Мантиқ илмининг предмети, асосий қонунлари. Тушунча тафаккур шакли сифатида referat
Download 195.45 Kb.
|
Нозидлик қонуни. Инсон тафаккури аниқ, равшан бўлииши билан бирга, зиддиятсиз бўлиши ҳам зарур. Зиддиятсизлик инсон тафаккурига хос бўлган энг муҳим хислатлардан биридир. Маълумки, объектив воқеликдаги буюм ва ҳодисалар бир вақтда, бир хил шароитда бирор хусусиятга ҳам эга бўлиши, ҳам эга бўлмаслиги мумкин эмас. Масалан, бир вақтнинг ўзида, бир хил шароитда инсон ҳам ахлоқли, ҳам ахлоқсиз бўлиши мумкин эмас. У ё ахлоқли, ё ахлоқсиз бўлади.
Бир вақтнинг ўзида бир предметга икки зид хусусиятнинг тааллуқли бўлмаслиги тафаккурда нозидлик қонуни сифатида шаклланиб қолган. Бу қонун фикрлаш жараёнида зиддиятга йўл қўймасликни талаб қилади ва тафаккурнинг зиддиятсиз ҳамда изчил бўлишини таъминлайди. Нозидлик қонуни айни бир предмет ёки ҳодиса ҳақида айтилган икки ўзаро бир-бирини истисно қилувчи (қарама қарши ёки зид) фикр бир вақтда ва бир хил нисбатда бирданига чин бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч бўлмаганда улардан бири, албатта, ёлғон бўлишини ифодалайди. Бу қонун «А ҳам В, ҳам В эмас бўла олмайди» формуласи орқали берилади. Нозидлик қонуни қарама-қарши ва зид мулоҳазаларга нисбатан қўлланади. Бунда қарама-қарши мулоҳазаларнинг ҳар иккаласи ҳам бир вақтда ёлғон бўлиши мумкин; ўзаро зид мулоҳазалар эса, бир вақтда ёлғон бўлмайди, улардан бири ёлғон бўлса, иккинчиси албатта чин бўлади. Қарамақарши мулоҳазаларда эса, бундай бўлмайди, яъни улардан бирининг ёлғонлигидан иккинчисининг чинлиги келиб чиқмайди. Масалан: “Аристотел — мантиқ фанининг асосчиси” ва “Аристотел — мантиқ фанининг асосчиси эмас” — бу ўзаро зид мулоҳазалардир. Бу зид мулоҳазаларнинг ҳар иккаласи бир вақтда ёлғон бўлмайди. Улардан биринчиси чин бўлганлиги учун, иккинчиси ёлғон бўлади. Ўзаро қарама-қарши бўлган “Бу қоғоз оқ рангда” ва “Бу қоғоз қора рангда” мулоҳазаларининг эса иккаласи бир вақтда, бир хил нисбатда ёлғон бўлиши мумкин. Чунки қоғоз оқ ҳам, қора ҳам бўлмаслиги, балки сариқ, қизил ёки бошқа рангда бўлиши мумкин. Баъзида икки қарама –қарши фикр айтилганда мантиқий зиддият бўлмаслиги мумкин. Бунда бир масала юзасидан баён қилинган қарамақарши фикрлар турли вақтда ва турли нисбатда айтилган бўлади. Масалан: “Акмал мусобақада қатнашмади” ва “Акмал мусобақада қатнашди”. Бу мулоҳазалар турли вақтга нисбатан (бир ой аввал ёки кейин), турли муносабатда (сузиш ёки шахмат бўйича) баён қилингани туфайли бирбирини инкор этмайди. Демак, фикрлаш жараёнида вақт, муносабат ва объект бирлигининг сақланиши Нозидлик қонунининг амал қилиши учун зарурий шарт-шароит ҳисобланади. Мантиқ илми умуман ҳар қандай зид мулоҳазаларни таъқиқламайди, балки бир масала юзасидан бир хил вақт ва муносабат доирасида ўзаро зид, қарама-қарши мулоҳазаларни баён қилиш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Формал мантиқ мантиқий зиддиятлар билан реал ҳаёт зиддиятларини чалкаштириб юборишни қоралайди. Чунки булардан биринчиси тафаккурда йўл қўйиб бўлмайдиган зиддият бўлса, иккинчиси буюм, ҳодисалар тараққиётининг ички манбаини ташкил қиладиган диалектик зиддиятдир. Биринчиси субъектив, иккинчиси объектив зиддиятдир. Download 195.45 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling