Microsoft Word kr dunyoning ishlari ziyouz com doc
Download 0.78 Mb. Pdf ko'rish
|
kr dunyoning ishlari ziyouz com
www.ziyouz.com кутубхонаси
102 Ойим дарров жавоб бермади. Чойнак устидаги латта қалпоқчани олиб чой қуйди. — Очилип деганни танийсанми? — деди анчадан кейин. — Нима эди? — дедим сергакланиб. — Ҳурини газетага уриб чиқмоқчи эмиш. Қўй, болам, шуни ёзмай қўя қолсин. — Танимайман, — дедим ёлғон гапириб. — Сен уни танимасанг ҳам, у сени танийди-ку, — деди онам осойишталик билан. — Таниса нима қипти! — дедим зарда билан. — Биласиз, мен бунақа ишларга аралашмайман! — Биламан, болам, биламан. — Ойим ўйланиб қолди. Кейин яна ўша гапни қайтарди. — Қўй, шуни ёзмай қўя қолсин. Eнди росмана жаҳлим чиқа бошлади. — Қизиқсиз! — дедим ғашим келиб. — Қайси куни Ҳурини ўзингиз ҳайдаб юборгандингиз. Энди ёнини оляпсиз. Ким ўзи у! Битта ҳаромхўр чайқовчи-да. Ойим яна ўйланиб қолди. — Тўғри, — деди анчадан кейин. — Ҳури ёмон, ҳаромхўр. Лекин бу бечора калтакесакнинг думидек гап, болам. Бунга оширадиганлар бошқа. Калтакесакнинг думини узганинг билан бошқаси ўсиб чиқаверади... — У яна жимиб қолди. — Чойингни ич,— деди юпатувчи оҳангда. — Боласи бор-а, бир эмас, иккита норасидаси бор-а, ўғлим. Индамадим. Тўғриси, нима дейишни ўзим ҳам билмасдим. Бу — онамнинг охирги илтимоси эканини ўшанда билмаган эдим... ... Мана, ҳозир ҳар куни ишдан қайтишда дарвоза олдидаги скамейкага қарайман. Скамейка бўм-бўш. На болалар бор, на хотинлар... Ҳатто «шара-бара» ҳам кўчамиздан ўтмайдиган бўлиб қолди. АЛЛА Қабристон ғиштин девор билан ўралган. Дарвозанинг нариги томонида — гўрковнинг ҳужраси. Бериги томонида — ташқарида, унинг ҳовлиси. Дарвозага яқин келишим билан ичкаридан — ҳужра томондан тиловат садоси эшитилди. Худди шу пайт ҳовли томондан алла овози янграб кетди: Аллаё, алла, жоним болам-а, алла... Ким бўлди бу? Гўрковнинг келиними? Қизими?.. У ҳамон сокин товушда давом этарди: Ухла, қўзим, аллаё, ширин қизим, алла... Eрталаб ёмғир ёққан эди. Дарвозанинг темир панжараларида сув томчилари ялтирайди. Кўлмакда қуёш жилоланади. Муздек тутқичдан ушлаганча туриб қолдим. Бир томонда тиловат садоси, бир томонда алла... Ажаб, улар бир-бирига халақит бермас, бир-бирини рад этмас, иккаласи қўшилиб баҳор нафасига тўлган осмонда, қабристон йўлкасидаги кучала чиқарган тераклар устида парвоз қилар эди: «Раббано-о-о, раббно-о-о...» «Аллаё, алла»... Бир хил бўлиб кетдим. Панжарадор дарвозага суяниб узоқ туриб қолдим. Онам бешигим устида алла айтганини эслай олмайман. Эсимни таниганимда бешикда ётмайдиган бўлган эдим. Бироқ ойим укамга алла айтганини эшитганман. Кўп эшитганман. Қиш кечалари сандалга суқилиб тиқилишиб ётардик. Уй нимқоронғи. Пилиги пастлатиб қўйилган чироқ хира нур сочади. Шифтда лампа шиша учидан чиққан нур доираси кўринади. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling