Microsoft Word kr falak ziyouz com doc
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
Tohir Malik. Falak (qissa)
www.ziyouz.com кутубхонаси
12 Мана шу қўшни йигит таҳсилдан юз ўгирибди. Унинг йўлдан озгани мусофир умидига соя солса ҳам, у ҳамқишлоғи билан учрашиш истагидан воз кечмади. Бир томондан, қишлоқдан олиб келган омонатни топширмоғи лозим бўлса, иккинчи томондан, уни қаландарлик жандасида кўрмоқчи эди. Йигит қорабайирни отхонага боғлаб, тепадаги ҳужрага жойлашди. Кейин пастга тушиб, ҳовуз лабида турган обдастани олди-да, таҳоратга ўтди... Обдастани ўрнига қўя туриб, унга разм солди. Қорнига чертиб қўйди. — Ҳа, меҳмон, хуш ёқдими? — деди елкасига сочиқ ташлаган яғриндор киши. — Миси тоза экан, — деди йигит. — Ҳа... мендаги молларнинг бари асл. Мисгармисиз, дейман-а? — Йўқ, заргарман. Намоз вақти яқинлашгани учун йигит гапни қисқа қилиб кўчага чиқди. Масжидга етгунча учраган қаландарларга қараб борди. Бироқ, истаган одамини учрата олмади. Масжидда одам кўп эди. Йигит намозни пойгакроқда ўқиди. Юзига фотиҳа тортиб, бошқалар қатори ўрнидан тургач, кўзи минор тарафдаги икки қаландарга тушди. Абдулваҳобни шулардан сўраб билай-чи, деб ўша томонга юрди. Сўрашга оғиз жуфтлаган ҳам эди-ки, қаландарлардан бири унга пешвоз чиқди: — Шамсибек! Йигит ҳайрат билан унга қаради: Абдулваҳоб! Қорайибди, озибди. Ёноқ суяклари туртиб чиқиб, кўзлари киртайиб қовоқлари салқиб қолибди. Фақат овози ўзгармабди. Юзидаги кулгичи ҳам сал сезилиб турибди... Кўришишди. Кейин бозорга кираверишдаги чойхонага боришди. Абдулваҳоб хурсанд эди. Ҳар ҳолда Шамсибек ҳамқишлоғи, ундан ота ерининг иси келади. Шамсибек эса на хурсанд, на хафа эди. Сабоқдошидан кўз олмай, ундан илгариги Абдулваҳобни қидирарди. Олти йил олдинги Абдулваҳобдан деярли ҳеч нарса қолмабди. — Мадрасани тарк этдингизми? — Мен дин-шариатнинг путурини кетказган дўзахилар даврасидан қайтдим. Охират андишасини деб, пиримнинг этакларидан тутдим. Бандаларга ҳақдан имон сўраб, ибодат қилишдан улуғ савоб йўқ! Шамсибек мийиғида кулиб, чинни пиёладаги кўк чойдан бир ҳўплади. Кейин фонуснинг нурида ялтираётган ботиқ кўзларга қараб, деди: Ёраб, лойимни-ку, қорган ўзингсан, Ўриш-арқоғимни ўрган ўзингсан. Ёмонманми, яхши, мен қандоқ қилай? Тақдир манглайини берган ўзингсан. Абдулваҳобнинг чойнак тутган қўли титраб кетди. — Астағфируллоҳ! — деди овозини кўтариб. — Тавба қилинг! Нариги сўрида ўтирганлар уларга қараб қўйишди. — Тавбага на ҳожат? — деди Шамсибек хотиржам.— Бу сўзларни Умар Ҳайём айтган. Мен гуноҳ иш қилсак ҳам, савобга қўл урсак ҳам Ҳақ-таолодан демоқчи эдим. Ўзгалар учун ибодатга берилиб, умрни хазон қилишдан на фойда? Ҳар банда ўз гуноҳи учун ўзи истиғфор айтмаги дуруст эмасми? Илмдан юз ўгириб, умрни жувонмарг қилмоқ гуноҳ эмасми? — Тилингизни тийинг! Дўзахиларнинг сўзини айтманг! — Хўп, сизнингча бу дўзахиларнинг сўзи, йўлингиз эса тарийқат экан, унда аввалги йўлингиз-чи? Илм олиш сизнингча гуноҳми? Абдулваҳоб суҳбатдошига ёвқараш қилди-ю, жавоб бермади. Улар жим қолишди. Шамсибек нариги сўрида гурунглашаётганларга қараб ўтирар, Абдулваҳоб эса қўлидаги тасбеҳга тикилиб қолганди. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling