Малакавий иши тайёрлади: Якубов Шерали, 7-давра тингловчиси Малакавий иш раҳбари


Қуръони Каримнинг жамланиши ва унинг доирасида юзага қарашлар таснифи


Download 40.51 Kb.
bet4/5
Sana17.06.2023
Hajmi40.51 Kb.
#1542613
1   2   3   4   5
Bog'liq
Abu Bakr r.a

Қуръони Каримнинг жамланиши ва унинг доирасида юзага қарашлар таснифи

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва ҳассос ишнинг амалга оширилиши ўша вақтда у кишининг фақат жангу жадал билан овора бўлиб қолмай, бошқа ишларга ҳам вақт топганларини ва уларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганликларини кўрсатади.
Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни берганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам, бошқа саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо ўзаро баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлиқ қилиб қўйилганлиги маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар15.
Ана шунга ўхшаш суннат нима-ю, умматнинг ижтиҳодига ҳавола этиб қолдирилган иш нима эканини ажратиб олишга ҳар доим ҳам муяссар бўлинавермаганидан баъзан ихтилофлар келиб чиқади.
Ўша саҳифалар тўплами «Мусҳаф» деб номланди.
Ибн Ашта «Ал-Масоҳиф» китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради:
«Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: «Унга исм изланглар!» деди. Баъзилар: «Ас-Сифр», дейишди. У: «Бу яҳудийлар номлайдиган исм», деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: «Мусҳаф», дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар мусҳаф дейишар эди. Уларнинг фикри уни «мусҳаф» деб номлашга ижмоъ қилди».
Имом Бухорий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ривоятнинг охирги жумлаларидан бизга маълум бўладики, Қуръон жамланган мусҳаф Абу Бакрнинг вафотигача унинг ҳузурида бўлди. Сўнгра Умарга ўтиб, у вафот этгач, янги халифа Усмонга эмас, балки Умарнинг қизи Ҳафсага ўтди. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.
«Даиротул-маарифил-Исламия» энциклопедияси ушбу мавзу атрофида шубҳа қўзиб, шундай савол беради:
«Ушбу мусҳафни сақлашга Усмон ҳақлироқ эмасмиди?»
Бу саволнинг жавоби шундай:
«Балки Ҳафса розияллоҳу анҳо лойиқроқ ва ҳақлироқ эди. Чунки Умар ибн Хаттоб мусҳафнинг у кишининг ҳузурларида омонат туришини васият қилган эдилар. У зот мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари эдилар. Бунинг устига, у киши розияллоҳу анҳо Қуръоннинг ҳаммасини ёд олган, қироат ва китобатга иқтидори бор инсон эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўзларидан кейин халифалик ишини маслаҳатга қўйиб кетган эдилар. Ҳали Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланишлари аниқ бўлмай туриб, қандай қилиб у кишига мусҳафни топшириш мумкин эди?»
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори, Қуръони Каримга тегишли масъулият ҳам асосан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушар эди16.
Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони Каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони Карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони Карим ҳофизлари бўлмиш кўплаб саҳобаларнинг шаҳид бўлишлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши «Агар қорилар шу тарзда қирилиб кетаверсалар, Қуръони Каримга зарар етади», деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар17.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу иш Қуръони Каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қиламан», деб туриб олдилар. Қолган саҳобаи киромлар ҳам ушбу масала бўйича иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, «Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак», деган фикрга келди. Биргаликда бу улкан ишни амалга ошириш режасини тузишга, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам, тарқоқ ҳолда турган Қуръони Карим ёзувларини тўплаб, оятларни тартибга солиб, янгитдан ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ўз ичига олган саҳифалар тўпланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди ва мусҳаф деб аталди.
Абу Абдуллоҳ Муҳосибий «Фаҳмус-сунан» китобида шундай дейди:
«Қуръоннинг ёзилиши янги иш эмас эди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уни ёзишга буюрар эдилар. Лекин у парчаларда, курак суяги ва хурмо дарахти пўстлоқларида тарқоқ ҳолда эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу тарқоқ ҳолдаги оятларни жамлаб, кўчиришга буюрган, холос. Жамланган Қуръон оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан топилган варақларга тарқоқ ҳолда ёзилган эди. Бир тўпловчи уни жамлаб, ундан бирор нарса зое бўлмаслиги учун ип билан боғлаб қўйди»18.
Шу билан Қуръони Карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ана шу улуғ иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.
Кези келганда бу борадаги муҳим бир масалани эслаб ўтмоғимиз лозим. Мазкур Қуръони Каримни жамлаш ишини шарқшунослар зулм ва бўҳтон тариқасида «Қуръонни таҳрир қилиш» деб атайдилар. «Таҳрир» дейилганда ёзилган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар тушунилади. Шунга биноан, ноинсоф «олим»лар «Саҳобалар Аллоҳ таолонинг каломига тузатиш киритганлар», демоқчилар. Бу гап Қуръони Каримга нисбатан бўҳтондан бошқа нарса эмас. Бу илм эмас, балки илмсизликдир. Илмсизлик ҳам эмас, билиб туриб бўҳтон тўқишдир.
Аслида эса кўриб ўтганимиздек, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз даврларида ёзилган-у, турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оят ва сураларни бир жойга тўплаганлар, холос. Улар жамловчи гуруҳ ҳузурига ёзувни келтирган ҳар бир кишиги ўша нарсанинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришини шарт қилиб қўйганлар.
Шундай қилиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Аслида бош­қа кўплаб саҳобалар у ёқда турсин, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумога ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлариёқ Қуръони Каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси – нима қилиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ёзиш эмас, балки Қуръони Каримнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилган нусхасини ишончли ҳужжат-далиллар асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди19.
Ҳа, Умар розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни ёд олган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзган шахслардан биридирлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам машҳур қорилардан ҳамда Қуръоннинг котибларидан эдилар. Жаброил алайҳиссалломга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги марта Қуръонни хатм қилиб берганларида, Зайд розияллоҳу анҳу у зотнинг ёнларида эдилар. Шундай бўлса ҳам, ана шу икки саҳобага «Ёзишни биласизлар, Қуръонни ёдлагансизлар. Иккингиз ўтириб, мусҳафни ёзинглар», дейилмади. Балки бу иш барчанинг иштирокида, кўз ўнгида, гувоҳлар ва далилларни келтириш асосида амалга оширилди. Кўриб ўтганимиздек, гувоҳлар ҳам ўзига хос шартларга жавоб бериши лозим бўлган. Ҳар бир гувоҳ Қуръонни ёдлаганига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитганига яна иккита гувоҳни келтириши шарт бўлган. Оятларни ёзган саҳобалар ҳам уларнинг у зотнинг ҳузурларида ёзилганига икки гувоҳ келтириши шарт қилиб қўйилган. Бу илмий тадқиқот 1400 йил аввал амалга оширилганини ҳисобга оладиган бўлсак, инсоният тарихида бу қадар буюк иш бўлмаган, десак, ҳаққимиз бор20.
Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди, холос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, қайтадан ёзмади ҳам ёки бош­қа бирор иш ҳам қилинмади. Аввалгидек, Қуръони Каримни муҳофаза қилишда ёдлашга эътимод қилиб қолинаверди.
ХУЛОСА
Улар Қурьони Каримни сақлашда, фақат биргина йўл тутмасдан, балки, бу улуғ вазифани мукаммал адо этиш учун парча-парча ёзувларни битта китобга жамлаш лозимлигига ҳам қаноат ҳосил қилдилар. Буни бажаришда улар қуйидагича йўл тутдилар: тош тахтачалар, тери ва бошқа нарсаларга Расулуллоҳдан ёзилган ҳар бир парча тўпланди. Саҳобалар ёзиб олган битиклар ҳам олиб келинди. Буларнинг тўғрилигини аниқлаш учун Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган саҳобалар кўригидан ўтказиш лозим деб топилди. Мана шу уч манбанинг бир хил далолатига биноан ёзилган ва ўқилган парчаларда ҳеч қандай хато йўқлиги исбот қилингач, Қуръондан ҳар бир лафз ёзилар эди.
Ибни Абу Довуд айтадилар: «Ҳазрати Абу Бакр Қуръони Каримни жамъ қилишга бошлаганларида Умар билан Зайдга: «Масжиднинг эшиги олдида ўлтиринглар, кимки Қуръондан икки киши гувоҳлигида бирон нарса олиб келса, уни ёзиб олинглар»,- деб буюрдилар. Ҳазрати Умар кимнинг қўлида Қуръондан бирон-бир нарса бўлса, олиб келишликни эълон қилдилар. Одамлар ўзларида мавжуд бўлган, ҳар хил нарсаларга ёзилган Қуръон оятлари ва сураларини олиб кела бошладилар. Агар икки гувоҳи бўлмаса, улардан ҳеч нарса қабул қилинмас эди.
Имом Бухорий: «Яъни, ўша ёзув Расулуллоҳнинг ўзларидан эшитиб ёзилганлигига икки киши гувоҳлик беришликлари керак эди»,- дейдилар.
Зайд бин Собит зиммаларидаги масъулиятни тўла ҳис қилганликларидан бу вазифага изчил ёндошдилар.
Аз-Зуҳайрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бундан мақсад фақат, ёд олишнинг ўзигагина эътибор қилмасдан, балки, ёдланган ва ёзилган икки манбаъга эътимод қилиш эди. Ваҳоланки, Қуръонни ёд олганлар кўп эди. Зайд бин Собитнинг ўзлари ҳам Қуръонни тўла ёд олган эдилар».
Абу Шомманинг айтишларича, мақсад шунчаки ёд олинганини эмас, балки, айнан Расулуллоҳнинг ҳузурларида ёзилган бўлишлигини исботлашдан иборат эди.
Ас-Саховий айтадидар: «Мақсад, ёзиладиган нарса Қуръоннинг нозил бўлиш тартибига мос эканлигини ўша икки гувоҳ томонидан исбот қилиш эди».
Ас-Суютий эса: «Мақсад шу нарса Пайғамбарнинг вафот йилларида қилган хатмларига мувофиқ эканлигини исботлашдадур»,- дейдилар.
Мана шу тариқа, мураттаб қориларнинг қироатларига ва Расулуллоҳ ҳузурларида ваҳий нозил бўлиш пайтида ёзилганлиги исботланган нарсаларга асосан Қуръонни саҳифаларда жамъ қилиш ниҳоясига етди. Бу улуғ иш Абу Бакр Сиддиқ замонларида, ул зотнинг ва Умар бин Хаттоб розияллоҳу анҳумонинг раҳбарликларида амалга ошди. Абу Бакрнинг бу хизматлари ўз даврларида қилинган ишларнинг энг улуғларидан бири бўлди.
Абдухайр айтадилар: «Ҳазрати Алининг: Қуръони карим хизмати борасида энг улуғ савобга эга булган киши Абу Бакрдир, унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин,- деганларини эшитдим»,
Абу Бакр Сиддиқ Қуръонни жамъ қилган биринчи кишидир. Бу иш ҳазрати Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг вафотларидан олти ой кейин, Ямома жангида ҳофизи Каломуллоҳ саҳобаларнинг шаҳид бўлганларидан сўнг, ҳижратнинг 12-санасида бошланиб, тақрибан бир йил давом этди. Бу ишга бош-қош бўлиш Қуръони каримни тўла ёд олган ва уни тўлиқ билганларнинг энг машҳури, ваҳийларни ёзиб олишда доимо ҳозир, ҳамда Расулуллоҳнинг охирги хатмларининг гувоҳи бўлган Зайд бин Собитга топширилди. Бу вазифани у зот аъло даражада, 23 ёшларида бажардилар. Усмон мусҳафи ёзилган пайтда эса, у киши 35 ёшда эдилар.

Download 40.51 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling