Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Download 1.34 Mb.
bet63/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

4.Хива хонлигининг тугатилиши.
Хива хонлигининг тугатилиши. 1917 йил кузида Россияда рўй берган октябрь ўзгариши, Туркистонда мустабид совет ҳокимиятининг ўрнатилиши давомида Хивада ҳам демократик ҳаракат янги босқичга қадам қўяди. Демократик кучлар, аҳолининг камбағал табақалари фаол ҳаракатга кела бордилар. Қўнғирот, Кўҳна Урганч, Хожайли, Тахта, Порсу бекликларида маҳаллий аҳоли қатъий ҳаракатларга чиқди. Бунинг устига мамлакатни бошқара олмай қолган хоннинг 1918 йил январида туркманлар сардори Жунаидхонни Хивага чақириши ва уни бош қўмондон этиб тайинланиши ҳам вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Жунаидхон тез орада Исфандиёрхонни қатл эттириб, ўрнига унинг тоғаси, иродасиз Саид Абдуллони номига хон қилиб кўтариб, амалда якка ҳукмдор бўлиб олди. Жунаидхоннинг ҳарбий диктатураси зулмидан оғир азият чекан кўплаб аҳоли қўшни Туркистонга қочиб ўта бошлади. Уларнинг кўплари Советлар тайёрлаган қизил қўшинлар сафини тўлдириб борди. Буларнииг ҳаммаси Советларга қўл келди. Шу зайлда уларга қарашли Амударё бўлимида (Турткўлда) Н. А. Шайдаков ва Н. М. Шчербаков бошчилигида шимолий ва жанубий ҳарбий дасталар тузилиб, хонлик тузумини ағдаришга шай қилиб қўйилди. Дарҳақиқат, Туркистон совет раҳнамолари йўл-йўриқлари асосида ҳаракатга келган қизил қўшинлар ва шунингдек, ўзбек ва туркман аҳолисидан ташкил топган қўзғолон дасталари 1919 йил декабри охирларидан Жунаидхон режимига қарши ҳарбий юриш бошлайдилар. Бу кучлар Жунаидга кетма-кет зарбалар бериб, бирин-кетин хонлик ҳудудларини қўлга киритиб бордилар. 1920 йил 2 февралда Хива эгалланди.
Жунаидхон қолган-қутган қўшини билан Қорақум саҳросига чекинади. Қўғирчоқ хон Саид Абдулло тахтдан воз кечади. Шу тариқа, советлар кучи билан Хива хонлиги ағдарилди ва 5 кишидан иборат Инқилобий қўмита тузилди. Унинг таркибига Ёш хиваликлар ва туркман уруғ-қабилаларидан вакиллар киритилди. Инқилобий қўмита раиси этиб Ёш хиваликлар раҳбари Д.Султонмуродов сайланди. Тез орда Ёш хиваликлар ишлаб чиққан манифест эълон қилинади.
1920 йилнинг 27-30 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтган халқ вакиллари Бутунхоразм қурултойи хонлик тугатилганлиги ва янгидан Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилганлигини эълон қилди. Қурултой ХХСРнинг муваққат Конституциясини қабул қилди. Қурултой шунингдек 15 кишидан иборат ҳукумат - Халқ Нозирлар Кенгашини сайлади. Ёш хиваликлар раҳбарларидан Полвонниёз Юсупов унинг биринчи раиси бўлди. Тсз орада (июнда) Россия большевик раҳбарлари кўмагида Хоразм Компартияси ташкил этилиб, унинг ҳукмронлик мавқеи ҳаётда тайин этиб борилди. Совет Россияси айни пайтда янги туғилган Хоразм Халқ Совет Республикасини ўз таъсир доирасига олиш мақсадида 1920 йил 13 сентябрда ХХСР билан иттифоқ шартномасини тузади. Бу шартнома билан бирга иккала республика ўртасида имзоланган харбий-сиёсий ва иқтисодий келишувлар асосида Хоразм Халқ Совет Республикасига совет Россияси томонидан тегишли ҳарбий, иқтисодий ва маданий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган эди. Бироқ "катта оға"нинг бундай ёрдами замирида Хоразм Халқ Совет Республикасининг ички ишларига аралашиш, унинг сиёсатини ўз манфаатларига бўйсундириш мақсадлари ётарди. Фақатгина 1921 йил давомида Хоразм Халқ Совет Республикасида уч марта (март, сентябрь, ноябрда) ҳукумат ўзгариши ясалиб, Москвага маъқул келмаган унинг таркиби ўзгартирилди. Ўз халқининг миллий манфаатларини кўзлаб сиёсат юритган Полвонниёз Юсупов, М. Ибнияминов, О. Муҳаммадраҳимов бош бўлган ҳукумат таркиблари бекор қилинди, уларнинг раҳбарлари асоссиз қораланди, сўнгра турли жазоларга гирифтор этилди.
1923 йил октябрида бўлиб ўтган IV Бутунхоразм Советлари Қурултойи Хоразм Халқ Совет Республикасини Хоразм Совет Социалистик Республикаси деб эълон қилди ва республиканинг янги конституцпясини қабул қилди. Унда Хоразмда Советлар раҳбарлигида амалга оширилган жиддий ўзгаришлар орқасида бу республика эндиликда ўз тараққиётининг янги, социалистик босқичига кирганлиги алоҳида таъкидланди. Конституция ерга бўлган хусусий мулкчиликни бекор қилди, барча ерлар умумхалқ мулки деб эълон этилди. Вақф мулклари маориф нозирлиги ихтиёрига олинди. Хоразм халқларининг хоҳиш-иродасига зид тарзда амалга оширилган бу хил тадбирлар ва энг асосийси, республикани бошқариш жиловини тобора Советлар ҳукмронлиги қўл остига ўтиб бориши, пировардида воҳа аҳолисининг умумий норозилигининг кучайиб боришига сабаб бўлди.



Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling