Мавзу. “Суд ва ҳУҚУҚни муҳофаза қилувчи органлар” фани тушунчаси, предмети ва тизими


Download 175.12 Kb.
bet7/7
Sana07.05.2023
Hajmi175.12 Kb.
#1437222
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
Sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlar

Шакли (манбаларнинг тури) бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги турларга бўлинади: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси; Ўзбекистон Республикасининг қонунлари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва норматив-ҳуқуқий мазмунга эга бўлган фармойишлари; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари; вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив- ҳуқуқий ҳужжатлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари уларнинг юридик кучи бўйича таснифланишига асос сифатида хизмат қиладилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича таснифланиши амалдаги қонун кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилади. Барча бошқа масалалар бўйича ҳужжатлар каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар аниқ иерархия тузилишни ташкил этадилар.



ЁДДА САҚЛАНГ!!! Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича қуйидаги иерархияси ўрнатилган:

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;

  2. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

  3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари;

  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг карорлари;

  6. Ўзбекистон республикаси Президентининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган фармойишлари;

  7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

  8. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

7) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий қарорлари.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Конституциянинг иккинчи бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари”, XXII боби “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” ва XXIV боби “Прокуратура” “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар” фани учун энг аҳамиятлидир.
Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатига ва мақомига, шунингдек, ҳужжатларнинг турларига мувофиқ белгиланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига қараганда юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир-бирига тўғри келмаган ҳолларда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.
Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир-бирига тўғри келмаган ҳолларда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирлик, давлат қўмитаси ёки идорасининг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил даражадаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идорасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан бериладиган тушунтиришлар ҳам катта роль ўйнайдилар. Ушбу тушунтиришлар тегишли органларнинг пленум қарорлари шаклида расмийлаштириладилар ва одатда қонунчиликни, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташкил этилишини ва фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тегишли тарзда қўллаш масалалари бўйича кўрсатмаларни акс эттирадилар. Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
Юқорида қайд этилганлар “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар” ўқув курси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисидаги қонунчиликни ўрганиш натижаларига асосланган кенг назарий ва норматив базасига эга бўлганлигидан далолат беради.

мавзу. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти


1. Ҳокимиятлар бўлиниш тизимида суд ҳокимияти. Мустақил Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг ташкил этилиши..
2. Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг босқичлари.
3. Ўзбекистон Республикаси суд тизимининг умумий тавсифи.
4. Суд тизимида бўғин тушунчаси ва турлари.
5. Суд инстанцияси тушунчаси ва турлари.
6. Одил судлов ва унинг демократик принциплари.

Зарурий адабиётлар:


1. “Ўзбекистон Республикасининг судлар тўғрисида”ги Қонуни 2000 йил 14 декабрь,162-II-сон. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 11.03.2020 й., 03/20/607/0279-сон.
2. Рустамбаев М.Х., Тухташева У.А. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар. Олий ўқув юртлари учун дарслик. (Икки жилдли. 1-жилд). –Т.: Илм Зиё, 2011. – С. 36-73.
3. Загорский Г.И., Попов К.И. Судебные и правоохранительные органы. Курс лекций в 2-х томах. Том 1. Судоустройство. – М.: Проспект. 2020. – С.78-101.
4. Суд и государство / Под ред. Л.В.Головко, Б.Матьё. – М.: Статут, 2018. – С.34-41.

2.1. Ҳокимиятлар бўлиниш тизимида суд ҳокимияти.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”. Ҳокимиятлар бўлиниши принципи давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва амалга оширишда давлат ҳокимиятининг органлари бир-бирини тийиб туриши ва мувозанатни сақлаш механизмининг ўрнатилишини назарда тутади, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг мустақил ҳаракат қилишини ва мустаҳкам алоқада ишлашини таъминлайди.
“Суд ҳокимияти” тушунчасининг шаклланиши масаласи алоҳида диққат-эътиборни ўзига қаратади. Суд ҳокимиятини назарий жиҳатдан ўрганиш, жумладан унинг мавжуд бўлиши ёки йўқлиги масаласини аниқлаш, ушбу ҳокимият тармоғини суд тизими билан тенглаштиришга йул қўймаслик зарурати туфайли кийинлашади. Дарҳақиқат, “суд ҳокимияти” тушунчаси кўпинча суд тизими билан тенглаштирилади. Ҳолбуки, суд тизимининг мавжуд бўлиши суд ҳокимиятининг алоҳида ҳокимият тармоғи сифатида мавжудлигини кўрсатмайди. Чунки суд ҳокимиятига таъриф беришнинг зарурий қисмлар сифатида қонун томонидан тақдим этилган ваколатларни амалга оширишда мустақиллик ва эркинлик каби тушунчалар хизмат қилади.
Суд ҳокимиятини муайян вазифани амалга оширадиган ва мустақил фаолият соҳасига эга бўлган ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатида таърифлайдиган қуйидаги белгиларни ажратадилар:
1) суд ҳокимияти тўғрисида гап юритиш инсоннинг “эркинлик ҳудудини” қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар аралашишдан ҳақиқий ҳимоя қилишга имконият берадиган ваколатлар судга тақдим этилган ҳолдагина мумкин;
2) суд тизимида янги сифат пайдо бўлиши, яъни унинг суд ҳокимиятига айланиши, ушбу тизимнинг мустақил ишлаб туриш шартларининг мавжуд бўлишини талаб қилади;
3) суд ҳокимиятининг “автономлиги” фақат нисбий бўлиши мумкин, чунки мазкур ҳокимият бошқа ҳокимиятлар билан ўзаро боғламасдан ўз фаолиятини самарали амалга ошира олмайди: суд томонидан ҳал этиладиган низолар доираси қонун (яъни қонун чиқарувчи ҳокимиятининг қарорлари) билан аниқланади, суд қарорларининг ҳамма учун мажбурий кучини амалга ошириш аксарият ҳолларда ижро этувчи ҳокимият органларининг айрим ҳаракатларини талаб қилади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларда шакллантирилган суд ҳокимиятининг белгилари:
Биринчи белги. Конституциянинг 106-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Суд ҳокимиятининг иккинчи белгиси – ушбу ҳокимият мустақил ишлаб туриш шартларининг мавжуд бўлиши. Мазкур белги махсус ваколатли мустақил орган ҳисобланадиган ва судлар фаолиятини молиявий ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш вазифасини бажарадиган орган ташкил этилиши орқали амалиётга татбиқ этилди.
Суд ҳокимиятининг учинчи белгиси суд ҳокимиятининг “автономлиги” нисбий тусга эгалиги.Бу белги асос қуйидаги икки қисмдан иборат:
1) инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг минимумини мустаҳкамлайдиган халқаро ҳужжатларни давлат томонидан ратификация қилиш ва шу орқали ушбу ҳужжатларни ҳуқуқ манбалар иерархиясининг энг юқори даражасига қўйиш. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 60 тадан ортиқ асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган олтита асосий халқаро шартнома қатнашчисига айланди.
2) судларда конституциявий назорат қилиш вазифаси пайдо бўлиши ва мазкур вазифага асосан суд ҳокимияти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни улар конституцияга зид бўлганлиги сабабли бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлиши. Конституциявий назорат қилиш вазифасини Конституциявий суд амалга оширади. Ушбу суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради ва хулосалар беради.
Юқорида келтирилган суд ҳокимиятининг умумий таърифи мазкур тушунчанинг кўп қиррали эканлигидан далолат беради. Бугунги кунгача суд ҳокимиятининг тушунчаси ва моҳияти, суд ҳокимиятининг ҳокимият тармоқларининг бўлиниши тизимида, хусусан, ҳокимиятлар бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш механизмида ўрни, суд ҳокимиятини амалга оширишнинг шакллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг роли каби масалалар кўплаб тадқиқотларнинг мазмуни сифатида хизмат қилади.
Суд ҳокимияти тушунчасининг айрим таърифлари орасида қуйидаги таърифни ажратиш ўринли.
“Суд ҳокимияти алоҳида процессуал шаклида одил судловни амалга ошириш ва ижро учун мажбурий бўлган қарорларни қабул қилиш орқали жамиятда вужудга келган ҳуқуқий тусдаги низоларни ҳал қилиш бўйича судларга тақдим этилган махсус ваколат ҳисобланади.
Шундай қилиб, суд ҳокимиятининг тушунчаси қуйидаги иккита қисмдан иборат:
- биринчидан, ушбу ҳокимият махсус таъсис қилинган органлар – судлар томонидан амалга оширилади;
- иккинчидан, мазкур органлар фақат уларга хос бўлган ваколатлар ва таъсир чоралар қўллаш имкониятларга эга (белгиланган процессуал шаклларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳамда процессуал ва моддий қонун меъёрларининг талабларига мувофиқ улар ваколатига киритилган ишларни ҳал қилиш бўйича тегишли ваколатлар).
Ушбу белгилар ўзаро алоқали ва ўзаро боғлиқдир, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас.
Ўзбекистон қонунчилигида суд ҳокимияти амалга оширилишининг қуйидаги шакллар мустаҳкамланган:
1. Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриш;
2. Судга қадар иш юритиш устидан назорат қилиш (эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш; амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриш ва б.қ.);
3. Суд ҳужжатларининг (ҳал қилув қарори, ҳукм, ажрим, қарорларнинг) ижро этилишини таъминлашга, шунингдек, ҳақамлик судларининг ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақалари беришга доир ишларни кўриш;
4. Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш;
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш;
6. Судлар фаолиятини ташкилий жиҳатидан таъминлашда, судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этишда иштирок этиш;
7. Одил судловни амалга ошириш. Одил судлов фуқаролик, жиноят, иқтисодий ишларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ва ҳал қилиш орқали амалга оширилади.
Суд ҳокимиятини амалга оширишнинг асосий шакли суд ишларини юритишдир, яъни тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва иш юритишнинг тортишув принципларига асосланган одил судловдир. Одил судлов адолат талабларига жавоб берса ва ҳуқуқларнинг тикланишини таъминлай олса одил сулов бўлади.
Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар (ҳал қилув қарори, ҳукм, ажрим, қарор) барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши шарт (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддаси).
Суд томонидан қабул қилинадиган қарорлар нафақат давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун, балки суднинг ўзи учун ҳам мажбурийдир, суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш фақат апелляция ва кассация тартибида тегишли суд инстанциялари томонидан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

2.2. Мустақил Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг шаклланиши


Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг шаклланиши жараёнини шартли равишда қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин: 1) Россияга қўшиб олинишидан олдин Ўзбекистонда (Туркистонда) суд ҳокимияти; 2) чор Россияси даврида Ўзбекистонда суд ҳокимияти; 3) Октябрь революциясидан сўнг, аммо Ўзбекистон ССР ташкил этилишидан олдин Ўзбекистоннинг (Туркистоннинг) суд ҳокимияти; 4) Ўзбекистон Республикаси СССР таркибига кирган давридаги суд ҳокимияти; 5) Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг суд ҳокимияти.
Суд ҳокимиятининг Ўзбекистон ҳудудида ривожланиши ва шаклланишининг кўрсатилган ҳар бир босқичини қисқача кўриб чиқамиз.
1. Биринчи босқич – Россияга қўшиб олинишидан олдин Ўзбекистонда (Туркистонда) суд ҳокимияти. Россияга қўшиб олинишдан олдин Ўрта Осиё учта феодал давлатлар ўртасида бўлинган эди: Қўқон ва Хива хонликлари ҳамда Бухоро амирлиги.
- Хон ва амир уларнинг ҳокимиятларига хавф туғдирадиган хатти-ҳаракатлар бўйича жиноят ишларини кўриб, суд ҳокимиятини амалга оширишган.
- Қози-калон (қози-куззат), яъни олий судья “одил судловни” амалга оширишда хон ва амирнинг ўнг қўли бўлган. У бир вақтнинг ўзида ҳам диний, ҳам суд ҳокимиятини амалга оширган. Расмий ҳужжатларда у “одил судлов таянчи (устуни)” деб номланган.
- Шариат қонунларига риоя этган қози судлари ҳамда халқ урф-одат нормалари бўйича ўз қарорларини қабул қиладиган бий судлари Ўзбекистон ҳудудида деярли 13 аср давомида ўз фаолиятини амалга оширган.
Қози-калон хонлик, амирликнинг барча қозиларига раҳбарлик қилган. У янги тайинланаётган қозиларнинг номзодларини хон, амирга тасдиқлаш учун тақдим этиш, шунингдек, уларни аттестациядан ўтказиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.
- Қози-калон мураккаб жиноят ва фуқаролик ишларини, шунингдек, хонлик, амирликнинг пойтахти доирасида вужудга келган барча ишларни кўрган. Жойларда суд ҳокимиятини қозилар амалга оширган. Қозилар томонидан ишлар оғзаки ва ошкора кўрилиб, шариат ёзма нормаларига асосан ҳал қилинган, шариат бўйича қозининг қарори устидан бек, хон ёки амирга шикоят қилиш мумкин бўлган.
-тергов ва прокуратура органлари йўқ бўлганлиги сабабли, қози жиноят ишларини ўзи ҳеч қандай дастлабки терговсиз кўриб чиқарди.
- суд вазифаларини қози-аскари (ҳарбий судья) ҳарбий хизматчилар ва бек ҳузуридаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўрган.
Иккинчи босқич – чор Россияси давридаги Ўзбкистонда суд ҳокимияти. 1865 йил 6 августдаги Туркистон вилоятини бошқариш тўғрисидаги вақтинча низом маҳаллий суднинг тузилишига дахлдор бўлган чор ҳукуматининг биринчи ҳужжатидир. Мазкур низомга мувофиқ, қози судлари ҳарбий губернаторларга бўйсундирилган. қози-калон, қози-аскари мансаблари йўқ қилинган ва уларнинг ўрнига аҳоли томонидан уч йилга сайланадиган ягона қозилар суди жорий этилиб, ҳар бир қози участкасининг чегаралари белгиланган.
- Даъвонинг баҳоси 100 рублгача бўлган фуқаролик ишлари участка қози судига тегишли бўлган, қолган жиноят ва фуқаролик ишлари эса вақти-вақти билан йиғиладиган қозилар қурултойларида кўрилган. Қозилар қурултойининг ҳукмлари коллегиал тартибда чиқарилганлиги туфайли узил-кесил бўлиб, уларнинг устидан шикоят қилиш мумкин бўлмаган.
- фуқаролик ишлари бўйича ҳар иккала тараф қарордан норози бўлган ҳолда чор судига мурожаат қилиш имконияти мавжуд бўлган. Оила-никоҳ ишлари бўйича қози судининг қарорлари устидан шикоятлар уезд бошлиғига бериларди, у эса ишни ўзи ҳал қиларди ёки уни ҳарбий губернатор ихтиёрига тақдим этарди.
- 1886 йилдаги Туркестон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги низом билан “қози судлари” деган ном “халқ судлари” деган номга ўзгартирилган. Бироқ, ушбу судлар аввалгидай бий судлари ва қози судларига бўлинарди. Сўнг иккита суд инстанциялари ўрнатилган: “халқ” судьяси ва уезд бошлиғи томонидан чақириладиган “халқ” судьялари қурултойи. Бундан ташқари, уезд бошлиғи ҳукм ёки қарор ижросини тўхтатишга ва вилоят судига шикоят қилиш учун ишни прокурорга юборишга ҳақли бўлган. Яъни иш юқори турувчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилиши учун апелляция шикоятининг мавжудлиги талаб этилмаган. Уезд бошлиғининг қарори ишни юбориш учун фактик асос бўлган.
- “халқ” судларининг ҳукмлари ва қарорлари устидан уезд бошлиғига шикоят қилиш мумкин эди, у эса ҳукм ёки қарор ижросини тўхтатишга ҳақли бўлиб, шикоятни, ўз навбатида, “халқ” судьялари қурултойига кўриб чиқиш учун тақдим этарди. Қурултой муайян тумандаги судьяларнинг учдан икки қисмидан иборат бўлган. Шундай қилиб, “халқ” судьялари қурултойи фактик апелляция инстанцияси бўлган. Қурултой ҳуқуқлари доирасидан чиқмаган ҳолда қабул қилинган қурултой қарорлари узил-кесил бўлган.
- 1867 йилда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида биринчи чор судлари ташкил этилган. Уезд судлари биринчи инстанция судлари бўлган ва келиштирувчи судьяларининг ҳуқуқларидан фойдаланган. Ҳукмлар узил-кесил ва узил-кесил бўлмаган тоифаларга бўлинарди. Уезд судьяларининг узил-кесил бўлмаган ҳукм ва қарорлар устидан вилоят бошқармаларга шикоят қилинарди.
- Вилоят бошқармалар вилоят судларнинг ташкил этилишига қадар суд вазифаларини бажарарди. Улар суд сифатида уезд судьяларининг ишларини апелляция тартибида кўрарди.
- 1867 йилдаги низом лойиҳаси бўйича вилоят маҳкамаларининг қарор ва ҳукмлари устидан берилган апелляция шикоятлари сенат томонидан кўриларди. Бироқ Туркистон генерал-губернатори 1878 йилда ҳақамлик қурултойи ҳуқуқлари асосида қабул қилинган вилоят маҳкамаларининг қарорларини кассация тартибида кўриш ҳуқуқини ноқонуний равишда эгаллади. Генерал-губернатор девонхонасининг хизматчилари ишларнинг кассация тартибида кўрилишининг мазмунини ўзлаштирмаган бўлиб, бутунлай тўғри бўлган қарорларни бекор қилиш тўғрисидаги билдиргиларни тайёрларди, нотўғри қарорлар устидан берилган кассация шикоятларини эса оқибатларсиз қолдирарди.
- Генерал-губернатор вилоят маҳкаманинг қарорларини бекор қилганида ишни такрорий кўриш учун суд таркибини ўзи тайинларди. Таъсис этилган вақтинчалик ҳарбий-суд комиссиялари ҳарбий ва умумий жиноят ишлари бўйича қарор қабул қиларди. Уларнинг ҳукмлари устидан шикоят қилиш мумкин эмас эди.
- Келиштирувчи судлари ҳар бир уезд ва Тошкент шаҳарда таъсис этиларди. Асосан улар диний, сиёсий, мансаб жиноятлар, бошқарув тартибига қарши жиноятлар, одам ўлдириш, босқинчилик ва ҳ.к. жиноятлар бўйича рус ва маҳаллий аҳолининг вакилларини айблаш юзасидан ишларни кўрарди.
Келиштирувчи судларининг ҳукм ва қарорлари устидан апелляция шикоятлари ва прокурор протести, шунингдек, хусусий шикоятлар вилоят судига бериларди.
- Вилоят судлари суд палатаси ва келиштирувчи судлар қурултойининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида бирлаштирарди. Вилоят судлари олдин вилоят маҳкамалари ва келиштирувчи судлар қурултойлари судловига тегишли бўлган барча ишларни қўрарди. Бундан ташқари, уларга маҳаллий аҳолининг қози ва бий судлари ҳукм ва қарорларини бекор қилиш ҳуқуқи тақдим этилган.
- 1898 йилда Туркистонда 1864 йилдаги Суд низомлари жорий этилган. Суд низомларини қўллаш тўғрисидаги вақтинчалик қоидаларига мувофиқ, участка ва қўшимча келиштирувчи судлари; округ судлари; суд палатаси таъсис этилган.
- Участка ва қўшимча келиштирувчи судлари судловга тегишлилиги жиноят ва фуқаролик суд иш юритувининг низомлари билан белгиланадиган жиноят ва фуқаролик ишларини қўрарди. Аҳвол ҳуқуқидан маҳрум этишга ёки уни чеклашга олиб келмайдиган жиноят ва ножўя ҳаракатлар тўғрисидаги ишлар келиштирувчи судья томонидан кўриларди. Уларнинг қарорлари устидан протест ва шикоятлар округ судига бериларди.
- Округ судлари ишларни биринчи инстанция суди сифатида кўрарди. Ишлар маслаҳатчилар иштирокида кўриларди, маслаҳатчилар сифатида эса фахрий участка ва қўшимча келиштирувчи судьялар таклиф этилиши мумкин эди. Округ суди томонидан биринчи инстанция сифатида кўрилган ишлар бўйича апелляция инстанцияси суд палатаси бўлган.
- Суд палатаси 1899 йил 14 майда Тошкентда ташкил этилган. У биринчи инстанция суди сифатида қонунга мувофиқ, унинг судловига тегишли бўлган жиноят ва фуқаролик ишларининг энг муҳим тоифаларини кўрган. Участка судлари томонидан кўрилган ишлар бўйича суд палатаси кассация инстанцияси вазифаларини бажарарди. Келиштирувчи судьяларнинг қурултойи сифатида чиқарилган округ судларининг узил-кесил қарор ва ҳукмлари устидан берилган протест ва шикоятлар юзасидан ишларни кўриш бўйича сенатнинг вазифалари ҳам суд палатасига юклатилган эди. Суд палатаси катта раис, учта подшолик судьялар ва учта маҳаллий фахрий келиштирувчи судьялардан иборат бўлган.
3. Учинчи босқич – Октябрь революциясидан сўнг, Ўзбекистон ССР ташкил этилишидан олдин Ўзбекистоннинг (Туркистоннинг) суд ҳокимияти. 1921 йилдан бошлаб РКП(б) МК кўрсатмаларига асосан, Туркистонда қози судлари институтининг қисман тикланиши бошланди.
- 1921 йил 6 октябрдаги Қози суди тўғрисидаги низомга мувофиқ Фарғона вилоятида ягона халқ суди билан бирга қози судлари ҳам легаллаштирилган. Мазкур судларнинг биринчи инстанцияси ишларни якка тартибда кўрган қози бўлган. Иккинчи - апелляция инстанцияси 2-5 кишидан иборат бўлган қозилар қурултойи, кассация инстанцияси эса (қози қурултойи қарорлари устидан кассация тартибда шикоят қилиш учун) вилоят ёки уезд адлия бўлимининг тақдимномаси бўйича ёки хулосаси билан ишларни кўрган исполком раёсати бўлган. Низомга биноан, қози тарафларнинг вужудга келган низони шариат бўйича ҳал қилинишига рози бўлганлиги ҳақидаги ёзма аризаси бўйича ишларни кўришга ҳақли эди. Тарафларнинг бири низо ушбу тартибда кўриб чиқилишига рози бўлмаган ҳолда судловга тегишлилик ҳақидаги масала қарори узил-кесил ҳисобланган алоҳида комиссияга ҳал қилиш учун тақдим этилиши мумкин эди. Кейинчалик халқ қозилари ва халқ бийларининг қарор ва ҳукмлари устидан берилган шикоятларни кўрадиган апелляция инстанцияси халқ қозилари ва халқ бийларининг қурултойи, кассация инстанцияси эса халқ судлари кенгашининг мусулмон бўлими (маҳкамаишария) бўлган. Шикоят қилиш учун белгиланган муддат қарор ёки ҳукм чиқарилган кундан бошлаб 15 кунлик муддатни ташкил этарди. Бироқ ушбу тизим узоқ амал қилмаган эди. 1924 йилда апелляция тўлиқ бекор қилинган эди, 1928 йилда эса қози судлари ҳам бекор қилинган эди.
- Туркистон АССРнинг 1923 йилдаги Суд тузилиши тўғрисидаги низомга асосан, Туркистон ҳудудида қуйидаги суд тизими амал қилган эди: 1) ишларни якка тартибда ёки иккита халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрган халқ суди; 2) вилоят суди;
3) РСФСР Олий судининг бўлинмаси.
- Халқ суди суд тизимининг асосий бўғин бўлиб, жиноят ва фуқаролик ишларининг асосий қисмини кўрарди.
- Вилоят суди халқ судларининг ишлари бўйича кассация инстанцияси вазифаларини бажарарди ҳамда вилоятдаги барча суд-тергов муассасаларига раҳбарлик қиларди. У биринчи инстанция суди сифатида олдин халқ судлари томонидан олтита халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрилган энг муҳим жиноят ва фуқаролик ишларини кўрарди.
- РСФСР Олий судининг Туркистон бўлинмаси қуйидаги таркибда фаолият юритган эди: бўлинма раёсати; жиноят ишлари бўйича кассация коллегияси ва жиноят ишлари бўйича суд коллегияси. Унинг вазифаларига қуйидагилар кирарди: Олий суд бўлинмасининг аъзолари ўртасида мажбуриятларни тақсимлаш; суд коллегиясида кўрилаётган айрим ишлар бўича махсус суд таркибларини тайинлаш; коллегияларнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, Олий суд бўлинмаси бўйича ҳисоботларни тайёрлаш; республика прокурори таклифлари бўйича вилоят судларида махсус тафтиш ўтказилишини тайинлаш ва ушбу тафтишлар натижаларини тинглаш; Олий суд бўлинмасининг аъзолари, вилоят судларининг раислари, уларнинг ўринбосарларига нисбатан тафтишлар натижалари ёки республика прокурорининг алоҳида хабарлари бўйича интизомий ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш.
- Кассация коллегияси иккинчи инстанция суди сифатида фақатгина вилоят судлари томонидан кўрилган жиноят ишларини кўрарди. Жиноят ишлари бўйича суд коллегияси биринчи инстанция суди сифатида алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган ишларни кўрарди. Фуқаролик ишлари вилоят судлари томонидан кўриларди. Уларнинг қарорлари устидан берилган шикоят ва протестлар бевосита РСФСР Олий судига юбориларди. Таъкидлаб ўтамиз, РСФСР Олий судининг Туркистон бўлинмаси тузилмасида Пленум йўқ эди, унинг вазифалари РСФСР Олий суди ваколатига киритилган эди.
- Муайян иш тоифаларини кўриб чиқиш учун махсус судлар, яъни ҳарбий трибуналлар; халқ судларининг алоҳида меҳнат сессиялари, ер комиссиялари ва арбитраж комиссияси ташкил этилиши ҳам низомда назарда тутилган эди.
Тўртинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси СССР таркибига кирган давридаги суд ҳокимияти.
- Янги ташкил этилган вилоятларда (Тошкент, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм), шунингдек, олдиндан бўлган Самарқанд ва Фарғона вилоятларида вилоят судлари таъсис этилган.
- 1922 йилдаги РСФСРнинг суд тузилиши тўғрисидаги низомга мувофиқ янги ташкил этилган ЎзССР Олий суди ва вилоят судлари ўз фаолиятини бошлаган эди.
- ЎзССР Олий суди қуйидаги таркибда ўз фаолиятини юритган эди: ялпи мажлиснинг раёсати, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича кассация коллегияси, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд коллегияси ва интизомий коллегия.
- Халқ судлари ҳам мавжуд бўлган, улар миллий-давлат чегаралаш жараёнининг бошида иккита бир-биридан кескин фарқланадиган гуруҳларга бўлинган эди:
1) олдин Туркестон республикасига кирган вилоятларнинг (Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларининг) халқ судлари; 2) Ўзбекистонга янги қўшилган вилоятларнинг халқ судлари. Биринчи гуруҳдаги судлар яхшироқ суд аппарати билан фарқ қиладиган бўлса, иккинчи гуруҳдаги судларнинг фаолияти мазкур вилоятларда аҳолига муҳим таъсир ўтказадиган қози судларининг катта сони туфайли бошида қийнчиликларга дуч келди.
- 1926 йилдаги ЎзССРнинг суд тузилиши тўғрисидаги низом. ЎзССРда вилоятлар ўрнига округлар ташкил этилиши муносабати билан вилоят судлари тугатилган ва улар ўрнига округ судлари ташкил этилган.
СССР ва союз республикаларида суд тузилиши асосларининг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, низом ЎзССР ҳудудида қуйидаги ягона суд тизимини ўрнатган эди:
1) халқ суди;
2) округ суди;
3) Олий суд.
Бундан ташқари, махсус суд таркибини ва кўриб чиқиш махсус тартибини талаб қиладиган алоҳида тоифали ишларни кўриб чиқиш учун махсус суд-маъмурий органлар, яъни халқ судининг меҳнат сессиялар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва суд-ер комиссиялар ташкил этилиши низомда назарда тутилган эди. Ҳарбий жиноятлар тўғрисидаги ишлар махсус низомга асосан ўз фаолиятини юритган Ҳарбий трибуналлар томонидан қўриб чиқиларди. Давлат муассасалари ва корхоналари ўртасидаги низолар арбитраж комиссиялари томонидан қўриб чиқиларди.
Халқ суди ягона суд тизимининг асосий бўғини бўлган.
- Округ судлари: а) округнинг суд маркази ва у қарамоғидаги халқ судларига нисбатан суд бошқаруви органи сифатида; б) халқ судлари учун кассация ва тафтиш инстанцияси сифатида; в) қонун билан уларнинг ваколатига киритилган ишлар бўйича биринчи инстанция суди сифатида фаолиятни юритган эдилар.
Округ судлари раёсат ва пленумга эга бўлганликлари уларнинг ўзига хос хусусиятидир.
- 1926 йилдаги низом туман (уездлар)да олдин бўлмаган округ судининг вакиллари институтини назарда тутган эди. Ушбу институт ташкил этилишининг мақсади округ суди ва унга бўйсунувчи маҳаллий органлар ўртасидаги алоқани таъминлаш ва маъмурий-молия бошқарувга оид зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўлган. Вакиллар туман (уезд) судьялари орасидан округ судининг пленуми томонидан тайинланарди ва округ суди аъзолари ҳуқуқларига эга бўларди.
ЎзССР Олий суди республиканинг олий суд органи бўлиб, раёсат, пленум, судлов ва кассация бўлинмаларига бўлинадиган жиноят ва фуқаролик бўлимлари ҳамда интизомий коллегиядан иборат бўлган.
Шундай қилиб, республика суд органларининг ташкил этилиши ва тизими СССР ва союз республикаларининг суд тузилиши умумиттифоқ асослари ва ЎзССРнинг суд тузилиши тўғрисидаги низомлар билан тартибга солинган. Таъкидлаш лозим, суд бошқарувига раҳбарлик қилиш бўйича барча ишлар Адлия халқ комиссариати томонидан мазкур комиссариатнинг суд йўналиши бўйича ўринбосарининг бевосита раҳбарлигида амалга ошириларди. Умумий тусдаги директив кўрсатмалар Адлия халқ комиссариати томонидан Олий суд орқали ёки Олий суд томонидан Адлия халқ комиссариати санкцияси билан бериларди. Суд фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш ва ягона суд амалиётини таъминлаш Олий суд зиммасига юклатилган эди, у эса мазкур вазифаларни айрим суд ҳукм ва қарорларини қайта кўриб чиқиш ва аниқ ишлар бўйича тушунтиришлар бериш орқали бажарган эди.
- 1931 йилдаги ЎзССРнинг суд тузилиши тўғрисидаги низом. ЎзССР ЦИКнинг 1930 йил 17 августдаги қарори билан республиканинг округларга бўлиниши тизими бекор қилиниб, бошқарувнинг иккита звеноли тизими (туман ва марказ) ўрнатилган эди. Шу муносабат билан, округ судлари, округ судининг туман (уезд) вакиллари тугатилган эли.
Барча суд участкалари туман марказида тўпланган эди, судьяларнинг бири эса бошқа халқ судьяларининг ишига раҳбарлик қилиш учун катта сифатида тайинланган эди.
Шундай қилиб, ЎзССРда иккита звеноли суд тизими барпо этилган. Халқ судлари учун кассация ва назорат инстанциялари вазифаларини ЎзССР Олий суди бажарарди. Ушбу ўзгартиришлар муносабати билан 1931 йил 20 июлда ЎзССРнинг суд тузилиши тўғрисидаги низом янги таҳрирда қабул қилиниб, 1926 йилдаги низом чиқарилганидан сўнг қабул қилинган суд тузилиши тўғрисидаги барча қонунларни бирлаштирди.
1934 йил 10 июлда СССР ЦИК Қарори билан революцияга қарши жиноятлар тўғрисидаги айрим тоифали ишларни қўриб чиқишга ҳақли бўлган ОГПУ бекор қилинган эди ва ЎзССР Олий суди ҳузурида махсус ишлар бўйича коллегия ташкил этилган. Ватанга хоинлик қилиш, жосуслик, террор, қўпорувчилик каби энг оғир жиноятлар тўғрисидаги ишлар Ҳарбий Трибуналлар томонидан кўриларди.
ЎзССР ЦИК ва СНКнинг 1934 йил 10 ноябрдаги қарорига мувофиқ, ЎзССР ҳузурида сув транспорти бўйича суд коллегияси, шунингдек, Термиз ва Янги Урганчда сув-транспорт судлари ташкил этилган.
- 1938 йилдаги Суд тузилиши тўғрисидаги Қонун. “СССР, иттифоқдош республикалар ва автоном республикаларининг суд тузилиши тўғрисида”ги СССР Қонуни бўйича Ўзбекистонда қуйидаги суд тизими амал қилишни бошлаган:
1. ЎзССР Олий суди;
2. Қорақалпоқ АССР Олий суди;
3. Вилоят судлари;
4. Халқ судлари.
Олий суд ЎзССР ва Қорақалпоқ АССР барча суд органларининг суд фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи республика олий суд органи ҳисобланган эди. У республика Олий Кенгаши томонидан беш йил муддатга сайланадиган раис, унинг иккита ўринбосари, суд аъзолари ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлган эди. Олий суд қуйидаги таркибда ўз фаолиятини юритган эди: раёсат, жиноят ишлари бўйича суд коллегияси, фуқаролик ишлари бўйича суд коллегияси, интизомий ишлар бўйича суд коллегияси.
Кейинги бўғин – вилоят судлари – раис, унинг ўринбосарлари, суд аъзолари, халқ маслаҳатчилари, Раёсат ва учта коллегиялардан (жиноят, фуқаролик ва интизомий ишлар бўйича) иборат бўлган эдилар.
Халқ судлари суд тизимининг асосий бўғини бўлиб, ҳар бир маъмурий туманда ташкил этилган ҳамда жиноят ва фуқаролик ишларининг аксариятини кўрган эдилар.
Кўриб чиқилаётган босқичнинг сўнгги даврида, яъни Ўзбекистон кўп ўн йилликлар давомида СССР таркибига кирган пайтида давлатимиз ҳудудида КПСС тазйиқи устида бўлган ҳуқуқий тизим амал қилган эди. Тарих кўрсатмоқда, октябрь тўнтарилишдан сўнг ўрнатилган совет суд тизими жазоловчи тусга эга бўлиб, КПСС ва ижро этувчи ҳокимиятнинг қўлларида жиноят репрессияларини амалга ошириш воситаси бўлган, албатта, бу ҳолат судьяларнинг одил судловни амалга оширишда мустақиллигига ҳам тўсқинлик қилган. Табиийки, судьяларнинг мустақиллиги ва демократик одил судловнинг йўқлиги ўша пайтда ҳукм сурган оммавий қонун бузилишларига олиб келди. Судлар ва уларнинг фаолиятига партия раҳбарлик қилган, у ёпиқ суд мажлисларида айбдорларни жазолаб, “ўз адолатини” ўрнатган эди. Айниқса, вилоят НКВД бошқармаси, вилоят партия кўмитаси биринчи котиби ва вилоят прокуроридан иборат бўлган ҳамда суд ва терговсиз минглаб одамларни отиб ўлдиришига хукм қилиши мумкин бўлган “учликлар” ва “иккиликлар” ачинарли машҳурликка эга бўлди. Тарих саҳифалари ўша пайтда ҳукм сурган қонун бузилишларининг ва ҳуқуқ нормаларига риоя қилмасликнинг сонсиз мисолларини сақлаб турибди.
Ўзбекистон совет социалистик республикаси бўлган пайтида суд мансаблари номенклатура тартибида эгалланганлиги, судьялар эса партия ва Советларнинг тўлиқ қарамлигида бўлганлиги ўша даврда ҳақиқий суд ҳокимияти йўқлигидан далолат беради. “Телефон ҳуқуқи” (телефон орқали ҳукм ёки қарорлар бўйича келишиш) устунлик қилган эди: суд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимининг таркибий қисми бўлиб, жиноятчиликнинг ҳолати учун улар билан масъулиятни бўлган ва дастлабки терговнинг сифатига юқори талаблар қўйилмас эди, айбланувчи ва жабрланувчи манфаатлари, ўз навбатида, лозим даражада ҳимоя қилинмаган эди. Табиийки, ушбу шароитда қонунийлик, ҳукмларнинг асослилиги ва адолатлилиги, айниқса, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишининг самарадорлиги тўғрисида гап юритишга ҳеч қандай асос йўқ эди.
Бешинчи босқич – Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг суд ҳокимияти. Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш мустақил суд ҳокимиятининг ташкил топишда устувор вазифа бўлди. Бунинг ҳуқуқий асоси сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судлар фаолиятининг принциплари ва суд тизимининг ташкил этилиши каби масалаларни тартибга солган Асосий қонун хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда кабул қилинди. Мазкур қонунга мувофиқ судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш (сайлаш)нинг самарали ва демократик механизми барпо этилди, умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви қонуний мустаҳкамланди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди.
Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотининг турли босқичларида бир қатор қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг қабул қилиниши суд ҳокимияти шаклланилишига йўналтирилган эди. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда), Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Жиноят, Фуқаролик, Меҳнат, Оила, Уй-жой кодекслари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг таркибини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонлари. Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти жараёнида бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди, жумладан: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясини тузиш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси судлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом ва бошқалар. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга, суд ва суд ходимларининг обрўсини оширишга, шунингдек, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва суд органларини кадрлар билан таъминлашга йўналтирилган.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади
Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг биринчи навбатдаги мақсади инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашдир. Суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини ва давлатда ижтимоий барқарорлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадини кўзда тутган суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш; жиноятга оид сиёсатни либераллаштириш; ишларни судда кўрилишининг процессуал тартибини такомиллаштириш; суд орқали ҳимояланишнинг кафолатларини кучайтириш ва судга мурожаат қилиш эркинлигини таъминлаш; инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолиятини такомиллаштириш; аҳолини ҳуқуқий тарбиялаш соҳасидаги фаолиятни яхшилаш, унинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий ахборотнинг кенг майдонини яратиш юқорида қайд этилган вазифаларни бажариш воситалари сифатида хизмат қиладилар.
Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари даври: учта босқичга ажратилади: дастлабки босқич – 1991-2000 йй., иккинчи босқич – 2001-2008 йй., учинчи босқич – 2008-2015 йй., тўртинчи босқич 2016 йилдан ҳозирги кунгача бўлган давр.
1. Ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш билан боғлиқ биринчи галдаги ислоҳот ва ўзгаришларни ўз ичига олган дастлабки босқич – 1991-2000 йиллар.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотининг биринчи босқичида (1991-2000 йиллар) суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг миллий стратегияси белгиланди ва унинг конституциявий ҳуқуқий асослари яратилди. Судларни жазоловчи ва фақат давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи органдан қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи органга айлантиришга қаратилган яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди ва муваффақиятли ҳал этилди. Конституциявий суд, Олий суд, умумий юрисдикция судлари, хўжалик судлари жорий этилди. Жиноят, жиноят-процессуал, суд-ҳуқуқ ва бошқа йўналишларнинг қонунчилик асосини ташкил этувчи база яратилди.
Ушбу мақсадда “Прокуратура тўғрисида”ги (1992 й.) ва “Судлар тўғрисида”ги қонунлар, Хўжалик процессуал кодекс (1993 й.), Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (1994 й.), “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги (1995 й.) қонунлари, Фуқаролик кодекси (1995-1996 йиллар), Фуқаролик процессуал ва Жиноят-ижроия кодекслари, Хўжалик процессуал кодекси (янги таҳрир), “Адвокатура тўғрисида”ги (1997 й.) ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлари (1998 й.), Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг таркибини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Хўжалик судларининг қарорлари ижросини таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ва бошқа бир қатор қонуности ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу давр ичида Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси ва Судьялар Ассоциацияси ташкил қилинди.
2. Суд-ҳуқуқ ислоҳотининг иккинчи босқичи 2001 йилдан 2008 йилгача бўлган давр (фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш даври)ни ўз ичига қамраб олади. Мустақил суд тизимини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ушбу босқичнинг энг муҳим дастурий вазифаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан суд тизимининг демократик асосларини ислоҳ қилиш ва янада чуқурлаштириш, суд ишларининг адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш ҳамда умумий юрисдикция судларнинг ихтисослашувини амалга ошириш мақсадида, 2001 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси 2000 йил 14 декабрдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилиниши биринчи босқичининг баркамол ниҳояси бўлди. Мазкур қонун суд ҳокимияти мустақиллиги ва эркинлигининг, унинг самарадорлигининг принципиал бошқача ва фундаментал кафолатларини акс эттирди. Ушбу қонунга мувофиқ, судья кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали ва демократик ҳуқуқий механизми яратилди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларнинг ихтисослашуви қонуний мустаҳкамланди ва амалга оширилди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимизнинг суд тизимини ислоҳ қилиш йўлида муҳим қадам бўлди. Қонун мустақиллик даврида суд-ҳуқуқ соҳасида йиғилган тажриба маҳсули бўлиб, суд фаолиятини янада такомиллаштириш ва демократлаштириш учун шароит яратди.
Бунинг натижасида мамлакатимизда замонавий демократия талабларига жавоб бера оладиган суд тизими шаклланди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонун (2001 й.) қабул қилинди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти органларининг суд ижрочилари зиммасига юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга киритилган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни (2001 й.).
Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрирда, 2001 й.). Қонуннинг янги таҳририга прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, асосий йўналишлари ва принципларини белгилайдиган нормалар киритилди. Прокуратура органларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини тартибга солувчи норма ҳам илк бор киритилди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси тўғрисида”ги фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси умумий юрисдикция судларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
3. Учинчи босқич 2008 йилдан 2015 йилгача бўлган даврни ўз ичига қамраб олади. Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида 2008 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган қонуннинг концептуал қоидаларини белгилади. 2008 йил 23 июнда давлатимизнинг раҳбари томонидан Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
2008 йил 23 декабрда “Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинган. Ушбу Қонун амнистия актини қўллаш бўйича суд тартибини белгилайди, бу эса ишни судга қадар юритиш устидан суд назорати соҳасини кенгайтиришга имкон беради.
Тўртинчи босқич 2016 йилдан бугунги кунга қадар бўлган босқич. Мазкур босқичда қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 июль 2020 йилдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034- сонли Фармони мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилгандир.
Барчамизга маълумки, ҳозирга қадар вилоят даражасида фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича, маьмурий ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар мавжуд эди. Мазкур Фармон билан мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Ушбу фармон ва бир қанча қонунларга киритилаётган ўзгартиришлар натижаси ўлароқ, мустақиллик принципи судларга ҳуқуқ беради ва шу билан бирга улардан суд муҳокамасини адолатли ўтказишни, суд жараёнида қабул қилинаётган қарорларнинг одилона бўлиши ҳамда тарафларнинг ҳуқуқларига риоя қилишни талаб қилади.
Олий суд томонидан Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга асосан бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:
суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишини умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
Шунингдек, бир қанча тартибларни ҳам жорий этиш ушбу Фармонда ўз аксини топди. Хусусан, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстнция суди сифатида чиқарилган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
Апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
~ қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ низоларни ҳал этиш масалалари ҳам ўз ифодасини топди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

2.3. Ўзбекистон Республикаси суд тизимининг умумий таърифи


Суд ҳокимиятини амалга ошириш вазифаси ташкил этилган махсус орган - судларнинг зиммасига юклатилган. Судлар ягона тизимини ташкил қиладилар. Ўзбекистон Республикасида суд тизимини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Судлар тўғрисида”ги Қонуни белгилайди. Ўзбекистонда суд ҳокимияти фақат судларга, яъни уларнинг вакиллари бўлган судьяларга ва одил судловни амалга ошириш жараёнига қонунда белгиланган тартибда жалб қилинадиган халк вакилларига, яъни халқ маслаҳатчиларига тақдим этилади. Суд ҳокимият ваколатлари бошқа органлар ёки шахслар томонидан ўзлаштирилиши қонун томонидан ман этилади.


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси суд тизимининг ҳуқуқий асосини белгилайди. Конституциянинг 107-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат.

Суд тизими


Ўзбекистон Республикасида:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади.

Конституциявий суд ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунида белгиланган. Умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунида белгиланган.


Ўзбекистон Республикасида фавқулодда судлар тузиш Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги Қонуни билан тақиқланади. Қонунга асосан одил судловнинг самарадорлигини ва тезкорлигини, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.

2.5. Суд тизими бўғини ва суд инстанцияси тушунчаси


Фуқаролик, жиноят ва маъмурий суд ишлари умумий юрисдикция судларида кўриб чиқилади. Умумий юрисдикция судлари тизимининг ташкилий асослари Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунида мустаҳамланган. Ўзбекистон Республикасининг суд тизими унинг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишига мос бўлиб, таркибий жиҳатдан туман, вилоят ва республика бўғинларидан иборат.


Суд тизимининг бўғини – бу Ўзбекистон Республикасининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ ташкил этилган ҳамда бир хил ваколатларга эга бўлган бир турдаги судлар мажмуисидир.


“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, умумий юрисдикция судлари тизими учта бўғиндан иборат:
1) асосий бўғин – фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
2) ўрта бўғин – Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари;
3) олий бўғин – Ўзбекистон Республикаси Олий суди.
Айнан шу тарзда умумий юрисдикция судлари тизимига кирувчи ҳарбий судлар ҳам бўлинади:
1) асосий бўғин – округ ва ҳудудий ҳарбий судлари;
2) ўрта бўғин – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди;
3) олий бўғин – Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати.
Умумий юрисдикция судларидан фарқли равишда хўжалик судлари учта бўғин ўрнига иккита бўғиндан иборат тузилмага эга:
1) асосий бўғин – Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари;
2) олий бўғин – Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди.
Агарда “бўғин” тушунчаси умумий юрисдикция судлари тизимини ташкилий тузилиши нуқтаи назаридан таърифлаган бўлса, “инстанция” тушунчаси мазкур тизимни у томонидан бажарилаётган вазифалар нуқтаи назаридан таърифлайди.

Суд ишларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган айрим судлов вазифасини (ишнинг мазмуни бўйича қарор қабул қилиш, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш) бажарувчи суд (ёки унинг таркибий бўлинмаси) суд инстацияси ҳисобланади.


Суд инстанциялари қуйидаги турларга бўлинади: биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари.
Ўзбекистон Республикаси умумий юрисдикция судларининг ҳар бири ишларни биринчи инстанция суди сифатида кўриши мумкин. Ваколати қонунда белгиланган биринчи инстанция суди сифатида муайян ишни кўриш жараёнида судлар мазкур ишнинг мазмуни бўйича қарор қабул қилишга ҳақли. Агарда жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судланувчининг жиноят содир этишда айбли ёки айбсизлиги, шунингдек, жазо қўллаш зарурлиги ва жазонинг тури ва меъёрини белгилаш ҳақидаги масалаларни ҳал қилиши лозим бўлса, фуқаролик ишларида мазмунан бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар доирасига тақдим этилган даъвонинг исботланганлиги ёки исботланмаганлиги ҳамда рўй берадиган юридик оқибатлар ҳақидаги масалалар киради.
Ўрта ва олий звенога кирувчи судлар, яъни Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари; Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳайъатлари апелляция ва кассация инстанция судининг ваколатларига эга. Апелляция ва кассация инстанция судлари сифатида қайд этилган судлар биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан берилган шикоятларни ва билдирилган протестларни кўриб чиқадилар. Апелляция инстанцияси судида қонуний кучга кирмаган суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги текширилади, қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган суднинг қарорлари (ҳукмлари) устидан эса кассация инстанция судига шикоят қилиш мумкин.
Ҳукмлар ва бошқа суд қарорлари апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилганидан сўнг протест бериш ҳуқуқига эга бўлган суд раиси, прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари томонидан билдирилган протестларга асосан мазкур қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги назорат инстанция суди томонидан текширилади. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳайъатлари ва Раёсати ишларни назорат тартибида кўриш ваколатига эга. Назорат тартибида иш юритиш учун апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ва қонуний кучга кирган ҳукм, ажримнинг (карорнинг) мавжуд бўлишидан ташқари, тегишли мансабдор шахслар алоҳида қарорга келишлари шарт бўлганлиги сабабли, мазкур тартибда иш юритиш апелляция ёки кассация тартибида иш юритишдан фарқ қилади. Яъни махсус ваколатли мансабдор шахс (юқори турувчи судининг раиси ёки прокурор) назорат тартибида ишни кўриб чиқиш зарурлиги ҳақидаги алоҳида қарорга келган тақдирганида ишнинг назорат тартибида (шунингдек янги очилган ҳолатлар муносабати билан) кўриб чиқилишига йўл қўйилади.

2.6 Одил судлов ва унинг демократик принциплари.


Одил судлов тушунчаси. Суд ҳокимиятининг энг асосий вазифаси – одил судловни амалга оширишдир. “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.


Одил судлов – бу суд ва фақат суднинг фаолияти.


Бу одил судлов суд ҳокимиятининг мутлақ ваколати эканлигини англатади.


Одил судлов турли низоларни ҳал қилиш воситаси ва жамият субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ижтимоий куч бўлиб, ушбу муносабатларнинг ҳуқуқий нормаларга мувофиқлигини таъминлайди.
Маълумот учун!!! Одил судлов ўз шакли ва мазмуни бўйича ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирадиган бир неча маънода кўрилиши мумкин:
1) давлат фаолиятининг тури сифатида;
2) суд ҳокимиятининг ваколати сифатида;
3) ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг йўналишларидан (функцияларидан) бири сифатида. Одил судлов ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида қуйидаги белгилар билан таърифланади:
1) одил судлов фақат махсус ваколатли давлат органлари бўлган судлар томонидан амалга оширилади.
2) одил судлов, шахс, жамият, давлат ҳуқуқларини жиноий ва бошқа тажовузлардан ҳимоя қилиш мақсадини кўзда тутади.
3) ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти қонунда белгиланган тартибга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
4) одил судлов давлат мажбурлов чоралари, жазо чоралари ҳамда юридик таъсир чораларини қўллаш орқали амалга оширилади.
5) юридик таъсир чоралари мазкур чоралар қўлланилишининг асосларини ҳамда конкрет ҳолда қўлланилиши мумкин бўлган чораларни белгиловчи қонунга қатъий риоя қилган ҳолда қўлланилиши зарур.

Одил судлов – бу қонун ва у билан белгиланган тартиб-тамойилга қатъий риоя қилган ҳолда судлар томонидан жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг туридир.


Одил судловнинг ўзига хос хусусиятлари:
1) одил судлов фақат суд (судья) томонидан амалга оширилади;
2) одил судлов қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади (фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш)
3) одил судлов жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишларни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қўриб чиқиш ва ҳал қилишнинг қонунда белгиланган тартиб-тамойилига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
4) инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига дахлдор бўлган энг муҳим масалалар (айбли ёки айбсиз деб топиш, даъво талабларини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш) бўйича узил-кесил қарор қабул қилиш;
5) суд қарорларининг ҳамма учун мажбурий бўлиши.
Одил судлов принциплари тушунчаси. Маъно жиҳатидан принциплар – бу раҳбарий ғоялар ва тегишли фаолиятнинг асосий қоидаларидир. “Принцип” сўзи лотинча “principium” сўзидан келиб чиқиб, унинг маъноси “асос”, “асосий омил” каби тушунчаларни англатади.

Одил судлов принциплари – бу суд ишларини юритишнинг энг муҳим хусусиятларини, характерини, мазмун-моҳиятини, ташкил этилиши тартибини белгиловчи ҳуқуқий қоидалар.


Одил судлов принциплари тизимини қуйидаги принциплар ташкил этади: қонунийлик; одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши; судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши; одил судловни барча шахсларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга ошириш; барча судларда ишларнинг ошкора кўрилиши; суд ишлари юритиладиган тил; суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлаш; айбсизлик презумпцияси; гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш; тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги; одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштироки.
Қайд этилган принциплар улар мустаҳкамлаб қўйилган манбага қараб (конституциявий ва тармоқ); улар тартибга соладиган суд ишларини юритишнинг турига қараб (бир неча тармоқларда ва фақатгина битта тармоқда амал қилган); улар кўзда тутадиган мақсадларга қараб (суд тузилишига ва суд ишларини юритишга оид) таснифланиши мумкин. Айрим принциплар бир вақтнинг ўзида бир неча асосларга кўра таснифланиши мумкин.
Таъкидлаб ўтамиз, қонунийлик; судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши; одил судловни барча шахсларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга ошириш; барча судларда ишларнинг ошкора кўрилиши; суд ишлари юритиладиган тил; суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлаш; айбсизлик презумпцияси; гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш каби принциплар конституциявий принциплар қаторига киради. Тармоқ қонунчилигида (жиноят, фуқаролик, иқтисодий) ўз ифодасини топган принциплар тармоқ принциплар деб ҳисобланади.
Принциплар тартибга соладиган суд ишларини юритишнинг турлари бўйича амалга ошириладиган принциплар таснифи қуйидагиларни англатади: универсал тусдаги принциплар (масалан, қонунийлик, одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши ва ҳ.к.) суд ишларини юритишнинг барча турларига хос бўлиб, бир неча тармоқларда амал қилган принциплар қаторига киради. Шу билан бирга, суд ишларини юритишнинг фақат муайян турига хос бўлган принциплар ҳам мавжуд (масалан, айбсизлик презумпцияси фақат жиноятга оид суд ишларини юритиш доирасида амалга оширилади).
Принципларнинг кейинги гуруҳи ҳақида гапирадиган бўлсак, таъкидлаб ўтамиз, суд фаолияти ташкил этилишига қаратилган ва суд мажлиси ўтказилиши жараёнида бевосита амалга ошириладиган принциплар (масалан, барча судларда ишларнинг ошкора кўрилиши) суд тузилишига оид принциплар қаторига киради; суд ишларини юритишнинг турли босқичларида амалга ошириладиган принциплар эса (масалан, айбсизлик презумпцияси) суд ишларини юритишга оид принциплар деб ҳисобланади.

Қонунийлик принципи


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”. Суд давлат органи бўлиб, унинг фаолиятига ҳам қонунийликка риоя этиш тўғрисидаги Конституция кўрсатмалари татбиқ этилади.


Мазкур принцип ишдаги барча ҳолатлар тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилишини, ҳар бир иш қонунга асосан кўриб чиқилиши ва ҳал қилинишини, суд ишларини юритиш барча иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, фуқаролар қонунларга риоя қилиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбияланишини таъминлашга қаратилган.
Қонунийлик процессуал ҳуқуқнинг барча принцип ва нормаларида ўз ифодасини топган ҳамда суд ишларини юритишнинг барча томонларини таърифлайдиган универсал, ҳамма соҳани қамраб оладиган универсал принцип ҳисобланади.
Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши принципи
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади (3-модда).
Одил судлов – суд ҳокимиятини амалга оширишнинг етакчи шакли. Шунинг учун одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши принципининг эълон қилиниши фуқаролик процессуал, иқтисодий процессуал ва жиноят-процессуал қонунчилигида тегиншил моддаларида ўз аксини топган. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципи
Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципининг ҳуқуқий асоси қатор халқаро хужжат ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддасига кўра, ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан қўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Таъкидлаш керакки, судьяларнинг мустақиллиги конституциявий принцип ҳисобланади.
Бунинг маъноси шуки, судлар эркин бўлиб, ўз фаолиятини фақат Конституция ва қонунга бўйсунган ҳолда мустақил равишда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 67-моддасига мувофиқ, судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:
● уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш;
уларнинг дахлсизлиги;
одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил;
қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;
судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;
судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.
Бундан ташқари, судьялар мустақиллигининг кафолатлари ҳар бир тармоқ қонунчилигида назарда тутилган.
Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Судья тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши мумкин эмас.
Судья судьяларнинг тегишли малака ҳайъатининг розилигисиз маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек, унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.
Одил судловни барча шахсларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилиши принципи
Мазкур принципнинг ҳуқуқий асоси қатор халқаро ҳужжат ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам мустаҳкамланган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг 14-моддасига кўра, барча шахслар судлар ва трибуналлар олдида тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 18-моддаси 1- қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Конституциянинг 46-моддасига кўра, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунинг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.
Кўриб турганидек, Конституциянинг 18, 46-моддалари, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси, ФПКнинг 6-моддаси, ИПКнинг 7-моддаси, ЖПКнинг 16-моддаси одил судловни барча шахсларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга ошириш принципининг ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенг бўлганлиги кўриб чиқилаётган принципнинг мазмунини ташкил этади. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдирлар.
Мазкур принципнинг мазмунини қуйидагича белгилаш мумкин: судга мурожаат қилган ва процессда иштирок этаётган шахсга айрим имтиёзлар тақдим этиш ёки уни камситиш учун унинг мулкий ва мансаб мавқеи, жинси, ирқи ва миллати, таълими, тили, динга нисбатан муносабати, турар жойи, эътиқоди, жамоат бирлашмаларда аъзо бўлиши ёки бирорта бошқа ҳолатлар асос бўлмайди ва процесснинг юритилишига ва якунига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ушбу талаблар одил судловни амалга оширишнинг барча шаклларига татбиқ этилади, чунки суд ишларини юритишнинг бирорта соҳасида қонун қоидалари фуқаронинг ҳуқуқий мақомини юқорида кўрсатилган белгилар билан боғламайди.
Фуқароларнинг қонун ва суд олдидаги тенглиги – бир-бири билан алоқадор бўлган тушунчалар, бироқ уларнинг ҳар бири алоҳида мазмунга эга.
Фуқароларнинг қонун олдидаги тенглиги фуқаронинг ирқи ва миллати, ижтимоий, мулкий ва мансаб мавқеи ёхуд унинг дини асосида айрим имтиёзларни ёки чекловларни ўрнатмайдиган ягона моддий ва процессуал қонунлар мавжудлигини англатади.
Фуқароларнинг суд олдидаги тенглиги суд ишларининг, судланувчи ва жабрланувчи, даъвогар ва жавобгар, процесснинг бошқа иштирокчилари ирқи, миллати ва дини, ижтимоий, мансаб ва мулкий мавқеидан қатъи назар, барча фуқароларга нисбатан ва барча судлар томонидан бир хил процессуал тартибида кўриб чиқилишини англатади.
Барча судларда ишларнинг ошкора кўрилиши принципи
Мазкур принципнинг ҳуқуқий асоси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг 14-моддасисида қуйидагича мустаҳкамланган. “Ҳар бир киши унга қўйилаётган ҳар қандай жиноий айблов кўриб чиқилаётганда ёки бирор-бир фуқаролик жараёнида унинг ҳуқуқ ва бурчлари аниқланаётганида қонунга мувофиқ тузилган нуфузли, мустақил ва холис суд томонидан мазкур иш адолатли ҳамда очиқ ҳолда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддасига кўра, Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади”
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси суд ишларини юритишнинг ошкоралиги принципини назарда тутади. Яъни ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади Мазкур модда мазмунидан кўриниб турибдики, “ошкоралик” атамаси “судда ишларнинг очиқ кўрилиши” атамасининг синоними сифатида қўлланилади.
Судда ишнинг ошкора кўрилишига бўлган ҳуқуқ ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 11-моддасида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳуқуқнинг бошқа ҳужжатларида мустаҳкамланган. Ўз навбатида, мазкур принцип ФПКнинг 10-моддасида ҳам ўз ифодасини топган, мазкур моддага мувофиқ, барча судларда ишлар ошкора кўрилади, давлат ёки тижорат сирларини сақлаш манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик, шунингдек, фарзандликка олиш сири ва ёзишмалар сири сақланишини таъминлаш мақсадида суднинг асослантирилган ажримига биноан, иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилишига йўл қўйилади.
Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилганида ишда иштирок этаётган шахслар, зарур ҳолларда эса, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам қатнашадилар. Иш суднинг ёпиқ мажлисида суд ишларини юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда кўрилади. Суднинг қарори барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.
Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши жиноят процессининг ЖПКнинг 19-моддасида мустаҳкамланган принципидир.
Жиноят процессининг мазкур принципи қонун томонидан қуйидаги тарзда тартибга солинади: “Барча судларда, давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган, шунингдек, жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўриладиган ҳолларни истисно қилганда, жиноят ишлари ошкора кўрилади” (ЖПКнинг 19-моддаси 1-қисми).
ЖПКнинг 19-моддаси 2-қисмига мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этган ҳолларда бошқа ишларни ҳам суд томонидан ажрим чиқариб, ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади. Ушбу ишлар бўйича ишнинг тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида кўрилиши заруриятига сабаб бўладиган аниқ ҳолатлар мавжудлигини суд ҳар бир вазиятда алоҳида аниқлайди. Мазкур ҳолатлар мавжудлигида суд бутун процессни ёки унинг алоҳида бир қисмини “ёпиқ эшикларда” ўтказишга нафақат ҳақли, балки мажбур ҳам. Суднинг ушбу масала бўйича ажрими суд мажлисида йиғилганларга тааллуқли бўлиб, процесс иштирокчиларига ҳам татбиқ этилади.
Шахсий ёзишма ва шахсий телеграф хабарномалари очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ошкор қилиниши мумкин. Акс ҳолда улар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади.
Суд залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида қатнашишларини тақиқлаб қўйишга ҳақлидир.
Суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга, кинога олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.
Суд ҳукми барча ҳолларда ошкора эълон қилинади. Шу билан бирга, ошкор қилинмаслиги учун ёпиқ суд мажлиси ўтказилган маълумотлар суд ҳукмида ошкора қилинмайди.
Судлов фаолиятида ошкораликни кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоат бирлашмалари ва жамоалар бўладиган процесслар тўғрисида хабардор қилиниши мумкин.
Ошкоралик принципидан истисно қилинадиган ҳолатлар рўйхати қонунда аниқ кўрсатилганлиги ошкораликнинг кафолати сифатида хизмат қилади. Тегишли қонуний асослар йўқлигида ишнинг ёпиқ суд мажлисида кўрилиши қонуннинг қўпол бузилиши ҳисобланади.
Суд ишлари юритиладиган тил принципи
Суд ишларини юритиладиган тил принципининг ҳуқуқий асоси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг 14-моддаси 3-қисми “f” бандида қуйидагича мустаҳкамланган. “Ҳар бир киши унга қўйилган ҳар қандай жиноий айблов судда кўриб чиқилишида иш юритилаётган тилни тушунмайдиган ёки бу тилда гапира олмайдиган бўлса, таржимон ёрдамидан бепул фойдаланишга ҳақлидир”. Мазкур принципнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ҳам акс эттирилган. Яъни Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Суд ишларини юритиладиган тил принципи асосий принципларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасида ҳам мустаҳкамланган. Унга асосан Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Мазкур принцип ЖПКнинг 20-моддасида, ФПКнинг 9-моддасида ва ИПКнинг 10-моддасида ўз ривожини топган. Хусусан, ИПКнинг 10-моддасида белгилаб қўйилганидек, Иқтисодий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.
Суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлаш принципи
Мазкур принципнинг ҳуқуқий асоси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида қуйидагича мустаҳкамланган. Яъни Ҳар бир инсон унга конституция ва қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга”
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”.
Мазкур принцип Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида мустаҳкамланган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда прокурор иштирок этади.
Кўриб чиқилаётган принцип тармоқ қонун ҳужжатларида ҳам ўз ривожини топган. Хусусан, ФПКнинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Одил судловга эркин мурожаат этиш имконияти қонунда назарда тутилган судга мурожаат этиш ҳуқуқини англатади. Бу эса қонунлар, қонун ости ҳужжатлар, суд қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш имкониятини назарда тутади.
Суд орқали ҳимояланиш принципининг қуйидаги хусусиятлар билан тавсифланади:
Биринчидан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш имконияти кафолатланади. Яъни, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи нафақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, балки ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тақдим этилади. Ҳар бир жисмоний шахс ўз манфаатларини шахсан ёки адвокат ёхуд қонуний вакил орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқга эга.
Иккинчидан, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи билан яқин алоқада бўлади. Чунки суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи фақатгина қонунчилик ва уни қўллаш амалиёти бўйича тегишли билимлар ҳамда судда ишларини олиб бориш тажрибаси бўлган тақдирда самарали амалга оширилиши мумкин.
Учинчидан, қонун бузилишига, ваколат доирасидан четга чиқишга ёки айрим бир шахснинг ҳуқуқлари чекланишига олиб келган барча ҳаракат ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Айбсизлик презумпцияси
Айбсизлик презумпцияси (лотин тилдаги “presumption” – “тахмин” сўзидан келиб чиққан) шахс ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаб берувчи, асоссиз айблаш ва жазолашнинг олдини олувчи жиноят процессининг муҳим демократик принципларидан бири ҳисобланади. Ушбу принцип фақат жиноятга оид суд ишларини юритишда амал қилади ҳамда ЖПКнинг 23-моддаси 2-қисмида ва “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида батафсил белгилаб берилган. Унга кўра, Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади. Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”.
Айбсизлик презумпцияси принципи инсон ҳуқуқлари соҳасида асосий халқаро ҳужжатларнинг қоидаларига асосланади: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (11-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (14-модда), Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси (6-модда 2-қисм). Айбсизлик презумпциясининг асосида умумий, кенг эътироф этилган ахлоқ нормаси ётади, унга мувофиқ, ҳар бир инсон айбдорлиги исботланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши лозим. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 11-моддаси 1-қисмига кўра, Жиноят содир этганликда айбланган ҳар бир инсон ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, очиқ суд мажлиси йўли билан унинг айби қонуний тартибда аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишга ҳақлидир.
Мазкур принципнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда ҳам мустаҳкамланган. Ўзбекистон Репсубликаси Конституцияси 26-моддаси 1-қисмига мувофиқ, Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”.
ЖПКнинг 23-моддасига биноан, “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак”.
Барча фуқаролар қонунга итоаткор бўлишлари тахмин қилиниши ва давлат томонидан жиноят содир этишда айбдор деб топилишлари фақат қонунда назарда тутилган шартлар мавжудлигида ва қатъий таомил қўлланилиши натижасида мумкинлиги мазкур принципнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиш шахснинг асоссиз ҳукм қилинишига йўл қўймайдиган кафолат сифатида хизмат қилади.
Айбсизлик презумпцияси судья, терговчи ёки прокурорнинг шахсий фикрини билдирмайди, аксинча, холис ҳуқуқий ҳолатни англатади. Тергов органлари шахсга айб қўйиб, уни жиноят содир этишда айбли деб ҳисоблайдилар, лекин ҳали унинг айбдорлигини исботлаш лозим. Қонун шахсни айбли деб топиш имкониятини айбланувчи ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг максимал кафолатларини мужассамлаштирувчи босқичнинг, яъни суд муҳокамасининг мажбурий ўтказилиши билан боғлайди. Айнан шу сабабли шахсни жиноят содир этишда айбли деб топиш ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКда белгиланган тартибда чиқарилган ҳукм билан жиноий жазога тортиш ваколати давлат томонидан суд ҳокимиятининг мустақил органи бўлган судга ва фақат судга ишониб топширилган. Шахсни жиноят содир этишда айбли деб топишга одил судловни ошкора, оғзаки ва тортишув шароитларида амалга ошириш натижасидагина йўл қўйилади. Суд ҳукми қонуний кучга киргангунча шахснинг айби ҳақидаги мулоҳазалар узил-кесил юридик аҳамиятга эга эмас.
Айбсизлик презумпцияси рад қилиниши мумкин: айбсизлик ҳақидаги тахмин шахснинг жиноят содир этишда айби етарли, ишончли ва холис далиллар асосида қонунда белгиланган тартибда аниқланмагунга қадар амал қилади.
Айбсизлик презумпциясидан келиб чиқадиган, ушбу институтнинг ҳуқуқий мақомини шакллантирадиган ҳамда суриштирув, дастлабки тергов ва суд органларининг ҳуқуқни қўллаш бўйича фаолиятида ҳисобга олиниши ва риоя қилиниши лозим бўлган бир қатор қоидалар амалдаги жиноят-процессуал қонунида мустаҳкамланган:
1. Гумон қилинувчи, айбланувчи (судланувчи) ўз айбсизлигини исботлашга мажбур эмас; айбловни исботлаш ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчининг ҳимоясига келтирилган далилларни рад этиш вазифаси айбловчининг зиммасига юклатилади; жиноий таъқибни амалга оширишда прокурор, терговчи, суриштирув органи ва суриштирувчи жиноят аломатлари топилган ҳар бир ҳолда жиноят ишини қўзғатишлари, жиноий ҳодисани, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш ва уларни жазолаш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўришлари шарт.
2. Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим (ЖПКнинг 23-моддаси 3-қисми); мазкур қоида жиноят иши бўйича олиб бориладиган дастлабки терговга ҳам татбиқ этилган бўлиб, жиноят ишини тугатиш, содир этилган жиноят тавсиф қилинишининг ўзгариши туфайли айблов ҳажми ёки унинг хусусияти ўзгариши каби процессуал оқибатларга олиб келади. ЖПКда назарда тутилган далилларни тўплашнинг барча восита ва усуллари тугаган бўлса ҳамда иш бўйича тўпланган далиллар орқали ҳал этилиши мумкин бўлмаган шубҳалар мавжуд бўлса, ушбу шубҳалар бартараф этиш бўлмайдиган шубҳалар деб эътироф этилиши лозим.
3. Жиноят ишини юритишни амалга оширувчи давлат органлари ва суд мажлисида суд органлари иш ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўрганишлари шарт; суд исботлаш мажбуриятини судланувчи зиммасига юклатишга ҳақли эмас; суд томонидан далилларни бевосита текшириш судланувчи, жабрланувчи, гувоҳлар, экспертнинг кўрсатувларини эшитиш, баённома ва бошқа ҳужжатларни ўқиб эшитиш, далилларни ўрганиш бўйича бошқа суд-тергов ҳаракатларини амалга ошириш бўйича суднинг мажбуриятини кўзда тутади (ЖПКнинг 26-моддаси).
4. Айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, ишда мавжуд бўлган далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.
5. Айблов ҳукмининг тахминларга асосан чиқарилиши қонун билан тақиқланади; судланувчи айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида ўрганилган ишончли далилларнинг етарли мажмуиси билан исбот қилинган тақдирдагина айблов ҳукми чиқарилади.
Кўрсатилган қоидалар бир вақтнинг ўзида айбсизлик презумпцияси принципи амал қилишини таъминлашда тегишли кафолатлар сифатида хизмат қилади.
Қонуний кучга кирган суд ҳукми юқорида кўрсатилган қоидаларга риоя қилган тақдирдагина ҳақиқатни, шу жумладан, исботлашнинг асосий масаласи, яъни айбланувчининг айби бўйича хулосани акс эттирувчи ҳужжат деб эътироф этилади.
Айбсизлик презумпцияси нафақат асоссиз айблов ва ҳукм қилишга йўл қўймайдиган кафолатдир. Айбловнинг шубҳасиз исботланиши шартлиги ҳамда бартараф этиш бўлмайдиган шубҳаларни айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши зарурлиги тўғрисидаги мазкур презумпциянинг талаблари давлат органларини иш ҳолатларини холис, беғараз ва адолатли тарзда аниқлашга йўналтиради ва шу орқали суд томонидан ишнинг адолатли ҳал қилинишини таъминлайди. Айбсизлик презумпциясидан салгина ҳам четга чиқиш одил судловда қонунийликнинг бузилишига ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари чекланилишига олиб келади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш принципи
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддаси 3-қисми “d” бандига кўра, ҳар бир кишининг унга қўйилган ҳар қандай жиноий иши кўриб чиқилаётганда тўлиқ тенглик асосида қуйидаги кафолатларга эга бўлиш ҳуқуқи мавжуд: Ўзи қатнашиб, суд қилиниши ва ўзининг ўзи ёки танлаб олинган оқловчи воситасида ҳимоя қилиниши; агар оқловчиси бўлмаса, унга эга бўлиш ҳуқуқи борлиги ҳақида хабардор қилиниши; одил суд манфаатлари талаб этган ҳар қандай ҳолларда унга тайинланган оқловчига эга бўлиш, ушбу оқловчига тўлаш учун етарли маблағи бўлмаган барча ҳолларда унинг учун оқловчини текинга бериш”. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 116-моддасига кўра, айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади”.
“Судлар тўғрисида”ги қоуннинг 10-моддаси 1-қисмига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади”.
Ҳимояланиш ҳуқуқи жиноятга оид суд ишларини юритишда шахс ҳуқуқларининг кафолатлари тизимида марказий ўрин эгаллайди. Ушбу ҳуқуқ нафақат шахс ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг кафолатларини, балки одил судлов манфаатларини амалга оширишнинг юридик шарти сифатида хизмат қилади. Ҳимояланиш ҳуқуқи мустақил ижтимоий-ҳуқуқий неъматдир.
ЖПКнинг 24-моддасига мувофиқ, гумон қилинувчи ва айбланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқи қуйидаги қоидалардан иборат: гумон қилинувчи ва айбланувчи ўз ҳуқуқларини шахсан ҳамда ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланадиган ҳимоячи ёрдамида амалга оширишлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мансабдор шахслари ҳар бир айбланувчи ўзининг ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириши учун тегишли шароитлар яратиш бўйича мажбуриятларини бажаришлари.
Гумон қилинувчига (айбланувчига) тақдим этиладиган ҳамда ўзининг нимада айбланаётганлигини билишга, ўз тушунтиришларини беришга, унга қўйилган айбловга нисбатан эътироз билдиришга, ўз қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш бўйича барча ҳуқуқлардан фойдаланишга имкон берувчи процессуал восита ва ҳуқуқлар мажмуиси жиноят процессида ҳимояланиш ҳуқуқи институтининг асосини ташкил этади.
Ҳимояланиш ҳуқуқи ва уни амалга оширишнинг кафолатлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Қонун чиқарувчи қўйилган айбловдан қонунда назарда тутилган барча усул ва воситалар орқали ҳимояланиш имкониятини айбланувчига таъминлаш бўйича мажбуриятни жиноят процессини олиб борувчи давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг зиммасига юклатади. Ушбу барча ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи гумон қилинувчи ва айбланувчида мавжудлиги тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят ишини юритишда иштирок этувчи шахсларни маълум қилишга, юқорида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш тартибини тушунтиришга ва ушбу ҳуқуқларни тўлиқ амалга ошириш имкониятни таъминлашга мажбурдирлар (ЖПКнинг 24-моддаси 2-қисми). Мазкур таъминлаш чоралари давлат органлари томонидан амалга оширилмаётган бўлса, ҳимояланиш ҳуқуқи бемаъни декларацияга айланади. Ушбу органлар айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлашга ҳам мажбурдирлар (ЖПКнинг 22-моддаси).
Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципи
Тортишув принципи процессуал принципи бўлиб, тармоқ қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган. Хусусан, Иқтисодий процессуал кодексининг “Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги” деб номланадиган 9-моддасида тортишув ғояси қуйидагича ифодаланган: “Иқтисодий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади”. ФПКнинг “Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги” деб номланадиган 8-моддасида мазкур принципнинг қуйидаги таърифи берилган: “Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади”. Ушбу нормалар мазмунидан кўриниб турибдики, тарафлар далиллар тақдим этиш ва уларни текширишда иштирок этиш бўйича тенг ҳуқуқларга эга.
Жиноят-процессуал қонунчилигида тортишув принципи алоҳида аҳамиятга эга бўлади. ЖПКнинг 25-моддасида ўз аксини топган: “Биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек, ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади”.
Тортишув принципининг амалга оширилиши иш тўлиқ, холис ва беғараз кўриб чиқилишининг кафолати ҳисобланади, бу, ўз навбатида, ҳақиқатни аниқлашга ва иш бўйича адолатли қарор қабул қилишга имкон беради.
Жиноят процессида тарафлар деганда, процессуал манфаатлари қарама-қарши бўлган ва бу манфаатларни ҳимоя қилиш учун қонун билан тақдим этилган ҳуқуқларга эга бўлган жиноятга оид суд ишларини юритишнинг иштирокчилари тушунилади. Асосий процессуал вазифаларни бажарувчи шахслар қонунда белгиланган. Айблаш вазифаси битта тараф томонидан (прокурор, жабрланувчи, хусусий айбловчи, фуқаровий даъвогар ушбу тараф доирасида ўз фаолиятини амалга оширади), ҳимоя қилиш вазифаси эса айбланувчи, судланувчи, унинг ҳимоячиси, вакили, фуқаровий жавобгар каби процесс иштирокчилари вакиллари бўлган бошқа тараф томонидан бажарилишида процессуал вазифаларнинг ажратилганлиги ўз ифодасини топади.
Ишни ҳал қилиш вазифаси фақат суд томонидан бажарилади. Бу вазифа айблаш ва ҳимоя қилиш вазифаларидан ажратилган (ЖПКнинг 25-моддаси 5- ва 6-қисмлари).
Ўз навбатида, суд олдида айблов ва ҳимоя тарафларининг тенглиги жиноят ишларини кўриш жараёнида тарафларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятларни таъминловчи жиноят суд ишларини юритишнинг тартибини англатади. Тарафларнинг процессуал тенг ҳуқуқлилиги нафақат ишнинг фактик ҳолатларини таҳлил қилишга, балки ишни судда кўриш жараёнида вужудга келадиган барча юридик масалаларни муҳокама қилишга ҳам татбиқ этилади.
Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштироки принципи
Фуқаролар вакиллари бўлган жамоатчилик одил судловни амалга оширишда турли шаклларда иштирок этади. Бироқ одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштироки ҳақида одатда фақат жиноятга оид суд ишларини юритиш нуқтаи назаридан гап юритилади. Жамоатчилик аслида на фуқаролик, на хўжалик суд ишларини юритишда иштирок этмайди.
Жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қидириш ва фош этиш, адолатли ҳукм чиқариш, шунингдек, жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир.
Хусусан, жиноят иши шахс аризаси бўйича қўзғатилиши мумкин (бу шахс жабрланувчи, гувоҳ ва ҳ.к. бўлиши мумкин).
Тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида жамоатчилик холислар, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, кафиллар, халқ маслаҳатчилари сифатида иштирок этиши мумкин.
Жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси. ЖПКнинг 40-моддасига мувофиқ, жамоат бирлашмалари ва жамоалар, уларнинг раҳбар органлари ҳамда вакиллари содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисидаги хабар билан суриштирув органига, терговчига, прокурорга ёки судга мурожаат этишлари мумкин. Улар: айбланувчига ёки судланувчига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида жамоат бирлашмаси ёки жамоа кафиллигига беришни танлаш ҳақида; маҳкумни муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳақида; озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларнинг жазони ўташ шароитларини ўзгартириш ҳақида; судланганликни олиб ташлаш ҳақида ва бошқа масалалар бўйича ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда илтимос қилишга ҳақлидирлар.
Ўз навбатида, суриштирувчи ва терговчи фуқаронинг оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисидаги ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани ҳақида унинг иш, ўқиш ёки яшаш жойидаги жамоага хабар беради, суд эса уларга шу иш бўйича суд муҳокамаси қачон ва қаерда ўтказилиши ҳақида хабар беради.
Жиноят процессида жамоатчиликнинг иштироки жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси институтида ўз ифодасини янада аниқроқ топади. ЖПКнинг 42-моддасига кўра, жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишлари мумкин.
Жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячиларини жамоат бирлашмасининг ёки корхона, муассаса, ташкилот, шу жумладан, тижорат тузилмаси жамоасининг йиғилиши кўрсатади. Йиғилиш қарори судга тақдим этилиши лозим. Бироқ, жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини хоҳлаган вақтда чақириб олишга ёки уни бошқа вакил билан алмаштиришга ҳақлидир.
Жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси – давлат ва жамоат айбловчилари тутадиган позициядан мустақил равишда ўз вазифаларини бажарадиган суд муҳокамасининг мустақил ва тенг ҳуқуқли иштирокчиларидир.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакиллари. Жиноят процесси доирасида вакиллик институти суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамасида иштирок этаётган кўрсатилган шахсларнинг ўз ҳуқуқ, мажбурият ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлиқроқ амалга оширишига кўмаклашади. Иш юритишда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлган жисмоний ва юридик шахслар (муомалага лаёқатсизлик, касаллик, узоқ муддатли хизмат сафари ва ҳ.к.), шунингдек, ўз манфаатларини ҳимоя қилишда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган (муомала лаёқати чекланганлиги) ёки ҳуқуқий билимсизлиги туфайли малакали юридик ёрдамдан фойдаланмоқчи бўлган шахслар (катта муомалага лаёқатли жабрланувчилар, фуқаровий жавобгарлар). Иш бўйича фуқаровий даъвогарлар ёки жавобгарлар деб эътироф этилган юридик шахслар ишда фақат ўз вакиллари орқали иштирок этадилар.
Шундай қилиб, жиноят процессида вакилликнинг иккита тури мавжуд: шартнома бўйича вакиллик ҳамда қонуний вакиллик. Биринчиси юридик маслаҳатхона (бюро, фирма) билан тузилган шартномага (келишувга), иккинчиси эса қариндошлик муносабатларига асосланади.
Қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилинади (ЖПКнинг 60-моддаси). Ишда қонуний вакил сифатида ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, вояга етмаганга ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган иштирокчига ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг қонуний вакили ишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бирга, жабрланувчининг қонуний вакили эса жабрланувчи билан бирга, шунингдек, унинг ўрнида ҳам иштирок этади.
Холислар. Холислар суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан тергов ёки бошқа ҳаракатлар ўтказилганини, уни ўтказиш жараёнини ва натижаларини тасдиқлаш учун ЖПКнинг бир қатор моддаларида назарда тутилган ҳолларда чақирилади.
Холислар уларнинг иштирокида юритилган тергов ҳаракатлари ўтказилганини, уларни ўтказиш жараёнини ва натижаларини тасдиқлаши шарт. Улар тергов ҳаракати бўйича баённомага киритилиши лозим бўлган арз ва мулоҳазалар бериш ҳуқуқига эгадир. Холис сифатида таклиф этилган шахс ишда иштирок этиши муносабати билан қилган сарф-ҳаражатларини ундириш ҳуқуқига эга.
Тергов ҳаракатларини юритишда иштирок этиш учун ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган, камида икки нафар вояга етган фуқаро чақирилиши лозим. Ички ишлар органи, миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, адлия ёки суд ходимлари холислар сифатида таклиф этилиши мумкин эмас (ЖПКнинг 78-моддаси).
Тергов ҳаракатини бошлашдан олдин суриштирувчи, терговчи ёки прокурор холисларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.
Кафиллар. Шахсий кафиллик ва жамоат бирлашмасининг кафиллиги ажратилади. Шахсий кафиллик ишончга сазовор бўлган шахсларнинг айбланувчи, судланувчи муносиб хулқ-атворда бўлишига кафил эканликлари ҳақида ёзма мажбурият олишидан иборатдир.
Жамоат бирлашмаси ёки жамоа ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахсни кафилликка олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Жамоат бирлашмаси ёки жамоа ўз қарорини айбланувчининг, судланувчининг муносиб хулқ-атворда бўлишига кафил эканлиги тўғрисидаги ёзма мажбурият тарзида баён қилади. Бу мажбурият суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга тақдим қилинади, улар жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг қарорига рози бўлсалар, шундай эҳтиёт чорасини танлаб, бу ҳақда қарор ёки ажрим чиқарадилар. Айни вақтда жамоат бирлашмаси ёки жамоа вакилига ушбу эҳтиёт чораси қўлланилишига сабаб бўлган айбловнинг моҳияти, айбланувчига, судланувчига эса, башарти хулқ-атвори номуносиб бўлса, эҳтиёт чораси жиддийроғи билан алмаштирилиши мумкинлиги тушунтирилгани тўғрисида баённома тузилади.
Халқ маслаҳатчилари. Қонунчиликда жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга ошириш жараёнига халқ вакилларини жалб қилиш шаклларидан бири сифатида халқ маслаҳатчилари институти назарда тутилган. Ўзбекистонда суд ишларини юритишда халқ маслаҳатчилари институти олдиндан маълум (1917 йилдан кейин). Ҳозирги кунда халқ маслаҳатчилари жиноят ишларини кўриш жараёнида фақат қонунда белгиланган ҳолларда иштирок этадилар. Фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилишда халқ маслаҳатчиларининг иштироки назарда тутилмаган (ФПКнинг 13-моддаси).
Суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар.
Халқ маслаҳатчилари йигирма беш ёшга тўлган ва қонунчиликда белгиланган бошқа талабларга жавоб берадиган фуқаролар сонидан танланилади. Фуқароларга халқ маслаҳатчиларининг ваколатларини бериш тартиби “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг (янги таҳрири) 62-моддасида белгиланган. Халқ маслаҳатчилари иштирокида суд ишларининг катта қисми кўрилади.
Кўриниб турибдики, жиноят ишларини тергов қилишда ва кўришда жамоатчилик иштирокининг шакллари турли бўлади, бироқ, умуман олганда, уларнинг фаолияти қуйидаги умумий мақсадларга эришиш учун амалга оширилади: жамоат назоратини ўрнатиш; аҳолига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш. Мазкур мақсадларга эришиш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг зарурий шарти ҳисобланади.

МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДЛАР ҲАМЖАМИЯТИ


Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси.


Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий мактаби.
Зарурий адабиётлар:
1. “Ўзбекистон Республикасининг судлар тўғрисида”ги Қонуни 2000 йил 14 декабрь,162-II-сон. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 11.03.2020 й., 03/20/607/0279-сон.
2. “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуни. ЎРҚ-427-сон 06.04.2017 // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон.
3. Загорский Г.И., Попов К.И. Судебные и правоохранительные органы. Курс лекций в 2-х томах. Том 1. Судоустройство. – М.: Проспект. 2020. – С.460-511.
5.1. Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси.

“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 65-моддасига асосан, судьялар уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга. 1996 йил 29 августдаги биринчи чақириқ Олий Мажлисининг VI сессиясидаги Ўзбекистон судьялари ассоциациясини ташкил этиш масаласи кўтарилган. 1997 йил 12 сентябрда биринчи марта таъсис йиғилиши чақирилди ва унда Ўзбекистон судьялари аасоциациясини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилинди, Ассоциация низоми ва Ўзбекистон Республикаси судьяларининг суд этикаси қоидалари тасдиқланди.


Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларнинг ихтиёрий жамоат бирлашмаси бўлиб, ўз фаолиятини ихтиёрийлик, ўзини ўзи бошқариш, демократия, қонунийлик, ошкоралик ва ўз аъзолари олдида ҳисобот бериш принципларига асосланган ҳолда амалга оширади.
Судьялар ассоциациясининг асосий мақсади ва вазифалари қуйидагилар:
а) суд-ҳуқуқ ислоҳотини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
б) одил судловни амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлашда судьяларга кўмаклашиш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш;
в) суд мустақиллигини кучайтириш ва суд ҳокимиятини бошқа ҳокимиятлардан мустақиллигини таъминлашда ёрдам бериш;
г) судьяларни тайинлаш (сайлаш) ва қайта тайинлаш (қайта сайлаш) масалалари бўйича таклифлар киритиш;
д) судьяларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг моддий таъминоти ва рағбатлантириш масалалари бўйича ваколатли органларга таклифлар киритиш;
е) аъзолари номидан давлат, жамоат ва бошқа ташкилот ва муассасалар ишида иштирок этиш;
ж) одил судловнинг сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларини кўриб чиқишда иштирок этиш;
з) ассоциация мақсадларига хизмат қиладиган қонун ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларига тақдим этиш;
и) ассоциация фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича қонунчилик ташаббусига эга бўлган ва бошқа органларга мрожаат этиш;
к) нодавлат халқаро жамоат ташкилотлари аъзоси бўлиш ва улар таркибида фаолият кўрсатиш;
л) илм-техника ютуқлари ва илғор тажрибани татбиқ қилишда суд фаолиятига ёрдам бериш;
м) судьялар ва судьяликка номзодлар учун ўқув ва амалий машғулотларни ташкил этишда ёрдам бериш;
н) аҳоли орасида қонунларни тарғиб қилиш ишида иштирок этиш.
Ўз фаолиятини амалга ошириш давомида Ўзбекистон судьялари ассоциацияси суд фаолиятига аралашмаслик принципига амал қилиши керак.
Ассоциациянинг олий органи – съезд ҳисобланади. Съездлар ўртасида ижроия орган вазифасини муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан 4 йиллик муддатга йиғилиш томонидан сайланадиган Марказий кенгаш бажаради.
Судьялар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ўз филиалларига эга. Филиалларнинг олий органи йилида камида бир марта чақириладиган конференция ҳисобланади.

5.2. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши.


Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашини ташкил этишнинг ижтимоий зарурати. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 111-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади” – деб қайд қилинди. Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилганлиги унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширилишининг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши раиси аввалгидек Сенати аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланмай, балки бошқа бир қатор мустақил конституциявий органлар раҳбарлари каби Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланиши юқори палатанинг мутлақ ваколатларига киритилди. Мазкур қоида асосий қонунимизнинг 80-моддаси 4-бандида ўзи ифодасини топди. Бундан ташқари Судьялар олий кенгаши раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида иштирок этиши конституциявий жиҳатдан мумкин бўлган шахслар қаторига киритилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки шу вақтгача бундай шахслар қаторига Конституциямизнинг 81-моддасида фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик Суди раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси киритилган эди. Буларнинг барчаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозими юксак обрў ва нуфузга эгалигидан далолат қилиб, унинг мустақиллигини, дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зарурати. Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш зарурияти, судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмаслиги, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши ва чекланган ваколатларга эгалиги кабилар Судьялар олий кенгашини ташкил этишни тақозо қилди. Янги орган авваламбор конституциявий мақомга эга.
Судьялар Олмй кенгаши фаолияти махсус қонун 2017 йил 7 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Судьялар Олий кенгашининг учта муҳим жиҳатини қайд этиш ўринли.
Биринчи муҳим жиҳати – ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгашнинг ўзи лавозимга тайинлаши, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса уларни Президент билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилади.
Иккинчи муҳим жиҳат – бу Кенгашни шакллантириш тартибидир. Қонунда Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан – жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилиши белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Учинчи муҳим жиҳат – бу Кенгашнинг асосий вазифаларида намоён бўлиб, унда судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш кабилар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолияти. судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Кенгаш юридик шахсдир, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
Кенгаш ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги принципларга амал қилади: қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликдан иборатдир.
Кенгашнинг таркиби ва уни шакллантириш тартиби. Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади. Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабини бошқаради.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади.
Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.
Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбалари ҳамда Суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади.
Кенгашнинг асосий вазифалари ва ваколатлари
Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш;
судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш;
оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш.
Кенгашнинг ваколатлари қуйидагилардан иборат (жами 29 та):
судьялик лавозимларига номзодларнинг захирасини шакллантиради;
судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг раисларини ва судьяларини лавозимга тайинлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялик лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига қонунга мувофиқ хулосалар (тақдимномалар) киритади;
Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига кўра судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг раислари ва судьялари лавозимларига қайтадан тайинлайди;
Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига кўра судьяларни ўз аризаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьялари лавозимларига қайтадан тайинлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади;
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтиради;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланадиган судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар (таклифлар) киритади;
қонунда назарда тутилган ҳолларда, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг раислари ва судьяларини лавозимидан озод қилади;
Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига хулосалар киритади;
судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
судьялар ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказади;
судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқади ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборади;
ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларини интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;
судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса беради;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми кўриб чиқиши учун киритади;
судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг фаолиятини текширади, судьяларнинг малака ҳайъатлари раислари ҳисоботларини эшитади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;
судьяларнинг фаолиятини уларнинг касбига муносиблиги нуқтаи назаридан ўрганади;
Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлайди;
судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;
судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг мазкур департамент фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитади;
судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларнинг, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ва касбий сифатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборотни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олади;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламентини тасдиқлайди.
Кенгаш фаолиятига аҳамият берадиган бўлсак, унинг фаолиятида ижро этувчи девон алоҳида аҳамиятли. Кенгашнинг ижро этувчи девони ўз фаолиятида Кенгашга ҳисобдордир, унинг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Кенгаш кенгаш раиси, унинг ўринбосари, котиби ва кенгаш аъзоларидан иборат. Уларнинг ҳар биирининг ваколатлари таҳлил қилинади.
Кенгашни фаолияти раис томонидан бошқарилади, у Кенгаш фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради. Кенгашнинг мажлисларини чақиради ва унда раислик қилади; Кенгаш ваколатига тааллуқли масалаларни унинг кўриб чиқиши учун киритади; давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Кенгаш номидан иш кўради; Кенгашнинг тегишли аъзолари лавозимига тавсия қилинаётган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади; Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади; Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди; Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини беради; Кенгашнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди ва молия-хўжалик фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади; Кенгаш номидан қарорларни, тақдимномаларни, мажлислар баённомаларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди.
Бундан ташқари қонун билан Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари ҳам мустаҳкамланган.
Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабини бошқаради; Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради.
Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларини мажлислар ўтказиладиган сана ва вақт тўғрисида хабардор қилади; мажлис кун тартибига киритилган масалалар бўйича зарур ҳужжатлар билан таъминлайди; мажлисларини тайёрлаш бўйича ташкилий масалаларни амалга оширади; баённомани юритади; қарорларининг кўчирма нусхалари манфаатдор шахсларга ва ташкилотларга юборилишини таъминлайди; қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишларини ташкил этади; иш юритилишини назорат қилади; Кенгаш раисининг топшириқларини бажаради.
Кенгаш котиби йўқлигида унинг вазифаларини бажариш Кенгаш раисининг топшириғига биноан Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоларидан бири зиммасига юклатилади.
Кенгаш аъзосининг ҳуқуқлари: Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этилган материаллар билан танишиш, уларни ўрганиш ва кўриб чиқишда иштирок этиш; кўриб чиқилаётган масалалар бўйича Кенгашга илтимосномалар киритиш, ўз далил-асосларини баён қилиш ва қўшимча материалларни тақдим этиш; судьялар малака ҳайъатлари томонидан ўтказиладиган судьялар фаолиятини баҳолаш жараёнида иштирок этиш; Кенгашнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур ахборот ва ҳужжатларни давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан сўраш ҳамда бепул асосда олиш; Кенгашнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни мажлисларда кўриб чиқиш учун тақдим этиш; Кенгашнинг қарорларини қабул қилишда иштирок этиш ва ўзининг алоҳида фикрини баён этиш.
Кенгашнинг фаолиятини ташкил этиш. Фаолиятнинг асосий ташкилий шакли мажлисдир. Кенгаш мажлиси ўз ваколатига кирадиган масалаларнинг тайёрланишига қараб ўтказилади. Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Кенгашнинг қарори очиқ овоз бериш орқали мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади. Кенгашнинг қарорига рози бўлмаган Кенгаш аъзоси хулосани имзолайди ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли бўлиб, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ўзига нисбатан мазкур қарор қабул қилинган шахс Кенгаш аъзосининг алоҳида фикри билан таништирилмайди. Кенгаш аъзоларининг овоз бериши ёпиқ мажлисда ўтказилади.
Бундан ташқари, Кенгаш аъзосини рад этиш ва унинг ўзини ўзи рад этиши, унга маълум асосларга бўлганда амалга оширилиши мумкин.
Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар, хулосалар қабул қилади ва тақдимномалар киритади.
Кенгаш мажлисида қабул қилинадиган қарорлар турлари:
судьялик лавозимига номзодни захирага қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш; номзоднинг кўрсатилган судьялик лавозимига муносиблиги ёки муносиб эмаслиги ҳақида ёхуд номзоднинг такрорий танловда иштирок этиши учун рухсат бериш ҳуқуқини қолдириш; судьялик лавозимига тайинлаш, қайта тайинлаш; судьяларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш; ёки интизомий таъсир чораларини қўллаш; жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш; судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш тўғрисида.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурийдир.

Судьялар корпусини шакллантириш масаласи. Судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги таъминланади.


Кенгаш судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантиради. Захирага киритилиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Кенгашга ариза билан мурожаат қилади ва ариза икки ой ичида кўриб чиқилади. Захирага судьялик лавозимлари учун зарур билимга, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган юқори малакали юристлар орасидан ўттиз уч ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин.
Захирага киритилмайдиган шахслар руйхати қонун билан белгиланган. Булар: одил судловни амалга оширишга монелик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар; белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар; ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилганлар; судьялик лавозимига муносиб эмаслиги туфайли захирага киритишни рад этиш ҳақида Кенгаш хулосаси қабул қилинганидан кейин бир йил ўтгунига қадар захирага киритиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганлар.
Захирага киритиш судьялик лавозимига номзоднинг ушбу Қонунда назарда тутилган мезонларга муносиблигини ўрганиш ва Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтиш натижаларига кўра, Кенгашнинг қарори билан амалга оширилади.
Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни танлаш тартиби
Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.
Захирага киритилган судьялик лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ўқишни муваффақиятли тамомлаганидан кейин бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.
Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли ўзига нисбатан Кенгашнинг захирага киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги хулосаси чиқарилган шахс бир йил ўтгач, захирага киритиш тўғрисидаги ариза билан Кенгашга такроран мурожаат қилиши мумкин.
Судьяликнинг муҳим кафолатларидан бири бу судьянинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин уни судьялик лавозимига ва бошқа судьялик лавозимига тайинлаш бўлиб, янги ваколат муддатига ўз номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья ваколатлари муддати тугашига камида олти ой қолганда аризани ва зарур ҳужжатларни тегишли судьяларнинг малака ҳайъатига беради. Судьялар олий малака ҳайъати судьяни янги муддатга ёки бошқа судьялик лавозимига тайинлаш мумкинлиги ҳақида Кенгашга хулоса тақдим этади.
Судьянинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин Кенгаш уч ой ичида номзоднинг судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиши керак.
Кенгаш аъзоси ўз фаолияти давомида мустақил бўлиб, қуйидагилар орқали таъминланади, яъни унинг қонунда белгиланган тартибда тайинланиши (тасдиқланиши); унинг дахлсизлиги; Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувининг сир тутилиши; унинг юксак мақомига мувофиқ унга давлат ҳисобидан моддий ва ижтимоий таъминот берилиши.
Кенгаш аъзосининг ваколатлари муддати 5 йил тайинланади (тасдиқланади). Шу билан бирга, Кенгашнинг доимий аъзоси сурункасига икки муддатдан ортиқ тайинланиши (тасдиқланиши) мумкин эмас.
Кенгаш аъзоси Кенгашнинг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас. Кенгаш аъзосига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Кенгаш аъзосининг ваколатлари Қонунинг 30-моддасида белгилаб қўйилган асослар мавжуд бўлганда ваколати муддатидан илгари тугатилиши мумкин
Кенгаш раиси ва котибининг ваколатлари тугаганидан кейин уларга лавозимга тайинланишига (тасдиқланишига) қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади. Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзолари ўз ваколатлари муддати тугаганидан кейин судьялик фаолиятини аввалги лавозимида ёки шунга тенг бўлган бошқа судьялик лавозимида давом эттиради.

5.3 Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий мактаби


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 6 январдаги ПҚ-4096-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилди.


Олий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Олий мактабнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:
судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, улар малакасини ошириш; интерфаол ўқитиш усулларини таълим жараёнига жорий этиш; ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш; фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш; халқаро ҳамкорлик ва ҳ.к.
Олий мактаб фаолиятини ташкил этишнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Олий мактаб директори бошқарадиган Кенгаш ташкил этилади. Кенгаш таркибига директор ўринбосарлари, кафедра мудирлари, бошқа таркибий бўлинмалар раҳбарлари, таълим ва юридик соҳалардаги етакчи олимлар ва мутахассислар, шунингдек Кенгаш котиби киради. Кенгаш қарори Олий мактаб директори ва Кенгаш котиби томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Олий мактабга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзоси ҳисобланади.
Олий мактабнинг ўқув-методик ва илмий фаолияти. Олий мактаб фаолияти уч йўналишда амалга оширилади:
1. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш - давлат грантлари асосида бир йиллик магистратура. Судьялик лавозимларини эгаллашга юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун Олий мактаб магистратурасига қабул фақат судьялик лавозимлари захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади. Олий мактаб магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталари бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари белгиланган тартибда қабул қилинади. Ўқишга қабул қилиш тингловчи танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг Олий мактаб директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Олий мактаб магистратураси тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади. Олий мактаб магистратурасига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод этилади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади.
2. Судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш – раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш иики ойлик курслари;
3. Судьялар ва судлар аппарати ходимларини малакасини ошириш – судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш . Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида сақланади.
МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ

Ўзбекистон Республикасида прокуратура органларининг ташкил топиши ва ривожланиши.


Прокуратура фаолиятининг асосий йўналишлари ва принциплари.
Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг тузилиши ва тизими.
Прокурор назорати, прокурорнинг асосий вазифалари.
Прокуратура органлари ходимлари.
Зарурий адабиётлар:
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни. 257-II-сон 29.08.2001 // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 23.01.2020 й., 03/20/603/0071-сон.
2. Prokuror nazorati. Darslik. D.Xabibullaev, F.Samig‘jonov, A.Matmuratov, D.Nurumov, B.Xamidov, D.Egamberdiev, O.Narzullaev, F.Ibratova, G.Mamaraimova. Darslik. – Toshkent: TDYU, 2019. – 190 b.
3. Загорский Г.И., Попов К.И. Судебные и правоохранительные органы. Курс лекций в 2-х томах. Том 1. Судоустройство. – М.: Проспект. 2020. – С.163-224.
4. Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. — С.561-602.

7.1. Ўзбекистон Республикасида прокуратура органларининг ташкил топиши ва ривожланиши.


19 асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёни Россия томонидан босиб олинишига қадар Бухоро амирлигида, Хива ва Қўқон хонликлари каби феодал давлатларда прокуратура ва шу каби органлар мавжуд эмас эди. Гап шундаки, шариат қонунларига риоя этиш устидан махсус орган томонидан назоратни амалга ошириш Қуръонда назарда тутилмаган. Мусулмон ҳуқуқи прокурор назорати каби институтни умуман назарда тутмайди.


Прокурор назорати институти 1867 йилдаги Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг лойиҳаси билан назарда тутилган эди. Бироқ ўша пайтда прокуратура махсус орган сифатида ҳали ташкил этилмаган эди. Прокурор ваколатларини кўпроқ ўз ташаббуси билан ҳарбий губернаторлар олди.
Туркистон ўлкасининг учта мустақил маъмурий тузилмасида (Сирдарё области, Зарафшон Округи ва Амударё отдели) учта “прокурор” мавжуд бўлган: Сирдарё губернатори, Зарафшон округи бошлиғи ва Амударё отдели бошлиғи. Бу мансабдор шахслар ишларнинг судловга тааллуқлилигини қайта кўриб чиқишлари, уларни маъмурий тартибда ҳал этишлари ва ўз хоҳишига биноан, тугатишлари мумкин эди.
1887 йилда адлия вазири буйруғи билан Сирдарё, Янги-Марғилон, Самарқанд, Верненск област судлари ҳузурида област прокуратуралари ташкил этилган эди. Улар маъмурий тартибда Россия адлия вазирига бўйсунар эди.
Туркистонда чор прокуратураси маъмурий-ҳудудий принцип бўйича ташкил этилган эди. Округ суди ҳузуридаги прокурор суд палатаси прокурорига бўйсунар эди, у эса ўз навбатида - бевосита адлия вазирига ва унга ҳисобот берар эди. Барча прокурорлар шоҳ томонидан тайинланар ва озод этилар эди .
Туркистондаги прокуратура Чор Россияси прокуратурасининг таркибий қисми бўлиб , унинг қонунларини жорий этиш ва уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширган. Прокуратура ходимларининг камсонлиги, маҳаллий аҳолининг тили ва одатларини билмаслиги, манфаатларнинг бир-бирига мос келмаслиги прокуратура органлари ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги муносабатларни яхшиланишига имкон бермасди.
1922 йилнинг бошида Туркистон АССР давлат прокуратураси тўғрисидаги декрет лойиҳаси устидан иш бошланди. 1922 йил 9 майда Туркреспубликасининг МИҚ ва ХКК Туркистон АССР давлат прокуратураси тўғрисида низомни тасдиқлади , 1922 йил 3 июнда у қонуний кучга кирди . 1922 йилнинг июнь ойи бошларида Туркистон АССРда прокуратура ҳам марказда, ҳам жойларда ташкилий жиҳатдан шаклланди. Айнан мана шу пайтдан бошлаб Туркистонда прокуратуранинг ташкил топиши бошланади .
Туркистонда прокуратуранинг таъсис этилиши умуман олганда янги давлат функцияси пайдо бўлганлигини ва мазкур ҳудудда давлат фаолиятининг янги шакли ташкил топганлигини англатар эди.
Умумий назоратдан ташқари прокуратура органлари зиммасига ҳар қандай мансабдор шахс устидан ўз ташаббуси билан ёки бу шахслар устидан келиб тушган шикоят ва аризалар асосида жиноят иши қўзғатиш, уларни ушлаб туриш юклатилган.
Низомга кўра, прокуратурага бошчиликни адлия халқ нозири амалга оширган, унинг ўзи Туркреспублика прокурори. Давлат прокуратураси бўлимига адлия халқ нозири ўринбосари мудирлик қилган.
1992 йил 1 августдаги Туркистон АССР МИҚ қарори билан республика ҳудудида РСФСР Жиноят-процессуал кодекси амалга киритилди. Унда прокурор функциялари ҳам белгиланган бўлиб, уларга жиноятларни тергов қилиш устидан назорат қилиш бўйича жуда катта ваколатлар берилган эди.
1922 йил 21 ноябрдаги Умумбухоро МИҚ (Марказий Ижроия Қўмитаси) қарори билан Умумбухоро МИҚ Олий назорати бўлинмаси сифатида Прокуратура ташкил этилган эди . Мазкур қоида қабул қилиниши билан амалда 1922 йилнинг ноябридан фаолият кўрсатаётган БХСР (Бухоро Халқ Социалистик Республикаси) прокуратурасининг юридик жиҳатдан ҳуқуқий мақоми белгиланди.
1923 йилдаги Адлия халқ нозирлиги тўғрисидаги низомга кўра Адлия халқ нозири бир вақтнинг ўзида республика прокурори ҳам эди ва шу муносабат билан унга жуда кенг ваколатлар берилган эди. Прокурор назорати БХСР Адлия халқ нозирлигининг давлат прокуратураси бўлими орқали амалга оширилар эди. Бўлимга БХСР прокурори ёрдамчиси бўлган мудир раҳбарлик қилар эди, у республика прокурори томонидан тайинланар ва лавозимидан озод этилар эди.
1924 йил 24 сентябрда ХХСР МИҚ қарори билан Адлия халқ нозирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди . Низомга кўра Адлия нозирлиги Нозир, бир вақтнинг ўзида ХХСР давлат прокурори раҳбарлик қилади, унинг зиммасига республикада қонунийлик устидан умумий назорат амалга ошириш юклатилган эди. Бевосита прокурор назоратини Адлия нозирлиги прокуратура бўлими орқали амалга оширар эди, унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган эди: давлат номидан барча ҳокимият органлари, хўжалик муассасалари, жамоат ва хусусий муассасалар ҳаракатлари қонунийлиги устидан айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳамда ноқонуний қарорлар устидан протест билдириш йўли билан назоратни амалга ошириш; жиноятларни очиш борасида тергов ва суриштирув органлари, шунингдек, давлат сиёсий бошқармалари фаолиятини бевосита кузатиш, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва ахлоқ тузатиш муассасаларининг тўғри фаолият кўрсатишини кузатиш; Олий судга нисбатан прокурор назорати функцияларини амалга ошириш.
1926 йил 29 сентябрда ЎзССР МИҚ томонидан тасдиқланган ва 1927 йил 15 февралда амалга киритилган ЎзССР суд тузилиши тўғрисидаги низом 1925 йилдаги Адлия халқ нозирлиги тўғрисидаги низомга қўшимча тарзда прокуратурага қонун бузилишида айбдор бўлган шахслар устидан интизомий ва маъмурий иш юритув қўзғатиш ҳуқуқи берилди, шунингдек, унинг зиммасига жиноят ишлари бўйича кассация инстанцияларида хулосалар бериш ва жиноят билан кураш олиб бораётган барча органлар фаолияти устидан умумий кузатишни амалга ошириш мажбуриятларини юклади.
ЎзССР прокурори бир вақтнинг ўзида республика адлия халқ нозири бўлганлиги туфайли республика ҳукумати таркибига ҳам кирган. Натижада республика прокурори ЎзССР МИҚ томонидан тайинланиб ва вазифасидан озод этилишига қарамай, адлия халқ нозири сифатида республика Халқ нозирлари Советига ҳисобдор эди. Республика прокурори қонунийлик устидан назорат функциясини бошқарув функцияси билан мужассамлаштирар эди, ва бу назорат функцияларини амалга оширишда салбий таъсир этарди.
1929 йил 27 январда ЎзССР Адлия халқ нозирлиги ҳайъати АХН ҳузуридаги прокуратура бўлими тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Низомга кўра ЎзССР ҳудудида прокуратура органлари фаолиятига раҳбарлик республика прокуратура бўлимига ўтди; бўлимга энди халқ нозири эмас, ЎзССР адлия халқ нозири ўринбосари раҳбарлик қиларди, бир вақтнинг ўзида у республика прокурори ҳам эди.
1931 йил 23 сентябрда ЎзССР МИҚ ва ХНК ЎзССР адлия халқ нозирлиги тўғрисида янги низомни тасдиқлади . Унга кўра прокуратура энди бўлим эмас, лавозими бўйича Адлия халқ нозири ўринбосари бўлган республика Прокурори томонидан бошқариладиган АХН таркибидаги мустақил муассаса сифатида ташкил этилди.
1933 йил 10 июлда Собиқ Иттифоқ МИҚ ва ХНК “Иттифоқ прокуратурасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши прокуратура тарихида улкан воқеа бўлди. Собиқ Иттифоқ МИҚ ва ХНК 1933 йил 17 декабрдаги қарори билан Иттифоқ прокуратураси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Шу билан бир вақтда Иттифоқ Олий суди Прокуратураси тугатилиши амалга оширилди. Низомда Иттифоқ Прокуратураси функциялари ва уларни амалга ошириш тартиби, шунингдек, прокурор назоратининг йўналишлари белгиланди: умумий назорат; давлат сиёсий бошқармалари ва милиция ҳаракатлари тўғрилиги ва қонунийлиги устидан назорат; дастлабки тергов устидан назорат; суд органлари томонидан қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланилиши устидан назорат; ахлоқ-тузатиш муассасалари фаолияти тўғрилиги ва қонунийлиги устидан назорат.
Прокуратура ҳаётининг муайян даври биринчи планга жазолаш муассасалари чиқиши, уларнинг устуворлиги олий давлат ҳокимияти органлари томонидан тан олинганлиги билан боғлиқ бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти деформацияланган давр билан боғлиқ. Фақат 50-йилларнинг ўрталарида қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат ривожланишининг ҳуқуқий негизини яратишга доир уринишлар бўлди.
Прокуратура ривожланиши жараёнида навбатдаги муҳим давр бўлиб 1955 йил 24 майда Иттифоқда прокурор назорати тўғрисидаги низомнинг қабул қилиниши ҳисобланади. Унда давлатда қонунийликнинг ўрни ва уни оғишмай таъминлашда прокурор назорати органларининг роли тўғрисидаги фикрлар қонуний тартибда белгиланиб қўйилди ва кейинчалик ўз ривожини топди. Низомда прокурорларнинг вазифалари, ваколатлари жиноят ва фуқаролик иш юритувида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларига прокурор таъир этиш чоралари белгиланди. Низомнинг кўпгина қоидалари кейинчалик жиноят ва фуқаролик иш юритуви асосларига, ахлоқ тузатиш қонунчилигига киритилди.
Ҳарбий прокуратура органлари ҳам қайта ташкил этилган эди. Уларнинг тизими ва тузилиши, ҳарбий прокурорларнинг ваколатлари, уларнинг функциялари ва ҳудудий прокурорлар фаолияти билан ўзаро муносабати – буларнинг ҳаммаси 1966 йил 14 декабрда тасдиқланган Ҳарбий прокуратура тўғрисидаги низомда ўз аксини топган. Унга кўра ҳарбий прокуратура совет прокуратураси органлари тизимига кирарди ва Иттифоқ Бош прокурорига бўйсунарди.
Қонунийлик устидан тегишли назоратни таъминлашга доир кейинги қадамлар 1977 йилда Конституция қабул қилиниши билан боғлиқ. Иттифоқ прокуратураси тўғрисидаги Қонун ишлаб чиқиш ҳақидаги қарор ушбу қадамлардан бири эди. Бундай қонун ўнинчи чақириқ Иттифоқ Олий Кенгашининг иккинчи сессияси томонидан 1979 йил 30 ноябрда қабул қилинди. Унда совет прокуратура органларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосий принциплари, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган ва ҳуқуқий тартибга солинган.
Прокурор назорати маъмурий-буйруқбозлик тизимининг бўлаги сифатида 1980-1990 йиллардаги авторитар режим ўтказувчиси бўлди. Иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий ва ташкилий ричаглар ишлаши керак бўлган жойларда зўрлик чораларини ишлатиш мақсадида прокуратура қўлланар эди. Бундай амалиёт кўпчилик идоралар совет ва назорат органлари қонунийлик ва интизомга риоя қилиш устидан назоратнинг мукаммаллиги ва самаралилигини таъминламаслигига, прокурор ва жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларига таянган ҳолда уларга тақдим этилган ҳуқуқларни тўла ишлатмаслигига олиб келди.
Ўзбекистон прокуратурасининг янги мақомига суверенитет ғоялари асосида 1991 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги асослари тўғрсида”ги Қонуни ва 1992 йил 8 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши асос солиб берди.
Прокуратура органларини ислоҳ қилиш унинг фаолиятини демократизациялаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган приоритетларни аниқлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун билан қуриқланадиган жамият ва давлат манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган.
Тоталитар режим даврида прокуратура органлари партия элитаси қўлида қўрқитиш воситаси ва қуроли бўлган. Унинг фаолияти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга эмас, аксинча, социалистик тузум ва социалистик мулкни ҳимоя қилганда прокуратура оддий одамларнинг кундалик ҳуқуқларини бузган. 1992 йил 9 декабрда “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан прокуратурани демократизациялаштириш ва унинг фаолиятини Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги манфаатларига, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга бўйсундириш мақсадларида прокуратура органларини ислоҳ қилиш жараёни бошланди.
Нисбатан қисқа муддат даврида Ўзбекистон ўз ижтимоий-сиёсий тараққиётида сезиларли натижаларга эришди. Мамлакатда мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлди, янги иқтисодий муносабатлар юзага келди, шахс ҳуқуқларининг кафолатланган ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ қонунларга риоя этиш устидан назорат борасидаги прокуратура органлари фаолияти кўпинча жазолаш характерига эга эди ва ўзининг яратувчи ва ижобий ролини йўқотар эди. Прокурорлар фаолиятида учраб турадиган қонунларни эркин талқин этиш ҳолатлари ҳам хавотирланишга сабаб бўлар эди. Барча мазкур омиллар 2001 йил 29 августда прокуратура ваколатлари доираси; унинг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва прокуратура органлари вазифаларини аниқлаб берган Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши белгилаб берди.

7.2. Прокуратура фаолиятининг асосий йўналишлари ва принциплари.


Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизимидир. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.
Прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш;
фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳарбий тузилмаларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш;
тезкор-қидирув фаолиятни, терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш ҳамда уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
жиноятлар юзасидан дастлабки тергов олиб бориш;
судларда жиноят ишлари кўриб чиқилаётганда давлат айбловини қувватлаш, судларда фуқаролик ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳамда иқтисодий низоларни кўришда иштирок этиш, қонунларга зид бўлган суд ҳужжатларига протест келтириш;
солиқ интизомини мустаҳкамлашга, солиқ, валюта соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашга, шунингдек давлатга етказилган иқтисодий зарарни қоплашга қаратилган қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш;
ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш;
қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишида иштирок этиш.
Прокуратура органлари фаолиятини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосий принциплари бирлик, марказлашганлик, қонунийлик, мустақиллик ва ошкораликдир.
Прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган ягона марказлашган тизимни ташкил этади ҳамда қуйи турувчи прокурорлар юқори турувчи прокурорларга ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бўйсуниши ҳамда ҳисобдорлиги асосида фаолият кўрсатади.
Юқори турувчи прокурор қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар беришга ёхуд унинг ҳар қандай, шу жумладан процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга ҳақлидир, шунингдек у ўз бўйсунувидаги барча прокурорларнинг ишлари тўғри ташкил этилиши учун тўлиқ жавобгардир. Прокуратура органларининг ходимлари ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар прокурорлари ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари Кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади; зарур бўлган ҳолларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилади.
Прокуратура органлари қонунларнинг ижро этилишини назорат қилишга ва жиноятчиликка қарши курашга доир фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш, ўзининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлаш йўли билан ўз фаолиятини ошкора амалга оширади.

7.3 Прокуратура органлари тузилиши ва тизими


Прокуратура органларининг тизими қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари;
туманлар ва шаҳарлар прокуратуралари;
вилоят прокуратураларига тенглаштирилган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси;
туман прокуратураларига тенглаштирилган, ҳудудий ҳарбий, транспорт ва ихтисослаштирилган прокуратуралар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, шунингдек вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар прокурорларининг ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларнинг ваколат муддати беш йил.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосарига, ўринбосарларига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини лавозимига тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бош бошқармалар, бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг катта ёрдамчилари ва ёрдамчилари, бош бошқармалар, бошқармалар, бўлимларнинг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, катта прокурорлар, прокурорлар, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори прокуратура органларига раҳбарлик қилади ва улар фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ваколатлари:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан мурожаат этиши мумкин;
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши, унинг кўриб чиқиши учун масалалар киритиши ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириши мумкин;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисларида иштирок этади, муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан фикр билдиради, қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича Пленум тушунтиришлар бериши хусусида таклифлар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади;
прокуратура органлари ходимларига даражали унвонлар беради ва олий даражали унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этади;
прокуратура органлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этади;
прокуратура органлари ходимларини «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирлайди;
буйруқлар чиқаради ҳамда прокуратура органларининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
чет эл давлатларининг тегишли органлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар тузади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори асосида бекор қилинади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати олдида ҳисобдордир ва мунтазам равишда ҳисобот тақдим этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президентига қуйидагилар ҳақида ахборот тақдим этади: қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида — мунтазам равишда; ўта оғир жиноятлар ва фавқулодда ҳодисалар тўғрисида — зудлик билан; прокуратура органлари амалга оширган ишлар тўғрисида — ҳар олти ойда. Агар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларини ижро этиш мақсадида ўтказилган текширувлар давомида давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳужжатлари аниқланган тақдирда, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади. Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг ҳужжатлари фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда камситаётган бўлса, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёхуд бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиши мумкин.
2) Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига Қорақалпоғистон Республикаси прокурори раҳбарлик қилади, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори олдида ҳисобдордир.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори тегишинча туман, шаҳар прокуратураларининг ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари асосида ва уларни ижро этиш учун ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ҳаммаси учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади. Бошқармалар ва бўлимларнинг бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, прокурорнинг катта ёрдамчилари, прокурорнинг ички хавфсизликни таъминлаш бўйича ёрдамчиси, катта прокурор-криминалист Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ёрдамчилари, бошқармалар ва бўлимларнинг катта прокурорлари ва прокурорлари, прокурор-криминалистлар, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар, катта терговчилар ва терговчилар Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
3) Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларга тегишли прокурорлар раҳбарлик қиладилар, улар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ҳамда лавозимдан озод этиладилар. Бу прокурорлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бўйсунадилар ва унинг олдида ҳисобдордирлар.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар тегишинча туман, шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари асосида ва уларни ижро этиш учун ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ҳаммаси учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади.
Бошқармалар ва бўлимларнинг бошлиқлари, прокурорларнинг катта ёрдамчилари, прокурорларнинг ички хавфсизликни таъминлаш бўйича ёрдамчилари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Бошқармалар ва бўлимлар бошлиқларининг ўринбосарлари, катта прокурор-криминалистлар ва прокурор-криминалистлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг ёрдамчилари, бошқармалар ва бўлимларнинг катта прокурорлари ва прокурорлари, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар, катта терговчилар ва терговчилар вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
4) Туманлар, шаҳарлар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларга тегишли прокурорлар раҳбарлик қилади, улар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар. Бу прокурорлар юқори турувчи тегишли прокурорга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бўйсунадилар ва уларнинг олдида ҳисобдордирлар.
Туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарлари бўлиши мумкин.
Туманлар, шаҳарлар прокурорларининг ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг катта ёрдамчилари, ёрдамчилари, прокуратура катта терговчилари ва терговчилари, иш ўрганувчилари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
5) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасига лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори раҳбарлик қилади.
6) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилади. Департаментга мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарига тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади.
Департамент бошлиғининг ўринбосарлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Департаментнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Департаментни ва унинг жойлардаги бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.
7) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилади. Бюрони мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарига тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озод этиладиган директор бошқаради.
Бюро директори лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ижрочиси ҳисобланади.
Бюро директорининг ўринбосарлари Бюро директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Бюро ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари Бюро директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари Бюро директори томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Бюро ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Прокуратура органларининг ҳайъатлари


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (раис), унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, прокуратура органларининг бошқа ходимларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда прокурор (раис), унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва прокуратура органларининг бошқа ходимларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг таркиби тегишли прокурорнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда тузиладиган ҳайъатлар маслаҳат органлари бўлиб, улар қонунийлик ва жиноятчиликнинг ҳолатига, прокуратура органларининг фаолиятига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруқлари ва кўрсатмаларининг ижросига, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишга доир ва бошқа масалаларни кўриб чиқади, прокурорларнинг, прокуратура органлари тузилмавий бўлинмалари раҳбарларининг ва бошқа ходимларининг ҳисоботларини эшитади.
Ҳайъат қарорлари асосида тегишли прокурорлар буйруқлар чиқариши мумкин.

7.4 Прокурор назорати. Прокурорнинг ваколатлари.


Прокурор назорати назорат предметига кўра бир неча турларга ажратилади:
Қонунлар ижроси устидан назорат. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий тузилмалари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши, шунингдек улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги назорат предмети ҳисобланади.
Фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши устидан назорат. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий тузилмалари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши назорат предмети ҳисобланади.
Жиноятчиликка қарши курашни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат. Жиноятлар тўғрисидаги аризалар ва хабарларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш ва терговни олиб боришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган процессуал тартиби, шунингдек жиноятчиликка қарши курашни амалга оширадиган органлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги жиноятчиликка қарши курашни амалга оширадиган органларнинг қонунларни ижро этишлари устидан назорат предмети ҳисобланади.
Прокуратура органлари жиноят-процессуал қонунга биноан ўз ваколатларига берилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар юзасидан тергов ўтказадилар.
Прокурор жиноят-процессуал қонунга мувофиқ ҳар қандай жиноятни тергов қилишни ўз иш юритувига олишга ёки ўзига бўйсунувчи прокурорга топширишга, шунингдек биргаликда тергов ўтказиш учун прокуратура терговчилари, ички ишлар органлари ҳамда бошқа органларнинг терговчилари ва тезкор ходимларидан иборат тергов гуруҳини тузишга ҳақлидир.
Ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя қилиниши устидан назорат.
- ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этувчи муассасаларда шахслар сақланишининг қонунийлиги;
- ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этиш тартиби ва шароитлари ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши;
- ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар, маҳкумларнинг, шунингдек жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чоралари қўлланилган шахсларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя этилиши;
- жиноят-ижроия қонун ҳужжатларини қўллаётган орган ва муассасалар, мансабдор шахслар фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши.
Судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатлари. Фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судларида ишлар кўрилаётганда прокурор қонунда белгиланган тартибда иштирок этади. Прокурор судларда жиноят ишлари кўрилаётганда давлат айбловини қувватлайди. Прокурор судда далилларни текширишда иштирок этади, қонуннинг қўлланиши хусусида ўз фикрини билдиради. Ишлар судларда кўрилаётганда иштирок этаётган прокурорнинг ваколатлари процессуал қонунлар билан белгиланади.
Ишларни суддан талаб қилиб олиш ва чақириб олиш. Суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори қонуний кучга кирган ҳар қандай ишни прокурор ўз ваколатлари доирасида суддан талаб қилиб олиш ҳуқуқига эгадир. Прокурор ёки унинг топшириғига биноан прокуратура органларининг бошқа ходимлари судларда бундай ишларнинг ҳар қандай тоифасини ўрганиб чиқиш ҳуқуқига эга.
Суд қарорларига протест келтириш. Прокурор процессуал қонунда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорига протест келтиришга ҳақли.
Протест келтириш прокурорнинг ваколат доирасидан четга чиқиб кетадиган ҳолларда у протест келтириш тўғрисидаги тақдимнома билан юқори турувчи прокурорга мурожаат этади.

7.5. Прокурор назорати ҳужжатлари


Прокурор назорати ҳужжатларининг турларига қуйидагилар киради: Протест, қарор, тақдимнома, ариза ва огоҳлантирув прокурор назорати ҳужжатларидир.
Протест - қонунга зид бўлган ҳужжатга нисбатан протестни прокурор ана шу ҳужжатни қабул қилган органга ёки юқори турувчи органга келтиради. Мансабдор шахснинг ноқонуний қарорига нисбатан ҳам худди шундай тартибда протест келтирилади.
Протест келиб тушган вақтдан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай кўриб чиқилиши шарт. Қонунбузарликни дарҳол бартараф этиш талаб қилинган алоҳида ҳолларда прокурор протестни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатини белгилашга ҳақли. Протестни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида уч кунлик муддат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилинади.
Қарор - прокурор мансабдор шахс ёки фуқаро томонидан содир этилган қонун бузилишининг хусусиятига қараб жиноят иши, маъмурий ёки интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради. Прокурор қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам қарор чиқаради.
Маъмурий ёки интизомий жавобгарлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги прокурорнинг қарори келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида орган ёки мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиши шарт. Уни кўриб чиқиш натижалари ҳақида уч кунлик муддатда прокурорга ёзма равишда маълум қилинади.
Тақдимнома - прокурор қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани қонун бузилишини бартараф этиш ваколатларига эга бўлган органга ёки мансабдор шахсга киритади.
Тақдимнома дарҳол кўриб чиқилиши ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида бир ойлик муддат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилиниши лозим.
Тақдимнома коллегиал орган томонидан кўриб чиқиладиган ҳолларда мажлис куни ҳақида прокурорга маълум қилинади ва у мажлисда иштирок этишга ҳақлидир.
Ариза - прокурор фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Прокурорнинг аризаси суд томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади. Прокурор аризасидан давлат божи олинмайди.
Огоҳлантирув - прокурор фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига, ҳуқуқ ва эркинликларига, жамият ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар тайёрланаётганлиги хусусида ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида мансабдор шахслар ва фуқароларни қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни тушунтиради.
Огоҳлантирув тўғрисида прокурор юқори турувчи органга (мансабдор шахсга), шунингдек огоҳлантирув эълон қилинган шахснинг иш, ўқиш жойи бўйича иш берувчига (маъмуриятга) ёки яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилишга ҳақли.

Прокуратура органлари ходимлари


Прокуратура органларидаги лавозимларга тайинланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар. Прокуратура органларида прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар ва иш ўрганувчилар лавозимига олий юридик маълумотга эга, зарур касбий фазилатлари бўлган, зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тайинланади.
Алоҳида ҳолларда, прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассислар қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар лавозимига йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган шахслар тайинланади.
Прокуратура органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори белгилайдиган тартибда аттестациядан ўтказилиши лозим.
Прокуратура органлари ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.
Прокурор ёки терговчи лавозимига биринчи марта тайинланаётган шахс қасамёд қабул қилади. Қасамёд қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланади.
Прокурорлар фаолиятини баҳолаш. Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, шунингдек вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорларининг ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларнинг фаолияти тегишли юқори турувчи прокурорлар томонидан уларнинг ваколат муддати давомида камида икки марта комплекс ўрганиб чиқилади. Прокурорлар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари қонунийликнинг ҳолати ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъминланиши ҳисобланади.
Ўз фаолияти даврида тегишли ҳудудда қонунлар ижроси устидан лозим даражада назорат ўрнатилишини таъминлаб бера олмаган шахслар прокурор лавозимига такроран кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси - Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тузилмасида прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси тузилади.
Прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси прокуратура органлари ходимлари томонидан содир этилган хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, коррупция ва эгаллаб турган лавозимига нолойиқ бошқа ножўя хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар бўйича хизмат текширувлари ўтказади, прокуратура органларида ички хавфсизликни таъминлаш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Бош прокуратура ҳайъатининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмалари сўзсиз ижро этилишини таъминлайди.
Прокуратура органлари ходимларига эгаллаб турган лавозимлари ва меҳнат стажига мувофиқ даражали унвонлар ёки ҳарбий унвонлар берилади.
Прокуратура органлари ва муассасаларидаги хизмат
Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ, прокуратура органлари ва муассасаларининг ходимларига даражали унвонлар ва ҳарбий унвонлар бериш ҳамда улардан маҳрум этиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда белгилаб қўйилади.
Прокуратура органлари ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқотар қурол ҳамда бошқа шахсий ҳимоя воситалари олиб юриш ҳуқуқига эга.
Прокуратура органлари ходимининг дахлсизлиги масаласида алоҳида таъкидлаш керакки, прокурор, терговчи ва суриштирувчига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва дастлабки тергов ўтказиш прокуратура органларининг мутлақ ваколати ҳисобланади.
Прокуратура органлари ходимларининг интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилади.
МАВЗУ. ИЧКИ ИШЛАР ВА ХАВФСИЗЛИК ОРГАНЛАРИ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ.

1. Шахс, жамоат ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини ташкил этилиши ва унинг фаолиятининг асосий принциплари.
3. Ички ишлар органларининг вазифалари ва ҳуқуқлари.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматини ташкил этилиши ва улар фаолиятининг асосий принциплари.
5. Давлат хавфсизлик органларининг вазифалари ва ҳуқуқлари.
6. Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари.
7. Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ваколатлари ва фаолиятининг асосий йўналишлари.
8. Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардиясида хизмат ўташнинг тартиби ва шартлари.
Зарурий адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни. ЎРҚ-407-сон 16.09.2016 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон.
2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун ЎРҚ-471-сон 05.04.2018 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 06.04.2018 г., № 03/18/471/1022
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Миллий Гвардиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори №29 23.01.1992. // https://lex.uz/docs/379414
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси миллий гвардияси қўриқлаш хизматининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори. 555-сон 03.07.2019 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.07.2019 й., 09/19/555/3374-сон.
5. Рустамбаев М.Х., Тухташева У.А. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар. Олий ўқув юртлари учун дарслик. (Икки жилдли. 2-жилд). –Т.: Илм Зиё, 2011. – Б. 104-141.
6. Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. – С.602-639.

8.2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини ташкил этилиши ва унинг фаолиятининг асосий принциплари.


Ички Ишлар Вазирлигининг фаолияти ЎЗбекистон республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонун (2016 йил 16 сентябрь) билан тартибга солинади.


Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:
қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.
Қонунийлик принципи – Ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига аниқ риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.
Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Ички ишлар органларининг ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатларини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликни, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.
Ягоналик принципи - Ички ишлар органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган ягона тизимдан иборат.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи - Ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади ва ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.
Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат қилиш тартиби қонун билан тартибга солинади. Жумладан, ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши; фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.
4. Очиқлик ва шаффофлик принципи деганда, ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилиши тушунилади.
Ички ишлар органларининг тизими қуйидаги иерархиядан ташкил топган: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармалари (бўлимлари), жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг ўта муҳим ва тоифаланган объектлардаги бўлинмалари, шаҳарча ички ишлар бўлинмалари ва ички ишлар органларининг таянч пунктлари, шунингдек таълим ва тиббиёт муассасалари, ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлардан иборатдир.
Шунингдек, бу тизимга Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланадиган қоровул қўшинлари ҳамда халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинлар ҳам киради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига, қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим масалалар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотни йилига икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этади.
Ички ишлар ходимларини тайинлаш масаласи: Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради.
- Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;
- Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;
- Вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан;
- Туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

8.3. Ички ишлар органларининг вазифалари ва ҳуқуқлари


Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.


Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишлари:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш;
терговга қадар текширувни, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш;
жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, шу жумладан террорчилик ҳаракатларига чек қўйишда ҳамда гаровга олинганларни озод қилишда иштирок этиш йўли билан курашиш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлаш;
эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш, шунингдек шахсларни қидириш бўйича ишларни ташкил этиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
паспорт тизими талабларининг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, доимий ва вақтинча яшаш учун рухсатномаларни беришга ҳамда расмийлаштиришга доир ишларни, паспорт тизимига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишни амалга ошириш;
саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, шунингдек пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ва улар прекурсорларининг муомалада бўлиши соҳасида назорат қилиш;
эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш;
давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;
лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;
ҳарбий-сафарбарлик ишларини ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш;
қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.
Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Қонуннинг 16 ва 17-моддаларида ифодаланган. Уларнинг айрим ҳуқуқларига тўхталиб ўтилади:
фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;
фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни,
агар терговга қадар ва тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув ва қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;
содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, шунингдек уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳамда ушлаш учун, агар бунинг кечиктирилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳудудига, турар жойларига ва бошқа биноларига, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кириш (ошиб тушиш);
фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш;
жиноят ишларини тергов қилиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар ҳамда хабарларни кўриб чиқиш доирасида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, шунингдек давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш;
террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада жисмоний шахсларни шахсий кўрикдан ўтказишни, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўрикдан ўтказишни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларини қўллаган ҳолда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ва ҳ.к.
Ички ишлар органи ходими ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

8.4. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматини ташкил этилиши ва улар фаолиятининг асосий принциплари.


Давлат хавфсизлик хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хавфсизлик хизмати тшғрисида”ги ЎРҚ-471-сон 05.04.2018 Қонуни билан тартибга солинади.


Давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда бошқа давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишдан, қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашдан, шунингдек Давлат хавфсизлик хизматининг ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборат.
Давлат хавфсизлик хизмати давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи бўлиб, фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва давлат манфаатлари ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига бўладиган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;
терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
тергови Давлат хавфсизлик хизмати ваколатига киритилган жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни ўтказиш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
ахборотнинг криптографик ҳимоясини ташкил этиш устидан назорат қилиш.
Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлиги, ягоналик, мустақиллик, конспирациядан (ўз фаолиятининг, тезкор-хизмат ахборотини олиш, расмийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг алоҳида тартибини, шунингдек тезкор-хизмат ҳужжатлари билан ишлаш қоидаларини белгилаган ҳолда амалга оширади)иборатдир.

8.5. Давлат хавфсизлик органларининг вазифалари ва ҳуқуқлари


Давлат хавфсизлик хизмати тизими Давлат хавфсизлик хизматининг марказий девони, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, уларнинг туманлар (шаҳарлар) бўйича бўлимлари (бўлинмалари), Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари ва Давлат хавфсизлик хизматининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа органлардан иборат бўлади.
Давлат хавфсизлик хизматига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.
Давлат хавфсизлик хизматида Давлат хавфсизлик хизмати раиси, унинг ўринбосарлари, марказий девони бўлинмаларининг ва Давлат хавфсизлик хизмати органларининг бошлиқларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Давлат хавфсизлик хизмати бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир. Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасини ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан мунтазам равишда хабардор қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари:
мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳужжатларини, шу жумладан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларни шахсий кўрикдан ўтказиш, ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда ташилаётган юкларни кўздан кечириш, бунда назоратнинг техник ва бошқа воситалари қўлланилиши мумкин;
мансабдор шахслар ва фуқаролардан тезкор-қидирув, қидирув ҳамда бошқа тадбирлар, терговга қадар текширишлар ва тергов ҳаракатлари ўтказиладиган жойларни тарк этишни талаб қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ва бошқа объектларига тўсқинликсиз кириш, зарурат бўлганда қулфлаш мосламалари ва бошқа ашёларни бузган ҳолда кириш, бу жойларни жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган шахслар таъқиб қилинаётганда ёхуд у ерда жиноят содир этилаяпти ёки содир этилган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яширинган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда ёхуд кечиктириш фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдирадиган бўлса, йигирма тўрт соат ичида прокурорга бу ҳақда хабар берган ҳолда, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаган ҳолда кўздан кечириш;
жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни топиш ва ушлаш мақсадида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг турар жойларида ва бошқа объектларида уларнинг розилиги билан вақтинча бўлиш;
давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ҳамда бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш;
Давлат хавфсизлик хизматининг иш юритувида бўлган ишлар ва материаллар юзасидан фуқароларни, мансабдор шахсларни чақириш, зарур ҳужжатларни, маълумотларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини бепул олиш;
фуқароларни уларнинг розилиги билан кўмаклашишга жалб этиш, Давлат хавфсизлик хизматига кўмаклашган фуқароларни тақдирлаш;
давлат органларига ва бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш ҳамда суриштирув, дастлабки тергов органларидан, суддан яшириниб юрган ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланиш ва ҳ.к.

8.6. Миллий Гвардияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Миллий гвардия (фр. Garde Nationale, ингл. National Guard), миллий посбонлар (итал. guardia – посбон) – турли мамлакатларда ва тарихий даврларда ҳар хил қуролли ташкилотларнинг номи.
Ушбу атама қуйидаги тузилмаларни ифодалайди: милиция (кўнгиллилар, 1789–1827 йй.; 1830–1872 йй.даги Франция Миллий гвардияси ёки АҚШ Миллий гвардияси), жандармерия – ҳарбийлашган полиция (Россия миллий гвардияси қўшинлари ёки Португалия Республика Миллий гвардияси), ҳудудий мудофаа (1940 йилдан бошлаб Швеция Миллий гвардияси), Қуролли кучлар захираси (АҚШ Миллий гвардияси ва МГнинг бошқа кўплаб турлари), Қуролли кучларнинг илғор (элитар) ва имтиёзли қисми (Шри-Ланка Миллий гвардияси), умуман Қуролли кучлар (1925–1979 йй. даги Никарагуа Миллий гвардияси ёки Кипр Миллий гвардияси).
Гвардия тузилмалари ички ишлар вазирлиги ёки мудофаа вазирлигига ёхуд бирданига иккаласига, шунингдек махсус идорага бўйсуниши мумкин. Турли мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ Миллий гвардия кучлари мудофаа идоралари тасарруфига ўтказилиши ҳам назарда тутилган.
Айрим мамлакатларда Миллий гвардия шахсий таркиби кўнгиллилардан (улар маош олмайдилар, аммо офицерлари Қуролли кучлар ёки полиция кадрлар таркибидан берилиши мумкин) ҳам, озгина маошга ишлайдиган (аввалги фаолиятини ташламаган ва/ёки бошқа асосий даромади бўлган) ёки тўлиқ бандлик учун шартнома имзолаган шахслардан, шунингдек ҳарбий мажбурият асосида шакллантирилиши мумкин. Миллий гвардия мақоми мунтазам, номунтазам ёки парамилитар (ярим ҳарбий) бўлиши мумкин.
Гвардия қўшилмалари дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатларида турли даврларда мавжуд бўлган ёки ҳамон фаолият кўрсатади. Одатда, улар ички ишлар ёки мудофаа вазирлигига бўйсунувчи кўнгиллилар ёки махсус қўшилмалар бўлиб, мустақил қўшин тури сифатида ҳам фаолият кўрсатиши мумкин.
1992 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29-сон қарори билан, “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги (1991 йил 31 август) қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 3408-сон ҳарбий қисми негизида Миллий гвардия бригадаси ташкил этилиб, мамлакат Мудофаа ишлари вазирлиги тасарруфига берилган эди. Миллий гвардия ташкил этилишидан кўзланган мақсад давлат суверенитетини, фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўлган.
2017 йил август ойидан эътиборан Миллий гвардия мамлакат Қуролли кучлари таркибидаги мустақил қўшин тури сисифатида фаолият юритмоқда.
2019 йил январь ойида Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, мамлакат Миллий гвардияси таркибига ўтказилди.
Миллий гвардия Ўзбекистон Республикасида мустақил қўшин тури сифатида қисқа вақт мобайнида фаолият кўрсатаётган бўлса-да, юқори даражада самарали эканлигини, таркибий тузилиши ва тайёргарлиги Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган мавжуд ва имкониятдаги жамоат ва давлат хавфсизлиги даражасига мувофиқлигини кўрсатди.
Ҳозирги кунда Миллий гвардия бўлинмаларини замонавий қурол-яроғ турлари ва бронетехника билан жиҳозлаш жараёни жадал давом этмоқда, шахсий таркибни махсус ҳарбий тайёрлаш жараёни такомиллашмоқда. Шу билан бирга, компетенция борасида, мамлакатнинг миллий манфаатларига қарши ҳаракатлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг барвақт олдини олувчи тизимни шакллантириш учун мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган.
Миллий гвардия жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолини турли хил террорчилик таҳдидларидан, жиноий ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилишга,ўта муҳим тоифаланган давлат ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашга хизмат қилади.

8.7. Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ваколатлари ва фаолиятининг асосий йўналишлари.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:


- шаҳарлар ва аҳоли пунктларида жамоат тартиби ва хавфсизликнинг сақланишини таъминлашда кўмаклашиш;
- давлат аҳамиятига эга объектлар, ҳаётий муҳим объектлар, хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
- терроризм ва экстремизм ҳаракатларининг олдини олишда иштирок этиш;
- мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва мудофаасини таъминлашда иштирок этиш;
- табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш;
- хорижий давлатларнинг расмий вакилларини кутиб олиш ва кузатишда юксак даражадаги маросим тадбирларини таъминлаш.
Миллий гвардия ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият олиб боради:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажариш, шу жумладан жамоат тартибини, жисмоний ва юридик шахсларнинг хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қуролланган жиноятчилар ҳамда террорчилик гуруҳларини қўлга олиш ва йўқ қилиш, тезкор-қидирув ва бошқа махсус тадбирларни жанговар таъминлаш;
қўриқлаш фаолияти соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ва таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек давлат қўриқлаш органлари фаолиятини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари муомаласи соҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;
қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирувни ўтказиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни юритиш, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
Миллий гвардия кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини, шунингдек ҳарбий хизматчилари ва ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил қилиш;
расмий учрашувларда ва чет давлатлар расмий вакиллари, хорижий делегацияларни кузатишда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган юқори даражадаги байрам ва тантанали маросимларда расмий тантанали тадбирларни ўтказиш;
жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий тадбирларни ўтказишда ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда давлат органларига бевосита кўмаклашиш;
қўриқланадиган шахслар хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан фавқулодда вазиятлар шароитида, алоҳида даврларда ҳуқуқий режимни таъминлаш ва террорчиликка қарши операциялар ўтказишда иштирок этиш;
Қуролли Кучларнинг жанговар қўллаш режаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофаасида, шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан юклатилиши мумкин бўлган бошқа вазифаларни бажариш.
Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ягоналик, мустақиллик, конспирация, фаолиятнинг мобиллиги ва тезкорлиги, зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришида бошқарув органлари ва бўлинмаларнинг доимий жанговар шайлигидан иборатдир.
Миллий гвардия таркибига Миллий гвардия марказий девони, махсус бўлинмалар, минтақавий бошқарув органлари ва ҳарбий қисмлар, қўриқлаш, фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш бўйича бўлинмалари ва суриштирув органлари, шунингдек таълим, тиббий, спорт муассасалари ва Миллий гвардияга юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа ташкилотлар.
Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади. Миллий гвардия фаолиятига раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ва озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони томонидан амалга оширилади. Миллий гвардия қўмондони лавозими мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси вазири лавозимига тенглаштирилади.

8.8 Миллий гвардияда ҳарбий хизматни (хизматни) ўташ тартиби ва шартлари


Миллий гвардиянинг шахсий таркиби шартнома асосидаги, муддатли ҳарбий хизматчиларни ходимларни ўз ичига қамраб олади.


Ходимлар ҳарбий лавозимларга ҳарбий унвон берилиб ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида контракт тузилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда тайинланиши мумкин. Ҳарбий хизматчилар ходимлар лавозимига махсус унвон берилиб ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контрактни тугатган ҳолда тайинланиши мумкин.
Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари ходимлар лавозимига махсус унвон берилган ҳолда тайинланиши мумкин.
Миллий гвардияда ҳарбий хизматни ўташ тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари бажараётган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Миллий гвардия ходимлари давлат хизматида бўлади.
Миллий гвардияда хизматни ўташнинг ушбу Қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари тартиби Миллий гвардияда хизмат ўташ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳафталик хизмат вақтининг умумий давомийлиги, қонун ҳужжатларида белгиланган нормал ҳафталик иш вақти давомийлигидан ошиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИ.


1. . Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва функциялари.


2. Адлия органлари ва муассасалари тизими. Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк ҳуқуқи агентлиги.
3. Республика суд экспертиза марказининг асосий вазифалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги ўрни.
4. Адлия вазирлиги тизимидаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари.
Зарурий адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони. ПФ–5997-сон 19.05.2020 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2020 й., 06/20/5997/0634-сон.
2. Рустамбаев М.Х., Тухташева У.А. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар. Олий ўқув юртлари учун дарслик. (Икки жилдли. 2-жилд). –Т.: Илм Зиё, 2011. – С. 3-32.
3. Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. — С.539-561.

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва функциялари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адлия органлари ва муассасалари фаолиятига умумий раҳбарлик қилувчи ва уни мувофиқлаштирувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Вазирлик Вазирлар Маҳкамасига, фаолиятининг айрим масалалари бўйича эса бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.


Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5415-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг устувор йўналишлари деб қуйидагилар белгилаб олинди:
биринчидан, адлия органларини “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат рухини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш;
иккинчидан, адлия органлари фаолиятига, устувор равишда, танқидий таҳлил ва ҳуқуқий муаммоларни, аввало, бевосита жойларда ишларни самарали ташкил этиш йўли билан ҳал этишга асосланган, сифат жиҳатидан янги механизмларни жорий этиш;
учинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, танқидий таҳлил асосида изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
тўртинчидан, ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий ва таъсирчан услубларини жорий қилиш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
бешинчидан, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини, маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларининг сифатини комплекс ва танқидий таҳлил қилишда адлия органларининг ролини ошириш, бу соҳаларда қонунчиликни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
олтинчидан, ўз фаолиятлари юзасидан жамоатчиликка тизимли равишда маълумотлар тақдим этиш йўли билан адлия органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот бериш тартибини жорий этиш, уларнинг аҳолини ташвишга солувчи муаммоларга юзаки муносабатда бўлиши ҳолатларига чек қўйиш, шунингдек, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилаш;
еттинчидан, юридик кадрларни, айниқса, талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юбориш;
саккизинчидан, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини, халқаро жамоатчилик ва хорижий инвесторларни мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш механизмларини ташкил этиш;
тўққизинчидан, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш, ходимларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини, шу жумладан уларни хизмат уйлари билан таъминлашни жорий этиш;
ўнинчидан, адлия органлари ва муассасаларининг барча тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 13 апрелда адлия органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ вазирликнинг бошқа вазифалари билан бир қаторда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Вазирлик тизимига қуйидагилар киради: Вазирлик марказий аппарати; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари; Давлат хизматлари агентлиги; Интеллектуал мулк агентлиги; Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти; Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази; «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси; «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси; давлат нотариал идоралари ва архивлари; Юристлар малакасини ошириш маркази; Тошкент давлат юридик университети; юридик коллежлари; Академик лицей
Вазирликнинг асосий вазифалари:
ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш;
давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил ва мониторинг қилиш;
қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари
маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш;
ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш;
нотариат, адвокатура ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш;
халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;
халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, халқаро ҳамжамият, хорижий инвесторларни миллий ҳуқуқ тизими ва ўтказилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш;
юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишни таъминлаш;
суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;
адлия органлари ва муассасалари фаолиятида, биринчи навбатда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ишлашнинг инновацион услубларини жорий қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;
сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини ошириш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш
Адлия вазирлиги функциялари:
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
давлат органлари ва ташкилотларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборот ва материалларни таҳлил қилади ва умумлаштиради, уларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлайди, уларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида ахборот йиғиш ва халқаро шартномаларда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари универсал стандарт принципларини ҳисобга олган ҳолда уни баҳолашни амалга оширади;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўтказилаётган мониторинг натижаларини ўрганади;
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўради.
1997 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ЎзбекистонРеспубликаси Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг қонунчиликнингбузилиши юзасидан шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш бошқармасини тузиш тўғрисида”ги, 1997 йил 21 июлда “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги қошида юристлар малакасини ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”, 1997 йил 22 июлда "Ҳуқуқий маърифат тарғиботи марказини ташкил қилиш ва ҳуқуқий адабиётларни аҳолига етказиб беришни йўлга қўйиш тўғрисида " қарорлар қабул қилинди. Ҳуқуқий тарғиботда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга хизмат қилувчи 5 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ушбу порталлар аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан:
– Буюк Британиянинг тажрибаси асосида яратилган, турли ҳаётий ҳолатлар бўйича Аdvice.uz (e-maslahat.uz) ҳуқуқий портали;
– барча ҳуқуқий сайт ва нашрларни ягона порталга бирлаштирган Миллий ҳуқуқий интернет портали;
– ёш болалар учун яратилган “Bolahuquqlari.uz” электрон;
– аҳолига ҳуқуқий ахборотларни таҳлилий тарзда етказишга қаратилган hudud24.uz янгиликлар веб-сайтидир .
Адлия вазирлиги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда тарғиботни амалга оширишда мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

2. Адлия органлари ва муассасалари тизими. Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк ҳуқуқи агентлиги


Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Мадад” нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил қилинган. Вазирлик ва унинг ҳудудуий бошқармаларида фуқароларга сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5997-сон Фармони билан Вазирлик ҳузуридаги «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, «Инсон ва қонун» газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилган.
“Адолат” миллий ҳуқуқий марказининг асосий вазифалари:
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантириш ва юритиш, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, қонун ҳужжатларининг Миллий базада расмий нашр этилишини таъминлаш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг ҳамда зарур бўлган тақдирда, тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юборилишини таъминлаш;
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;
ҳуқуқий ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишнинг дастурий-техник воситалари ва технологиялари жорий этилишини ташкил қилиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича тизимли амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норма ва қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича намунавий ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш ва тарқатиш;
қонун ҳужжатлари нормаларини тушунтириш бўйича норасмий шарҳлар ва тушунтириш материалларини тайёрлаш;
аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришга қаратилган, шунингдек долзарб ва аҳолини қизиқтирадиган актуал масалалар юзасидан зарур тарғибот материалларни тайёрлаш ва тарқатиш;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритиш бўйича тезкор ахборот-таҳлилий медиа материалларни, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш;
аутсорсинг шартларида юридик адабиётлар ва расмий нашрларнинг расман чоп этилишини таъминлаш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, шунингдек ижтимоий-ҳуқуқий соҳада қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ёритишга қаратилган даврий ҳуқуқий нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш;
юридик ва жисмоний шахслар, хорижий давлатларнинг ташкилотлари буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, хорижий давлатлар қонунчилиги бўйича маълумотлар тақдим этиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиши, шунингдек, турли ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ва намуналарини тайёрлаш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш, шу жумладан шартнома асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5278-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2017 йил 12 декабрдаги ПҚ-3430-сон қарори билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.


Агентликнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 январдаги 70-сон қарори билан тасдикланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади. Агентлик жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва унинг тизимига киради. Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик ва назорат қилиш, Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш Вазирлик томонидан амалга оширилади.
Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари томонидан амалга оширади.
Агентлик ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПҚ-3430-сон қарорига мувофиқ амалга оширади.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Агентлик тизимига қуйидагилар киради:
Агентликнинг марказий аппарати;
ҳудудий бошқармалар;
Давлат хизматлари марказлари.
Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
1) жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
2) ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш;
3) Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
4) давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
5) давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;
6) давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этишни ташкил қилиш, ушбу соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни кўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
Агентлик марказий аппаратининг асосий вазифалари: 1) ҳудудий бошқармалар ҳамда давлат хизматлари марказлари билан биргаликда Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш; 2) ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштиришни ташкил этиш ва уларни кўрсатиш сифати мониторингини олиб бориш; 3) Агентлик, шу жумладан, бошқармалар, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁнинг ҳудудий архивларифаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш; «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини техник таъминлаш ва юритиш; 4) ҳудудий бошқармалар, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ архивлари кадрлар билан таъминланишини мувофиқлаштириш; 5) давлат хизматлари марказларини ривожлантиришга кўмаклашиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш концепцияси ва истиқболларини аниқлаш; 6) давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантиради; 7) давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
Агентлик ҳуқуқлари:
давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текшириш;
давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
давлат хизматлари марказлари орқали уларнинг бинолари ва туташ ҳудудларида реклама фаолиятини, шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг муҳр ва штампларини тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш;
давлат органлари ва мансабдор шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан, статистик маълумотларни сўраш ва текин олиш.
Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирликка киритиш;
талаб этилиши ва давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш зарурлиги асосида Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига «ягона дарча» тамойили асосида фақатгина давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ва ҳ.к.
Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор бошчилик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарига эга бўлади.
Интелектуал мулк агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 июлдаги 609-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Агентлик интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Унинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва унинг тизимига киради.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Агентлик Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотида ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади.
Агентликнинг асосий вазифалари:
интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимояси ҳолатини комплекс таҳлил қилиш, мазкур соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
интеллектуал мулк масалалари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ўзаро муҳофаза қилиш ҳақида халқаро шартномаларни тузиш орқали ўрнатиш ва мустаҳкамлаш;
интеллектуал мулк соҳасидаги илмий-тадқиқотлар ва бошқа ишларни амалга оширишда иштирок этиш;
жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳурмат ҳиссини шакллантириш.
Агентлик ҳуқуқлари:
1) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
2) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш;
3) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига интеллектуал мулк соҳасида аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
4) интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;
5) интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш;
7) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, малакали хорижий мутахассисларни уларга истисно тариқасида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан хорижий валютада иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;
8) давлат органлари ва мансабдор шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан статистик маълумотларни сўраш ва текин олиш;
9) Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширишлар ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, шунингдек, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар ва идоралар, шунингдек бошқа ташкилотлар вакилларини чақириш ва жалб этиш;
10) тешкириш ва таҳлил давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимларини чақириш, қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;
11) Адлия вазирлигига белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни киритиш;
12) Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат ва тарифларга мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатиш;
13) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича идоралараро характердаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;
14) Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифода этиш;
15) Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда, ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш ва ҳ.к.
Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Директор адлия вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади ва ўз фаолиятида адлия вазирига ҳисобдордир.

3. Республика суд экспертиза марказининг асосий вазифалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги ўрни


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Марказни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг махсус билимларга бўлган эҳтиёжларини тизимли ўрганиш, замонавий илмий-техника ютуқлари, илмий тавсиялар ва илғор хорижий тажриба асосида янги методикаларни суд-экспертлик амалиётига жорий этиш;
фуқаролик, хўжалик ишлари, маъмурий ва жиноий ишлар, терговгача бўлган текширувлар материаллари бўйича суд экспертизаларини, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича эксперт ихтисосликларига мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш;
махсус билимлар ва техника воситаларини қўллашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ходимларига методик ёрдам кўрсатиш, уларни суд экспертизаси соҳасидаги замонавий ютуқлар ва имкониятлар билан таништириш;
махсус билимлар асосида ҳуқуқбузарликларни содир этишга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш;
cуд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини таълимнинг мажбурийлиги, узлуксизлиги ва сифатини мониторинг қилиш принципларига амал қилган ҳолда ҳамда янги технологияларни (таълим, суд-экспертлик, ахборот ва бошқалар) жорий этиш асосида ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгаш фаолияти доирасида давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.
Республика суд экспертизаси маркази ҳуқуқлари:
– суд экспертизасини ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш; суд-экспертлик амалиётига янги услубларни жорий этиш юзасидан бошқа суд экспертизаси муассасаларига тавсиялар бериш; илмий-тадқиқот ишларини бажариш мақсадида грант маблағлари олиш учун танлов ва тендерларда иштирок этиш; белгиланган тартибда бошқа давлатлар суд экспертизаси муассасалари билан тузилган шартномалар (келишув) асосида мутахассислар, илмий-техник ҳужжатлар, илмий-ишлаб чиқариш тажрибаси ва бошқа ахборотлар алмашинувини амалга ошириш;
– экспертларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий ва ижтимоий таъминлаш чораларини кўриш; давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтган ходимларга белгиланган тартибда гувоҳномалар, малака ва ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтган ходимларга белгиланган тартибда сертификатлар бериш; ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида Марказни ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш; халқаро конференция, семинар ва бошқа анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш.
Республика суд экспертизаси марказининг Устави Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил “29” майдаги 171-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилма.
Республика суд экспертизаси маркази бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади.
Республика суд экспертизаси маркази ихтисослашган давлат суд экспертизаси муассасаси ҳисобланади. Республика суд экспертизаси маркази таркибига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган ҳудудий бўлимлар киради.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан Президент администрацияси билан келишилган ҳолда тайинланадиган ва озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
Республика суд экспертизаси маркази таркиби:
Марказий аппарат: Директор, Илмий Кенгаш; Директорнинг экспертлик фаолияти ва илмий ишлар бўйича ўринбосари; Директорнинг инновациялар, молия-хўжалик ва тижорат масалалари бўйича ўринбосари;
Бевосита суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи лаборатория ва бўлимлар: Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси; Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси; Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси; Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси; Суд-фонография экспертизаси лабораторияси; Суд-баллистика ва изшунослик экспертизаси лабораторияси; Суд-товаршунослик экспертизаси лабораторияси; Ёнғин-техник экспертизаси лабораторияси; Суд-қурилиш-техник экспертизаси бўлими; Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими; Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бўлимлари;
Бошқа таркибий тузилмалар: Архив; Ахборот-ресурс маркази; Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш бўлими; Бош юрисконсульт; Бухгалтерия ҳисоби ва назорат бўлими; Девонхона; Ишлар бошқармаси; Кадрлар бўлими; Ташкилий назорат ва таҳлил бўлими; Сифат менеджменти бўлими; Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази; Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

4. Адлия вазирлиги тизимидаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари


Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази Республикамиз Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сонли Фармони асосида ташкил топган. Марказ ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 531-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг Устави асосида олиб боради.
Марказ фаолиятининг асосий мақсади адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юрисконсультларини) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
Марказнинг асосий вазифалари:
тингловчиларни қабул қилинаётган янги қонунлар ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллашнинг замонавий талаблари ҳамда ушбу соҳадаги хорижий давлатлар тажрибаси билан яқиндан таништириш;
ўқув, илмий-методик ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун республиканинг етакчи таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларининг тажрибали олимлари, бошқа ходимлари ва экспертларини жалб этиш, шу жумладан шартнома асосида жалб этиш.
Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва замонавий талаблари асосида адлия, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос ва бошқа кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш;
ҳуқуқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш;
ҳуқуқшунос кадрларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;
ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Марказ раҳбарияти директор ва унинг икки ўринбосаридан иборат бўлиб, унинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот ходимларига адлия органлари ходимлари учун белгиланган унвон даражалари жорий этилади.
Марказ тузилмасида Давлат-ҳуқуқий фанлари, Фуқаролик-ҳуқуқий фанлари, Жиноий-ҳуқуқий фанлари, Халқаро-ҳуқуқий ва инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистонда демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти кафедралари, шунингдек, ўқув-услубиёт, ўқув-ахборот компьютер, халқаро алоқалар бўлимлари, ҳамда нашриёт ва кутубхона мавжуд. Марказда илмий-услубий ишларни мувофиқлаштириб борувчи Илмий кенгаш фаолият кўрсатади.
Тошкент давлат юридик университети
Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг 2013 йил 28 июнда қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шубҳасиз, юридик таълим сифати ва самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қарорга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилди.
Университет олдига ҳуқуқшунослик асослари, йўналишлари, илмий-тадқиқот тамойилларини чуқур ўзлаштирган, давлат ва жамоат ташкилотлари олдидаги назарий ҳамда амалий вазифаларни ҳал этишга қодир, юксак маданий савия, касбий билимдонлик ва ахлоқий-эстетик баркамолликни ўзида акс эттирган ватанпарвар, фидокор, юқори малакали мутахассис – бакалавр ва магистр кадрлар тайёрлаш ҳамда мавжуд кадрларнинг малакасини ошириш вазифаси қўйилган.
2020 йил 29 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ТДЮУ «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди. Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилди. Шунингдек, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Қуйидагилар юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш;
ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини модернизациялаш;
клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлаш;
ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш;
ахборот ҳуқуқий технологиялар ва тизимларни (Legal Tech) ишлаб чиққан ҳолда давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш;
хорижий ҳамкорлар билан биргаликда юридик кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;
«Электрон университет» (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш;
ТДЮУ ва юридик факультетларни халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқали миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш.
Шунингдек, Фармон билан ТДЮУ ни ривожлантириш буйича устувор йўналишлар буйича йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Тошкент Давлат юридик университети қошидаги академик лицей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 февралдаги “Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш тўғрисида”ги 77-сонли ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 1998 йил 25 декабрдаги 534-сонли қарорлари асосида ташкил этилган. Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани Марказ-5, 88-уйда жойлашган мазкур ўқув даргоҳига Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Марказининг 2000 йил 10 мартдаги 39-сонли буйруғи билан академик лицей мақоми берилди. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2009 йил 9 сентябрдаги 210-сонли буйруғи билан академик лицей Тошкент шаҳар Сирғали тумани 7 мавзе 39 А уйда жойлашган замонавий талабга тўла жавоб берадиган янги бинога кўчириб ўтилди.
Академик лицей ўқитувчилари томонидан Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти каби бир қатор нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Бугунги кунда академик лицейда 82 нафар педагог-ходимлар 982 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия беришмоқда
Академик лицейда ўқувчиларнинг чуқур билимга эга бўлиши ва уларнинг ўқув фаолиятини ривожлантириш учун таълим муассасасида ўқув адабиётлари ҳамда турли сиёсий-бадиий адабиётларга бой Ахборот ресурс маркази (АРМ) мавжуд. Шу билан бирга АРМ да электрон дарслик ва турли дарс ишланмаларидан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори билан ўрта-махсус касб-ҳунар таълими, хусусан мамлакатимизда юридик коллежлар тизими тубдан такомиллаштирилди. Мазкур ўзгаришлар қуйидагиларда кўринади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори билан ўрта-махсус касб-ҳунар таълими, хусусан мамлакатимизда юридик коллежлар тизими тубдан такомиллаштирилди. Мазкур ўзгаришлар қуйидагиларда кўринади.
Биринчидан, қарор билан Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу низомга кўра, юридик коллежларда ўқишга қабул қилиш вазирлик томонидан белгиланган қабул квоталари доирасида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Шунингдек, кам таъминланган оила фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кўзи ожиз абитуриентлар қабул квоталаридан ташқари вазирлик томонидан махсус ажратилган ўринлар асосида қабул қилинади. Ушбу ўқувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат гранти бўйича таҳсил оладилар.
Қолаверса, низомда хорижий фуқароларни юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш суҳбат асосида амалга оширилиши белгиланди.
Иккинчидан, Адлия вазирлиги юридик коллежларининг намунавий тузилмаси тасдиқланди. Унга кўра коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича, ёшлар билан ишлаш бўйича, молия-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда ҳар бир ўринбосарларга бўйсунадиган бўлимлар, шунингдек асосийси деканатлар ва кафедралар ташкил этилиши белгилаб қўйилди.
Илгари коллежларда намунавий тузилма бўлмаган. Бунинг ўрнига улар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатлари асосида фаолият юритиб келишган.
Учинчидан, Адлия вазирлиги юридик коллежларининг ўқув юкламаси хажми тасдиқланди. Бу ўринда Тошкент давлат юридик университети юридик коллежларда ўқув-методик жараённи мувофиқлаштириши, “юриспруденция” йўналиши бўйича замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда малака талаблари, ўқув режалар ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаши, шунингдек уларга амалий ва ахборот-ресурс жиҳатидан кўмаклашиш бўйича масъул эканлиги белгилаб ўтилди.
Тўртинчидан, юридик коллежларни моддий-техник таъминлаш йўлида 2 тадан навбатчи енгил автотранспорт воситаси ажратилди. Шу билан бирга, адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағлари ҳисобидан юридик коллеж ходимларини 100 фоизигача миқдорда моддий қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилди.
Бешинчидан, қарор билан 2019–2020 ўқув йилидан бошлаб Адлия вазирлиги тузилмасига кирмаган коллежларда “Юриспруденция”, “Ҳуқуқшунослик”, “Ижтимоий муҳофаза қилиш ҳуқуқшуноси” йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқувчиларни тайёрлаш тўхтатилди. Мазкур тартиб эса 2019 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармони Тошкент давлат юридик университетининг Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази негизида ташкил этилди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 июндаги 442-сонли “Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра Тадқиқот институти ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, адлия органлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси этиб белгиланди.
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистон ҳуқуқий сиёсатининг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, норма ижодкорлиги фаолиятини илмий-услубий таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда иштирок этишдир.
Тадқиқот институтининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий концепциялар ишлаб чиқиш; адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш; етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик олиб бориш.
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни ўрганиш бўлими, Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни ўрганиш бўлими, Давлат бошқаруви самарадорлигини ўрганиш бўлими, адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш бўлими, шунингдек, умумий бўлим мавжуд.

МАВЗУ. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ АГЕНТЛИГИ


1. Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилишининг зарурати ва жамиятдаги аҳамияти.


2. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги асосий фаолият йўналишлари ва ваколатлари.
3. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
4. Коррупцияга қарши курашиш агентлигида хизматни ўташ тартиби ва шартлари.
Зарурий адабиётлар:
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси. 2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк. www.lex.uz
2. Ўзбекистон Республикасининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (нью-йорк, 2003 йил 31 октябрь) ўзбекистон республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонуни. ЎРҚ-158-сон 07.07.2008 й.// Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 28-сон, 260-модда
3. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни. ЎРҚ-419-сон 03.01.2017. // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 1-сон, 2-модда.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони. ПФ–5729-сон 27.05.2019 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.05.2019 й., 06/19/5729/3199-сон.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори. ПҚ-4761-сон 29.06.2020 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 07/20/4761/1001-сон.
6. Современные задачи и формы участия прокуратуры в противодействии коррупции в правоохранительных органах [Электронный ресурс]: сб. статей по материалам круглого стола, г. Москва, 10 марта 2017 года / ред.: Т.И. Отческая, Моск. гос. юрид. ун-т им. О.Е. Кутафина (МГЮА). – М. : Проспект, 2017 . – 96 с. – ISBN 978-5-392-26107-9 . – Режим доступа: https://rucont.ru/efd/667686

12.1. Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилишининг зарурати ва жамиятдаги аҳамияти


Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича алоҳида мустақил тузилманинг ташкил этилиши коррупцияга қарши кураш бўйича ташланган энг катта қадамлардан бири десак бўлади. Аввал ҳам коррупцияга қарши курашилган, турли тузилмалар бўлган, бу ишлар асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этилган, асосан жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан шуғулланишган. Ёки республика комиссиялари бўлган ва улар жамоатчилик асосида ишлашган. Алоҳида агентлик ташкил этилишини Ўзбекистонда коррупцияга қариш кураш бўйича олиб борилаётган очиқлик сиёсатнинг мантиқий давоми десак бўлади. Дастлаб давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги, уларнинг парламент олдида ҳисоб бериш амалиётининг йўлга қўйилгани биринчи қадам бўлган бўлса, иккинчидан, давлат хизматларини кўрсатишнинг янги тизими пайдо бўлди. Коррупцияга қарши кураш агентлигининг тузилгани давлатнинг энг катта сиёсий иродаси. Бу бир томондан, мамлакат бу иллат ўзида чуқур илдиз отганини тан олгани бўлса, иккинчи томондан давлат раҳбари даражасида коррупцияга қарши курашиш кераклиги ва бунинг учун тузилманинг ташкил этилгани бўлди.


Тан олиш керак, барча мамлакатларда коррупция бор, ҳеч қайси давлатда коррупция тамомила йўқ деб айта олмаймиз. Давлатлар бир-биридаги коррупция даражаси билан фарқланиши мумкин. Бизда, афсуски, энг қуйи поғонадан тортиб, энг юқори даражагача коррупция ҳолатлари мавжуд ва айрим соҳаларда бу ҳаттоки менталитет, «ўзбекчилик» сифатида ҳам баҳоланадиган бўлиб қолган. Аслида бундай бўлмаслиги керак.
Бу тамомила янги ташкилот, янги тизим. Бу ташкилот бошқа давлат идоралари учун ўрнак бўлиши керак – ходимларни ишга олишдан тортиб, уларнинг фаолияти, ОАВ ва жамоатчилик учун очиқлиги, ҳар бир қадамигача.
Биринчи навбатда, халқаро стандартлар ва шаффофлик механизми асосида ташкилотни тузиб олиш керак. Бу Ўзбекистон учун янги тузилма бўлгани боис ўзимизнинг олдинги тажрибани эмас, хориж тажрибасини ўрганиш муҳим. Жанубий Корея, Сингапур, Европанинг ривожланган давлатлари тажрибасини ўрганишни бошлаймиз. Ҳозирда халқаро ташкилотлар билан музокаралар бошлаб юборилди. Улар ҳам ҳамкорликка тайёрликларини билдиришди.
Иккинчидан, биздаги бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик. Биринчи ўринда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи турибди.
Учинчидан, ўзимизнинг аниқ режаларимизни ишлаб чиқмоқчимиз. Бу режани коррупцияга қарши кураш бўйича миллий кенгаш билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширамиз.
Мақсадимиз коррупционерларни топиб жазолаш эмас. Афсуски, ҳозиргача коррупция ҳолатлари таҳлил қилинмаган. Нима учун порахўрлик ҳолатлари ОАВда кўрсатилаётганига қарамай, жазо чораларига қарамай давом этмоқда?! Биз бунинг таҳлилини бошлашимиз керак. Фуқароларнинг фикрини ўрганиш бўйича етарлича сўров ва тадқиқотлар ўтказилган. Фуқароларнинг фикрини умумлаштириб айтганда – Ўзбекистонда коррупция илдиз отиб кетган, буни енгиб бўлмайди. Бу лавозимга тайинланганим ҳақидаги хабарлар чиққанда ҳам ижтимоий тармоқларда бу иш жуда қийинлиги, эплолмайди, тизим еб юборади, агентлик ишласа ҳам энг паст бўғиндаги ҳолатларни ўрганади, лекин асосий наҳанглар яна четда қолиб кетади, деган фикрлар ҳам билдирилди. Атайлаб шунақа ёш, тажрибасиз кадр қўйилган деганлар ҳам бўлди. Халқнинг фикри бўйича тадқиқот ўтказиш шарт эмас, бунинг натижаси ҳаммага маълум. Ёки бўлмаса сийқаси чиқиб кетган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам иш бермайди.
Биринчи ўринда, қонунчиликда, тизимда нима шароит яратиб берганмиз – мана шуни таҳлил қилиб бериш. Аниқ вазифалар давлат раҳбарининг 29 июндаги қарорида ҳам белгилаб ўтилган. Мана шу вазифаларни амалга оширишга киришамиз.
Коррупция ҳолатларига энг кўп йўл қўйилаётган нуқталар маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари эканлигини кўряпмиз. Сенат раиси раҳбарлигида 44та аъзодан коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши ташкил этилди. Уларнинг орасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, жамоатчилик органлари вакиллари ҳам киритилган. Ва ҳар бир ҳудудда коррупцияга қарши кураш бўйича комиссия тузилган. Бу кенгашларнинг раҳбарлари ҳокимлар ҳисобланади. Маълумки, ҳокимлар ва вазирлар парламент олдида ҳисоб беришади. Улар ҳисобот беришидан аввал ўша ҳудуднинг коррупциявий ҳолатини ўрганиб, бу масала бўйича уларнинг алоҳида ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўймоқчимиз.
Президент фармонида агентликка катта ваколат берилган – давлат ҳокимияти идоралари раҳбарлари томонидан чиқарилган қарорларга нисбатан коррупцион нуқтайи назардан шубҳа бўладиган бўлса, агентлик уларни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш хусусида тақдимнома киритиш ваколатига эга. Биз коррупциоген вазиятни қонунчиликда яратиб қўйганмиз. Қаердадир ижро ҳокимиятига кўпроқ ваколат бериб қўйганмиз. Оддий мисол. Битта идорага ишга кириш учун битта ўринга 10та номзод бўлса, бўлди – коррупциоген вазият бор, бундан кимдир фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Шаффоф механизмни яратиш керак. Бунақа ҳолатлар жуда кўп – мактаб директорлигига қўйишдан тортиб, кичик ишчи ўринларигача – талаб борми, демак, у жойда коррупциоген вазият туғилади.
Агентликнинг асосий мақсади мансабдор шахсларда коррупциядан узоқлаштириш ва коррупция имкониятларини қийинлаштириш. Бунинг учун биз уларга шароит яратмаслигимиз керак.
– Аслида давлат бошқаруви органларида непотизмни йўқ қилиш нисбатан осонроқ. Лекин биз қариндош-уруғчиликни йўқотиш қийин деб айтишга ўрганиб қолганмиз. Бошқарув соҳасида кадрларни қўйишда аниқ, шаффоф механизмлар бўлиши керак. Бу йўналишда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ишлаяпти, биз ҳам ишлаймиз. Биринчи ўринда аниқ мезонлар ва талаблар қўйилиши керак. Ўша жойда ҳақиқатан лойиқ кадрлар қўйилиши керак.
Непотизм иллати бизда кенг урчиган. Ачинарли жиҳати, ўсаман деган, малакали кадрлар бунинг натижасида сўниб боради. Барибир илгари ҳаракатлана олмайман, деган фикр пайдо бўлади. Хорижда ўқиган кўплаб малакали танишларим бор. Лекин улар келишга қўрқишади. Чунки менинг танишим йўқ, қариндошим йўқ, деган фикр ўрнашиб қолган.
Мисол учун, Японияда бирон ишга кирсангиз, қандай ишласангиз, 10 йилдан кейин ўзингизни қаерда кўришингизни биласиз. Аниқ тартиб-қоида бор. Мана шу тартиб бўйича ишласа, мана шу мезонларга жавоб берса, 10 йилдан кейин қаерда бўлишини аниқ билади ва шунга қараб интилади. Асосийси, у 10 йилдан кейин яхши ишламагани учун лавозимидан пасайтирилиши мумкин, лекин тажрибаси борлигининг ҳисобига ҳам ойлиги ҳатто раҳбарникидан баланд бўлиши мумкин. Биз ҳам мана шундай тизимни яратишимиз керак. Непотизмни йўқотиш бошқа соҳаларда – бизнесда ва бошқа йўналишларда қийин, лекин айнан давлат бошқарувида мансабдор шахсларни тайинлашнинг қонуний асосларин такомиллаштирган, тизимни яратган ҳолда бунинг олдини олса бўлади.
– Коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа давлатларнинг ҳам яхши тажрибаси мавжуд, лекин Грузия бизга ҳар томонлама – географик, тарихий, менталитет жиҳатдан яқин. Лекин шундай менталитет бўлишига қарамай улар бу соҳада анча илгарилаб кетишди. Аммо биз коррупцияни қабул қилиш индексида 180та давлат орасида 158-ўриндамиз. Грузияда эса 2007 йилда Саакашвили даврида ислоҳотлар бошланди. Ўша пайтда Грузия бу индексда 79-ўринда бўлган. 2008 йилда уларда ҳам бизникига ўхшаган коррупцияга қарши кенгаш ташкил этилган. Бугун улар мазкур индексда 42-ўринда – 37 поғонага кўтарилган.
Кенгаш ёки агентлик бўлса кўтарилиб кетамиз, деган маънода айтмоқчи эмасман. Грузияда радикал чоралар ҳам кўрилган – жавобгарликни кучайтириш, у ёки бу соҳани тўлалигича ишдан бўшатиб, қайтадан танлов асосида ишга олиш масаласи, ойликни ошириш масаласи ҳам бор. Улар ишга олишда, давлат хизматларини кўрсатишда фуқаролар билан давлат ўртасида инсон омилини йўқотишга ҳаракат қилишган. Бошқа давлатлар қаторида Грузия тажрибасини ҳам ўрганяпмиз.
Ўзим ҳам қайсидир нуқталарда кескин, революцион чораларнинг кўрилиши тарафдориман. Биринчидан, пора олиш ва пора бериш жиноятлари учун жавобгарликни кескин кўпайтириш керак. Қайд этиш керакки, коррупциянинг фақат пора олиш ва пора бериш эмас, бошқа йўналишлари ҳам бор. Масалан, давлат харидларини амалга оширишда. Лекин уларнинг жавобгарлиги жуда ҳам кам. Иқтисодий жиноятни амалга оширади, жаримасини тўласа, жавобгарликдан қутулиб қолаверади. Ёки 10 йилга қамалади-да, амнистия билан 1-2 йилда чиқиб кетади. Коррупцион жиноятлар бўйича жиноятчиларга афв бермаслик, амнистияга туширмаслик масаласини қонунчиликка киритиш масаласини ҳам кўриб чиқамиз.

2. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги асосий фаолият йўналишлари ва ваколатлари.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилди.

Агентлик:


коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади;
ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.
Агентлик зиммасига:
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилди.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;
давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имижини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.
Агентлик:
ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди ҳамда уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган қўмиталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг коррупцияга қарши курашиш комиссиялари билан ҳамкорлик қилади;
коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради;
коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланилишига эришиш устидан назоратни амалга оширади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тизими самарадорлигини таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаштиради;
давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатади;
жойларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;
коррупция ҳолатларига доир материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига тақдим этади.

3. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;
коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;
ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан, жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;
давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.
Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.
Агентликнинг ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, тафтиш ва текширишлар ўтказиш, мутахассислар ажратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларини бажариш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Агентлик ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ва ҳужжатлар билан танишишга ҳақли.
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Агентлик билан келишилиши лозим.

4. Коррупцияга қарши курашиш агентлигида хизматни ўташ тартиби ва шартлари.


Агентлик ходимларининг таркиби юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар орасидан тўлдирилади.
Агентликни юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир шахслар орасидан тўлдирилади.
Агентлик фаолияти ташкил этилишини тартибга солувчи ҳужжатлар пакети, шу жумладан, Агентлик тузилмалари тўғрисида низомлар ва ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилади.
Белгилаб қўйиладики:
Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади;
Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинадиган ходимлар ишдан ажратилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг назарий ва амалий масалалари, хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ўрганишни қамраб олувчи махсус ўқув дастурлари бўйича таълим олади.

МАВЗУ. СУРИШТИРУВ ВА ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ОРГАНЛАРИ


1. Жиноятларни аниқлаш, суриштириш ва тергов қилиш тушунчаси.


2. Суриштирув органлари тушунчаси, вазифалари ва турлари
3. Дастлабки тергов органлари тушунчаси, вазифалари ва турлари.
Зарурий адабиётлар:
Рустамбаев М.Х., Тухташева У.А. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар. Олий ўқув юртлари учун дарслик. (Икки жилдли. 2-жилд). –Т.: Илм Зиё, 2011. – С.104-141.
Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. — С.602-633.
Дознание в органах внутренних дел: учебник и практикум для вузов / А. С. Есина, Е. Н. Арестова, О. Е. Жамкова. — М. : Издательство Юрайт, 2017. – С.9-13.
Воробьева Е.А. Предварительное следствие: учебно-методическое пособие.–Тольятти: ТГУ, 2017. – С.3-29.

10.1 Жиноятларни аниқлаш, суриштириш ва тергов қилиш тушунчаси


Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда суриштирув ва тергов фаолиятини такомиллаштириш, жиноий таъқибни амалга ошириш жараёнида инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда ҳеч бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига ҳамда содир этмаган қилмиши учун ноҳақ жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда жиноятчиликни аниқлаш, жиноий қилмишлар учун жавобагарликнинг муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, суриштирув ва тергов амалиёти таҳлили жиноий таъқибни амалга оширувчи органларининг фаолияти самарадорлигига тўсқинлик қилаётган, жиноятларни фош этишга кўмаклашувчи органларнинг холислигига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Жумладан:
биринчидан, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, терговчилик касбида муҳим ўрин тутадиган “устоз-шогирд” анъаналари тўғри йўлга қўйилмаган;
иккинчидан, суд экспертларининг суд экспертизасини тайинлайдиган органлардан (шахслардан) мустақиллиги етарлича таъминланмаган;
учинчидан, жиноятларни фош этишда суриштирув ва дастлабки тергов органларига кўмаклашувчи шахсларнинг, шу жумладан суд экспертлари ва криминалистларни тайёрлашнинг самарали механизми, шунингдек уларни соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароитлар шакллантирилмаган;
тўртинчидан, суриштирув, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида фош этилмаган жиноятлар, шахси аниқланмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар ва жиноятга алоқадор бошқа маълумотларнинг ягона интеграциялашган электрон маълумотлар базаси яратилмаган;
бешинчидан, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини тартибга солувчи, суриштирувчи ва терговчиларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартибини белгиловчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган.

10.2 Суриштирув органлари тушунчаси, вазифалари ва турлари


Бевосита суриштирув органлари тушунчаси ҳақида фикр юритишдан олдин, бизнингча “суриштирув” сўзининг мазмунини аниқлаб олиш керак. Бу сўз оддий халқ орасидаги мулоқотда бирон нарса ҳақида сўраб-билиб олишни, шундай эканлигига ишонч ҳосил қилишни англатади. Суриштирув юридик маънода эса, жиноят ишларини тергов қилишнинг алоҳида бир шаклини англатади.
Суриштирув процессуал қонунларда белгиланган ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Бу давлат органларининг қатъий рўйхати жиноят-процессуал қонунда мустаҳкамланган.
Жиноятнинг белгилари мавжуд бўлса. суриштирув органи жиноят ишини қўзғатади ва жиноят-процессуал қонун нормаларига риоя этган ҳолда, жиноятнинг изларини аниқлаш, уларни мустаҳкамлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини амалга оширади.
Суриштирув фаолияти дастлабки терговга ёрдам берувчи ҳаракатлар тизимидан иборат бўлиб, бунда бевосита дастлабки тергов олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишга ёрдам беради. Суриштирувда тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга оширилади ва бу ҳаракатлар натижасида олинган маълумотлар терговни йўналтириш учун хизмат қилади. «Тезкор-қидирув фаолияти натижалари ишга қўшиб қўйилмаса, далил бўлиб хизмат қилмаса ҳам, улардан тергов версияларини илгари суришда, терговнинг йўналишини белгилашда ва уни режалаштиришда фойдаланиш мумкин».
Суриштирув фаолиятида процессуал қонунларга риоя этган ҳолда, барча кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилади. Айтиш жоизки суриштирув фаолияти дастлабки тергов фаолиятига бўйсунади ва унинг олдида жавобгар ҳисобланади.
Суриштирув фаолияти, зарур ҳолларда, хусусан гумон қилинувчилар, айбланувчиларни қидириш, жиноят содир этишда гумон қилинувчиларни ушлаб туриш ҳаракатлари тергов, тезкор - қидирув чоралари билан ҳамда тегишли техник воситаларни қўллаш билан биргаликда ўтказилиши мумкин.
Суриштирув органлари жиноят туфайли етказилган моддий зарарни қоплашни таъминлаш мақсадида муайян тергов ҳаракатларини, жумладан, тинтув, олиб қўйиш, мулкни хатлаш, ушбу масалаларга доир тегишли сўроқ қилишларни амалга оширишга ҳақли.
Суриштирув муддати мобайнида суриштирувчи шахс ишга зарур бўлган ҳар қандай кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини қонун талабларига риоя этилган ҳолда ўтказишга ҳақли, зарур ҳолларда тезкор-қидирув ҳаракатларини ҳам амалга ошириши мумкин. Суриштирув ўн суткада тамомланмаса, бу ҳолда у тергов жараёни билан алмашинади. Кейин тергов суриштирув улгурмаган тергов ҳаракатларини ва бошқа ҳаракатларни ўтказиш, амалга ошириш мажбуриятига эга бўлади.
Суриштирувнинг муддати устидан назорат олиб бориш суриштирув, тергов органининг бошлиғи, терговчи ва прокурорга юклатилади. Суриштирув ишларини тўхтатиб қўйиш ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари тергов органининг суриштирув органидан ҳудудий жиҳатдан олисда жойлашганлиги, шу боис суриштирув органи иш юзасидан материалларни тергов органига вақтида топшира олмаслиги ҳам жиноят ишининг тўхтатиб туришга сабаб бўлиши мумкин.
Терговчига жиноят ишининг ўтказилиши суриштирувнинг тугалланганлигини англатади. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 342-моддасида суриштирув олиб бориш муддати тугамасданоқ, суриштирувчи ишни дарҳол терговчига ўтказиши лозим бўлган ҳоллар ҳам кўрсатилган:
суриштирувчи томонидан оғир ва ўта оғир жиноят аниқланган бўлса;
муайян шахсни айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этиш учун асослар аниқланган бўлса;
ишни тугатиш учун асослар аниқланган бўлса;
терговчи ишнинг ўз юритувига берилишини талаб қилган бўлса.
Суриштирув вақтида оғир ва ўта оғир жиноят содир этилганлиги аниқланиб қолгудек бўлса, суриштирувчи ишни терговчига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу қарорни асослаш учун жиноятнинг таърифини беради. Агар муайян тергов ҳаракатларини зудлик билан ўтказиш зарурати бўлса, суриштирувчи терговчига бу масалада ёрдам беради, терговчининг барча топшириқларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлайди. Суриштирувчи ишни терговга ошириш ҳақидаги қарорида, ушбу ҳолатга сабаб бўлган асосларни, масалан ЖПКнинг 83-84 моддаларидаги асосларни кўрсатиши лозим бўлади. Баъзан, зарур ҳолларда эса бу асослар қандай ҳолатлар билан боғлиқлигини ҳам кўрсатиш керак бўлиши мумкин. «38-модда. Суриштирув
Суриштирувчининг ваколатлари
Суриштирувчи: жиноят ишини қўзғатишга ва тугатишга, ишни қўзғатишни рад этишга; жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва сўроқ қилишга; ушбу Кодексда назарда тутилган тергов ҳаракатларини олиб боришга; шахсни ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилишга; шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш ҳақида ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишга, бундан қамоққа олиш ёки уй қамоғи мустасно; ўз юритувига қабул қилган ишлар бўйича тезкор-қидирув тадбирларини бажариш ҳақида ёзма топшириқлар беришга; бошқа суриштирувчиларга айрим тергов ҳаракатларини юритиш тўғрисида топшириқ беришга; терговга қадар текширув ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга шахсларни ушлаб туриш, мажбурий келтириш, қидириш тўғрисидаги қарорларнинг ижросини топширишга, улардан айрим тергов ҳаракатларини юритишда кўмаклашишни талаб қилишга; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома беришга, шунингдек эҳтиёт чорасини ЖПКнинг 240-моддасига мувофиқ бекор қилишга ёки ўзгартиришга; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур процессуал мажбурлов чораларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; мурдани эксгумация қилиш тўғрисида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур чораларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Суриштирувчи суриштирувнинг йўналишига оид барча қарорларни мустақил равишда қабул қилади, бундан қонунда прокурор рухсатини олиш назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Суриштирувчи прокурорнинг шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги, жиноятни тавсиф қилиш ва айблов ҳажми ҳақидаги, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома киритиш тўғрисидаги, ишни судга юбориш ёки ишни тугатиш ҳақидаги, тугалланган ишни қўшимча терговга қайтариш тўғрисидаги кўрсатмаларига рози бўлмаса, ўз эътирозларини ёзма равишда баён қилган ҳолда ишни юқори турувчи прокурорга тақдим этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда юқори турувчи прокурор қуйи турувчи прокурорнинг кўрсатмасини ўз қарори билан ё бекор қилади ёки иш бўйича суриштирув юритишни бошқа суриштирувчига топширади.
Суриштирувчининг ўз юритишидаги иш юзасидан қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир»;
Суриштирув бўлинмаси бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг ваколатлари
Суриштирув бўлинмасининг бошлиғи ва унинг ўринбосари ўз ваколатлари доирасида жиноятларни очиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан суриштирувчиларнинг ўз вақтида ҳаракат қилишини назорат этадилар, жиноят ишлари бўйича суриштирувни тўла, ҳар томонлама ва холисона олиб бориш чораларини кўрадилар.
Суриштирув бўлинмаси бошлиғи ва унинг ўринбосари ишларни текшириб кўришга, суриштирувчига суриштирув юритиш, шахсни ишда гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш, жиноятни тавсиф қилиш ва айбловнинг ҳажми, ишнинг йўналишини белгилаш, айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида кўрсатмалар беришга, ишни бир суриштирувчидан иккинчи суриштирувчига олиб беришга, ишни тергов қилишни бир неча суриштирувчига топширишга, шунингдек суриштирувчи ваколатларидан фойдаланиб, суриштирув юритишда қатнашишга ва суриштирувни шахсан ўзи олиб боришга ҳақлидир.
Суриштирув бўлинмаси бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг иш юзасидан кўрсатмалари суриштирувчига ёзма тарзда берилади ва уларнинг ижро этилиши мажбурийдир.
Суриштирувни ЖПКнинг 38-моддасида белгиланган органларнинг суриштирувчилари амалга оширади.
Суриштирувнинг бошланиши
Суриштирувчи жиноят ишини қўзғатиб, уни ўз иш юритувига олади ва бу ҳақда иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорга ёзиб қўяди. Башарти суриштирувчига олдин қўзғатилган иш берилган бўлса, у ишни ўз юритувига олганлиги тўғрисида қарор чиқаради, шундан сўнг суриштирувни бошлайди.
Суриштирув жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим.
Жиноят ишлари бирлаштирилаётганда улар бўйича иш юритиш муддати узоқроқ муддат давомида тергов қилинган жиноят иши бўйича белгиланади. Бунда қолган жиноят ишлари бўйича иш юритиш муддати узоқроқ тергов қилинган ишнинг муддати билан қамраб олинади ва қўшимча равишда ҳисобга олинмайди.
Алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши бўйича суриштирув муддати, агар жиноят иши янги жиноят бўйича ёки янги шахсга нисбатан ажратилаётган бўлса, тегишли қарор чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Қолган ҳолларда муддат бу жиноят иши қайси жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратилган бўлса, ўша жиноят иши қўзғатилган пайтдан эътиборан ҳисобланади.
Иш айблов далолатномаси билан, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёхуд тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисидаги қарор билан, амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома билан прокурорга топширилган куни ёхуд ишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган куни суриштирув тамомланган ҳисобланади.
Суриштирув муддатига қуйидагилар кирмайди:
1) айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш материаллари билан танишиб чиққан вақт;
2) суриштирув тўхтатиб турилган вақт;
3) қўшимча суриштирув ўтказиш учун прокурор томонидан қайтарилган иш суриштирувчига келиб тушгунга қадар ўтган вақт.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган суриштирув муддати прокурор томонидан йигирма кунгача узайтирилиши мумкин.
Иш қўшимча суриштирув ўтказиш учун қайтариб юборилганда, шунингдек тўхтатилган ёки тугатилган иш қайта тикланганда қўшимча суриштирув муддати мазкур ишни суриштирувчи қабул қилган пайтдан эътиборан ўн кун доирасида белгиланади.
Суриштирувчилар гуруҳини тузиш тартиби, гуруҳ раҳбари ва аъзоларининг ваколатлари, шунингдек тергов ҳаракатларининг бир неча суриштирувчилар томонидан бажарилиши тартиби ушбу Кодекснинг 354–357-моддаларида белгиланган терговчилар гуруҳини тузиш, гуруҳ раҳбарининг ва гуруҳ аъзолари бўлган терговчиларнинг ваколатлари, шунингдек тергов ҳаракатларини бир неча терговчилар томонидан бажариш тартиби билан бир хил белгиланади.
Шу билан бирга суриштирувчи томонидан фақат айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши тўғрисида қарор чиқарилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилиниши мумкин.
Суриштирувни тамомлаш турлари
Суриштирув жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов далолатномаси, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомланади.
Суриштирувчи ишни тугатиш тўғрисида қарор чиқаргач, бу ҳақда гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига, шунингдек жабрланувчига, фуқаровий даъвогарга, фуқаровий жавобгарга ва уларнинг вакилларига, худди шунингдек иш корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқаронинг берган хабари билан қўзғатилган бўлса, шу корхона, муассаса, ташкилот вакилларига ёхуд фуқарога хабар қилади. Айни вақтда уларга ишни тугатиш тўғрисидаги қарор устидан прокурорга шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Ҳарбий хизматга чақирилувчи шахсга нисбатан иш тугатилганда суриштирувчи бу ҳақда етти кунлик муддат ичида ёзма тарзда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига хабар қилади.
Суриштирувчи тўпланган далилларни ишни судга ўтказиш учун етарли деб топса, айблов далолатномаси тузади.
Айблов далолатномаси соддалаштирилган шаклда тузилади ва суриштирувда аниқланган ҳолатлар, айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар, эълон қилинган айбловнинг мазмуни, шунингдек суриштирув давомида аниқланган ва ушбу жиноят иши учун аҳамиятли бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Айблов далолатномасининг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланади.
Айблов далолатномасига суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг яшаш жойи кўрсатилган рўйхати, шунингдек гумон қилинувчи ва айбланувчига нисбатан қанча вақт қамоққа олиш ёки уй қамоғи тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги, ашёвий далиллар, ҳукмнинг фуқаровий даъво ва бошқа мулкий ундиришлар бўйича қисми ижросини таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.
Суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарур бўлган ҳолларда, ушбу Кодекснинг 380-моддаси учинчи қисмига мувофиқ мазкур шахсларнинг тегишли рўйхати тузилади ва судга тақдим этилади.
Айблов далолатномаси тузилганидан сўнг суриштирувчи айбланувчи ва ҳимоячига суриштирув тамомланганлигини эълон қилади, уларга ишдаги барча материаллар билан танишиб чиқишга доир ҳуқуқларини тушунтиради ва танишиб чиқиш учун ишни тикилган ҳамда рақамланган кўринишда, ҳужжатларнинг ҳар бир жилдини рўйхати билан тақдим этади.
Башарти иш тугатилган бўлса, суриштирувчи бу ҳақда ва иш материаллари билан танишиш ҳуқуқи ҳақида гумон қилинувчини, айбланувчини, ҳимоячини хабардор қилади ҳамда уларнинг илтимосига биноан уларга танишиб чиқиш учун ишни тақдим этади.
Суриштирувчи суриштирув тамомланганлиги ва иш айблов далолатномаси билан судга юборилиши ёки иш тугатилганлиги тўғрисида жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига хабар қилади, башарти улар хоҳласалар, барча иш материаллари билан танишиб чиқиш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиради. Сўнг суриштирувчи кўрсатиб ўтилган процесс иштирокчиларининг илтимосига мувофиқ, танишиб чиқиш учун уларга ишни тақдим этади.
Жабрланувчилар, гувоҳлар, холислар ва процесснинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тергов ҳаракатлари баённомасининг кириш қисмлари танишиб чиқиш учун тақдим қилинмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда баённомаларнинг кўрсатиб ўтилган процесс иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган кириш қисмлари муҳрланган ҳолда сақланади.
Башарти айбланувчининг ҳимоячиси ёки жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгарнинг вакили узрли сабабларга биноан белгиланган вақтда иш материаллари билан танишиб чиқиш учун кела олмаса, суриштирувчи танишиб чиқиш муддатини кўпи билан беш суткага кечиктириши мумкин. Ҳимоячи ёки вакил бу муддат ичида келмаган тақдирда айбланувчига бошқа ҳимоячини таклиф қилиш, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгарга бошқа вакил чақириш учун имконият яратилади.
Иш билан танишиб чиқаётган шахс ишдаги ҳужжатлардан кўчирмалар ёзиб олишга ҳақлидир, давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно. Суриштирувчи айблов далолатномаси ва ишдаги материаллар билан танишиб чиққанлик тўғрисида баённома тузади.
Айблов далолатномаси билан келган жиноят ишини судда муҳокама қилиш муддати ишни муҳокама қилиш бошланган кундан эътиборан бир ойдан ошмаслиги керак.
Жиноят ишини кўриш тўхтатиб турилган вақт ишни муҳокама қилиш муддатига кирмайди.
Суриштирув, дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслиги ёки жиноят-процессуал қонуни нормаларининг жиддий бузилишлари жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида суд томонидан бартараф этилади.

10.3 Дастлабки тергов органлари тушунчаси, вазифалари ва турлари


Дастлабки тергов жиноят процессуал ҳуқуқининг мураккаб институти ҳисобланиб, жиноятларни очишнинг процессуал шартлари, шакл ва воситаларини, айбланувчи бўлган шахсларни жиноий жавобгарликга тортиш ва уни судга бериш шарт-шароитларни яратишни ўз ичига олади. Шунингдек, бу институт нормалари, агарда тергов давомида шахсларнинг содир этган қилмишида жиноят аломатлари бўлмаса ёки унда қонунда кўрсатилганидек, шахсни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш асослари мавжуд бўлса, бошланган жиноят ишини тугатишни ҳам назарда тутади.
Юқори сифатли ва пухта амалга оширилган дастлабки тергов судга жиноят ишини тўғри кўриб чиқиш, судланувчининг айбланувчилиги ёки айбсизлигини аниқлаш, тегишли жазони белгилашга имкон беради.
Дастлабки тергов жиноят процессининг мустақил босқичи бўлиб, у жиноят ишини қўзғатишдан кейин бошланади. Жиноят ишини қўзғатиш жиноят процессининг дастлабки ва мустақил босқичидир. Ушбу босқични дастлабки терговнинг бир қисми сифатида қарашга ўринаётган процессуалист олимларнинг фикрига қўшилиб бўлмайди. Чунки бу қарашлар амалдаги қонунчиликга зид бўлиб, назарий ва амалий асосларга эга эмас. Жиноят ишини қўзғатиш жиноят процессининг дастлабки босқичи сифатида дастлабки тергов органлари фаолиятини муваффақиятли олиб борилишини таъминлайди.
Дастлабки тергов жиноят процессуал ҳуқуқининг мураккаб институти ҳисобланади. Дастлабки терговда процессуал ва тергов ҳаракатларини ўтказиш натижасида жиноятларни тез ва тўла очиш, ҳар томонлама ҳолисоналик билан айби бўлган шахсларни фош этиш ҳамда жиноий жавобгарликга тортиш ва уни судга бериш шароитлари яратилади.
Шунингдек, бу институт нормалари тергов давомида шахсларнинг содир қилган қилмишида жиноят аломатлари бўлмаса, ёки унда қонунда кўрсатилганидек, жазодан озод қилиш асослари мавжуд бўлса, қўзғатилган жиноят ишини тугатишни ҳам назарда тутади. Шу билан бирга, жиноятларни келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиб, уни бартараф қилиш чораларини ҳам кўради.
Дастлабки терговни «дастлабки» дейилишига сабаб, аксарият ҳолларда, «у судда ишни кўриб чиқишдаги терговдан олдин олиб борилади». Баъзи олимлар уни «суд олдидан ва суд учун ҳизмат қиладиган фаолият», дейишади. Бу фикрлар аксарият ҳолларда тўғри бўлсада, бундан истисно этиладиган ҳолатлар ҳам мавжуддир. Чунки қўзғатилган жиноят иши судгача етиб бормаслиги ҳам мумкин. Суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда дастлабки тергов босқичида жиноят иши тугатилади.
Дастлабки тергов дейилишига яна бир сабаб шуки, бу босқичда эълон қилинган айблов судда тасдиқланиши керак. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси 1-қисмида «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунича у айбланувчи ҳисобланмайди», дейилган.
Мазмунан «дастлабки тергов» тоифаси қуйидаги фаолиятни ўз ичига олади, яъни қонунда белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан жиноятларни очиш, айбланувчиларни фош этиш, жиноят иши бўйича ишда қатнашаётган фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва адолатли қарорлар қабул қилиш.
Жиноятларни очиш, гумон қилинувчи ва айбланувчини жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда бир вақтнинг ўзида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш дастлабки терговнинг энг муҳим ва асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Булар бир-бирини тўлдиради, чунки жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий мақсади инсонни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш қилишдир.
Дастлабки тергов жараёнида жиноятчиликка қарши курашиш функцияларини қўллаш, баъзи ҳолларда, ишда қатнашаётган иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашни назарда тутиши мумкин. Лекин бу чеклашлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят процессуал кодекси ва бошқа қонунларда назарда тутилган кафолатларга риоя этилгандагина амалга оширилади.
Дастлабки тергов барча терговчилар учун умумий бўлган ва уларнинг фаолиятини асосий йўналишларини белгилаб берувчи бевосита процессуал вазифаларга эга. Улар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 2-моддасида назарда тутилган умумий вазифалардан келиб чиқади.
Амалдаги қонунлар таҳлили бу босқич олдида бир қанча аниқ вазифалар турганлигини кўрсатади ва булар терговчининг процессуал фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб беради.
Дастлабки тергов олдида турган вазифалардан яна бири-жиноятларни тез ва тўла очишдир. Бу вазифа ЖПКнинг 2-моддасида тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлиб, уни бажариш, шубҳасиз дастлабки тергов органларига юклатилган, чунки улар керакли барча процессуал воситалар билан таъминланган. Иш қўзғатишни талаб этадиган жиноят содир этилиш фактлари юзасидан суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишнинг қоидаларига риоя этган ҳолда дарҳол ишга киришиш жиноятни ўз вақтида очиш ва уни содир этган шахсларни фош этишнинг асосий кафолатларидан биридир. Жиноят ҳодисаларини ўз вақтида очиш суриштирув, тергов ва прокуратура органлари фаолиятини дарҳол излар босилмасдан туриб ташкил этишни талаб қилади. Бу тергов қилиш ишларини аниқ мақсадга йўналтиришга ва фаол равишда олиб боришга, жиноятларни олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш вазифаларини бажаришга ёрдам беради. Шунинг учун терговчи фаолиятининг биринчи йўналиши: жиноий қилмиш мавжудлигини (ёки йўқлигини), унинг барча кўринишларини аниқлашга ва уни содир этган шахсларни топишга қаратиши лозим. Бу анча мураккаб вазифа бўлиб, терговчидан юқори маҳорат ва ташаббускорликни талаб этади. Жиноят содир этган шахс ўзининг қасддан қиладиган ижтимоий ҳавфли қилмишини тайёрлаш ёки содир этишда, одатда, уни яширишга, биронта из қолдирмасликка ҳаракат қилади. Ундан ташқари у тергов даврида ҳам терговчини турли ёлғон уйдирмалар орқали чалғитишга ҳаракат қилади. Бундай «жиноятларни тез ва тўла очиш учун профессионал билим ва тажриба, шунингдек чидам керак бўлади».
Тергов қилинаётган жиноятнинг барча ҳолатлари, шунингдек гумон қилинувчиёки айбланувчи томонидан бошқа жиноятлар содир этилганми ё йўқми, содир этилган жиноятга бошқа шахсларнинг алоқаси бор ёки йўқлиги аниқланиши керак.
Дастлабки терговнинг кейинги вазифаси бу жиноятни содир этган шахсни тўғри малакалаш ва уни судга бериш учун шарт-шароитлар яратишдир.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида айбсиз шахсни жиноий жавобгарликга тортилмаслиги кафолатланган. Бундай асосларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 12-боби, яъни жавобгарликга тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш (64-модда); қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш (65-модда); айбланувчи ўз қилмишига чин кўнгилдан пўшаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш (66-модда); касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш (67-модда); амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш (68-модда); шунингдек ЖПКнинг 84-моддасида назарда тутилган асослар киради.
Дастлабки терговнинг вазифаларидан яна бири жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш ёки суд ҳукмидан кейин уни қоплаш учун керакли шарт-шароитларни яратишдир. Ўтмишда тергов идораларининг ишида жиддий камчиликларга йўл қўйилиб, жиноят натижасида етказилган моддий зарарларнинг аксарият қисми амалда қопланмаган. Ҳозирда, терговчининг жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган ҳаракатлари улар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Жиноят-процессуал қонунларга мувофиқ етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга қаратилган ҳаракатлар фуқаровий даъво қўзғатиш йўли билан ҳам амалга оширилади. Масалан, ўғрилик, ўзлаштириш, таъмагарлик ва бошқа шу каби жиноят орқали етказилган зарар дастлаб мулк эгаси тасарруфидан чиқиб кетган моддий бойликларни қидириш йўли билан амалга оширилади. Қидириб топилган ашёлар даъво аризаси мавжуд ёки йўқлигидан қатъи назар, жабрланувчига қайтарилади.
Етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган терговчининг ҳаракатлари қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олиши керак:а) жиноят натижасида йўқотилган моддий ашёларни қидириш ва ўз эгасига қайтариш;б) етказилган зарарнинг қиймати ҳамда тўлиқ ёки қисман жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар доирасини аниқлаш;в) зарар қопланиши мумкин бўлган манбаларни аниқлаш; г) топилган ашёларни тўлиқ сақлашга қаратилган чораларни кўриш;д) ЖПКга мувофиқ муайян шахсни фуқаровий даъвогар деб тан олиш, ҳамда шахсни фуқаровий жавобгар сифатида ишга жалб қилиш. Бу ҳаракатларнинг ҳар бири ўз вақтида бажарилиши лозим, баъзи ҳолларда суд ижрочисининг иштирок этиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
Жиноят процессида дастлабки терговнинг асосий ва энг муҳим вазифалардан бири бу жиноят содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этишдир.
Жиноятчиликка қарши курашда самарали ютуқларга эришиш учун мунтазам равишда жиноятларни келтириб чиқарган сабабларини ўрганиш ва уни бартараф қилиш чораларини кўриш лозим.
Терговчи дастлабки терговда бу вазифани амалга ошириш учун исботланган фактларга асосланиши лозим, яъни исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар далиллар ёрдамида тўла, ҳар томонлама ва ҳолисона исботлангандан кейин жиноятни содир бўлишига сабаб бўлган шарт-шароитлар ҳақида хулоса чиқарилади. Ўз ўрнида бу ҳолатлар ҳам исботланиши керак. Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони жиноий оқибатни келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф қилиш йўлларини кўрсатиш ва уни бажарилишини назорат қилишдир.
Дастлабки терговнинг вазифаларидан бири фуқароларни қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашдир. Терговчининг тарбиявий фаолияти икки ёқлама хусусиятга эга. Бир томондан, бу айбланувчининг руҳиятини (психикасини), қарашларини ва одатларини ижобий тарафга ўзгартириш учун таъсир қилиши, қонунга хилоф ҳаракатларини ўзи англашига ҳамда тузалиш ва ижтимоий фойдали меҳнат қилишга, қонунлар, аҳлоқ ва одобга риоя этиш лозимлигини тушуниб етишга ёрдам бериши керак. Иккинчи томондан терговни юритилиши қолган фуқароларга ижобий таъсир кўрсатиб қонунга бўлган эътиқод ҳуқуқ тартибот ишларининг мустахкамлиги, жиноят иши очилмай қолмаслиги ва уларнинг ҳуқуқлари дахлсизлигига ишонч уйғотиш лозим.Жазонинг муқаррарлигига ҳеч кимда шак-шубҳа қолдирмаслиги керак. Умумий қоида бўйича ишни судга қадар юритиш суриштирув ва дастлабки терговдан иборат. Бу органларнинг биргаликдаги фаолиятида юқоридаги вазифаларни ҳал бўлишига олиб келади.
Амалдаги жиноят-процессуал қонунчиликка асосланиб шуни айтиш мумкинки дастлабки тергов ҳозирги кунда жиноятларни тергов қилишнинг ягона ва асосий шакли бўлиб келмоқда ва у айбланувчини судга бериш учун бир қарорга келиш тўғрисида иш ҳолатлари, фактларини батафсил, ҳар томонлама ва қатъий текширишдан иборатдир. Дастлабки терговни қатъий ва ҳар томонлама ўтказиш лозим. У жиноятларни тўлиқ очиш, жиноятнинг барча иштирокчиларини аниқлаш ва топиш, иш учун керакли бўлган далилларни тўплаш ва текшириш, иш ҳолатларига аниқлик киритиш ҳамда айбсиз одамларни асоссиз айблашдан олдини олишга йўналтирилган.
Жиноят процессининг бу босқичида айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсни айбланувчи деб топиш ҳақида қарор қабул қилинмайди ҳамда айбланувчини айбланувчи деб топиш масаласи ҳам ҳал қилинмайди. Айбланувчини суриштирувчи, терговчи прокурор эмас, фақатгина суд ўз ҳукми билан айбланувчи деб топиши мумкин. Дастлабки терговда шахснинг айбланувчилиги масаласи аксинча ҳал қилиниши ҳам мумкин, яъни шахс дастлабки терговда ишни тугатишда айбланувчи эмас деб топилиши мумкин.
Бу босқич судда одил судловни муваффақиятли амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратиши лозим. Агар дастлабки тергов тўлиқ ва тўғри олиб борилган бўлса, иш бўйича тўпланган далиллар сифатли ва текширилган бўлса, судда ишни тўғри кўриш ҳамда қонуний асослантирилган ҳукм чиқариш учун замин тайёрланади.
Жиноятчиликнинг ўсиши, уюшган жиноятчилик, қотиллик, террористик ҳаракатлар, коррупция, иқтисодий соҳалардаги жиноятлар билан курашни кучайтириш бўйича адолатли ва қатъий ҳуқуқий меъёрларни қабул қилишни талаб қилади.
Жиноятчиликка қарши курашни кучайтиришни инсон ҳуқуқларига қатъий амал қилинган шароитдагина амалга ошириш мумкин. Фуқароларни асоссиз равишда жиноят содир этганликда айблаш, уларни қонунга хилоф равишда ушлаш, Қамоққа олиш, ҳуқуқ ва эркинликларини ноқонуний равишда чеклаш каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги лозим.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида ғамхўрлик қилиш жиноятчиликка қарши курашни зинхор камситмайди. Жиноятни очиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланган ҳолда айбланувчини фош этиш дастлабки тергов ҳаракатларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Уларни қарама-қарши қўйиб бўлмайди, чунки жиноятчиликка қарши курашнинг мақсади фуқаролик жамиятини ва инсонни қасддан содир этилувчи жиноятлардан ҳимоя қилишдир.
Дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида жиноятчиликка қарши курашнинг вазифаларини амалга ошириш зарур ҳолларда иштирок этган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чегаралашни тақозо этади. Бироқ бу чекловлар Конституция, ЖПК ва бошқа қонунларда кўзда тутилган ҳоллардагина мумкин бўлади.
Мазкур мустаҳкам қоидалар дастлабки терговнинг барча босқичларига, текширишларга, истисноларсиз барча тергов ҳаракатларига, процессуал қарорлар қабул қилишга тегишлидир.
Дастлабки тергов босқичида жиноятни тўлиқ очиш учун керакли бўлган далилларни йиғиш бўйича кенг чора-тадбирлар мажмуи кўзда тутилади. Жиноят содир этган шахсни айбланувчи деб топиб, қонунни тўғри қўллай олиш асосида жиноятни тез ва тўлиқ фош этиш дастлабки тергов ва суриштирувнинг устувор вазифалари сирасига киради.
Тергов жараёнида гумон қилинувчи шахс ёки айбланувчининг бошқа жиноят солир этганлиги ва жиноятга бошқа шахсларнинг дахлдорлиги билан бир қаторда жиноятнинг ҳар бир ҳолатини синчиклаб текширилган ҳолдагина тўлиқ очилган ҳисобланади. Ўз вақтида жиноят иши қўзғатилмаслиги, кечиктирилиши уни очишга катта зарар етказади. Жиноят содир этилган жойни кўздан кечириш, қидирув, сўроқ ва бошқа тергов ҳаракатлари ҳам бу ҳолатда натижасиз бўлади.Тергов ҳаракатининг муайян мақсадга эришмаганлиги эса охир-оқибатда жиноятнинг очилмай қолишига олиб келади.
Босқинчилик, террор, оғир кўринишдаги (шу жумладан буюртма) қотиллик ва бошқалар каби хавфи жиноятларда терговнин гмалакали ва самарали олиб борилишини таъминлаш мақсадида прокурор тўлиқ меъёрда ўзининг қонуний прцессуал ваколатларини қўллаши: ҳодиса содир бўлган жойга етиб бориш, тергов ва тезкор-қидирув гуруҳи тузиш, масъул терговчи ва тергов органларини ўз вақтида белгилаш, жиноятни очиш бўйича қатъий назоратни ўрнатиш, иш бўйича ўзининг кўрсатувларини бериши лозим.
Терговчи олдида жиноят содир этган шахсни аниқлаб, уни фош қилиш билан боғлиқ вазифа юзага келади.
Қонуний қарор қабул қилиш учун терговчи ўзининг хулосалари ҳақиқат эканлигини асослай олиши, айбланувчи ва ҳимоячининг талаблари ҳамда позицияси асоссиз эканлигини ишонарли қилиб исботлаши лозим.
Жиноят очилмай қолса ёки айбланувчи терговдан яширинса, суд жиноят процессининг муҳим иштирокчиси айбланувчининг жавобгарликдан бош торта олмаслигини таъминлаш вазифасини бажариши мумкин бўлмай қолади.
Терговчининг вазифалари қаторига жиноятни содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни аниқлаш ҳам киради. Терговчи уларни аниқлаб, бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўриш мақсадида масъул давлат органи, жамоат ташкилоти ёки масъул шахсга кўриб чиқиши учун тақдимнома киритади.
Жабрланувчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш, жабрланувчи каби унинг оила аъзолари ва яқинлари хавфсизлигини таъминлаш дастлабки терговнинг вазифаларидан бири ҳисобланади.
Агар жиноят натижасила етказилган моддий зарар ҳақида маълумот етарли бўлса, терговчи унинг характери ва ўлчамини аниқлаши, шунингдек, ўғирланган буюмни излаб топиш ва мусодара қилиш мақсадида бошқа қарорларни қабул қилиши мумкин.
«Терговчи: жиноят ишини қўзғатишга ва тугатишга, ишни қўзғатишни рад этишга; жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва сўроқ қилишга; ушбу Кодексда назарда тутилган тергов ҳаракатларини олиб боришга; шахсни ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилишга; шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида қарор қабул қилишга, бундан қамоққа олиш ёки уй қамоғи мустасно; ўз юритувига қабул қилган ишлар бўйича тезкор-қидирув тадбирларини бажариш тўғрисида ёзма топшириқлар беришга; бошқа терговчи ва суриштирувчиларга айрим тергов ҳаракатларини юритиш тўғрисида топшириқ беришга; терговга қадар текширув ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга шахсларни ушлаб туриш, мажбурий келтириш, қидириш тўғрисидаги қарорларнинг ижросини топширишга, улардан айрим тергов ҳаракатларини юритишда кўмаклашишни талаб қилишга; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома беришга, шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу ЖПК нинг 240-моддасига мувофиқ бекор қилишга ёки ўзгартиришга; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур процессуал мажбурлов чораларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; мурдани эксгумация қилиш тўғрисида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур чораларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритишга ҳақлидир»;
Хулоса қилиб айтганда, қуйидагилар мамлакатда суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
ишни судга қадар юритиш босқичини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, жиноят ишларини юритишда дастлабки тергов ва суд муҳокамасини ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш;
суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини кучайтириш;
самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш, тергов қилиш функцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
суриштирувчилар ва терговчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини жорий этиш;
суд экспертизасини ўтказувчи орган ва ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан ушбу соҳада кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
жиноятларнинг фош этилиши, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни аҳолига таъсирчан тарзда етказиб бориш механизмини яратиш.
Терговга қадар текширув институтини такомиллаштириб, суриштирув институтига ўзгартириш, амалдаги суриштирув институтини тугатиб, унинг ваколатини соддалаштирилган тергов ўтказиш тартибини сақлаб қолган ҳолда тергов органларига ўтказиш;
жиноят иши айблов хулосаси билан бирга прокурорга юборилаётганда айбланувчи ёки унинг ҳимоячиси томонидан прокурорга “ҳимоя хулосаси” тақдим этиш тартибини жорий этиш;
2021 йил 1 июлдан бошлаб: жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчилар кўрсатувларини объектив сабабларга кўра кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувлари судлар томонидан олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши (депонирование қилиниши) мумкин; маълум бир жиноят иши бўйича гувоҳ ва жабрланувчилар кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаб қўйишда (депонирование қилишда) иштирок этган судья ушбу жиноят ишининг мазмунан кўриб чиқилишида иштирок этишига йўл қўйилмайди; жиноят процессида судлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларга нисбатан “муайян ҳаракатларни тақиқлаш” эҳтиёт чораси қўлланилади; таниб олиш учун кўрсатиш, давлат сири билан боғлиқ бўлган объектлар ёки ашёларни кўздан кечириш, хонадон ёки бино эгаларининг иштирокисиз тинтув ўтказишдан ташқари бошқа процессуал ҳаракатларни холислар иштирокисиз видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш тартиби йўлга қўйилади. жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қайд этиш тартибини электрон тизимга ўтказиш, шу жумладан жиноят иши қўзғатиш рад этилган материалларнинг ягона ҳисобини юритиш тизимини яратиш; терговчиларнинг хоналарини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш; бедарак йўқолган, шахси номаълум мурдалар ҳамда қидирувдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш мақсадида Ягона электрон дастурни ишлаб чиқиш чораларини кўрсиш таклиф этилмоқда; 2021 йил 1 октябрга қадар махсус тергов хоналарини жорий этиш, Маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши устидан назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари
– Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этиш назарда тутилмоқда.

МАВЗУ. БОЖХОНА ВА СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ


1. Божхона органларнинг асосий вазифалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг ташкил этилиши, унинг вазифалари, функциялар ва ҳуқуқлари.
3. Солиқ органларнинг асосий вазифалари.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ хизматининг ташкил этилиши, унинг вазифалари, функциялар ва ҳуқуқлари
Зарурий адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони. ПФ-6005-сон 05.06.2020 й. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.06.2020 й., 06/20/6005/0728-сон.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори . 320-сон 17.04.2019 й. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида Низом. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.04.2019 й., 09/19/320/2958-сон.
3. Рустамбаев М.Х., Тухташева У.А. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар. Олий ўқув юртлари учун дарслик. (Икки жилдли. 1-жилд). –Т.: Илм Зиё, 2011. – С. 130-137.
4. Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. — С.607-609.

Божхона органларнинг асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида замонавий иқтисодий юксалиш шароитида ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш-нинг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганлиги таъкидлаб ўтилган. Хусусан, жаҳон бозорла-рини эгаллаш маҳсулот сифатини яхшилаш, харажатларни камайтириш, янги технология-ларни жалб қилиш ва чуқур бозор ислоҳотларини ўтказишни тақозо этади. Бундан ташқари, жаҳон бозорида муваффақиятли рақобат олиб бориш учун халқаро саноат занжирларига қўшилиш, меҳнат бозори талабларига жавоб бериш ва иқтисодий интеграция жараёнига ўтиш лозим. Иқтисодий интеграцияни кенгайтириш-нинг муҳимлигини эътироф этган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсади-да мамлакатимиз божхона органлари олдига ташқи савдо соҳасида назорат жараёни ва чегара инфратузилмасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Хусусан, илғор хорижий тажриба асосида божхона постларида назо-ратни амалга оширувчи божхона, санита-рия, карантин, ветеринария ва бошқа давлат органлари фаолиятини ислоҳ этишга кўмакла-шиш топширилди.


Божхона органлари экспертлари томонидан ривожланган давлатларнинг ташқи савдо операциялари мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт контрактларининг бажарилишини таҳлил қилиш, ташқи савдо операциялари ва чегарада назоратни амалга оширишда қонунчиликка риоя этиш тажриба-лари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, халқаро ташкилотларнинг (Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва б.) божхона маъмуриятчилиги усуллари ва шаклларини такомиллаштириш бўйича берган тавсиялари ўрганилди.
Натижада, 2020 - 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси ҳамда уни амалга оши-риш бўйича Йўл ҳаритаси ишлаб чиқилди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчи-лигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Респуб-ликаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган мазкур Концепция, божхона маъмуриятчи-лигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ри-вожланиши бўлган «рақамли божхонани» шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплемен-тация қилиш мақсадида ишлаб чиқилди.Юқоридаги Концепция билан 2020 - 2023 йилларда божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб берилган:
- мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантириш;
- рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технология-ларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш;-божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллашти-риш, ташқи иқтисодий фаолиятни (кейинги ўринларда - ТИФ) тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш;
-халқаро ташкилотлар ва хорижий давлат-лар божхона хизматлари билан ўзаро манфа-атли ҳамкорликни янада ривожлантириш;
-контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш;
-божхона органлари ходимларини тай-ёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш, уларнинг ижти-моий ҳимоясини кучайтириш;-божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томо-нидан юқоридаги фармонда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилмоқда:
-божхона органларидаги мавжуд ахборот тизимларининг мантиқий назорат функция-ларини янада такомиллаштириш орқали Давлат бюджетига божхона тўловлари тушу-мини ҳар йили 25 %га ошириш;-асосий чегара ўтказиш пунктлари, уларга туташ бўлган ҳудудларни кенгайтириш ва модернизациялаш ҳисобига божхона постла-рининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;
-«Ягона дарча» божхона ахборот тизимини такомиллаштириш орқали божхона расмий-лаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баро-барга қисқартириш;
-божхона маъмуриятчилигининг замона-вий усулларини қўллаш орқали ТИФ ишти-рокчиларининг харажатларини қисқарти-риш эвазига Ўзбекистон Республикасини халқаро рейтингларда юқори поғонага кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиш;
-божхона органлари фаолиятига рақам-ли технологиялар ва ахборот тизимлари-ни кенг жорий этиш асосида халқаро норма ва стандартларга мувофиқ маълумотларни инсон омилисиз тўсиқсиз олиш имкониятини таъминлаш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини соддалаштириш;
-божхона органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш;
-мамлакатнинг туризм ва инвестицион жозибадорлигини ошириш;
-экспорт салоҳиятини ошириш ва импортниоптималлаштириш;
-божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш ва ходимларнинг ижтимоий ҳи-моясини кучайтириш.
Таъкидлаш жоизки, божхона орган-ларида Хавфларни бошқариш тизими жорий қилинганидан буён божхона юк декларацияларининг 61,3% “импорт” ва 83,5% “экспорт” божхона режимига соддалаштирил-ган тартибда расмийлаштирилган. Келгусида “Кўк йўлак” соддалаштирил-ган божхона расмийлаштируви тизимини (хавф даражаси ўртача кўрсаткичли товар-ларга нисбатан қўлланилади) жорий этиш орқали ушбу кўрсаткичларни ошириш режа-лаштирилмоқда. Бу эса товарлар муомалага чиқарилганидан кейин божхона назоратини қўллаш имкониятини яратади. Юқоридаги фармон билан билан Давлат божхона қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:
-божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан ке йин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воси-талари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат чегара-си орқали ўтказиш пунктларида санитария- карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг ТИФни нотариф тар-тибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
-товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур ҳолатий таҳли-лини, шунингдек, импорт ҳажми ҳам жисмо-ний, ҳам қийматий ўсишининг сабаблари таҳ-лилини амалга ошириш;
-ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари бўйича манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
Божхона органларига юклатилган вазифа-ларни самарали амалга ошириш мақсадида қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
-товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш;
-олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш.
Шу билан бирга, Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари таркибида янги тузилмалар ташкил этилиб, улар қуйидаги вазифаларни бажариши кўзда тутилган:
-божхона аудити;
-ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тар-тибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизасини ўтказиш;
-товар ва транспорт воситаларининг ҳара-катланиши тўғрисидаги маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш.
Божхона органлари иқтисодий хавфсизлик-ни таъминлаш ва фискал функцияларни бажа-риш билан бир қаторда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитларни яратиш, экспорт-импорт операцияларининг структура-сини оптималлаштириш ва хорижий инвести-цияларни жалб этиш бўйича тизимли саъйи-ҳаракатларни амалга оширмоқдалар.
Ишбилармон доираларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, божхона процедураларини соддалаштириш ва тезлашти-риш, божхона назорати шакллари ва усулларини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, товар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали ҳаракатланаётганда божхона қоидабу-зарликларига йўл қўймаслик ҳамда ташқи савдо айланмасини тезлаштириш учун қулай шарт-ша-роитлар яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқил-моқда. Бунда ташқи иқтисодий фаолият -нинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш кўзда тутилган. Бунинг учун божхона органлари ўз вакола-ти доирасида чегара олди инфратузилмасини ривожлантириш, божхона постларининг техник жиҳозланишини яхшилаш, кадрлар малакаси ва салоҳиятини ошириб, мавжуд божхона процедураларини автоматлаштиришмоқда.
Божхона хизмати сифатини оши-риш, ташқи иқтисодий фаолият қатнаш-чилари ва давлат идораларининг божхо-на расмийлаштируви ва божхона назорати билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган харажатларини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Божхона расмийлаштируви ва назорати механизмларини такомиллаштириш, божхона процедуралари шаффофлигини оширишда божхо-на расмийлаштирувини ва божхона органларини оператив бошқаришни автоматлаштириш божхо-на маъмуриятчилиги тизимини янада ривожлан-тиришнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Божхона технологияларини автоматлаштириш ҳар қандай аниқ қарорни қабул қилишда “инсон оми-ли”нинг салбий таъсирини камайтириши керак. Бунда божхона фаолиятини ягона оператив бош қарув тизимига интеграциялашган “сунъий интеллект” элементлари бўлган ахборот тех-нологиялари восита ларини қўлланилади.
Божхонани комплекс автоматлаштириш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонида белгиланган бўлиб, божхона расмийлаштируви ва божхона назорати жа-раёнига ахборот технологияларини комплекс жорий этишни назарда тутади. Шу жумладан:
-хавфларни бошқариш тизимидан фойда-ланган ҳолда божхона назорати шаклларини танлаш ва таҳлил натижаларини автомат-лаштириш;
-божхона ҳудудига кириб келаётган то-вар ва транспорт воситалари ҳужжатларини текшириш ва ўрганиш жараёнини автоматлаштириш;
-ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун бож тўловлари бўйича ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш;
-божхона назорати ва расмийлаштируви-ни автоматлаштириш жараёнига ситуацион моделлаштириш тизимини жорий этиш ва бошқалар.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг ташкил этилиши, унинг вазифалари, функциялар ва ҳуқуқлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Давлат божхона қўмитаси ўз ваколатлари доирасида ягона бож сиёсати ўтказилишини, божхона ишлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, ДБҚ органлари тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.
Давлат божхона қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро битимларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига амал қилади.
Давлат божхона қўмитасининг қонунчиликка мувофиқ ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, мулкчилик шартларидан қатъи назар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ижро бажарилиши мажбурийдир.
Давлат божхона қўмитаси органларининг тизимини қуйидагилар ташкил этади:
ДБҚ марказий аппарати;
ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари (ДБҚБ), ихтисослаштирилган божхона комплекслари (ИБК);
божхона постлари.
ДБҚ марказий аппарати, ДБҚБ, ИБК юридик шахс ҳисобланадилар, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, жорий ва бошқа счётларга, шу жумладан валюта счётларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўладилар.
Давлат божхона қўмитасида белгиланган тартибда моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ташкил этилади.
Давлат божхона қўмитаси органларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва белгиланган ваколатлар доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;
республика бож сиёсати ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида қатнашиш;
бож қонунларига риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиш;
бож ишларини амалга оширишда фуқароларнинг, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
республиканинг ташқи иқтисодий алоқалари ривожланишига кўмаклашиш;
хорижий давлатларнинг божхона органлари, божхона иши масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро божхона ва савдо ташкилотларида қатнашиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардан келиб чиқувчи божхона ишига оид мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;
бож пошлиналари, солиқлар ва бошқа бож тўловларини ундириш;
республиканинг бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий, валюта-молиявий муносабатларини бож-тариф тартибга солиш воситаларини ишлаб чиқиш ва самарали қўллаш;
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтадиган товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона текширувини таъминлаш;
республиканинг божхона чегараси орқали товар обороти ўтишини жадаллаштиришга кўмаклашувчи шарт-шароитлар яратиш;
контрабандага, божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш, республиканинг божхона чегараси орқали гиёҳвандлик моддалари, психотроп ва портловчи моддалар, қурол-яроғ, валюта бойликлари, миллий бойлик ҳисобланган бадиий, маданий-тарихий ва археологик мерос буюмлари, интелектуал мулк объектлари ғайриқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш;
божхона статистикаси ва махсус божхона тизимини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини, манфаатдор вазирликлар ва идораларни божхона ишига тегишли масалалар бўйича ахборот билан таъминлаш;
божхона иши соҳасидаги фаолият тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва уни ишлашнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш;
кадрлар тўғри танланиши ва жой-жойига қўйилишини, ДБҚ органлари шахсий таркиби хизмат тайёргарлиги ва интизоми юқори даражада бўлишини таъминлаш;
божхона ташувчилари фаолияти, божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари иши, товарларга божхона ҳудудидан ташқарида, божхона ҳудудида ва божхона назорати остида қайта ишлов берилиши устидан назоратни таъминлаш;
божхона иши соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ва маслаҳатлар беришни ташкил этиш;
божхона органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, божхона атрофи инфраструктурасини ривожланишига кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тузилган халқаро шартномалар ва битимлар билан белгиланадиган бошқа вазифалар.
ДТҚ органлари функциялари:
ягона божхона сиёсати амалга оширилишининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий механизмаларини ишлаб чиқади, уларнинг амалда қўлланилишини таъминлайди, божхона иши соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишида қатнашади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ишлаб чиқилишида қатнашиш, белгиланган тартибда ва ўз ваколатлари доирасида божхона масалалари бўйича халқаро битимлар ва шартномалар тузади;
республиканинг божхона ҳудудида давлат хавфсизлигини, жамоат тартиби, инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳимоя қилиниши, ҳайвонлар ва ўсимликлар муҳофаза қилиниши, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашади;
белгиланган тартибда божхона назорати амалга оширилишини таъминлайди ва унинг шаклларини такомиллаштиради;
божхона қонунчилигига ва ўз ваколатлари доирасида-солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;
божхона тартибга солиш воситалари қўлланилишини таъминлайди, божхона - тариф механизми ҳам шу жумлага киради, ташқи иқтисодий фаолиятни тарифли тартибга солиш усуллари, квоталаш нормалари, лицензиялаш ва декларация тақдим этиш ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида белгиланган тартибда қатнашади;
бож пошлиналари, солиқлар ва бошқа тўловлар давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини таъминлайди;
ўз ваколатлари доирасида валюта назоратини амалга оширади;
божхона статистикаси методологиясини такомиллаштиради, божхона иши соҳасида статистика маълумотлари тўпланиши, уларга ишлов берилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этади, республиканинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, ташқи савдо ва тўлов балансини мустаҳкамлаш бўйича прогноз ҳисоб-китобларни амалга оширади ва таклифларни ишлаб чиқади;
божхона иши соҳасидаги фаолият тўғрисида ахборот тўпланиши ва ишлаб чиқилиши ҳамда автоматлаштирилган тизим жорий этилишини юритади, шунингдек божхона статистика маълумотларини тегишли идоралар ва манфаатдор органларга тақдим этади;
контрабанданинг, божхона қонунчилигининг, ўз ваколатлари доирасида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш чора-тадбирларини мустақил равишда ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқади ва қўллайди, шунингдек халқаро терроризмга ва Ўзбекистон аэропортларида халқаро фуқаро авиацияси фаолиятига ғайриқонуний аралашишга қарши курашишга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қўллайди;
божхона органлари ваколатига тегишли бўлган ишлар бўйича терговга қадар текширув, суриштирув ва қонунчиликка мувофиқ божхона қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;
юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган божхона қоидалари бузилганлиги учун таъсир кўрсатиш чораларини белгиланган тартибда қўллайди;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва портловчи моддалар, қурол-яроғ республиканинг божхона чегараси орқали ғайриқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва қўллайди;
республиканинг ва хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан биргаликда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар назорат остида етказиб берилишини амалга оширади;
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликда қонунчиликда белгиланган тартибда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади;
айбдорларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалан божхона органлари ваколатлари доирасидан ташқарига чиққанда қонун бузилишлари фактлари бўйича материалларни тергов, суд органлари ва бошқа органларга топширади;
божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қонунийликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, божхона органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан тушган вилоятлар ва эътирозларни белгиланган тартибда кўриб чиқади;
божхона органларига юкланган вазифалар ва функциялар амалга оширилишини таъминловчи илмий-техник хизматлар, лабораториялар, уқув марказлари, бошқа корхоналар ва ташкилотларни ташкил этади;
божхона органлари ходимларини тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади;
божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари, божхона ташувчилари, товарларга божхона ҳудудидан ташқарида, божхона ҳудудида ишлов бериш юзасидан назоратни амалга оширади, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда божхона ва эркин омборлар, божсиз савдо дўконлари, божхона ташувчилари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига рухсатнома беради;
халқаро божхона ва савдо ташкилотларида қатнашади, хорижий давлатларнинг божхона органлари, божхона иши масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ахборотни ўзаро айирбошлайди;
божхона органларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади, ташқи савдо юкларини божхона расмийлаштириши учун пунктлар тармоғини ва божхона инфраструктурасининг бошқа объектларини кенгайтириш ҳам шу жумлага киради;
ДБҚнинг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига тушадиган маблағлар ҳисобига республикада божхона ишини ривожлантириш чора-тадбирларини маблағ билан таъминлайди;
хавфли юклар, қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулклар, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек ҳарбий таркиблар транзити чоғида қонунчиликка мувофиқ хулосалар беради ва назоратни амалга оширади.
Давлат божхона қўмитасига қонунчилик билан бошқа функциялар ҳам юкланиши мумкин.
ДБҚ органлари юкланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
божхона ҳуқуқ бузилишларини аниқлашнинг техник ва махсус воситаларини қўллаш;
божхона органлари ваколатига тегишли бўлган ишлар бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув олиб бориш;
божхона қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишларни юритиш, бундай ишларни кўриб чиқиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан божхона қонунчилиги бузилганлиги учун таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш, уларнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва қўллаш;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши (қайта кўздан кечирилиши)ни ҳамда уларга ҳужжатлар тақдим этилишини талаб этиш; товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш (қайта кўздан кечириш), етарлича асослар мавжуд бўлганда эса-жисмоний шахсларни шахсан кўздан кечириш;
бевосита божхона ҳуқуқ бузилишлари буюмлари ҳисобланган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни ушлаш ва олиб қўйиш;
экспорт қилиш тақиқланган буюмлар ва маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқаришда, шунингдек, акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтиришда, транспортда ташишда (халқаро транзитдан ташқари) ва сақлашда мусодара қилиш (хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суд тартибида) тўғрисида қарор қабул қилиш;
транспорт воситаларини мажбуран тўхтатиш, Ўзбекистон Республикаси бож ҳудудини божхона органларининг рухсатисиз тарк этган денгиз, дарё ва ҳаво кемаларини қайтариш;
пломбаларни очиш, багажниклар, юк бўлмалари, транспорт воситалари кузовлари, контейнерлар ва бошқа транспорт тарасининг тамба қурилмаларини очиш;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юрдик ва жисмоний шахсларнинг божхона назоратидан ўтиши керак бўлган товарлари ва транспорт воситалари турган ҳудудига ва биноларига тусиқсиз кириш, шунингдек назорат қилиш божхона органларига юкланган фаолиятни амалга ошириш;
товарлар ва бошқа буюмлар пробалари ва намуналарини олиб қўйиш уларни тадқиқ (экспертиза) қилиш;
шахсдан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органларидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслардан (мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар) божхона иши (назорати)ни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни сўраш ва олиш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб-китоб счётларидан божхона тўловлари сўзсиз тартибда ўтказилиши тўғрисида, божхона тўловлари бюджетдан хўжалик юритувчи субъектлар счётига қайтарилиши тўғрисида банкларга ва бошқа молия-кредит муассасаларига белгиланган тартибда топшириқлар бериш;
кўрсатиб ўтилган топшириқ кечиктирилган ёки бажарилмаган ҳар бир кун учун ўтказилиши ёки қайтарилиши керак бўлган божхона тўловлари суммасидан банклардан ёки бошқа молия-кредит муассасаларидан, шунингдек хўжалик субъектларидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорида божхона тўловлари тўлаш муддати кечиктириб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган тартибда 0,5 фоиз миқдорида пеня ундириш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда божхона йиғимлари ставкаларини белгилаш;
божхона ва эркин омборларни, божсиз савдо дўконларини очиш, божхона ташувчилари сифатидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига рухсатномалар бериш;
ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларининг ташқи иқтисодий фаолиятини тўхтатиш тўғрисида белгиланган сабаблари кўрсатилган тақдимнома киритиш;
божхона назоратини амалга оширишга кўмаклашиш учун мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш;
ўз ваколатлари доирасида божхона назорати остидаги товарларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва ушбу товарларга тааллуқли ҳужжатларни текшириш.
Божхона органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш чоғида табель ўқотор қуролини ва якка тартибда ҳимояланиш воситаларини олиб юриш, сақлаш, қўллаш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

3. Солиқ органларнинг асосий вазифалари


Замонавий талабларга жавоб берадиган солиқ тизими – иқтисодиётни жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалалари алоҳида ўрин тутади.
Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларида текширишларни қисқартириш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишларга барҳам бериш бўйича зарур чоралар кўрилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текшириш тартиблари бекор қилинди, ҳисоботларнинг шакли ва тақдим этиш муддатлари соддалаштирилди. 
Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли Фармон билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг қуйидаги муҳим йўналишлари белгиланди: 
солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш; 
солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотини ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини ошириш; 
солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш; 
макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришни таъминлаш бўйича самарали тадбирларни амалга ошириш; 
фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш; 
солиқ солиш масалалари, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш; 
кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини юқори маънавий-ахлоқий сифатларга эга малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш. 
Бугунги кунда билан солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилмоқда. 
Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, йирик хўжалик юритувчи субъектларга ўз вақтида ва самарали хизмат кўрсатиш мақсадида улар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига юклатилмоқда. 
Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш тарзидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли назарда тутилмоқда. Шунингдек солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки бараварга қисқартирилмоқда. 
Солиқ назоратининг тўғридан-тўғри мулоқотсиз шакллари самарадорлигини ошириш мақсадида камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилмоқда. 
Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида "соғлом рақобат"ни таъминлаш ва "хуфиёна бизнес" юритишга барҳам бериш мақсадида: 
давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда; 
солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилмоқда. 
Шу билан бир қаторда, реал иш ўринларини легаллаштириш учун давлат солиқ хизмати органларига хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда. 
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиб, унинг фаолияти бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш, солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолаш, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан назоратни амалга оширишга йўналтирилади. 
Солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини мувофиқлаштириш ва солиқ тўловчиларга интерактив давлат хизматлари тақдим этиш амалиётини кенгайтириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилмоқда. 
Бундан ташқари, Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия ташкил этилди. Ушбу комиссияга, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди: 
солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ва методологиясини тубдан такомиллаштириш; 
солиқ юкини янада камайтириш, бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш
солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилаш; 
айрим якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш; 
ҳалол, шу жумладан иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этиш. 
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади:
биринчидан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш;
иккинчидан, экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш;
учинчидан, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш;
тўртинчидан, солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш;
бешинчидан, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш;
олтинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш.
2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборади.
Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг қуйидаги асосий мезонлари белгиланди:
давлат солиқ хизмати органлари ишининг сифатини қониқарли баҳолайдиган солиқ тўловчилар, шунингдек, уларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларнинг сони;
камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг умумий суммаси;
хронометраж ва кўздан кечириш натижалари бўйича аниқланган Давлат бюджети даромадларини ошириш захиралари суммаси ва уларни ундириш даражаси;
паспортлари тузилган солиқ тўловчиларнинг сони;
ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишининг тўлиқлиги ва солиқ қарздорлигининг пасайиш даражаси;
давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларда “шахсий кабинет”дан фойдаланиш даражаси;
электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотларни қўллаётган солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши.
Давлат солиқ хизмати органларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи-юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш;
давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш;
солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига чиққан ҳолда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш;
юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз ҳисобдан чиқариш.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Республика ахборот-маслаҳат маркази” ва “Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази” давлат унитар корхоналари негизида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий марказларини тузган ҳолда ташкил этилди.
Қуйидагилар “Солиқ-сервис” ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш;
давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш;
давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлаш;
“call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш;
солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш;
ахборотни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш;
давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши ташкил қилиниб, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда низоли масалалар юзасидан хулосалар чиқариш;
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлашда солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш;
солиқ низоларини кўриб чиқиш жараёнида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ хизматининг ташкил этилиши, унинг вазифалари, функциялар ва ҳуқуқлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ва давлатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги назорат бўйича республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, солиқ тўловчилар, шу жумладан юридик ва жисмоний шахсларнинг ижро этиши учун мажбурий ҳисобланади.
Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари (кейинги ўринларда давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари деб аталади), Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда Ҳудудлараро инспекция деб аталади), шунингдек, Қўмита тизимига кирадиган ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисобрақамларига эга.
Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширадилар.
1. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш ҳисобига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромад қисмини барқарор шакллантириш;
солиқ тўловчилар ва солиқ солиш объектларининг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, уларнинг тўлиқ қамраб олиниш механизмларини солиқ маъмуриятчилиги жараёнига маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш орқали такомиллаштириш;
солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича таҳлил қилиш ва таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, шу жумладан макроиқтисодий кўрсаткичларнинг динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, солиқлар йиғилишини ошириш бўйича чораларни амалга ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;
пул маблағларининг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши юзасидан мунтазам назоратни таъминлаш;
бозорлар ва савдо комплексларининг молия-хўжалик фаолияти, улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш ҳамда уларнинг ҳудудида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича терговга қадар текширув ўтказиб, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш;
солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, ҳар бир ходим томонидан "Солиқ хизмати -инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш;
солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларни амалга ошириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни бажариш;
солиқ тўловчиларга мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш йўли орқали солиқ тўловчилар билан ишлашни такомиллаштириш;
қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва солиқ тўловчиларнинг фаолиятини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш;
кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, давлат солиқ хизмати органларини юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган малакали ходимлар билан тўлдириш, шунингдек, кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, коррупция фактларига кескин барҳам бериш бўйича таъсирчан чораларни, шу жумладан ходимлар манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилиш йўли билан амалга ошириш, ишга расмиятчилик билан ёндашишга барҳам бериш, шунингдек, ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш;
ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган секторларда солиқ солиш соҳасидаги тизимли муаммоларни ўрганиш ва аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
2. Қўмита ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши юзасидан солиқ назоратини таъминлаш соҳасида:
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тушиши прогнозини ишлаб чиқишда қатнашади;
солиқ тўловчилар фаолиятининг солиқ текширувларини, шунингдек, солиқ тўловчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида киритилиши текширувларини белгиланган тартибда ўтказади;
давлат солиқ хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини солиқ текшируви ўтказилишида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилади;
солиқ тўловчилардан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олади, солиқ тўловчининг мол-мулки мавжудлигини текширади, шунингдек, ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчилар томонидан даромадлар олиш учун фойдаланиладиган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиради ёки текширади;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини, корхоналар ҳудудига моддий бойликларни олиб кириш ва у ердан олиб чиқишда корхоналарда рухсат бериш тизими ишларининг ташкил этилиши ҳолатини текширади;
солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) жараёнида ҳисоботдаги маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини аниқлаш, давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган молиявий ҳисоботлар ва солиқ ҳисоб-китобларида фактларнинг бузиб кўрсатилишини аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун бухгалтерия ҳисобларини ва молиявий ҳисоботларни текширади;
молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) давомида хом ашё, материаллар, ярим фабрикатлар ва тайёр буюмларни тортиб кўради ва ўлчайди, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий таннархини ва тақдим этилган солиқ ҳисоб-китобларининг тўғрилигини аниқлаш учун хомашё ва материаллар сарфи нормалари, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш учун тўғри ҳисобдан чиқарилишини, тайёр маҳсулотнинг тўлиқ кирим қилинишини, маҳсулот чиқиши нормалари ҳамда моддий бойликларни сақлаш ва ташишда табиий йўқотишлар нормалари тўғри белгиланишини аниқлаш учун хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришда назорат тариқасида ишлатиб кўради, хомашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни назорат тариқасида текширади;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;
жисмоний ва юридик шахслардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши тўғрисида келиб тушган мурожаатлар, хабарлар ва бошқа ахборотларни текширади;
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши фактларини таҳлил қилади ҳамда солиққа оид ҳуқуқбузарликларга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли органларга таклифлар киритади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг узоқ муддатли ҳамда жорий дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
б) Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш ҳисобига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромад қисмини барқарор шакллантириш соҳасида:
солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тўхтатилиши) тўғрисида ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
белгиланган тартибда солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган молия ва солиқ ҳисоботларини, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг фаолияти тўғрисида солиқ органларининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасида йиғилган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида камерал назоратни амалга оширади;
ўзаро тузилган келишув асосида солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши солиқ мониторингини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;
давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан олинган пул маблағларининг давлат даромадига тўлиқ ва ўз вақтида тушиши назоратини, шунингдек, давлат органларига берилган мол-мулкнинг ҳисобга олинишини таъминлайди;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тушумини таъминлаш, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш бўйича молия органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилади;
в) солиқ тўловчилар ва солиқ солиш объектларининг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, уларнинг тўлиқ қамраб олиниш механизмларини солиқ маъмуриятчилиги жараёнига маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш орқали такомиллаштириш соҳасида:
солиқ тўловчилар, солиқ солинадиган база, шунингдек, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлайди;
юридик ва жисмоний шахсларга, уларни солиқ тўловчининг идентификация рақамлари берилган ҳолда солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисида ҳужжатлар берилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил қилади;
Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрини шакллантиради ва юритади;
солиқ органларининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасида солиқ тўловчилар бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисоблаб чиқилиши ва амалдаги тушумлари ҳисобини юритади;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ҳисобини юритади;
банклар томонидан тегишли ахборот тақдим этилишига кўра банк ҳисобварақлари бўйича олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик фаолияти бўйича - уч ой мобайнида) пул операцияларини амалга оширган ҳолда молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган корхоналарни аниқлайди;
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга туришдан бўйин товлаш механизмларини ўрганади, аниқлайди ва бартараф этади;
ахборот хавфсизлиги таъминланишини ҳисобга олган ҳолда, барча солиқ тўловчилар ва солиқ тушумлари бўйича солиқ органларининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасини яратади;
солиқ ахборотларини қабул қилиб олиш, қайта ишлаш, узатиш ва сақлаш жараёнларини автоматлаштириш чораларини кўради;
давлат солиқ хизмати органларида, ахборот хавфсизлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, ягона ахборот, дастурий-техник ва телекоммуникация тизими жорий этилишини ташкил қилади;
солиқ маъмурчилиги жараёнида давлат солиқ хизмати органлари ишига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади ҳамда харажатларни мақбуллаштириш ва ресурс таъминотини ривожлантириш учун уларни технологик жараёнларни юритишнинг замонавий тизимлари ва бошқаришнинг тезкор воситалари билан жиҳозлайди;
г) солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича таҳлил қилиш ва таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, шу жумладан макроиқтисодий кўрсаткичларнинг динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, солиқлар йиғилишини ошириш бўйича чораларни амалга ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш соҳасида:
солиқ тўловчиларни "хавф-хатар" гуруҳи бўйича сегментлашни амалга оширади;
солиқлар ва бошқа бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш фактларини аниқлайди ва тегишли чоралар кўради;
солиқ назоратини амалга оширишда замонавий усулларни қўллайди;
Қўмитанинг техник базасини модернизация қилиш, мустаҳкамлаш ва янгилаш билан ташқи ва ички манбалардан келиб тушадиган маълумотларни таҳлил қилишнинг илғор автоматлаштирилган усулларини жорий этади;
макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қарзини ундиришни белгилайдиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ташкиллаштирилишини ва қўлланишини таъминлайди;
хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга оширади;
хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида белгиланган тартибда хронометраж кўздан кечириш ўтказади;
солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишни амалга оширади;
ишлаб чиқариш ва даромадлар миқдорларини яшириш, сотилган маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар ҳажмларини камайтириб кўрсатиш механизмларини ўрганиш ва аниқлашни ташкиллаштиради ва амалга оширади, кўрсатиб ўтилган механизмларнинг қўлланишини бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
солиқ маъмуриятчилиги ислоҳоти ва ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқади ва унинг ижроси мониторингини амалга оширади.
д) пул маблағларининг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши юзасидан мунтазам назоратни таъминлаш соҳасида:
савдо ва хизматлар кўрсатишни ташкил этишнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шу жумладан назорат-касса машиналарини, пластик карточкалардан тўловларни қабул қилиб олиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда маркировка қилиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;
онақд пул маблағлари муомалада бўлишининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул айланмасига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини ташкил қилади ва амалга оширади;
тадбиркорлик субъектларида, шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларида, бир марталик йиғимлар, бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида кўрсатилган хизматлар учун ижара тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари бажарилиши, нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши, назорат-касса машиналарининг, тўлов терминалларининг қўлланилиши, шунингдек, белгиланган тартибда талон ва чекларнинг берилиши, нақд пул тушумининг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда инкассация қилиниши масалалари бўйича белгиланган тартибда қисқа муддатли текширишларни амалга оширади;
е) бозорлар ва савдо комплексларининг молия-хўжалик фаолияти, улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш ҳамда уларнинг ҳудудида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича терговга қадар текширув ўтказиб, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш соҳасида:
бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойларида молиявий-иқтисодий ҳамда солиқ соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларни аниқлайди, олдини олади ва бартараф этади;
бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудларида сифатсиз, қалбакилаштирилган (ясама) ёки ноқонуний олиб кирилган товарларни тайёрлаш ва сотишга қарши курашади;
бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойлари, шунингдек, улар ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан олинган пул оқимлари ҳаракати мониторингини ва маблағлар тушуми ҳисобининг тўлиқлигини таъминлайди
бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, шунингдек, уларнинг ҳудудида фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари пул маблағлари тушумлари ва товар айланмаси тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига тушадиган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш учун банклар ҳамда статистика органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида молиявий-иқтисодий ва солиқ соҳаларида ҳуқуқни бузиш содир этилиши ҳолатлари бўйича терговга қадар текширувларни ташкил этади ва олиб боради, жиноий ишлар қўзғайди, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга беради;
солиққа оид ҳуқуқбузарликлар натижасида давлатга, юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг белгиланган тартибда ундирилишини таъминлаш чораларини кўради;
ж) солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, ҳар бир ходим томонидан "Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш соҳасида:
солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашади;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш учун солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича чораларни амалга оширади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда айрим турдаги солиқларни ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади;
юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари ҳимояланишини таъминлайди;
давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди;
солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ сир тутилишига риоя этиш ишларини ташкил қилади;
з) солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларни амалга ошириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни бажариш соҳасида:
солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни солиқ тўловчиларга ва аҳолига ўз вақтида таништириш ва етказиш ишларини ташкил этади;
солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида жойларда ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тушунтириш ишларини олиб боради;
солиққа доир қонун ҳужжатларини нашр этиш, кўпайтириш ва давлат солиқ хизматининг ҳудудий органларига етказиш, маслаҳат хизматлари кўрсатиш, солиқ тўловчиларни солиқларни тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб чиқаришга, солиқ ҳисоботларини ва солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқиш, тўлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни тақдим этишга ўқитиш учун сервис-марказлар ташкил қилади;
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини нашр этади, давлат солиқ хизмати органларини қонун ҳужжатлари билан таъминлаш чораларини кўради;
жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ солиш ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши масалалари бўйича мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади;
солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан уларнинг содир этилиши сабабларини аниқлайди ва бартараф этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
акцизости товарларини ишлаб чиқаришда ва айланмасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этилишини белгиланган тартибда ташкиллаштиради ва амалга оширади;
солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахсларни қидириб топиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга беради, давлатга етказилган зарарни белгиланган тартибда ундиришни таъминлаш чораларини кўради;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритади;
солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобини юритади, мазкур маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади;
солиққа оид жиноятларнинг содир этилиши ҳолатларини аниқлаш учун, суриштирув, тергов ва суддан яшириниб юрган шахсларни қидириб топиш учун оммавий-ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланади;
и) солиқ тўловчиларга мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш йўли орқали солиқ тўловчилар билан ишлашни такомиллаштириш соҳасида:
солиқ тўловчилар билан ишлашда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилишини таъминлайди;
солиқ тўловчиларга реал вақт режимида кенг кўламли интерактив хизматлар кўрсатилишини ташкил этади;
солиқ тўловчиларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон хизмат кўрсатилишини таъминлайди;
солиқ тўловчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда айрим солиқлар бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади;
к) қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва солиқ тўловчиларнинг фаолиятини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш соҳасида:
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, шу жумладан табиий ресурслардан эҳтиётлаб ва самарали фойдаланишни рағбатлантиришга йўналтирилган солиққа оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирхиллаштириш, солиқ юкини қисқартириш, юридик ва жисмоний шахслар фаолиятини рағбатлантириш, уларга зарур имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашади;
қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
солиқ ҳисоботлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар шаклларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан маълумотларни алмашиш ва солиқ соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади ҳамда уларнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди;
л) кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, давлат солиқ хизмати органларини юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган малакали ходимлар билан тўлдириш, шунингдек, кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш соҳасида:
қўйилган талабларга мувофиқ давлат солиқ хизмати органларига маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимларни танлаш ва тўлдириш бўйича ишларни ташкил этади;
белгиланган тартибда таълим муассасалари ташкил этиш йўли билан, давлат олий таълим муассасалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда давлат солиқ хизмати органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларининг тизимли равишда ташкил этилишини таъминлайди, шунингдек, ривожланган хорижий мамлакатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишнинг кенгайтирилишини амалга оширади;
давлат солиқ хизмати органлари ходимлари лавозимларининг малака тавсифномаларини ишлаб чиқади, раҳбарлар ва мутахассисларни аттестациядан ўтказади, уларга ўз ваколатлари доирасида махсус унвонлар беради;
тегишли танловдан ўтмаган ёки лавозим вазифаларини жиддий бузганлиги учун илгари давлат солиқ хизмати органларидан бўшатилган шахсларнинг ишга қабул қилинишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни таъминлайди;
давлат солиқ хизмати органлари кадрларини тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатишга йўналтирилган тизимни жорий этади, солиқ тўловчилар билан низоли вазиятлар юзага келганда уларга стрессга бардошлиликни сингдириш, шунингдек, ходимларнинг ахлоқий - психологик ҳолатини ошириш бўйича психологик тренингларни жорий қилади;
м) давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, коррупция фактларига кескин барҳам бериш бўйича таъсирчан чораларни, шу жумладан ходимлар манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилиш йўли билан амалга ошириш, ишга расмиятчилик билан ёндашишга барҳам бериш, шунингдек, ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш соҳасида:
кадрларни Ўзбекистон Республикасига содиқлик, ватанпарварлик, ҳалоллик ҳамда ҳуқуқий давлат ғоялари ва асосларини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш юзасидан узлуксиз ишларни амалга оширади;
давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан солиқ тўловчиларга нисбатан ғаразли мақсадларда ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳолатларини аниқлайди ва уларга барҳам беради;
давлат солиқ хизмати органларида коррупция ҳолатларини аниқлашга, уларнинг олдини олишга, қарши курашишга ва бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, ташкил этади ва уларни амалга оширишда қатнашади;
давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
хизмат вазифаларини бажараётганда давлат солиқ хизмати органлари ходимларини ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
ҳар икки йилда кўпи билан бир марта давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари ҳамда Ҳудудлараро инспекциянинг бюджет ва хўжалик фаолияти бўйича харажатлар сметалари ижроси юзасидан тафтишни амалга оширади. Жуда зарур бўлганда ва молия-хўжалик фаолиятида қонун бузилишларига йўл қўйилган ҳолатлар тўғрисида ишончли ахборот мавжуд бўлган тақдирда навбатдан ташқари тафтишлар ўтказилиши мумкин;
давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари ҳамда Ҳудудлараро инспекция томонидан моддий ва пул ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари бажарилишини таъминлайди, хўжасизлик, исрофгарчилик, давлат маблағларини ва бюджетдан ташқари маблағларни асоссиз равишда сарфлаш, смета-штат интизомини бузиш ҳолларига барҳам беради;
мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида виждонан хизмат қилаётган ходимларни уларнинг шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш механизмларини яратади.
н) ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган секторларда солиқ солиш соҳасидаги тизимли муаммоларни ўрганиш ва аниқлаш хамда уларни бартараф этиш буйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
солиқ солиш соҳасида ишларни ҳаққоний ҳолатини чуқур ва хар томонлама ўрганишни амалга оширади;
биринчи навбатда, уйма-уй юриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш орқали тўпланган муаммолар ва тизимли камчиликларни аниқлаш бўйича ишларини амалга оширади;
солиқ солиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга оширади;
солиқ тўловчилар ўртасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш бўйича ишларни ташкил этади.

МАВЗУ. АДВОКАТУРА ВА НОТАРИАТ.


1. Адвокатура тушунчаси, унинг вазифаси ва адвокатлик фаолиятининг турлари.


2. Адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакллари.
3. Адвокатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
4. Нотариат.
3. Нотариуснинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги иштироки.
Зарурий адабиётлар:
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Адвокатура тўғрисида”ги Қонуни (27.12.1996) // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон.
Advokatura. Darslik. Nikonov I., Abzalova X., Zakirova U., Fazilov F., Israilova Z., Mirzaev Sh., Ramazanova F., Tulaganova G. Darslik. – Toshkent: TDYU, 2019. – 38-77 b.
3. Жиноят-процессуал ҳуқуқи (Махсус қисм). Дарслик. Муаллифлар жамоаси. –Т.: ТДЮУ нашриёти, 2017. – 102-112 б.
4. Судоустройство и правоохранительные органы / Под ред. Л.В. Головко: учебник. М.: Издательский Дом «Городец», 2020. — С. 679-691.

14.1 Адвокатура тушунчаси, унинг вазифаси ва адвокатлик фаолиятининг турлари.


“Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши янги ўзбек адвокатура институти шаклланишига туртки бўлди. Ушбу қонун бугунги кунга қадар адвокатура институтининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.


Шундан сўнг, 1998 йил 25 декабрда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун билан адвокатлик фаолиятининг муҳим жиҳатлари, адвокатларнинг касбий дахлсизлиги ва кафолатларини таъминлашга қаратилган муҳим нормалар белгиланган.
2008 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу Фармон асосида “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур Фармонда адвокатура илк бор фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида эътироф этилиб, адвокатуранинг самарали ўзини ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини ташкил этиш, адвокатликка номзод шахсларнинг малакасига нисбатан қўйиладиган талабларни кучайтириш, шунингдек адвокатларни мунтазам равишда касбга оид малакасини оширишни мажбурийлигини жорий этиш, адвокатурани ҳалол ва касб маҳорати юқори мутахассислар билан таъминлайдиган самарали лицензиялаш тизимини ташкил этиш, жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларнинг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларни суд ишида иштирок этишга йўл қўймасликка қаратилган тарафлар вакиллиги институтини босқичма-босқич такомиллаштириш, адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизми ва адвокатларга нисбатан интизомий иш юритиш тизимини такомиллаштириш сингари масалалар соҳани ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган.
Адвокатура соҳасини янада ривожлантиришда муҳим бўлган ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5441-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга асосан адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича аниқ вазифлар белгилаб қўйилган.
Шунингдек, авокатура институтининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилиши билан бир қаторда адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қоидалар амалиётга жорий этилди. Жумладан, эндиликда адвокат суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шартлиги, бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган тураржойларида амалга оширишлари мумкинлиги ҳамда адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши тўғрисида қоидалар жорий этилган.
Ушбу Фармон Ўзбекистонда адвокатура институтини янада такомиллаштиришга хизмат қилиб, адвокатлар мавқеини, обрўсини оширишга кенг йўл очиб берди.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ–497-сон Қонуни қабул қилиниб, ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан адвокатура институти ва адвокатлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш кафолатлари кучайтирилди.

2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда умумий ҳисобда 33,905 миллион аҳоли истиқомат қилган ҳолда мамлакатда Адвокатлар палатаси аъзолари ҳисобланган 3919 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Улардан 30 ёшгача бўлган адвокатлар сони – 62 нафар, 50 ёшгача бўлганлар – 1781 нафарни, 50 ёшдан ошганлар эса – 2076 нафарни ташкил этади. Аҳолининг ўрта ҳисобдаги кўрсаткичи битта адвокатга 8651 нафар одам тўғри келишини кўрсатса, ушбу кўрсаткич Исроилда битта адвокатга – 136 нафар, Италияда – 265 нафар, Испанияда – 328 нафар, Буюк Британияда – 386 нафар, Германияда – 499 нафар, Туркияда – 794 нафар, Грузияда – 833 нафар, Украинада – 1205 нафар, Францияда – 1020 нафар, Россияда – 1870 нафар, Қозоғистонда эса – 3932 нафар одам тўғри келишини кўрсатмоқда.


Ҳаммаси бўлиб, республикада 2020 йил 1 январь ҳолатида 1660 та адвокатлик тузилмалари, шу жумладан, 71 та адвокатлик ҳайъатлари, 435 та адвокатлик фирмалари ва 1154 та адвокатлик бюролари фаолият юритмоқда.
Сўнгги 12 йилдаги адвокатлар сонининг ўзгариш динамикаси аҳоли умумий сонининг кўпайиши билан адвокатлар сонининг камайиши тенденциясидан далолат бермоқда. Шунингдек, адвокатларнинг асосий қисми, 50 фоиздан ортиғини 50 ёшдан катта шахслар ташкил этади.
“Адвокатура” лотин тилда “advocatus” сўзи судда иш юритувчи, ҳимояни амалга оширувчи маъносини англатади.
Адвокатура - ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасида адвокатлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Адвокатура тўғрисидаги”, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисидаги” қонунлар, шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Адвокат. Олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.


Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Адвокатлик фаолиятини адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади.


Адвокатура ўз фаолиятини қонун устуворлиги, мустақиллик ва бошқа демократик принциплар асосида амалга оширади.
Белгиланган тартибда лицензия олган шахс адвокатлик фаолиятини ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда амалга оширишга ёхуд бошқа адвокатлар (шериклар) билан адвокатлик фирмасини ёки аъзоликка асосланган адвокатлар ҳайъатини тузишга ёхуд фаолият кўрсатаётган шундай адвокатлик тузилмаларидан бирига киришга ёки юридик маслаҳатхонада ишлаган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Адвокат ўз фаолиятини фақат битта адвокатлик тузилмасида амалга оширишга ҳақли.
Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Адвокатлик тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, тузилмаси, штатлари, вазифалари, маблағларни сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари), таъсис шартномалари билан тартибга солинади.
Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари улар рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади. Юридик маслаҳатхона ҳисобга олинган кундан эътиборан ўз фаолиятини амалга оширишга ҳақли.
Адвокатлик тузилмалари фуқаролар ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатганлик учун улардан тушадиган пул маблағлари (даромадлар) ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан таъминот олади.
Адвокатлар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин.
Адвокатнинг вазифалари. Адвокат ўз профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши шарт.
Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган шахснинг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган ҳолларда, шунингдек агар ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек агар адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса бу ҳол унга ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид келса, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.
Адвокат қайси шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш топшириғини олган бўлса, ўз ваколатларидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга ҳамда гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга, агар уни бундан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзи озод этмаса, ҳақли эмас.
Адвокат ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, Адвокатлар палатаси томонидан белгиланган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шарт.
Жиноят ишида иштирок этишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.
Адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас.
Жисмоний ва юридик шахслар номидан пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ битимлар тайёрланганда ҳамда амалга оширилганда адвокатлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

14.2. Адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакллари


Ўзбекистон Республикасида адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакллари Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура” тўғрисидаги Қонуни 4-моддасида белгиланган бўлиб, улар қуйидагича баён қилинган:
- адвокатлик бюроси;
- адвокатлик фирмаси;
- адвокатлар ҳайъати;
- юридик маслаҳатхона.
Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги қонунига асосан белгиланган тартибда лицензия олган шахс адвокатлик фаолиятини ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда амалга оширишга адвокатлик фаолиятини амалга оширишга;
- бошқа адвокатлар (шериклар) билан адвокатлик фирмасини ёки аъзоликка асосланган адвокатлар ҳайъатини тузишга ёхуд фаолият кўрсатаётган шундай адвокатлик тузилмаларидан бирига киришга;
- юридик маслаҳатхонада ишлаган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Адвокат ўз фаолиятини фақат битта адвокатлик тузилмасида амалга оширишга ҳақли.
Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг


2009 йил 9 мартдаги 60-сон қарори ва ушбу қарор асосида тасдиқланган Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш (ҳисобга олиш) тўғрисидаги низомни ўқиш тавсия қилинади.
Адвокатлик тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, тузилмаси, штатлари, вазифалари, маблағларни сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари), таъсис шартномалари билан тартибга солинади.
Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари улар рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади. Юридик маслаҳатхона ҳисобга олинган кундан эътиборан ўз фаолиятини амалга оширишга ҳақли.
Адвокатлик фирмасининг ёки адвокатлар ҳайъатининг жойлашган ери яшаш учун мўлжалланмаган жойда бўлиши керак.
Адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган турар жойларда амалга ошириши мумкин, бунда адвокатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.
Адвокатлик тузилмалари фуқаролар ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатганлик учун улардан тушадиган пул маблағлари (даромадлар) ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан таъминот олади. Адвокатлар адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин.
Адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда чет давлатларда ушбу давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзининг алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини) ташкил этишга ҳақли. Бунда адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати алоҳида бўлинмани очиш тўғрисидаги қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни олдиндан хабардор қилади.
Адвокатлик бюроси. Адвокатлик бюроси адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис томонидан тасдиқланадиган уставидир.


Адвокатлик фирмаси. Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик фирмасининг таъсис ҳужжати унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган уставдир.


Адвокатлик фирмасини таъсис этган адвокатлар оддий ёзма шаклда ўзаро шериклик шартномасини тузади. Шериклик шартномасига кўра адвокатлар – шериклар барча шериклар номидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мажбуриятини олади.
Шериклик шартномасида унинг амал қилиш муддати, шериклар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, бошқарувчи шерикни сайлаш тартиби, унинг ваколатлари ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилади.
Адвокатлик фирмасининг умумий ишларини юритиш, агар шериклик шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, бошқарувчи шерик томонидан амалга оширилади. Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги битим (шартнома) бошқарувчи шерик ёки барча шериклар номидан улар берган ишончномалар асосида бошқа шерик томонидан тузилади. Ишончномаларда ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар билан битимлар (шартномалар) ҳамда келишувлар тузаётган шерик ваколатларининг барча чекловлари кўрсатилади. Мазкур чекловлар ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар эътиборига етказилади.

Шериклик шартномаси қуйидаги ҳолларда тугатилади:


шериклик шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
шериклардан бири бўлган адвокатнинг мақоми тугатилганда ёки тўхтатиб турилганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса;
шериклардан бирининг талабига кўра шериклик шартномаси бекор қилинганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса.
Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан унинг иштирокчилари ишонч билдирувчи шахсларга (ҳимоя остидаги шахсларга) ва учинчи шахсларга нисбатан ижро этилмаган умумий мажбуриятлар бўйича солидар тартибда жавобгар бўладилар.
Шериклардан бири шериклик шартномасидан чиққанда у ўзи юридик ёрдам кўрсатган барча ишлар бўйича иш юритишни бошқарувчи шерикка топшириши шарт.
Шериклик шартномасидан чиққан адвокат шериклик шартномасида ўзи иштирок этган даврда юзага келган умумий мажбуриятлар бўйича ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.
Шериклик шартномаси тугатилганидан кейин адвокатлар янги шериклик шартномасини тузишлари шарт. Агар янги шериклик шартномаси аввалги шериклик шартномасининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан бир ой ичида тузилмаса, адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилиши ёки тугатилиши керак.
Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан ва адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилгунига қадар ёхуд янги шериклик шартномаси тузилгунига қадар адвокатлар юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимлар (шартномалар) тузишга ҳақли эмас.
Адвокатлар ҳайъати. Адвокатлар ҳайъати аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлар ҳайъатининг таъсис ҳужжатлари унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳамда улар томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.


Таъсис шартномасида муассислар адвокатлар ҳайъатига ўз мол-мулкини ўтказиш шартларини, ушбу ҳайъат фаолиятида иштирок этиш тартибини, адвокатлар ҳайъатига янги аъзоларни қабул қилиш, муассисларнинг (аъзоларнинг) унинг таркибидан чиқиш тартиби ва шартларини, шунингдек адвокатлар ҳайъати муассисларининг (аъзоларининг) ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
Адвокатлар ҳайъатлари таркибидаги аъзолар сони ўнтадан кам бўлмаслиги керак.
Адвокатлар ҳайъатида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимлар (шартномалар) адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузилади ҳамда адвокатлар ҳайъатининг ҳужжатларида рўйхатдан ўтказилади.
Адвокатлар ҳайъати юридик ёрдам кўрсатиш учун ўзи турган ердан ташқарида жойлашган филиаллар тузишга ҳақли.
Юридик маслаҳатхона. Юридик маслаҳатхона — адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этиладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган адвокатлик тузилмаси.
Юридик маслаҳатхона тегишли ҳудудда юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжларни қаноатлантириш учун адвокатлик тузилмаларининг сони етарли бўлмаган ҳолларда Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилади.
Тегишли ҳудудлардаги юридик ёрдамга бўлган эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган нормативларга мувофиқ аниқланади.
Юридик маслаҳатхонанинг моддий-техника таъминоти тартиби ва шартлари, юридик маслаҳатхоналарга ишлаш учун юборилган адвокатлар учун хизмат хоналари ва зарурат бўлганда, турар жойлар ажратиш билан боғлиқ масалалар Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан туман, шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ҳал қилинади.
Юридик маслаҳатхона Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланадиган низомга асосан иш олиб боради.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 майдаги ПФ–5441-сон Фармонини амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги 675-сон қарори билан “Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисида”ги низом қабул қилинган. Унга асосан тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилаб беради.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари қуйидаги юридик маслаҳат хизматларини кўрсатишлари мумкин:
рўйхатдан ўтиш, қайта ташкил этиш, юридик шахсларни тугатиш, хорижий компаниялар ва ташкилотлар ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш, гувоҳномалар ва бошқа рухсатномаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишда кўмаклашиш;
бизнесга юридик кўмаклашиш (хизмат кўрсатиш), шу жумладан ташкилотнинг жорий масалалари бўйича маслаҳат бериш;
ташкилий масалалар ва корпоратив бошқарув масалалари бўйича ташкилотнинг турли хил ички ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
шартномалар, контрактлар, келишувлар, аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш;
юридик масалаларни муҳокама қилишни ўз ичига олган музокараларда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллиги;
қонун ҳужжатлари ва Низом билан тақиқланмаган бошқа хуқуқий масалалар бўйича мижозларга маслаҳат бериш.

Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари:


- давлат сирини ташкил этувчи ахборот бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;
- фуқаролик, иқтисодий, маъмурий, жиноий ишлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларда кўриладиган материаллар бўйича юридик маслаҳат бериш ва вакиллик қилиш;
- ҳимоячининг вазифалари ва дастлабки терговда иштирок этиш;
- қонун ҳужжатлари ва Низомда тақиқланган бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти акциядорлик жамиятидан ташқари, исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотларини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг мажбурий шарти штатда камида битта юридик маслаҳатчи бўлиши ҳисобланади. Агар штатда фақат битта юридик маслаҳатчи бўлса, у ҳолда у Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
Юридик маслаҳатчилар ташкилотида юридик маслаҳатчи штати биттадан ортиқ бўлган тақдирда, ушбу ташкилотнинг юридик маслаҳатчилари умумий сонининг камида 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши шарт.
Юридик маслаҳатчи юридик маслаҳатчилар ташкилотини реестрга киритиш вақтида бу тўғрисида хабар қилинган ҳолда хорижий давлат қонунчилиги бўйича маслаҳат бериши мумкин.
Адвокат мақоми ўз аризасига кўра тўхтатиб турилган шахс юридик маслаҳатчи сифатида ишлаши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан жиноят содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар юридик маслаҳатчи сифатида ишлаши мумкин эмас.


Юридик маслаҳатчилар ташкилотининг профессионал фаолияти қонун билан ҳимояланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ишлайдиган шахслар юридик маслаҳатчилар ташкилотида меҳнат фаолиятини амалга ошириши ва юридик маслаҳат хизматига жалб қилиниши мумкин эмас.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар юридик маслаҳатчилар ташкилотининг таъсисчиси (иштирокчиси) бўла олмайдилар.
Юридик маслаҳатчилар ва (ёки) юридик маслаҳатчилар ташкилотлари касбий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ ассоциациялар (иттифоқ) ва бошқа бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида реестр юритилишини таъминлайди ҳамда юридик маслаҳатчилар ташкилотлари томонидан мазкур фаолиятни тартибга солувчи низом талабларига риоя этилишини назорат қилади.

14.3. Адвокатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Мамлакатимизда сўнгги икки йил ичида адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу хизмат сифати ва самарадорлигини мутлақо босқичга янги кўтарди.
Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади жамиятнинг турли жабҳаларини юксалтиришга, давлатни иқтисодий ривожлантиришга, ундаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали аҳоли турмуш даражасини кўтаришга, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилгандир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди. Турли жабҳалардаги ислоҳотларни изчил олиб боришда устувор қилиб белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари Бош қомусимиз ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳуқуқий, фуқаролик жамияти қуришга қаратилган. Бундай жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади. Ўз навбатида ҳимоя қилишнинг асосий омилларидан бири адвокатлик институтини ислоҳ қилиш ва самарали фаолият юритишини таъминлашдан иборатдир.
Ўрта асрларда Шарқда қозилар ҳузурида ислом ҳуқуқи-шариат билимдони бўлган махсус хизматчилар-муфтийлар ва аъламлар хизмат қилган. Улар аризагўйлар ва бошқа фуқароларга муайян ҳақ эвазига ҳуқуқий ёрдам кўрсатганлар. Демак, юртимизда ҳам азалдан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг ўзига хос кўринишлари мавжуд бўлган.
Европада 17-асрдан давлат адвокатураси институти ривожлана бошлаган. Кейинчалик эса у жамоат ташкилотига айлантирилган. Ўзбекистон ҳудудида ўзини-ўзи бошқарувчи ташкилот сифатидаги биринчи адвокатура “Ҳимоячилар шўъбаси” номи билан 1879 йил Қўқон шаҳрида ташкил этилган. Уни Санкт-Петербургда юридик маълумот олган Абдунаби Қуролбоев очган.
1920 йилда Туркистон ўлкасидаги барча йирик шаҳарларда суд тизимлари иш бошлаган пайтда адвокатлар ҳам ана шу судлар қошида фаолият юритганлар. Аммо улар судга боғлиқ бўлмаган. Ҳар бир суд идораси ҳузурида бир-иккитадан адвокат бўлиб, улар ҳимояга муҳтож кишиларнинг берган гонорарлари ҳисобидангина фаолият юритган. Ўша даврда Қўқонда 33 нафар, Самарқандда 41 нафар, Бухорода 32 нафар, Хоразмда 9 нафар етук адвокатлар фаолият юритиб, улар асосан инқилобий қўмита раҳбарларининг “суҳбатлари”дан ижобий натижалар билан ўтгандилар.
Тўғри, ундан олдинги йилларда ҳам жабҳага эътибор бўлган. Масалан, 2008 йилда Ўзбекистон адвокатлар ассоциацияси негизида барча адвокатлар мажбурий аъзолигига асосланган, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташкил қилинган эди. Унинг ҳуқуқий мақоми, мақсад, вазифалари, аъзолари ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Хўш, ушбу ўзгаришлар ўз самарасини бердими?
Тан олиш керак, орада адвокатлик тузилмалари ушбу йўналишда яхши натижаларга эриша олмади. Адвокатлар палатасининг адвокатура институти ҳимоячиси сифатидаги роли пасайиб кетди. Айни чоғда тергов ва суд органларида адвокатларнинг шикоятларини кўриб чиқишда турли тўсиқлар келиб чиққани, билим, тажриба етишмаслигидан адвокатлар томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилгани ҳам бор гап. Бу фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.
Бу адвокатура институтини янада такомиллаштиришни тақозо этарди. Бинобарин, 2018 йил 4 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди Унга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддасига киритилган янги норма асосида ҳимоячи жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этишга ҳақлилиги, бу дадиллар жиноят ишига қўшиб қўйилиши, тергов ва суд органлари томонидан мажбурий баҳоланиши тайинланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, адвокатга ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш, адвокатлик билан шуғулланиш мақсадида адвокатлик тузилмасида олти ой ўрнига уч ой мажбурий стажировка ўташ, адвокат ўзининг касбий фаолияти билан узрсиз сабабларга кўра олти ойга қадар шуғулланмаслиги, адвокатга нисбатан суд органи томонидан чиқарилган айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, бу ҳақда судья томонидан бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасини ёзма ҳолда хабардор қилиш, адвокатлар ҳар бир танланган мутахассислик бўйича барча тўловлардан озод қилинган ҳолда, алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатиш ва лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Адлия вазирлиги мурожаат бўйича суд органи орқали амалга оширилиши жорий этилди.
Адвокатура соҳасида амалга оширилган бу ислоҳотлардан адвокатлар ҳуқуқлари ҳар томонлама кенгайиб бораётгани, бирок амалиётда уларнинг ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида сезиларли ўзгаришлар бўлмаётганлигини кузатиш мумкин.
Шуни айтиш жоизки, ваколатли суд органлари соҳасида қилинган ижобий ўзгаришлар каби адвокатлар фаолиятини кенгайтириш учун уларга қўшимча ваколат бериш, ҳар томонлама ривожланишига тўғоноқ бўлаётган қарама-қарши қонун нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлмоқда.
Жумладан, амалдаги қонунчилик нормаларига кўра, ҳимоячи жиноят иши бўйича ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ва уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш, давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ва улардан маълумотномалар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжатларни олиш ваколатларига эга.
Бу ваколатлар билан бирга, адвокатларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати қарорларидан ташқари, ҳар қандай суднинг ҳукмлари, ажримлари ва ҳал қилув қарорлари устидан Олий суднинг судлов ҳайъатига назорат тартибда шикоят киритиш, уни маълумотномалар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжат, дадилларни илова қилган ҳолда назорат инстанциясига юбориш ваколатини бериш лозим. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатининг аъзолари давлат органларининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан ушбу ҳайъатга назорат тартибида киритилган протестлар каби адвокатларнинг ҳам билдирилган шикоятларини кўриб чиқишлари керак, чунки ушбу ваколат адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, сифатли ва самарали юридик ёрдамни ташкиллаштириш, адвокат обрўсини ошириш, шунингдек, судлов ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ юзага чиқаришга хизмат қилиши мумкин.
Адвокат ўзининг ҳимоясига олган шахс иштирокида ўтказилган тергов ҳаракатларига ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин. Гувоҳ, жабрланувчи ва бошқа процесс иштирокчилари билан бўлган тергов ҳаракатларига терговчи монелик қилиб, рухсат бермаган тақдирда, адвокат фақатгина иш охирида мазкур шахслар иштирокида тўпланган ҳужжат ва далиллар билан яқиндан танишиб чиқади. Шу сабабли адвокат ҳимояга киришишга рухсат хатини олгандан сўнг, ҳимоя остидагиларнинг ёки ишонч билдирувчиларнинг иштирок қилмаган барча тергов ҳаракатларида, ҳеч бир монеликсиз иштирок қилиши мумкинлигини амалиётда жорий қилиш лозим. Шунда адвокатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари янада кенгайган бўларди.
Бунинг учун адвокатлик фаолиятига тўғоноқ бўлаётган нормаларни ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш, лозим бўлса, тегишли қонун нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, келгусида соҳани замонга мос тарзда такомиллаштириш талаб этилади.

14.4. Нотариат.


Жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларини амалга оширишда нотариат институтининг роли муҳим ҳисобланади.
“Нотариат тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.
Кейинги йилларда нотариат институтини янада такомиллаштириш, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор амалий ишлар қилиниб, хусусан, замонавий электрон тизимлардан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги соҳанинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашда беқиёс рол ўйнамоқда.
Нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5816-сон Фармони аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бу эса ўз навбатида аҳолига тезкор хизмат кўрсатилишига ҳамда хизматлар сифатининг ошишига олиб келади.
Шунингдек, барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этилиши ва унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб: нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш; низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш; ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариал идоралар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда нотариусларга услубий ёрдам кўрсатиш; аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш; давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш; нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш белгиланди.
Фармонга асосан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.
Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома, 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.
Фармонга кўра 2020 йил 1 январдан қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади: фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш; мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш; муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2020 йил 1 январидан кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади.
Жорий этилиши белгиланган янгиликлардан бири агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда фуқароларнинг ушбу йўналишдаги мулкий ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Хусусан, 2019 йил 1 январдан бошлаб, нотариал ҳаракатларини амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш улар бармоқ изларини сканер қилиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга ошириладиган бўлди. Бу эса нотариусларни алдаб, паспортдаги шахс ўрнига бошка шахслар томонидан нотариал ҳаракат расмийлаштирилишини олдини олади.
Шу билан биргаликда, нотариал ҳужжатлардаги имзони соxталаштириш жиноятларига ҳам чек қўйилади. Эндиликда нотариал ҳаракатлар бажарилганлигини тасдиқлаш фақат имзо қўйиш билан эмас, балки махсус техник воситалар ёрдамида бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга ошириладиган бўлди.
Бунда нотариал идораларда фуқаролар бармоқ изларини сканер қилиш мутлоқ бепул амалга оширилишини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Яна битта муҳим янгиликлардан бири 2019 йилдан бошлаб, кўчмас мулк ижара шартномалари ва текин фойдаланиш шартномалари нотариал идораларда тасдиқланмайди, ортиқча давлат божи тўланмайди. Бундан буён фуқаролар тарафлар ўртасида ўзаро оддий ёзма усулда шартнома тузиб, ушбу шартномани тегишли ҳудуддаги солиқ идорасида ҳисобга олдириб қўйишларининг ўзи кифоя.
Ҳозиргача ушбу турдаги шартномалар расмийлаштирилиши учун фуқаролар турли давлат ташқилотлардан тегишли ҳужжатлар тўплаб келишда қийинчиликларга учрар, кўплаб вақт йўқотиш, шунингдек, ижара тўловлари, давлат божи тўлашларига тўғри келар эди. Эндиликда ушбу оворагарчиликларнинг барчасига барҳам берилди.
Шунингдек, бугунги кунгача нотариал идораларда уй-жой олди-сотди шартномалари миқдоридан келиб чиқиб оддий қоғозда расмийлаштирилиб келинган. Бу эса ушбу турдаги шартномаларни соҳталаштириш имкониятини туғдирган. Шунингдек, суд амалиётида ҳам бу турдаги ҳуқуқбузарликларга оид ҳолатлар жуда кўп учрамоқда эди.
Эндиликда нотариал идоралар томонидан уй-жой олди-сотдиси шартномалари оддий қоғозда эмас, балки махсус гербли, ҳимоя даража, серия, тартиб рақам ва ҳудудий кодга эга бланкаларда расмийлаштирилиши белгилаб қўйилди.
Васиятномаларни имзолаш жараёни махсус аудио ва видео ёзувларда қайд этиб борилиши мажбурий қилиб қўйилди. Бу эса амалиётда жуд кўп учрайдиган васиятномалар билан боғлиқ низолар, меросхўрлар ўртасидаги меросни тақсимлаш масалаларидаги тортишувларни олдини олишга хизмат қилади. Нотариал ҳаракатлар расмийлаштириш жараёнини аудио ва видео тасмага ёзиш фақатгина васиятнома расмийлаштириш ҳолатларига эмас, балки нотариал ҳужжатларни фуқаролар жисмоний нуқсони, касаллиги ёки турли асосли ҳолатларга кўра бошқа фуқароларга имзолатиши ҳолатларига ҳам қўлланилади.
Қарор билан нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддати икки йилдан бир йилга қисқартирилди. Шунингдек, айрим турдаги шахслар учун мажбурий стажирока ўташ тўғрисидаги талаблар бекор қилинди. Бу эса жойларда бўш турган нотариус лавозими иш ўринларини янги кадрлар билан тўлдиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, малака имтиҳони жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги расмий веб-сайтида нотариус лавозимига номзодларни танлов асосида танлаб олиш жараёни реал вақт режимида аудио ва видеотранслация қилиш амалиётини жорий этган ҳолда амалга ошириладиган бўлди.
Сўнги вақтларда фуқароларимиз томонидан нотариусларнинг уларга нисбатан кўпол муносабатда бўлиши, ўзини тутиш ва муомала маданияти масалаларида кўплаб асосли шикоят ва аризалар келиб тушаётган эди.
Бу каби ноҳушликларни олдини олиш мақсадида нотариусларнинг турли кайфиятдаги фуқаролар билан мулоқотга киришишларида келиб чиқадиган келишмовчиликларни тўғри бартараф этиш, стресс ҳолатларини олдини олиш ҳамда нотариус иш вақтини тўғри ташкил этиш масалаларида улар билан қайта тайёрлаш ўқув курслари олиб бориладиган бўлди.
Қарор билан фуқароларга яна бир енгиллик яратилди. 2019 йил январь ойидан бошлаб нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун зарур бўлган, турли давлат идора ва ташкилотларидан йиғиб келинадиган ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилиб олинадиган бўлди.
Шунингдек нотариуслар ҳузурида “куръер”, яъни ҳужжат ташувчи ходим лавозими жорий этилди. Улар фуқаролар ўрнига турли ташкилотлардан керакли ҳужжатларни тўплаб олиб келиш вазифасини бажаради. Бунда фуқароларнинг давлат идора ва ташкилотларига бориб, турли оворагарчилик ва вақт йўқотиш эвазига ҳужжат тўплаш ҳолатларига барҳам берилади.
Энг эътиборли жиҳати, навбат кутиш масалаларида ҳам фуқароларга енгилликлар яратилди. Хусусан, давлат нотариал идораларида махсус техник воситалар ўрнатилади ва бу техник мосламалар ҳаққоний навбат тизимини шакллантиради. Бу эса нотариус қабулига навбатсиз кириш, турли “таниш-билишчилик” ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.
2019 йилнинг 25 май санасида Президентимиз Ш. Мирзиёев нотариат институтини янада ислоҳ қилишга оид “Низоларни олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорни имзолади.
Ушбу ҳужжатда мамлакатимиздаги нотариат институтининг жорий ҳолати танқидий баҳоланиб, бугунги кунда давлат нотариал идораларида аҳолига кўрсатилаётган нотариал ҳизматларнинг сифати ва тезкорлиги паст даражада эканлиги, амалиётда мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик ва коррупция ҳолатлари аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини пасайиб бораётганлигига сабаб бўлаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтилган.
Шунингдек, мазкур қарор билан амалиётдаги реал ҳолатлардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларга ечим бериш мақсадида нотариуслар фаолиятига бир канча ўзгартиришлар киритилди.

14.5. Нотариуснинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги иштироки


Нотариус, жумладан хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Нотариусни ҳисобга қўйиш ва уни ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Нотариус ҳисобга қўйилганидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари бу ҳақда эртасидан кечиктирмай Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади. Хабарнома Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомига эга бўлади.
Нотариус юридик шахс ташкил этмасдан ўз идорасига эга бўлади, банкда ҳисоб рақам ва бошқа ҳисоб варақлар очади, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ёки юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.
Нотариус ўзининг фаолиятини бошлашдан олдин ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.
Нотариус фаолият юритадиган бино ўзининг нотариал округи доирасида жойлашган бўлиши шарт.
Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.
Нотариуснинг номида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади. Мисол учун: “Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ашуров Дилшод Рустамович” деб номланади.
Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.
Нотариус ўз муҳрининг эскизини келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларига тақдим этади.
Нотариус муҳрининг эскизи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 28 августдаги 401-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига мувофиқ кўриб чиқилади ва натижаси ҳақда нотариусга хат берилади.
Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар давлат нотариал идораси нотариуси билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва бир хил мажбуриятларни зиммасига олади. Улар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга.
Нотариус ходимлари
Нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, шунингдек нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, оператор, курьер ва бошқа) эга бўлиши мумкин.
Нотариус нотариал идора ходимларини лавозимига тайинлашда ва лавозимдан озод қилишда мустақилдир, мазкур Низомнинг 13 – 14-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Нотариус фаолиятини якка ўзи ёки ходимлари билан бирга амалга ошириши мумкин.
Нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини, меҳнат таътилини мустақил белгилайди.
Нотариус ходимларнинг меҳнат фаолиятини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан ташкил этади.
Нотариус ходимлар ҳақидаги маълумотни уларни ишга қабул қилгандан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этиши лозим.
Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.
Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган нотариус тайинланади. Бунда бир нотариусга навбат асосида ва қоида тариқасида битта стажёр бириктирилади.
Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.
Нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда нотариус томонидан амалга оширилади.
Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилишни рад қилишига асос номзоднинг Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси талабларига мос келмаслиги ҳисобланади.
Нотариус томонидан ходимларнинг вазифалар тақсимоти белгилаб берилиши мумкин.
Нотариал фаолият ва уни молиялаштириш
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият нотариал фаолият ҳисобланади.
Нотариус нотариат соҳасида давлатнинг функциясини амалга оширувчи шахс сифатида оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ҳисобланади.
Барча нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Нотариусларнинг Тизимдан фойдаланиш ҳамда унга уланиши учун қўйиладиган техник ва дастурий талаблар ва ахборот хавфсизлиги сиёсати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Нотариуслар Тизимдан фойдаланишда қуйидагиларга мажбур:
барча нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқароларнинг шахсини аниқлашнинг замонавий текшириш усулларидан фойдаланиш;
нотариал ҳаракатларни Тизимда мажбурий қайд этиш;
тизимга нотўғри ва хато маълумотлар киритилишига йўл қўймаслик.
Нотариус Тизимдан фойдаланганлиги учун ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган миқдорда тўлов тўлайди.
Нотариус ўз фаолиятини мустақил молиялаштиради.
Нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатганлик учун олган пул маблағлари унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
Нотариус томонидан ундириладиган тушумлар тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан тақсимланадиган ҳар бир нотариуснинг шахсий ғазна ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тегишли ҳисобварақларга йўналтирилади.
Нотариусларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, заруратга қараб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусларнинг фаолиятини ташкил этишда:
жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган жойлардан нотариусларга зарур бино ва иншоотлар, шунингдек, бундай бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкаларини ажратилишига кўмаклашади;
нотариусларнинг Тизимга уланиши ва ундан фойдаланишини таъминлайди;
нотариусларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;
нотариусларни хорижий мамлакатларда тажриба алмашишига ёрдам беради.
Нотариус нотариал ҳаракат амалга оширишни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.
Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.
Нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.
Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг розилигини талаб этади.
Download 175.12 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling