобл, Т.Н Қориниёзий, Ғ. Жалолов ва бошқа бир қатор олимларни назарда тутаётирман” дейди ЎзФА мухбир аъзоси Бўрибой Аҳмедов китобнинг кириш қисмида. Ҳа, том маънода Мирзо Улуғбекдан биз авлодларга улкан хазина қолган. бу маданий меросларни асраб авайлаш келажак авлодга етказиш келгусидаги маданий коммуникациянинг ривожи учун асос бўла олади. Техник муҳаррир: Р.С.Сайдалиев, Н.С.Сагатова Босишга рухсат этилди: 25.02.2012 Қоғоз бичими 42*30 ¼ . Шартли босма табоғи 10,0 б.т “Times New Roman” гарнитураси. Розография услубида босилди. Нашр б.т.6. Хисоб нашр табоғи 9,78 б.т Адади 50 нусха. Буюртма № 12-3 14.03.2012 йилда чоп этилди. “ Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling