Microsoft Word kr dunyoning ishlari ziyouz com doc
Download 0.78 Mb. Pdf ko'rish
|
kr dunyoning ishlari ziyouz com
www.ziyouz.com кутубхонаси
23 олган эди. Ошхонада овқат қилаётган опам дарвозадан кириб келаётган меҳмонларга кўзи тушиши билан томорқага қочиб кетди. Бу сафар совчилар узоқроқ ўтиришди, ойим уларни мошхўрда билан меҳмон қилди. Кечки овқатдан кейин опам идиш-товоқни ювиш учун ош- хонага чиқиб кетганида ойим дадамга қайси кунги совчилар тағин келишганини айтди. — Яхши, таг-зоти кўрган одамларга ўхшайди. Ўғлиям муаллим эмиш. Унингиз йўқ, бунингиз йўқ деб ўтирмаймиз, борига барака қилиб тўй қилаверамиз дейишяпти. Дадам анчагача индамади. — Суриштириб кўриш керак, — деди охири. — Бу— умр савдоси. — Кейин шиша носқовоғини олиб, нос отди. — Қизингни кўнглиниям билиш керак. Шу билан гап бошқа ёққа айланиб кетди. Дадам эски пахталигини кийиб, кечқурунги сменага ишга жўнади. Биз — ака-укаларга жон кирди. «Қушим боши» ўйнадик, ўрта бармоқни топиш ўйнадик. Охири ўйиндан ўқ чиқди. «Ошхўракам каптар» ўйнаётганимизда акамнинг боши укамнинг бошига қаттиқроқ урилиб кетди шекилли, укам ариллаб йиғлай бошлади. Ойим билан опам койиб-койиб, жой солиб беришди. Ҳамма ухлаб қолди. Мен бўлсам анчагача ухлолмай ётдим. Бир маҳал ташқарида чақмоқ чақди. Кетидан момақалдироқ гулдуради. Шариллаб жала қуйиб юборди. — Ўлсин, — деди ойим ўрнидан туриб. — Чакка ўтяпти. Опам икковлари токчадан товоқларни олиб чакка ўтадиган жойга қўйишди. Кўзимни юмиб ётсам ҳам қаердан ўтишини биламан. Бурчакда, сандиқнинг олдидан, кейин кавшандоз яқинидан ўтади. Опам билан онам яна жойларига келиб ётишди. Опам дераза тагига, ойим — укамнинг ёнига. Мен бўлсам чаккага қулоқ солиб ётибман. «Чак-тик-пук», «Чак-тик-пук...» Чакиллайверади, чакиллайверади, худди соатга ўхшайди. Фақат оҳанги ҳар хил: «чак-тик-пук...» Eнди кўзим илинган экан, опамнинг хўрсинганини эшитиб яна уйғониб кетдим. — Нимага келишаверади, ойи! — Совчими? — деди ойим. — Келади-да, қизим. Қизлик уй — бозор. Шоҳ ҳам келади, гадо ҳам. Бировнинг эшигига умид билан келган одамни хафа қилиш гуноҳ. Ойимнинг уйқуси ўчиб кетди шекилли, овозини анча баландлатиб гапира бошлади. — Қадим замонда бир сахоба ўтган экан. Ой деса ойдай, кун деса кундай, яккаю ягона қизи бор экан. Бир куни уч жойдан уч совчи кепти. Сахоба совчиларнинг дили оғримасин, деб учаласигаям розилик бериб юборибди. Кейин нима қилишни билмай, Худога нола қипти. Ўзи биттаю битта қизим бўлса, уч жойга сўз бериб қўйган бўлсам, энди нима қиламан, деб йиғлабди. Шунда Худонинг раҳми келиб бир кечада сахобанинг сигири билан эчкисиниям қиз қилиб қўйибди. Учала қиз бир хил эмиш. Уч совчи уч қизини тўй-томошалар билан олиб кетибди. Шунда сахоба Худога яна нола қипти. Қайси бири ўзимнинг қизим эканини энди қаёқдан биламан, дебди. Худодан нидо кепти: эшикдан кириб борганингда салом бериб кутиб оладиган, эрини, қайнота-қайнонасини, қайн-бўйинларини ҳурмат қиладиган қиз— ўзингнинг қизинг. Ҳеч кимни ҳурмат қилмайдиган, шалтоқ қиз сигиринг. Ҳеч кимни ҳурмат қилмайдиган оғзи шалоқ қиз — эчкинг бўлади дебди. Ҳар хил хотинлар ўшандан тарқалган эмиш. Бири эсли- ҳушли, чаққон, бири — шалтоқ, бири адабсиз... — Кеннойига ўхшаганми? — деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бу шундай кутилмаганда бўлдики, ойимнинг чўпчаги шартта кесилиб қолди. Кейин опам икковлари шарақлаб кулиб юборишди. — Вой шайтон, ухламаганмидинг?! — деди опам қаддини ростлаб. Ўрнидан турди-да, пилиги пасайтирилган лампали токча олдидан ўтиб келиб, мени қучоқлади. У юзимдан, бу юзимдан ўпди. Опам уришиб беради, деб қўрқиб тургандим. Ўпгани учун жудаям яхши кўриб кетдим... Eртасига чойдан кейин ойимнинг маҳси кияётганини кўриб, меҳмонга отланаётганини сездиму дарров эргашдим. — Менам, менам бораман! |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling