«Баланс» сўзи лотинча бўлиб, унинг айнан таржимаси “бис”- икки карра ва “ланс” тарози палласи, яъни “тарози иккита палласининг тенглиги” деган маънони, мувозанат, тенглик рамзини билдиради.
Бухгалтерия ҳисобида «баланс» тушунчаси иккита аҳамият касб этади:
1. Жамланган суммалар тенглиги, яъни счетларнинг дебети бўйича суммалар жами ва кредити бўйича суммалар жамининг тенглиги, ҳар бир синтетик счет маълумотларининг (бошланғич қолдиғи, дебет ва кредит оборотлари, охирги қолдиғи) мазкур синтетик счетга тегишли аналитик счетлар маълумотларига тенглиги, баланс активидаги моддалар суммалари жами ва пассивидаги моддалар суммалари жамининг тенглигини ифодалайди;
2. Молиявий ҳисоботнинг асосий шакли бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг маълум санадаги мулкий ва молиявий аҳволини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини ифодалайди.
Бухгалтерия ҳисобининг методини ташкил этувчи бошқа усуллар (елементлар) орасида бундай икки томонлама аҳамият фақат бухгалтерия балансига хосдир.
Ушбу аҳамиятли жиҳатларига асосланиб бухгалтерия балансини қўйидагича таърифлаш мумкин: Хўжалик маблағларининг таркиби, жойланиши, ҳаракати ва уларнинг вужудга келиш манбаларидаги ҳамда мақсадли тайинланишидаги ўзгаришларни бир--бирига солиштириб, маълум бир санага қиймат ифодасида умумлаштирилган ҳолда акс эттириш усули бухгалтерия баланси дейилади.
Баланс иккита ўзаро боғлиқ бўлган таркибий қисмдан иборат: актив ва пассив. Бу атамалар ҳам лотинча бўлиб, айнан таржимаси “активус”- актив, фаол ва “пассивус” - пассив, фаолиятсиз деган маъноларни билдиради.
Баланс активида маблағлар таркиби, жойланиши ва ишлатилишига қараб; пассивида эса маблағларнинг ташкил топиш манбалари: уларнинг кимники эканлиги ва қандай мақсадга мўлжалланганлигига қараб гуруҳланган ҳолда, пул ифодасида маълум бир санага акс эттирилади. Баланс актив ва пассиви ҳамма вақт ўзаро тенг бўлиши шарт.
Баланс активи ва пассивининг ўзаро тенглиги унинг активида ҳам, пассивида ҳам бир хил хўжалик маблағлари акс эттирилишидан келиб чиқади, лекин активда маблағлар таркиби, жойланиши ва ишлатилиш шакли бўйича, пассивда эса ташкил топиш манбалари ва мақсадли тайинланиши бўйича акс эттирилади.
Актив ва пассивнинг ўзаро тенглиги улкан назорат аҳамиятига эга бўлиб, бухгалтерия Ёзувларининг тўғрилигини текшириш ва ҳисобот тузишда фойдаланилади.
Бухгалтерия баланси актив ва пассивидаги моддалар маблағларнинг таркиби, жойланиши ва ташкил топиш манбалари бўйича иқтисодий таснифланишига мувофиқ иккита бўлимга гуруҳланади.
Корхона балансининг активи таркибига қўйидаги бўлимлар киради:
Do'stlaringiz bilan baham: |