Маърузанинг асосий мақсади


Экология соҳасидаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари


Download 30.13 Kb.
bet2/3
Sana08.04.2023
Hajmi30.13 Kb.
#1341623
1   2   3
Bog'liq
маълумот

Экология соҳасидаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари


Экология соҳасидаги жиноятчиликнинг сабаблар мажмуида кўп сонли ва ранг-баранг омиллар ўзаро таъсирга киришади. Умумий ва сурункали амал қилувчи омиллар инсон билан табиатнинг ўзаро таъсирланиш жараёни, унинг мазмуни ва хусусиятини белгиловчи ижтимоий муносабатларга хос бўлган қарама-қаршиликлардан келиб чиқади. Бу қарама-қаршиликларнинг аксарияти замирида сўнгги йилларда мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар натижасида юз бераётган салбий жараёнлар ётади.
Ўзбекистон режали иқтисодиётдан бозор муносабатларига ўтиши муайян ижобий натижалар билан бир қаторда жамият, давлат ва унинг фуқаролари иқтисодий ва экологик манфаатлари ўртасида мутаносибликнинг йўқолишига олиб келди, атороф табиий муҳитнинг беқарорлашиш жараёнларини тезлаштирди, экология соҳасида жиноятлар содир этишнинг янги омиллари пайдо бўлиши учун шарт-шароит яратди.
Бу омилларнинг аксарияти ишлаб чиқариш соҳасида амал қилади. Атроф табиий муҳитни зарарлантирувчи корхоналар иши уни муҳофаза қилиш учун катта харажатлар қилишни тақозо этади. Ишлаб чиқариш жараёни иштирокчилари табиатдан оқилона фойдаланиш талабларига риоя этмасдан, ишлаб чиқаришнинг рентабеллигини оширишга ҳаракат қилиши қонунбузарликка туртки беради.
Экология соҳасидаги жиноятчиликнинг умумий сабаблари инсон ва табиат ўзаро таъсирга киришиш чоғида юзага келувчи қарама-қаршиликлар соҳасида ётади. Бу қарама-қаршиликлар иқтисодий беқарорлик шароитида экология соҳасида ғайриҳуқуқий ва баъзан жиноий хатти-ҳаракатлар учун шарт-шароит яратади.
Экология соҳасидаги жиноятларга доир жиноят ишларини ўрганиш мансабдор шахслар томонидан содир этиладиган экология соҳасидаги жиноятлар ҳамда мансаб мавқеига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этиладиган экология соҳасидаги жиноятларни ажратиш имконини беради. Бу жиноятлар қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этилиши, тамагирлик ёки бошқа хусусиятга эга бўлиши мумкин.
Экология соҳасида мансабдор шахслар томонидан содир этиладиган жиноятлар одатда ижтимоий хавфлилик даражасининг юқорилиги билан ажралиб туради, баъзан экологияга жуда катта, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарар етказади. Бу асосан экология соҳасида мансабдорлик жиноятига сабаб бўлган қарама-қаршиликлар замирида ташкилий-бошқарув ёки маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш ётиши билан боғлиқ. Режа­лаштириш, тақсимлаш, оператив бошқариш, ташкилий тузилмалар ташкил этиш, назорат, жамиятнинг атроф муҳит билан ўзаро таъсирини техник-технологик жиҳатдан ҳамда ресурслар билан таъминлаш вазифалари айни шу соҳада амалга оширилади.
Шундай қилиб, экологик жиҳатдан муҳим қарорлар қабул қилиш ваколатига эга мансабдор шахслар кўп сонлидир. Мазкур шахсларнинг экология соҳасидаги ғайриҳуқуқий хулқ-атворига қуйидагилар салбий таъсир кўрсатади: экологик аҳамиятга молик фаолиятда табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўз вақтида ўтказишдан воз кечиш ҳисобига фойдали қазилмалар ва хом ашё ресурслари олишни арзонлаштиришга ҳаракат қилиш; табиий ресурсларни қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланишни асоссиз равишда соддалаштириш ёки тезлаштириш ва ҳ.к.
Ишлаб чиқаришнинг айрим тармоқлари ҳамда транспортнинг атроф муҳитни ифлослантиришда иштирокини баҳолашга доир маълумотларни келтириш мумкин. Биринчи ўринни кўп йиллардан бери металлургия саноати эгаллаб келади. Унинг фаолиятидан ифлосланиш улуши қарийб 40% ни ташкил этади. Атроф табиий муҳитнинг ифлосланишида иссиқлик электро­станцияларининг улуши – 30%, нефть қазиб олиш ҳамда кимё саноатининг улуши – 20%, автомобиль транспортининг улуши – тахминан 10-15%, ишлаб чиқариш бошқа тармоқларининг улуши – 7-10%.
Экология соҳасида жиноятлар қасддан ҳам, эҳтиётсизлик орқасида ҳам содир этилиши мумкин. Қасддан жиноят содир этувчиларга эгоизм, жамоат манфаатларига беписандлик, экология қонунчилигига ҳурматсизлик ва ҳоказолар хос.
Экология соҳасида эҳтиётсизлик орқасида мансабдорлик жиноятлари одатда енгилтаклик, атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи қонунларга ҳурматсизлик, уқувсизлик, бошбошдоқлик ва назоратсизлик хос бўлган шахслар томонидан содир этилади.
Экология соҳасида мансаб мавқеига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этиладиган жиноятлар жумласига аввало ов ҳамда балиқ овлаш қоидаларини бузиш, дарахтлар, бошқа ўрмон экинларини ғайриқонуний кесиш киради.
Ушбу тоифадаги жиноятларнинг умумий сабаблари жумласига қуйидагилар киради: овчилик, балиқчилик ва бошқа фаолият соҳаларини тартибга солишда мавжуд жиддий камчиликлар; эҳтиёжларни қондиришнинг қонуний воситалари лозим даражада ривожланмаганлиги; жиноий фаолиятга назорат чоралари билан самарали таъсир кўрсатилмаслиги; экология соҳасидаги жиноятлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик назарда тутилган қонунчилик самарали қўлланилмаслиги (айрим жиноятчиларнинг жазосизлиги) ва ҳ.к.
Субъектив сабаблар жумласига қуйидагилар киради: экологик ва ҳуқуқий онг даражасининг пастлиги; аҳоли айрим гуруҳларининг мазкур жиноятларга бефарқлиги.
Кўрсатиб ўтилган жиноятларнинг сабаблари ғайриҳуқуқий фаолият билан шуғулланишнинг экологик-географик шарт-шароитлари билан узвий боғлиқ. Бу асосан ов ёки балиқ овлаш билан фаол шуғулланиш имконияти сақланган ҳудудлардир.
Сўнгги йилларда экология соҳасидаги жиноятларнинг ер ости бойликларини ғайриқонуний қазиб олиш, доривор гиёҳлар ўстириш каби турлари ҳам ривожланмоқда.
Экология соҳасидаги жиноятчиликнинг мансабдорлик билан боғлиқ бўлмаган иқтисодий омиллари ранг-барангдир. Уларнинг жумласига, юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, турмуш даражасининг пасайиши, ишсизлик, бепул ёки имтиёзли даволаниш имкониятининг йўқолиши киради. Айни шу сабабларга кўра браконьерлик, ерни шахсий эҳтиёжлар учун ўзбо­шимчалик билан эгаллаб олиш, алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар режимини бузиш кенг тарқалмоқда. Бу жиноятларни содир этувчи шахслар иқтисодий қийинчиликлар натижасида қонуний тирикчилик манбаларини йўқотиб, кўпинча қонунни бузишга мажбур бўлмоқдалар. Аммо бу жиноятларни тамагирлик ниятида содир этувчи шахслар сони ҳам анчагина.
Экология соҳасидаги ижтимоий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш асосан ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолияти салбий оқибатларининг олдини олишга эмас, балки бу оқибатлар юзага келганидан сўнг уларни тугатишга қаратилганки, бу экологик нуқтаи назардан ҳам, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Қонунчиликда экологик чеклашлар ҳамда табиатдан фойдаланиш режимлари тизими етарли даражада ўз аксини топмаган, қонунчиликни экологияни муҳофаза қилишга йўналтириш концепцияси мавжуд эмас.
Экология соҳасидаги жиноятчиликка назорат органлари ҳамда корхоналар мансабдор шахсларининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаоллиги сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.

Download 30.13 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling