Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- «Ҳужум» ҳ аракати .
- Маънавий-маданий ҳаёт
3. 20-30 йиллардаги фан ва маданият.
XX асрнинг 20-30 йилларида маданий-маънавий соҳа ҳам ўзига хос мураккаблик, қийинчилик билан кечди. Ф а н. Республикада илм-фаннинг равнақ топиши ҳам табиий ҳолдир. Юртнинг кўплаб иқтидорли, заковатли ёшлари ўзларини илм-фанга бағишлаб, аста-секин унинг чўққиларига кўтарилиб бордилар. 30-йилларга келиб ўзбек фанининг турли йўналишларида ўз юксак салоҳиятини намоён этиб, ўз илмий мактабига асос солган Қори Ниёзий, Абдураҳмон Саъдий, Абдулла Авлоний, Яҳъё Ғуломов, Пўлат Солиев, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳалил Раҳматуллин, Ҳабиб Абдуллаев, Собир Юнусов сингари фан алломалари етишиб чиқди. Айни замонда республикада кўплаб илмий-тадқиқот институтлари, марказлари ташкил этилиб, фаннинг турли долзарб муаммолари устида изланишлар олиб бордилар. Булар жумласига Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадқиқот институти (СоюзНИХИ), Маданий қурилиш, Хуқуқ-тадқиқот инситутлари, Гидрометрология институти, Гелиотехника лабараторияси, Астрономия обсерваторияси ва бошқаларни нисбат бериш мумкин. Мазкур институтлар ва илмий марказларга жалб этилган илмий кучлар, фан фидойилари иттифоқ ва республика аҳамиятига молик қанчалаб ҳаётий муаммолар, масалаларнинг ечимини топишда жиддий тадқиқотлар олиб бордилар. Айниқса пахтачилик, унинг тез пишар, сифатли навларини яратиш соҳасида муҳим янгиликлар қилинди. Геолог олимлар саъй - ҳаракатлари билан янги конлар, турли хил маъдан топилмалари кашф қилинди. 1927 йилда Фарғона водийсида Шўрсув нефть кони очилди. Цемент ишлаб чиқариш учун хомашё қидириб топилди. Қатор мис, олтин, кумуш, қалай, мармар конлари топилиб, ишга туширилди. Республикада ижтимоий фанлар, шу жумладан, тарих ва археология соҳаларида ҳам анча илмий-тадқиқот ишлари кўзга ташланди. Йирик археолог олимлар: Я.Ғуломов, С.Толстов Хоразмда, М.Е.Массон Самарқандда, В.А.Шишкин, О.Набиев, А.Т.Окладниковлар Оҳангарон водийси ва Термиз атрофида катта ҳажмдаги қазилма ишларини олиб бордилар. Бойсунда энг қадимги аждодларимиз наслига оид неандертал одами қолдиқлари, маданий излари топилиши фанда муҳим янгилик бўлди. Ўзбекистон фани марказ олимлари томонидан ҳам эътироф этилди. 1940 йил 9 январда Ўзбекистон ХКС (ҳукумати) ҳузуридаги Фан қўмитаси негизида СССР ФАнинг Ўзбекистон филиали таъсис этилди. Ўша кезларда унинг таркибида 75 та илмий-тадқиқот институтлари ва муассасалари мавжуд эди. Улар 3024 нафар илмий ходимларни ўз сафига бирлаштирганди. Буларнинг 109 нафари фан докторлари, 510 нафари фан номзодлари эдилар. 1943 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Фанлар академияси очилди, унинг биринчи президенти этиб таниқли олим ТН.Қориниёзий сайланди. «Ҳужум» ҳаракати. ХХ асрнинг 20-йилларида ўз моҳияти билан ўзбек хотин-қизларини тутқинликдан озод қилишга қаратилган ҳаракат бошланади. Маълумки, Туркистон хотин-қизлари ҳаёти асрлар давомида мусулмончилик қонун-қоидалари ва анъаналари асосида кечган ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Жумладан, улар аксарият ҳолларда уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбияси билан шуғулланишган. Совет ҳукумати эса бундай турмуш тарзига диний хурофот сифатида қаради. Шу билан бирликда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги, уларнинг тор оила муҳитидан озод бўлиб, кенг ижтимоий-сиёсий ҳаётга тортилиши ғояси илгари сурилди. Шу нарса ҳақиқатки, жамият ривожланиб борар экан, одамларнинг онги ҳам ўзгариб боради. Турмуш тарзи янгиланади, у замонга мослашади. Шу маънода ўзбек аёлларини паранжидан озод қилиш янги тузум олдидаги муҳим вазифалардан эканлиги табиийдир. Бироқ бу масалани энг аввало жамият фуқаролари орасида кенг кўламли тушунтириш, маърифий йўллар орқали ҳал қилиш мумкин эди. Жадидлар раҳбарлари М.Беҳбудий, Ф.Хўжаев, А.Фитрат, А.Чўлпон, А.Авлонийлар ҳам бу масалани ҳал этишни ўз олдиларига муҳим вазифа қилиб қўйган эдилар. Шу мақсадда ташкил этилган республика, вилоят, туман, шаҳар совет ташкилотлари қошидаги хотин-қизлар бўлимларида дастлаб умуман тўғри иш олиб борилганди. Бунинг натижасида хотин-қизлар ижтимоий фойдали меҳнатга, жамоатчилик ишларига фаол тортила бошлаганди. Уни ўзбек хотин-қизлари хурсандчилик билан кутиб олди. Чунки очиқ юриш, ёруғ оламни кўриш, илм олиш, эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиш уларнинг ҳам асрий орзуси эди. Бироқ ВКП(б) МҚ Ўрта Осиё бюросининг 1926 йил сентябрдаги махсус қарори асосида бу ҳаракатни сунъий равишда тезлаштиришга киришилди. Оқибатда бу мажбурий ҳаракат «Хужум» номини олди. Бироқ бу ҳаракат афсуски, шошма-шошарлик, маъмуриятчилик йўли билан маҳаллий шарт-шароитларни, халқ удумлари, урф-одатларини эътиборга олмасдан жадаллаштирилди. Бунга ҳаттоки эркак коммунистлар ҳам тайёр эмас эдилар. Хотин-қизларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш ҳаракати дастлаб анча сезиларли ютуқларга эришиб борди. 1927 йил баҳорига келиб 100 минг аёл паранжи ташлади. Минг-минглаб аёллар корхоналарга, турли юмушларга тортилдилар. Улар орасидан кўплаб тракторчилар, бригадирлар, колхоз раислари, клуб ва кутубхона мудирлари тайёрланди. Жумладан, 1927-1929 йилларда судларнинг халқ маслаҳатчилари орасида ўзбек аёллари 563 кишига етди. 1926 йилда биргина Тошкент ва Фарғона вилоятлари «Қўшчи» уюшмаларининг 4900 аёл аъзолари бор эди. 1927 йил давомида 7169 аёл касаба уюшмаларига аъзо бўлиб кирди. 5916 аёл матлубот кооперацияларига аъзо бўлди. 2343 хотин-қизлар давлат органларига сайланди. 1927-1928 йилларда «Хужум» ҳаракати янада кенг қулоч ёзди. Паранжи ташлаган аёллар учун 32 та саводсизликни тугатиш мактаблари ташкил қилинди. 1927 йилда биргина Қўқон округида бундай мактаблар сони 75 тага етказилди. Тошкентнинг эски шаҳар қисмида 1409 ўқувчини қамраб олган 35 та аёллар мактаби фаолият кўрсатди. Бироқ бу борада қўлланилган зўрлаш, мажбурлаш йўли ва усуллари ўзининг салбий натижаларини бермасдан қолмади. Жойларда хотин-қизларни ўлдириш ҳоллари руй берди. Масалан, Олтиариқ тумани Полосон қишлоқлик деҳқон Абдуқодир Хожиматов ўз хотинини осиб ўлдирди. Андижон вилоятида фаол ишчи аёллардан саналган Хадича Эшбобоева қора кучлар томонидан ўлдирилди. Умуман, 1927-1928 йилларда 2,5 мингдан ортиқ фаол аёллар ёвуз кучлар қурбони бўлди. Аммо «Хужум» ҳаракати қийинчиликлар, чекинишлар билан бўлсада, ҳаётга тадбиқ этиб борилди. Бунинг натижасида ўзбек аёли ижтимоий ишлаб чиқаришга, ҳатто энг оғир меҳнат талаб қиладиган ишларга ҳам тортилди. «Хужум» ҳаракатининг ўсиб бориши давомида 1937 йилга келиб 273637 нафар ўзбек хотин-қизлари саводсизликни тугатиш курсларини муваффақиятли битирдилар. Аёл ишчилар ва хизматчилар сони 1940 йилда 232 минг кишига етди. Бу эса бутун республикадаги ишчиларнинг 40,7 фоизига тенг эди. Улар тикувчиликда 82,3 қандолатчиликда 65,5, тўқимачиликда 88 фоизни ташкил этарди. Шу билан бирликда бу мавсумий ҳаракат кўпгина салбий оқибатларнинг юз беришига ҳам сабаб бўлди. «Хужум» ҳаракатида фаол иштирок этиб, бутун онгли ҳаёти, фаолиятини социализм ишига, унинг сохта ғоялари чинлигига ишонган қанчалаб илғор хотин-қизлар кейинчалик қатағонлик қурбони бўлдилар. Бунга ўзбек хотин-қизлари озодлиги курашининг таниқли намояндалари - Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидхонова сингариларнинг фожиали ҳаёти тўла мисол бўла олади. Маънавий-маданий ҳаёт. Бу йилларда ўзбек халқининг олис асрларга бориб қадалувчи моддий ва маънавий маданияти дурдоналари, осори атиқалари, масжиду мадрасалар, мақбаралар кўринишидаги ноёб меъморий обидаларига зўр бериб хужум уюштирилди. Бинобарин, бу масканларнинг бора-бора қаровсиз, хароб аҳволга келтирилганлиги тасодифий эмасдир. Айниқса бунда халқимизнинг дилидан чуқур жой олган унинг узоқ асрлик исломий қадриятлари завол топдирилганлиги ачинарлидир. Хатто бу разил мақсадга эришишда жойларда «Худосизлар жамиятлари» тузилиб, диний тасаввурларга, унинг пешволарига қарши ҳужумдор атеистик кураш авж олдирилди. Бунинг оқибатида юрт зиёлилари саналган қанчалаб руҳонийлар, уламою фузалолар аёвсиз таъқибу қувғинларга дучор этилди ёхуд қирғин қилинди. Шунга қарамай ўзбек халқининг кўплаб юртпарвар зиёлилари фидойилик намуналарини кўрсатиб, барча қийинчиликларга дош бериб республика маданий ҳаётида фаол қатнашдилар. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling