Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ёш бухороликлар
- Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил этилганлиги эълон қилинди.
- Бухоро Совет Социалистик Республикаси деб эълон қилди.
3.Буxoрo амирлигининг тугатилиши.
Бухоро амирлигининг ағдарилиши. Бухоро амирлигида ҳам ижтимоий-сиёсий вазият Хива хонлигидагига ўхшаш тарзда кечди. Амирлик ҳам Россияга тобе, вассал давлат эди. Ички сиёсатда мустақил бўлган амирнинг мутлақ ҳокимияти ҳукм суриб, бундан оддий халқ оммаси беҳад зулм тортиб келарди. XX аср бошларида бу ерда ҳам амирлик тузумига қарши демократик ҳаракатлар юзага кела борди. Мамлакатнинг илғор, тарақийпарвар зиёли ёшларидан ташкил топган Ёш бухороликлар ташкилоти бу ҳаракатларга етакчилик қилдилар. Ўз сафларида Абдувоҳид Бурҳонов, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Муҳитдин Мансуров, Пўлатхўжа Усмонхўжаев каби юрт фидойиларини бирлаштирган Ёш бухороликлар ҳаракати кенг халқ манфаатлари фойдасига муҳим сиёсий ўзгаришларни рўёбга чиқаришга интилганлар. Улар ишлаб чиққан ислоҳотлар лойиҳасида мамлакатда конституцион монархия тузуми ўрнатиш, ижтимоий-сиёсий эркинликлар жорий қилиш, маориф ишини яхшилаш масалаларига алоҳида урғу берилганди. Кенг халқ оммаси тазйиқи ва Ёш бухороликлар ислоҳий талаблари асосида амир 1917 йил 7 апрелида баъзи ён беришларга бориб манифест чиқаришга мажбур бўлади. Бироқ амирликнинг мутаассиб, ҳукмрон доиралари тиш-тирноқлари билан бунга қаршилик кўрсатдилар. Улар ислоҳот тарафдорларига нисбатан очиқдан-очиқ шаҳар кўчаларида қирғин уюштирдилар. Кўплаб ислоҳотчилар Бухорони тарк этишга мажбур бўлдилар. Бу гал амир тарафдорларининг қўли баланд келди. Туркистонда мустабид совет ҳокимиятининг ўрнатилиши Бухоро амирлиги учун ҳам жиддий сиёсий вазиятни вужудга келтирди. Негаки, социалистик инқилоб ғоясини бошқаларга ёйишга интилган большевиклар чегарадош Бухорони ўз мўлжалига олгандилар. Хусусан 1918 йил мартида "Колесов воқеаси" номи билан тарихга кирган қонли воқеа бунга аниқ мисол бўла олади. Туркистон совет республикаси ҳукумати раиси Ф. И. Колесов Бухорога очиқ тазйиқ ўтказиб, 1918 йил 2 мартида Когон темир йўли ёқалаб қизил қўшинлар интервенциясини уюштирди. Бунга жавобан Бухоро амири халқни ғазовотга чорлаб, ўз қўшинлари ва ғазабга келган аҳолини урушга сафарбар этди. Оқибатида Колесов хуружи шармандаларча мағлуб бўлди. Бу эса амир ва унинг аркони давлатига барча демократик кучлардан қонли ўч олиши учун баҳона бўлди. Айниқса Ёш бухороликлар аёвсиз қирғин қилинди. Большевикларинипг бу авантюраси Ёш бухороликлар учун ғоятда қимматга тушди. Ф.Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, бу қирғинда Ёш бухороликлар, уларнинг тарафдорларидан 1,5 минг киши қурбон бўлади. Бироқ шунга қарамай совет мутасаддилари Бухорода сунъий инқилоб тайёрлаш, бунинг учун Туркистондан паноҳ топган кўп сонли бухоролик муҳожирларни ишга солиш, улардан кўплаб инқилобчи кучлар етиштириш ва уларни ташкиллаштириш ҳаракатида бўлдилар. 1918 йил сентябрида Тошкентда Бухоро муҳожирлари томонидан Бухоро компартияси ва унинг Марказий Қўмитаси тузилади (унинг раиси А. Ёқубов, ўринбосари М. Қулмуҳаммедов). 1920 йил январида Тошкентда Ф. Хўжаев бошчилигида "Ёш бухоролик инқилобчилар партиясининг Туркистон Марказий бюроси" ташкил этилади ва Турккомиссия, РСФСР ҳукумати томонидан эътироф этилади. Ёш бухороликлар партияси ишлаб чиққан дастурда тез вақт ичида деспотик тузумни тугатиш, мамлакатда демократик республика тузиш ва кенг халқ оммасининг туб манфаатларини кўзлаб кўплаб ижтимоий-демократик ўзгаришларни амалга ошириш вазифалари баён этилган эди. Ёш бухороликлар ташаббуси билан 1920 йил июндан Тошкентда чиқа бошлаган «Учқун» газетасида ҳам илғор демократик ғоялар илгари сурилди. Бухоро халқи амирнинг ҳокими мутлақ тузумини ағдариб ташлаш учун фаол курашга даъват этиб борилди. Совет ҳокимиятининг асл мақсади Бухоро амирлигини ағдариш эди. Унинг расмий ҳужжатлари, кўрсатмаларида амирликка қарши кураш қуйидан, маҳаллий кучлар томонидан бошланиши уқдирилган эди. Шу билан бирга амирликни ағдариш учун зарур ҳарбий тайёргарлик ҳам кўрилди. Фрунзе бошлиқ Туркистон фронти қўмондонлиги томонидан 1920 йил июнь ўрталаридаёқ замонавий қурол-аслаҳалар билан қуролланган қизил қўшинлар Бухоро чегараларига келтириб қўйилган эди. Айни пайтда амирликни ағдариш учун М.Фрунзе, В.Куйбишев, Н.Тўрақулов, Н.Ҳусаинов, Ф.Хўжаевлар таркибида ҳарбий-инқилобий бюро ташкил этилади. 1920 йил 29 августда Чоржуйда амир тузумига қарши ғалаён бошланди ва Бешим Сардор бошчилигидаги кучлар аввалдан белгиланган келишувга биноан дарҳол совет ҳукуматидан «ёрдам сўраб» мурожаат қилади. Бу совет қўшинларининг Бухорога қарши уруш ҳаракатларини бошлашига баҳона бўлади. Расмий маълумотларга кўра, совет қўшини ихтиёрида шу даврда 10 минг қизил аскар, 40 та тўп, 230 га яқин пулемёт, 10 та зихрли автомобил, 5 та зихрли поезд ва 12 та самолёт бор эди. Шунингдек, Туркистон фронти қўшини билан бирга ҳужум ҳаракатларида 5 минг кишига яқин бухоролик "инқилобчи тузилмалар" ҳам иштирок этдилар. Амир лашкари сон жиҳатидан кўп бўлгани билан (20 мингга яқин), бироқ унинг қуролланиш даражаси қизилларга нисбатан анча заиф ҳолда эди. Ҳужумга ташланган совет қўшинлари амирликнинг Чоржуй, Қарши, Китоб, Шаҳрисабз ва бошқа ҳудудларини эгаллаб, Бухорога томон силжиб бордилар. Бухоро ва унинг аҳолиси советлар ҳужуми чоғида мислсиз зарар кўрди. Шаҳар кўп бор ҳаводан бомбардимон қилинди. Унинг кўплаб ноёб осори атиқалари, тарихий обидалари вайрон этилди. Амир Олимхон 1920 йил 2 сентябрда Бухорони тарк этишга мажбур бўлди. Пойтахт совет қўшинлари томонидан эгаллангач, ҳокимият Муваққат Бутунбухоро Инқилобий қўмитаси қўлига ўтди. 1920 йил 14 сентябрда БКП МҚ ва Муваққат Бутунбухоро Инқилобий қўмитасининг бирлашган мажлиси бўлди. Мажлисда А.Муҳитдинов бошчилигида қонун чиқарувчи олий орган -Бутунбухоро Инқилобий қўмитаси ва Файзулла Хўжаев раислигида Халқ Нозирлар Кенгаши (ҳукумат) тузилди. Ўша йилнинг 6-8 октябрь кунларида I Бутунбухоро қурултойи бўлиб ўтди. Унда Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил этилганлиги эълон қилинди. 1921 йил 4 мартда Москвада БХСР ва РСФСР ўртасида Иттифоқ шартномаси ва иқтисодий битим имзоланди. Бу эса Россия Федерацияси ва унинг Туркистондаги ваколатли намояндаларига Бухоро Республикаси ички ишларига бевосита аралашиш, у ердаги ўзгаришларни назорат этиш ва уни аниқ социалистик мақсадлар сари йўналтириш учун кенг имкониятлар очиб берди. Шунингдек, Бухоро Халқ Совет республикасининг асосий раҳбар ташкилоти -Бухоро Компартияси РКП (б) нинг вилоят ташкилоти мақомида фаолият юритарди. РКП (б) МҚ 1922 йил майида 'Туркистон-Бухоро ишлари ҳақида" қарор қабул қилди. Унда Ўрта Осиёда, жумладан, Бухорода жадаллик билан ' социалистик тузумни мустаҳкамлаш" қатъий уқтирилди. Шунингдек, РКП (б) МҚ нинг 1923 йил 12 июнда қабул қилган Бухоро масаласига доир махсус қарори ҳам бу давлатнинг ички ишларига қўполлик билан аралашиш эди. Негаки, унда Бухоронинг ривожланиш жараёнини ' социалистик изга" буриб юбориш мақсади кўзда тутилганди. Бухоро халқининг туб миллий манфаатлари йўлида фидойилик билан фаолият юритган, инқилобий ҳаракатларнинг фаол иштирокчиларидан бўлган А.Фитрат, М.Аминов, Отахўжаев, Ёқубзода ва бошқалар Москва вакилларининг талаби билан республика ҳукумати таркибидан четлатилди. Бухоро ХСРнинг 1921 йил сентябрида қабул қилинган Конституцияси ҳам РСФСР Конститутцияси андозасида тузилган эди. Ҳукмрон Марказ ташаббуси билан 1923 йил мартида Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгашининг тузилииш ва унинг таркибига Бухоро ХСРнинг ҳам жалб қилиниши бу унинг иқтисодий мустақиллигининг аста-секин қўлдан бой бериб борилишига сабаб бўлди. Москва тазйиқи остида бу ҳудудда социалистик ўзгаришлар изчил амалга оширилиб борилди. 1924 йил сентябрда бўлиб ўтган V Бутунбухоро қурултойи БХСРни Бухоро Совет Социалистик Республикаси деб эълон қилди. Ниҳоят, 1924 йилда ўтказилган миллий-давлат чегараланиши натижасида унинг ҳудудлари Ўзбекистон ва Туркманистон Совет социалистик республикалари таркибига қўшиб юборилди, Бухоро давлат сифатида тугатилди. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling