Мавзу. Шахс тўҒрисида умумий тушунча. Шахснинг ҳиссий-иродавий соҳаси
Download 66.56 Kb.
|
Билиш маъруза
Ҳиссиётнинг ўзига хослиги.
Ҳиссиётда шахс психикасининг ўзига хос жабҳалари, инсон фаолиятининг айрим жиҳатлари сифатида ҳаракатдаги, теварак-атрофдаги воқеликни одам бош миясида турли-туман шаклда ичдан акс эттирилади. Шунинг учун ҳиссиёт борлиқда содир бўлаётган нарса ва ҳодисалар юзасидан шахс учун аҳамиятли, қадр-қийматли аломатлари туйғусидан дарак берувчи сигналлар системаси тарзида талқин қилинади. Яққол воқеликда сезги аъзоларига таъсир этувчи ҳар хил қўзғовчиларидан баъзи бирлари алоҳидаланади, ўзаро мос тушганлари эса бирлашади, фавқулодда намоён бўла бошлаган ҳис-туйғулар билан улар аралашиб кетади. Бунинг натижасида муайян қўзғовчилар тирик мавжудодлар учун хотиржамлик ёки безовталик сигналига айланади, ҳиссий кечинмалар эса инсоннинг шахсий тажрибасини шакллантирувчи шартли рефлекслар тизимини барқарорлаштирувчи омил тариқасида акс этади. Ҳиссиётнинг бундай тарзда сигнал функциясининг бажариши унинг импрессив (лотинча impessio-сўзидан олинган бўлиб, таассурот деган маъно англатади) жиҳати деб номланишда ўзига хослиги шундаки, ҳиссиёт тасаввур қилинаётган образларга, фикран режалаштирилаётган мақсадларга майл, фаоллик, интилиш уйғотади, шахснинг фаолияти ва хатти-ҳаракатларининг муваққат ёки узлуксиз мотивига айланади. Ушбу физиологик жараённинг моҳиятини тушунтирилишда И. П. Павлов мана бундай ёндашади: тирик мавжудодларнинг табиий муҳитга мослашувида қатъийлашадиган ёки заифлашадиган динамик стереотиплар туфайли ҳиссий ва эмоционал кечинмаларнинг ижобий ёки салбий кўриниши вужудга келади. И.П.Павловнинг талқинича, динамик стереотип-бу ташқи таассуротларнинг маълум таркибда такрорланиши натижасида ҳосил қилинган шартли рефлекслар таъсиридаги нерв боғланишларининг барқарор тизимидир. Тирик мавжудод ҳаёти ва фаолиятида қийинчиликларга, қаршиликларга учраса, динамик стереотип «заифлашуви» юзага келади, бунинг оқибатида салбий эмоционал ҳолатлар, кечинмалар ҳосил бўлади. Ҳис-туйғулар ва эмоционал ҳолатлар кечишининг турли шакллари, кўринишлари нафақат сигнал функциясини бажаради, балки улар шахснинг фаолияти, хулқ-атвори устидан бошқарувчанлик функциясини амалга оширади. Юксак ҳислар бу маънода устувор роль ўйнайди (виждон ҳисси, масъулият ва ватанпарварлик туйғуси, эмпатик, яъни ҳамдардлик кечинмалари ва бошқалар). Ҳатто эмоционал ҳолатлар, ҳодисалар, ҳаракатлар шахснинг тана аъзолари ўзгаришида ўз ифодасини топади ва ички ҳиссий кечинмаларнинг ташқи аломатларини акс эттирувчи муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Овоз оҳанги, суръати, тембри, частотаси ўзгариши, мимика, имо-ишора, пантомимика, организмнинг қизариши, оқариши, нафас олиш ва қон босимидаги беқарор ҳолатлар ихтиёрсиз ёки ихтиёрий, онгли равишда кечишидан қатъи назар эмоциянинг экспрессив (лотинча expressio-деган атамадан олинган бўлиб, ифодалаш деган маънони билдиради) жабҳаси дейилади. Шахс ҳиссиётнинг субъекти ҳисобланиб, мазкур ҳолатнинг намояндаси, уни акс эттирувчи тариқасида оламни англаш, билиш жараёнида ўзининг шахсий фаолиятини (хулқ-атворини) мақсадга мувофиқ амалга ошириш учун ҳиссий кечинмаларни ўзгартириш қудратига эга. Ҳис-туйғулар шахсдан ажралган ҳолда вужудга келмайди, шунинг учун улар ҳиссиёт субъекти билан бирга ҳукм суради, бинобарин, ҳиссий кечинмалар аниқ инсонга тааллуқли бўлади. Инсонда эмоционал таассурот қолдирадиган, юз тузилишида таъбассум ёки қайғу, гоҳо ажабланиш уйғотадиган нарса ва ҳодисалар ҳиссиётнинг объекти бўлиб ҳисобланади. Шахсдаги эмоционал ўзгаришлар унинг ҳаёти ва фаолиятида, шахслараро муносабатида, инсонлар билан муомалага киришишда, айрим ҳолларда бирон бир воқелик тўғрисида хаёл сурганда, армон туйғуси одамга хотиржамлик бермаганида юзага келади. Ҳиссиёт субъектив ички кечинмаларда ифодаланса ҳам уни аниқлаш мумкин, чунки дилдаги қайғу аламлар, афсусланиш, ачиниш, қувониш, ўзидан нолиш, кўз ва юз ҳаракатларидаги безовталаниш, ҳадиксираш, ҳаяжонланиш ташқи тана аъзоларида, нутқ фаолиятида, сустлик, лоқайдлик ҳукмронлик қилганида бевосита ифодаланади. Ҳис-туйғулар ихтиёрсиз равишда вужудга келмайди, шунинг учун улар қатъий равишда детерминациялашган (сабабий боғланган) психофизиологик хусусиятга эгалиги туфайли у ёки бу ташқи кўзғатувчи таъсирига нисбатан муносабат билдириш (жавоб реакцияси) тарзида ҳосил бўлади. Вазият, шарт-шароитлар ҳиссиётнинг механизми тариқасида хизмат қилиши мумкин. Шуни ҳам аниқлаштириш лозимки, вазият ҳам, шароит ҳам табиий (биологик), субъектив (шахслараро муносабат) кўринишларда вужудга келганлиги сабабли ҳиссиётнинг моҳияти, сифати ва шаклига бевосита ўз таъсирини ўтказади. Қаттиқ совуқ, фавқулоддаги чанг-тўзон, хонада ток бўлмаслиги, қўпол муомала, лоқайд муносабат, авторитар хулқ-атвор ва бошқалар вазиятга, шароитга яққол мисол бўла олади. Ҳиссиётнинг ижобий ва салбий сифатларидан ташқари, унинг иккиёқламалик (юнонча amphi иккиёқлама вазифа, лотинча valentia «куч» деган маъно англатиб келади) ва ноаниқликдан иборат асосий хислатлари мавжуддир. Бу руҳий ҳолатларда шахсда иккиланиш ҳоллари, ноаниқ тушуниш муносабатлари акс этади, лекин роҳатланиш билан қаноатланмаслик ҳисларини бир-бирига қўшиш мумкин эмас. Download 66.56 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling