Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Хоразмшохлар давлатининг юксалиши


Download 1.34 Mb.
bet31/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

2.Хоразмшохлар давлатининг юксалиши.
Хоразм воҳаси ўзининг қулай стратегик ва жуғрофий мавқеи ҳамда қадимдан ривожланган ҳудуд бўлганлигидан, у Марказий Осиё минтақасида турли даврларда кечган муҳим тарихий жараёнларда алоҳида ўрин тутиб, ўз муайян таъсирини ўтказиб борган. Ватанимиз ҳудудида милоддан аввалги сўнгги минг йиллик бошларидаги илк давлатчилик тузилмалари ҳам шу ҳудудда вужудга келган. Милоднинг турли босқичларида ҳам Хоразмшоҳлар сулоласи номи билан ҳукмронлик қилган ҳукмдорлар хонадони тарихдан маълум. Булар: 305-995 йилларда африғийлар хонадони, 995-1017 йилларда маъмунийлар (Маъмун I, Абдулҳасан Али, Маъмун II), 1017-1034 йилларда эса Олтинтошийлар (Олтунтош, Ҳорун, Ҳандон) сулолалари Хоразмшоҳлар унвони билан давлат бошқарувини амалга оширганлар.
Бироқ минг таассуфки, XI асрнинг бошларида юз берган тарихий жараёнлар тақозоси билан Хоразм давлати таназзулликка учраб, заифлашиб, минтақанинг бошқа сулолалари, чунончи, аввал бошда Ғазнавийлар ҳукмронлиги (1017-1044), ундан сўнг Салжуқийлар бошқаруви таъсирига тушиб қолганди. Шунингдек, Х1 асрнинг 40 йилларида шарқдан бостириб келган кўп сонли Қорахитойлар ҳам Хоразм ерларини ишғол этиб, бу ҳудудлардан белгиланган миқдордаги хирож тўловларини олиш ҳуқуқини қўлга киритгандилар. Бинобарин, Х1 аср иккинчи ярмига келиб Хоразм олдида янгидан мустақилликка эришиш вазифаси кўндаланг бўлиб турарди.
Бунда шуни таъкидлаш жоизки, Хоразмнинг қайтадан мустақилликни қўлга киритиши, ҳудудий жиҳатдан кенгайиб, бутун-бутун ўлкаларни ўз таркибига киритиб, қудратли салтанат даражасига кўтарилиши, сўнгра унинг пировардида инқирозга йўлиқиши - бу жараёнлар янги сулола -Ануштагинлар сулоласи (1097-1231) номи билан узвий боғлиқдир.
Хусусан салжуқий ҳукмдорлардан Маликшоҳ (1071-1092) даврида катта обрў - мартабага эришган ҳарбий лашкарбоши Алптегиннинг Хоразм ҳукмдори этиб тайинланиши (1077-1097) ҳамда кўп ўтмай унинг Хоразмшоҳ унвонига сазовар бўлиши - бу Хоразмнинг мустақилликка эришишида жиддий қадам бўлган эди. 1097 йилда унинг ўрнига Хоразм тахтига ўтирган ва Хоразмшоҳ унвони соҳиби Қутбиддин Муҳаммад ўлка мустақиллигини таъминлашда муҳим роль ўйнаган. Қутбиддин Муҳаммад ҳам Салжуқийлар ҳукмронлигини тан олган ҳолда Хоразмни идора қилди. Бироқ шунга қарамай ўлканинг ҳар томонлама ривожланиши, ижтимоий-иқтисодий ва маданий юксалиши учун ҳам муҳим имкониятлар топа билди.
Хоразм мустақиллигини таъминлаш, унинг сарҳадларини кенгайтиришда Қутбиддин Муҳаммаднинг ўғли Жалолиддин Отсиз (1127-1156)нинг роли алоҳидадир. Негаки, у Қорахонийлар кучсизлигидан ва Салжуқийлар заифлигидан фойдаланиб, ўз давлати қудратини юксалтира борди. Унинг 1141 йилда олтин тангалар зарб эттириб муомалага чиқариши ҳам Хоразм мустақиллигининг муҳим белгиси бўлган.
У Қорахитойлар билан келишиб, уларга ҳар йили 30 минг дирхам миқдорда тўлов тўлаш шарти билан амалда ўз давлатининг ички мустақиллигини таъминлайди.
Хоразмнинг мустақил давлат сифатидаги равнақи, ҳудудларининг бениҳоя кенгайиб боришида Аловуддин Такашнинг ўрни ва роли катта бўлган. Унинг ҳукмронлик даврида (1172-1200) Хоразм воҳасида катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Янгидан қад ростлаган ўнлаб шаҳарларнинг ободонлашувидан ташқари уларнинг савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, карвон савдоси бобидаги довруғи янада ортди, қишлоқ хўжалиги, зироатчилик тармоқлари ривожланди, кўплаб каналлар, сув иншоотлари барпо этилди. Бундай ижобий жараёнлар Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ (1200-1220) даврида ҳам давом эттирилди. Айни замонда ўзига хос марказий ва маҳаллий давлат бошқаруви тизими вужудга келтирилиб, такомиллаштириб борилди. Бу эса мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини мустаҳкамлаш, унинг ички тараққиётини таъминлаш ҳамда изчил ташқи сиёсат олиб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ануштегинларнинг давлат бошқаруви ҳам икки тизимдан: даргоҳ ва девонлар мажмуидан иборат бўлган.
Даргоҳда Улуғ хожиб мансаби алоҳида ўрин тутган. У ҳукмдорнинг хос кишиси саналиб, лозим бўлган ҳолларда вазирлар фаолиятини ҳам назорат қилган. Хожиблар ҳукмдор номидан муҳим давлат аҳамиятига дахлдор масалаларда музокаралар олиб борганлар. Даргоҳдаги яна бир олий лавозим Соҳиби устоздор ҳисобланган. Хазина маблағларининг бутун тасарруфи унинг ихтиёрида бўлган. Даргоҳ ҳаётига оид кўплаб муҳим масалалар устоздор назарида турган. Давлатдаги Таштдор лавозими ҳам муҳим саналиб, у султоннинг энг сирдош кишиси ҳисобланган. Таштдор ҳукмдор маҳфий сирларидан огоҳ бўлиб, доимо у билан баҳамжиҳат ҳолда фаолият юритган. Олий лавозимлардан яна бири - Қиссадор бўлиб, у Султон номига келган арз, шикоятларни йиғиб, ўрганиб, уларни ҳукмдор ҳукмига ҳавола қилиб борган. Даргоҳдаги хизмат турлари ичида Чашнигир - султонга бериладиган овқат, ичимликларни текширувчи, Жомадор, Даватдор (котиб), Шаробдор, Байроқдор (амири алам), хизматкорлар бошлиғи (Малики хавас) каби вазифалар ҳам алоҳида кўзга ташланиб туради. Ижроия ишлар девонлар (вазирликлар) томонидан амалга оширилган. Айниқса бунда Бош вазир катта мавқега эга бўлиб, у фақат ҳукмдорга бўйсунган. Мансабдорларни ишдан олиш, ишга тайинлаш, маош, нафақа тайинлаш, хазина ва солиқ тизимини назорат қилиш, маҳаллий вазирлар ҳисоботини олиш ва шу кабилар унинг ваколатида бўлган.
Девонлар ҳам ўз ваколатлари доирасида фаолият юритганлар. Масалан, иншо ёки туғро девони расмий ҳужжатлар, ёзишмаларни тузиш билан шуғулланган. Шунингдек, молия ишлари билан истифо девони, давлат назорати тадбирлари билан ишроф девони, ҳарбий ишлар билан Девони арз ёки Жайш шуғулланган. Султон хонодони ҳаётига, иқтисодиётига тегишли яна бир муҳим девон мавжуд бўлиб, у Девони хос номи билан аталган.
Сўнгги Хоразмшоҳлар даврида ҳарбий соҳага алоҳида аҳамият берилган. Бунда бир неча юз минглик қўшиндан ташқари олий ҳукмдорнинг махсус шахсий гвардияси (Ҳарос) катта мавқега эга бўлган. Султон Муҳаммаднинг шахсий гвардияси 10 минг нафар кишидан ташкил топган. Ҳарбий қисмларда Ҳарбий назоратчи, сипоҳсалор, соҳиби жайш (вилоят қўшини бошлиғи), Амир ул-умаро, Малик (10 минг қўшин бошлиғи), Човуш (чопар), Жосус (разведкачи), Аскар қозиси каби мансаблар ҳам мавжуд бўлган.
Такаш ва Муҳаммад Хоразмшоҳларнинг катта қўшин тузиб бошқа мамлакатлар, элларни босиб олиш, уларни ўз тасарруфларига киритиш борасида олиб борган кўп йиллик истилочилик юришлари, бир томондан, Хоразмшоҳлар салтанати шуҳратини ошириб, унинг ҳудудларини бениҳоя кенгайтиришга олиб келган бўлса, иккинчи томондан эса, бу ҳол пировард оқибатда бу давлатнинг чуқур ички тушкунликка, таназзулликка йўлиқишига ҳам сабаб бўлди.
Жумладан, Такаш ўзининг XII асрнинг 80-90 йиллардаги истилочилик юришлари давомида Сарахс, Нишопур, Рей, Марв каби муҳим шаҳарларни ишғол этган.
Такаш вафотидан сўнг давлат ҳукмдори бўлган Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида ҳам мамлакат ҳудудлари кенгайишда давом этади. Бу вақтга келиб Хоразмшоҳлар давлати ҳудудлари ғарбий-жанубга қараб Хормуз, Форс қўлтиғи, Ироқ ерларига қадар ёйилади. Унинг таркибига 400 дан зиёд шаҳарлар кирарди. Хоразмшоҳ Бағдод халифалигини қўлга киритиш учун ҳам интилган. Бу эса бутун мусулмон оламининг унга нисбатан қаҳру-ғазабига сабаб бўлган.
Муҳаммад Хоразмшоҳ 1211 йилда қорахитойларни узил-кесил қувиб, Хоразм довруғини кўтарганидан сўнг, у ўзига ортиқча бино қўйиб, ўзини "Искандари Соний", "Аллоҳнинг ердаги сояси" деб улуғлашни буюради. Гарчанд Хоразмшоҳ қанчалик ўзини кўкларга кўтармасин ёхуд босқинчилик урушлари олиб бормасин, бироқ бундан мамлакатнинг чуқур ички зиддиятлар ва таназзулликларга дучор бўлганлигини қайд этмасдан бўлмайди. Шоҳнинг катта қўшин тузиб, тўхтовсиз олиб борган бесамар урушлари, бунинг асоратли оқибатлари, энг аввало, мамлакат халқининг тинкасини қуритаёзганди. Бунинг устига маҳаллий ҳокимлар, бек-амалдорларнинг ўзбошимчалик билан халқ бошига солаётган беҳад жабр-зулми, бунга жавобан юз бераётган халқ ғалаёнлари (масалан, 1206-1207 йилларда Бухорода, 1212 йилда Самарқандда кўтарилган қўзғолонлар) салтанатнинг ичдан емирилишига сабаб бўлмоқда эди. Сўнгра олий ҳокимият ичидаги кучли мухолифатчилик ҳаракати, хусусан, Хоразмшоҳ билан унинг онаси Туркон Хотун тарафдорлари ўртасидаги очиқ-ошкор тарздаги сиёсий кураш ҳам Хоразм давлатининг беқарорлик ҳолатини яққол кўрсатарди.
Қўшни Хоразмшоҳлар давлатида кечаётган бу хилдаги чуқур таназзуллик ҳолатларидан тўла хабардор бўлган, ундаги барча жараёнларни ўзининг махсус жосуслик маҳкамаси орқали синчковлик билан кузатиб турган Шарқдаги бошқа бир қудратли мўғул давлати ҳукмдори Чингизхон эса катта ҳарбий тайёргарлик кўриб, тез орада Мовароуннаҳр сарҳадлари томон истилочилик урушларини бошлашга чоғланаётганди.
Дарҳақиқат, XIII асрнинг биринчи чорагида амалга оширилган мўғул-татар галаларининг шафқатсиз босқини нафақат Хоразмшоҳлар давлати тарихида, балки шу билан бирга унда яшаган барча улуғ аждодларимиз қисматида ҳам мислсиз фожиа бўлди.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling