361- машқ. Ўқинг. Гапларни гап бўлаклари жиҳатидан таҳлил қилинг.
1. Бу халқ жаҳонга не-не машҳур олимлар, меъморлар, усталар ва мутафаккирларни етиштириб бермаган, ахир! (К. Моисеева. 2. Кишининг кучи—унинг онги, дунёқараши, тушунчаси, ишончи, руҳи, яшашга қобилияти, нияти ва интилишида, хуллас, унинг иродасида. (И. Р.) 3. Кўл бўйида эрта саҳарда айниқса манзара гўзал бўлади. Илк қуёш нурлари тоғларнинг довонларидан мўралаб мовий осмон остида товланиб турган кўл сувига юзини ювади. Кўл бўйида кечқурун ўтириб ором олиш нақадар ёқимли. (А. Колбинцев.) 4. Давлат арбоблари ақл ва адолатни шиор қилсалар, халқни парвариш этсалар, ҳаётнинг зангини олтинга айлантирмоқ мумкин. (О.)
362- машқ. Ўқинг. Гап бўлаклари нормал ҳолатда келган ва гап бўлакларининг норматив тартиби ўзгарган гапларни аниқлаб, инверсияга учраган гапларни кўчиринг, улардаги гап бўлакларининг тартиби қандай ўзгарганлигини тушунтиринг.
1. Паловга сабзини нечоғлиқ текис ва майин тўғралса, ош шунча ширин бўлади. (О.) 2. Ишқилиб умид учқунлари ўчмай, узоқдан бўлса ҳам йилт-йилт кўзга ташланиб турганидан мамнун у. (Ж. Абд.) 3. Туристлар дастлабки беш кун давомида Самарқандда бўлиб, унинг меъморчилик ёдгорликлари ва диққатга сазовор бошқа жойларини томоша қиладилар, шаҳарликларнинг севиб дам оладиган жойларига борадилар. (А. Колбинцев.) 4. Ҳатто айрим жиҳатдан Комилжондан ҳам устунрок томонлари бор эди унинг. (Ж. Абд.) 5. Институтга кириб олиш эса ҳаётида энг катта мукофот ҳисобланарди унга. (Ж. Абд.) 6. Бу кийимида у қандайдир жуда камтар, айни маҳалда бурунгисидан ҳам жозибали бўлиб кўринди менга. (О. Ё.) 7. Ҳақиқат шундай бир нарсаки, у сувга тушса чўкмайди, ўтга тушса ёнмайди. (И. Р.) 8. Моҳидилхон биз билан байрам қилади бугун. (Ж. Абд.) 9. Мард курашда, дўст ташвишда, доно ғазабда синалар. (Мирм.) 10. Юзларидан шарбат томизиб Ётар бунда дўндиқ ҳандалак. (Мирм.)
Do'stlaringiz bilan baham: |