Мавзу: Жиноят объекти. Жиноятнинг объектив томони


Жиноятнинг обектив томони


Download 256.5 Kb.
bet8/16
Sana23.12.2022
Hajmi256.5 Kb.
#1048279
TuriКодекс
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   16
Bog'liq
3 мавзу Жиноятнинг объекти Жиноятнинг объектив томони 1

Жиноятнинг обектив томони – жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга зарар етказувчи ёки зарар етказишнинг реал хафвига эга бўлган жиноий намоён бўлишнинг ташқи шаклидир. Обектив томон ҳаракат ёки ҳаракатсизлик билан ижтимоий хавфли қилмиш содир этишда, ижтимоий хавфли оқибатда, содир этилган қилмиш ва вужудга келган оқибат ўртасидаги салбий боғланишда ҳамда вақт, жой, усул, шароит, жиноят содир этиш қуроли, воситасида ифодаланиши мумкин.

Масалан, босқинчилик, жиноятнинг обектив томони бўлиб, ўзга шахснинг мулкини ноқонуний эгаллаш мақсадида содир этилган ҳужум билан ифодаланган ҳаракати ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган мисолда босқинчилик мулк, инсон ҳаёти ва соғлиги дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етказади ёки зарар етказишнинг реал хафвини келтириб чиқаради.
Ижтимоий хавфли қилмиш – ҳар қандай жиноят таркибининг зарурий белгиси. Ижтимоий хавфли оқибат ва сабабий боғланиш фақат моддий таркибли жиноятларга хосдир. Бошқа барча белгилар алоҳида таркибларга хос, яъни обектив томоннинг факултатив (қўшимча) белгилари ҳисобланади.
Жиноятнинг обектив томони “ижтимоий хафвга ва ахлоқий ҳамда сиёсий нотўғри таъсир кўрсатадиган жиноий ҳаракатлар обектив ҳолатларининг йиғиндиси бўлиб жиноят қонунида баён этилган жиноятда жиноятнинг обектив белги2” сифатида кўрсатилади. Мазкур таърифда жиноятнинг обектив томони сифатида ҳаракатсизлик ҳамда қилмиш натижасида юзага келадиган оқибат эътиборга олинмаган.
Мазкур ҳолатни ҳисобга олган ҳолда қонун чиқарувчи, биринчи навбатда, жиноятнинг айнан обектив томони белгиларини бирмунча муфассал баён этишга ҳаракат қилади. Жиноятнинг обектив томонини таҳлил қилмасдан туриб шахс содир этган қилмишда жиноят таркиби бор-йўқлиги ҳақида хулоса чиқариш мушкул. Жиноят обектив томонининг ноаниқ баён этилиши жиноий жавобгарликка тортиш чегарасининг асоссиз кенгайишига ёки шахснинг ноқонуний жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин. Суд амалиётида жиноят қонуни билан қўриқланувчи ижтимоий муносабатларга кам аҳамиятли зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари учраб туради. Шу аснода, ЖКнинг 36-моддасида гарчи ЖКда жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлса-да, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жиноят деб топилмаслиги тўғрисидаги қоида мустаҳкамланганлигини эслатиб ўтиш жоиз.
Жиноятнинг обектив томони ҳар бир жиноят содир этилган ҳолларда жиноят таркибининг бошқа элементларида мустақил равишда зарурий белги эканлигини эътироф этган ҳолда унинг якка ўзи мустақил жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлаш лозим. Қилмишни жиноят сифатида баҳолаш учун жиноят таркибининг бошқа элементлари ҳам мавжуд бўлиши керак. Жиноятнинг обектив томони тўғрисида билдирилган фикрларни жамлаган ҳолда унга хос бўлган қуйидаги айрим жиҳатларни қайд этиш муҳим.
Биринчи жиҳат шунда намоён бўладики, обектив томон жиноят содир этилишининг ташқи белгиси, яъни жиноятнинг ташқи ҳолати бўлиб, унда жиноят обектга қаратилган қасднинг обектив белгилари (шартлари)нинг барчаси мужассам бўлади ҳамда жиноят-процессуал қонунчиликда назарда тутилган тартибда аниқланади ҳамда исботланади.
Иккинчи жиҳат шундаки, кўрсатиб ўтилган ҳар бир белгилар ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, у ёки бу жиноятнинг ижтимоий хавфи ҳамда хусусиятини ифодалайди.
Учинчи жиҳат эса муайян жиноятнинг обектив томони белгилари сифатида намоён бўлишида ифодаланади ҳамда бунда тегишли жиноят турининг ҳақиқатда содир этилиши мумкин бўлган чексиз эҳтимолликларни жамлаб кўрсатади. Мазкур жиҳат конкрет жиноят таркибининг обектив томонини жиноятнинг обектив томонидан фарқлаш лозимлигини тақозо этади.
Тўртинчи жиҳат шундаки, жиноят таркибининг обектив томон белгилари ҳуқуқий аҳамиятга эга белгилар бўлиб, биринчидан, улар жиноят қонунида, иккинчидан ЖК Махсус қисми моддалари диспозитсиясида, бланкет диспозитсия бўлганда эса бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бўлади.
Шундай қилиб, обектив томон жиноий хулқ-атворнинг ташқи томонини ифода этиб, ўзида муайян жой, вақт ва шароитни жамлайди. Жиноий қасд шаклланишининг дастлабки босқичи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳисобланади. Моддий таркибли жиноятлар учун асосий белги – ижтимоий хавфли оқибат (қилмиш ҳаракат ёки ҳаракатсизлик шаклида бўлиши мумкин). Моддий таркибли жиноятда жиноятнинг ижтимоий хавфли ҳаракат (ҳаракатсизлик) босқичидан ижтимоий хавфли оқибат юз бергунга қадар бўлган ривожланиш босқичида қилмиш ва оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш жиноят таркиби обектив томонининг зарурий белгиси саналади. Жой, вақт, усул, шароит, жиноят содир этиш қуроли ва воситаси жиноят обектив томонининг факултатив белгилари саналади.



Download 256.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling