Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Download 1.34 Mb.
bet69/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   65   66   67   68   69   70   71   72   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

1952 йил февралида бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси МҚнинг Х Пленуми илмий ва ижодий зиёлиларни қувғин, таъқиб остига олишда яна бир туртки бўлди. Пленумда "Республикада мафкуравий ишларнинг аҳволи ва уни яхшилаш чоралари тўғрисида"ги масала муҳокама қилинди ва тегишли қарор қабул қилинди. Пленумда файласуф В.Зоҳидовнинг илмий ишларига буржуа-миллатчилик хатолари юкланди. Тарихчи А.Бобохўжаев ва иқтисодчи О.Аминов пантуркизмни тарғиб қилишда айбланди. Улар "сиёсий ва ишчанлик сифатлари жиҳатидан эгаллаб турган лавозимларига тўғри келмайдиган шахслардир", деб ҳисобланди ва ишдан бўшатилди. Т.Тўла ва М. Шайҳзодаларнинг шеър ва қўшиқлари "ғоясиз ва ахлоқсиз" асарлар, деб баҳоланди.
Ўзбек халқининг маънавий мероси, миллий қадириятлари яна бир бор оёқ ости қилинди, бу соҳада фаолият юритган ижодкорлар қатағон қилинди. Тарихий ўтмиш ҳам, замонавий ҳаёт ҳам коммунистик мафкура, синфийлик нуқтаи назардан туриб қўпол равишда бузиб баҳоланди. Натижада маънавий ҳаётга, фалсафий ва бадиий тафаккурга, маданиятга катта зарар етди.
Сталин вафотидан кейин бутун СССРда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам шахсга сиғиниш оқибатларини тугатиш тадбирлари кўрилди. Қатағон қилинганлар ишини қайтадан кўриб чиқишга киришилди. Кўпгина жиноий ишлар тўқиб чиқарилгани, минглаб одамлар ноҳақ қамалиб, озодликдан маҳрум этилгани аниқланди ва улар оқланди. А.Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа кўплаб ёзувчи ва шоирлар оқланди. Минглаб партия, совет, комсомол ходимлари номлари покланди. 50-йилларнинг бошларида шубҳа остига олинган, ҳар бир қадами назорат қилинаётган 60 нафардан зиёд йирик олимлар, адиблардан «миллатчи, советларнинг душмани» деган ёрлиқлар олиб ташланди, тўҳматлардан ҳалос бўлди.
Бироқ, афсуски, жамият маънавий ҳаётида воқе бўлган бу бир қадар илиқлик муҳити унча узоқ давом этмади. Одамлар хоҳиш-эркини бўғиб, инон-ихтиёрини ўзига бўйсундириб, ҳамма нарсани ҳукмрон тузум манфаатларига хизмат қилдириб келган коммунистик мафкура ва унинг маддоҳлари кўп ўтмай ўз зулмкорлигини қайтадан кучайтиришга киришди. Унинг тиғи аввало ижодкорларга нисбатан қўлланила бошланди. Бунинг натижасида республиканинг илм-фани, маданиятига салмоқли ҳисса қўшган таниқли алломалар, истеъдодли ижодкорлар кўпроқ азият чекканлиги, тақдирнинг кутилмаган зарбаларига учраганлиги айни ҳақиқатдир. Афтидан, тоталитар тузум мутасаддилари атоқли зиёли арбобларни вақти-вақти билан тавбасига таянтириш, ўзларига тиз чўкдиришга мажбурлаш йўли билан қўллари узунлигини ҳаммага намойиш этиб қўймоқчи бўлган бўлсалар ажаб эмас. Бунинг учун эса улар ҳеч нарсадан ҳазар қилмаганлар. Жумладан, геология-минералогия фанида номи жаҳонга машҳур, республикамиз ҳудудида қанчалаб нефт-газ, қимматбаҳо маъдан конларини, уларнинг заҳираларини кашф этган, кўп жилдли асарлари АҚШдек мамлакатларда нашр этилган академик Хабиб Абдуллаев ғаддор тузум қаҳрига, қуруқ тўҳматлар касрига учраб, бошидан не азобларни кечирмади. Алломанинг совет тоталитар тизим ҳукмдорлари олдида қилган ягона «гуноҳи» бу унинг юртпарварлиги, элсеварлиги, миллий зиёли кадрлар тайёрлашга жону дили билан ҳаракат қилганлигидир, холос. Айниқса у республика Фанлари Академияси президенти бўлиб ишлаган йилларда истеъдодли маҳаллий миллат ёшлари орасидан кўплаб кишиларни илм-фан даргоҳларига, аспирантура ва докторантураларга ўқишга юбориб, уларнинг келажакда етук олимлар бўлиб етишишлари учун раҳнамолик кўрсатган. Шунингдек, аллома ўзбек халқининг бой миллий маънавий меросини ўрганиш ва тиклаш ишларига ҳам муттасил бош-қош бўлган. Жумладан, А.Навоий асарларининг 15 жилдлиги, Беруний, Ибн Сино асарларининг араб тилидан ўзбек тилига ўгирилиб нашр этилиши сингари хайрли ишларда ҳам Х.Абдуллаев хизмати оз бўлмаган. Шубҳасизки, ўз юрти, унинг соғлом авлоди ташвиши билан яшаган, шу аснода фаолият олиб борган Х.Абдуллаев партия ва давлат арбобларига ёқмаган. Шу боис уни обрўсизлантириш, фаолиятига қора чизиқлар тортиш учун ҳар хил иғво-фасод йўллари ишга солинган. Буюк истеъдод соҳибига қилинган бундай ноҳақ хуруж ва таъқиблар унинг ижоди айни барқ уриб турган пайтида ҳаётдан бевақт кўз юмиб кетишига боис бўлди.
Яна бир забардаст олим, академик Иброҳим Мўминов тарихий ҳақиқатни очишга қўл уриб, улуғ бобокалонимиз Амир Темур шахси ва унинг қилган бетимсол улкан ишлари ҳақида тўғри, холис фикрлар билдириб рисола яратганлиги учун ҳукмрон тузум зулмига учради. Москванинг нуфузли нашрлари саҳифаларида олимга қарши иғвою бўҳтонлардан иборат материаллар босилди, номи ёмон отлиқ қилинди. Начора, тарихий ҳақиқатни айта олишга ўзида ирода, жасорат топа билган аллома шундай оғир кўйга мубтало бўлди. Унинг тиниқ мусаффо юраги ҳам охиригача бардош бера олмади.
Ўзбек археология фанининг чинакам фидойиси, академик Яҳъё Ғуломовнинг ҳам ўлкамиз тарихини илмий, холис ва ҳаққоний ўрганиш, миллий тарихимиз тўғрисидаги хақиқатни юзага чиқариш борасидаги кўп қиррали фаолияти ва барча илмий изланишлари ҳам юқори совет маҳкамаларию, уларнинг консерватив фикрловчи тўра раҳбарларининг не-не қаршиликлари ва тўсиқларига дуч келмаган. Гап шундаки, ҳукмрон тузум шаънига салча бўлсин ноўрин ишора ёҳуд ҳаракат юз бергудай бўлса, ўша заҳоти унинг кўп сонли маддоҳлари нишонни бехато ола билар эдилар.
Бу даврда ўзбек адиблари, шоирлари ижоди ҳам доимий суратда совет мафкурасининг диққат-эътиборида бўлган. Шу боис уларнинг ҳар бир асари расмий цензуранинг қатъий назоратига олинар, юз чиғириқдан ўтиб, нашрга тавсия этиларди. Бордию ҳақиқат ғояси билан суғорилган баъзи асарлар босилиб чиққудай бўлса, у ҳолда уларнинг муаллифларию муҳаррирлари боши билан жавоб берардилар. Масалан, 60-йилларда таниқли шоир Эркин Воҳидовнинг биргина "Ўзбегим" шеъри муаллифга қанчалик беҳаловатлик келтирганлиги бунга мисолдир. Ёки атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг миллий тарихимизнинг номдор вакили, оташнафас шоир ва адиб, давлат арбоби, моҳир саркарда З.М.Бобур ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи "Юлдузли тунлар" романи ҳам феодал ўтмиш намояндаси тимсолини акс эттирувчи асар сифатида кескин қораланди. Ваҳоланки, бу буюк тарихий сиймо тўғрисида кўплаб хорижий мамлакатларда сон-саноқсиз тарихий ва бадиий асарлар битилганлиги аниқдир.
Шундай қилиб кўрамизки, мустабид совет тузуми ўзининг 70 йилдан зиёдроқ давом этган ҳукмронлиги даврида ўзига қарам ва тобе бўлган миллий ҳудудларда, жумладан, Ўзбекистонда ўз бедодлиги ва қабоҳатини ҳар қандай йўллар билан бўлмасин, амалга оширишга эришиб борди.
Айниқса бундан юртимиз фуқароларининг сара қисми саналган илғор, тараққийпарвар зиёлилар, миллий кадрлар энг кўп жафо чекди, минг бир хил азобу уқубатларга дучор этилди. Юртимизнинг бундай юртпарвар, ватанпарвар соғлом кучлари ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам ўз фуқаролик позицияларида собит туриб, собиқ тузум зўравонлари зуғуми ва хуружига дош бериб, Ватан истиқболи йўлида мардонавор ҳаракатда давом этдилар.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   65   66   67   68   69   70   71   72   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling