Microsoft Word ch aytmatov erta qaytgan turnalar ziyouz com doc
Download 0.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Chingiz Aytmatov. Erta qaytgan turnalar (qissa) oʻqish kk
Тўртинчи боб — Султонмурот, сенга нима бўлди? — Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси олдига келгандагина пайқади. — Ўзим. Ҳеч нима, — гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан турди. Синф ҳамон совуқ ва жимжит эди. Болаларнинг одатдаги йўталлари аралаш ҳиринг-ҳиринг кулгани эшитилди. — Гоҳ беҳудадан беҳудага йўталинг тутади, гоҳ берилган саволни эшитмай қоласан, — деб қўйди норозилик билан Инкамол опа совукдан елкалари қунишиб. — Бор, яхшиси, похол олиб келиб, печкага ўт ёқ. Султонмурот шуни кутиб тургандек, дарҳол ишга киришди. Ахир бунақа топшириқ дарс пайтида доим бўлавермайди-да. Навбатчилар танаффус пайти похол олиб келиб печкани ёқиб Чингиз Айтматов. Эрта қайтган турналар (қисса) www.ziyouz.com kutubxonasi 13 қўйишади-ю, аммо дарс вақтида бунақаси камдан-кам бўлади. У отилиб ташқарига чикди. Юзига қор аралаш шамол урилди. Эҳ, Сейлон эмасда бу ер! Ҳовли этагидаги похол сақланадиган омбор томон чопиб кетаётиб, отдан тушаётган колхоз раиси Тиналиевни кўриб қолди. У фронтдан ярадор бўлиб қайтган. Ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб юради. Бир неча қовурғаси йўқмиш. Парашютдан ташлайдиган десантчилардан экан. Урушгача агроном бўлган, дейишади. Аммо буни Султонмурот негадир эслолмайди. Урушдан олдин ҳамма нарса худди бир дунёга ўхшайди, шунинг учунми, урушдан бурунги ҳаётнинг бўлганлигига ишонмайсан ҳам... Султонмурот бир қучоқ похол кўтариб, эшикни оёғи билан туртиб очганча синфга кириб келди. Болалар бирдан жонланиб, шивир-шивир бошлашди. — Тинчланинг, алаҳсиманглар! — улардан талаб қилди Инкамол опа. — Султонмурот, шовқин кўтармай ишингни қилавер. Печка ичида похол кули учқунлаб турарди. Ўша учқунга бир тутам похол солиб тутатди. Яна қайта-қайта похол тутамидан ташларкан, печка гувиллаб ёниб кетди. Похол ташлаб туришга улгурсанг бўлгани. Синф хонаси жонланиб қолди. У орқасига ўгирилиб қарагиси, кимгадир афтини бужмайтириб кулдиргиси ва, айниқса, орқа партада ўтирган Онатойга мушт ўқталиб пўписа қилгиси келарди. Кўряпсизми, у синфда энг каттаси, ўн беш ярим ёшда, уришқоқ, бунинг устига, Мирзагулга тегажаклик ҳам қилади. Қани энди, унга тилини кўрсата олса эди. Ма сенга, ма, деб! Аммо бундай қилиш мумкин эмас, муаллималари қаттиққўл. Ҳа, уни ортиқча хафа қилишни хоҳламайди. Нимагадир кейинги пайтларда унинг ёлғиз ўғлидан хат йўқ. Ўғли командир, артиллериячи. У билан жуда фахрланади. Қандайдир хунук воқеа содир бўлиб, эри урушдан олдин қайгадир ғойиб бўлган. Одамлар ҳам бу ҳакда ҳеч нарса гапиришмайди. Шунинг учун ҳам у овулга келиб ўқитувчилик қиляптида. Ўғли Жамбулдаги педагогика билим юртида ўқиб юриб, ўша ердан фронтга кетди. Деразадан отлиқ почтальонни кўриши билан Инкамол опа болалардан бирини тўғри дарсдан чиқариб хатга чоптирарди. У эса югуриб ҳовлига чиқади-ю, агар хат бўлса ўзида йўқ шод қайтади. Ҳатто келгуси сафар муаллиманинг хатини олиб келиш учун навбат белгиланган. Хат келган кунлари байрам бўлиб кетади! Инкамол опа турган жойидаёқ хатга тезгина кўз югуртириб чиқиб, қоғоздан бош кўтарганида синфда гўё бошқа муаллима пайдо бўлиб қолгандай бўлади. Тутам-тутам оқ аралашган сочларини рўмоли остига чиройли қилиб бостириб олган муаллиманинг шундай қувончга тўлганида хотиржам туриш, унинг кўзларида ёш кўринганида юрагинг ачишмаслиги мумкин эмас. — Ҳаммаларингга салом, болалар, каттакон салом! Оғаларинг соғ-саломат экан. Жанг қиляпти, — дейди у суюнаётганини бутун синфдан яширолмасдан қалтироқ овозини босиб. Барча унга талпиниб, гўё бу қувончни баҳам кўрадигандай чеҳраларига табассум ёйилади. Бироқ бир озгинадан сўнг ўзи шундай дейди: — Энди, болалар, машғулотимизни давом эттирамиз. Ана шундагина дарснинг энг ажойиб, энг яхши онлари бошланади: унинг сўзлари таъсир кучини оширади, фикрлари фикр туғдиради, у нима ҳақда гапирса, тушунтирса, исбот қилса, ҳаммаси ўқувчиларнинг аклу юрагига жо бўлаверади. Унинг илҳоми жўшади-ю, бутун синф сеҳрлангандек жим ўтиради... Кейинги кунларда унга нимадир тинчлик бермасди, безовта қиларди... Шунинг учун бўлса керак, синфга илмий мудир ҳамроҳлигида колхоз раиси Тиналиев кириб келганда Инкамол опа астагина доска томон чекинди. Сўнг болаларга юзланиб истар-истамас деди: — Ўринларингдан туринглар, болалар. Султонмурот, сен жойингга бор. Султонмурот печка оғзини бекитиб, дарҳол ўз жойига йўналди. Келганлар саломлашдилар. — Салом! — дея жавоб берди уларга бутун синф. Ўртага сергаклантирувчи жимлик чўкди. Ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling