Улгуржи сотиш –бу товарларни келгусида бошқаларга сотиш ёки истеъмол қилиш учун сотилиши. Ушбу савдо турини олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар улгуржи савдо корхоналари деб аталади. Улгуржи савдонинг характерли хусусиятларига қуйидагилар киради:
Товарларни катта партияларда нақдсиз сотилиши;
Ҳар бир сотиш муомаласини албатта счёт-фактура билан қатъий расмийлаштирилиши;
Товарларни фақат омборхоналардан жўнатилиши;
Республикамизда товарларни улгуржи сотилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган «Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини қайд этиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида Низом» га мувофиқ амалга оширилиши лозим.
Чакана сотиш – бу товарларни охирги истеъмолчига сотиш. Ушбу савдо турини олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар чакана савдо корхоналари деб аталади. Чакана савдо корхоналарига овқатланиш корхоналари ҳам тенглаштирилади. Чакана савдонинг характерли хусусиятларига қуйидагилар киради:
Товарларни нақд пулга сотилиши;
Товарларни савдо шаҳобчаларида савдо устамалари билан бирга ҳисобга олиниши;
Товарларни нақдсиз майда улгуржи сотилишини чегараланганлиги;
Ҳар бир товарнинг сотилишини ҳужжатли расмийлаштирилмаслиги, лекинда касса аппарати паттаси билан сотиш суммасини қайд этилиши;
Чакана савдо фаолиятини олиб бориш республикамизда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидалари» тартибга солинган.
21- сон БҲМСда товарлар ҳисобини олиб бориш учун қуйидаги счётлар тизими кўзда тутилган:
2910 «Омбордаги товарлар» – ушбу счёт асосан улгуржи савдо ва овқатланиш корхоналарида товарларнинг сақланиш жойларидаги (омборлардаги) ҳолати ва ҳаракатини акс эттиришга мўлжалланган.
2920 «Чакана савдодаги товарлар» - ушбу счёт чакана савдо ва овқатланиш корхоналарида (магазинлар, киоскалар, буфет ва бошқа шаҳобчалардаги) товарларнинг ҳолати ва ҳаракатини акс эттиришга мўлжалланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |