Microsoft Word togaymurod otamdan qolgan dalalar ziyouz com doc
Download 1.24 Mb. Pdf ko'rish
|
Tog\'ay Murod. Otamdan qolgan dalalar (roman)
www.ziyouz.com кутубхонаси
139 Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан силкиб- силкиб отди. Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан қоқиб- қоқиб отди. Автоматчилар аёлимиз лозимини отмади — мени бағримни отди! Бағрим бир ўпирилиб тушди! Шунда... аёлимиз лозими улоғидан чироқ илашиб қолди. Аёлимиз лозими улоғидан чироқ ёпиниб қолди. Ана шунда уй-ич нимқоронғи бўлди. Тўппончалик лозимни олиб ташламоқ бўлиб қўл узатди. Тағин, бирдан қўл тортди. — Т-фу!.. — дея лозим тупурди. Тўппончалик аёлимиз лозимилаб тупурмади — мени бетимлаб тупурди! Бағрим икки ўпирилиб тушди! Тўппончалик аёлимиз лозимини тўппонча учи билан олар бўлди. Бир тўппонча қаради, бир лозим қаради. Тўппончасини лозим теккизишдан ҳазарланди! Тўппонча билан онамизга ишора берди. — Манавинингни олиб ташла! — деди. Онамиз ҳадаҳа лозим олди. Лозим қўлтиқлаб бурчаклади. — Илойим, шу қилғилиғинг ўзингга урсин, ўзингга бўлмаса, болангга урсин! — дея минғ- минғ қарғади. Автоматчилар сандиқларни ағдариб-ағдариб қаради. Гилам остиларини босиб-босиб қаради. Дераза токчаларини тақ-тақ уриб қаради. Деворларни чертиб-чертиб қаради. Уй-ич итирқин-итирқин бўлди! Автоматчилар девор бош-адоғ қосовсимон аппарат югуртириб-югуртириб кўрди. Автоматчилар ошхона титди. Автоматчилар омборхона титди. Автоматчилар молхона титди. Уй-таш итирқин-итирқин бўлди! — Олтинларинг қаерда? — деди тўппончалик. — Олтин? Қандай олтин? — Аппаратимиз ёниб кўрсатмаяпти. Яхшиликча, ўзинг айт! Бўл-бўл! — Ўйнаб қўяй, олтин зотидан, ўйнаб қўяй. Олтин тилла дўконда бўлади-да. — Айтмайсанми? Ҳали, айтасан! Тўппончалик шундай дея, билакларимни жуфтлади. Шиқиллатиб кишан солди. Кишан жиловини билагидан ўраб олди. Дарвоза олдида турмиш машина тараф етаклади. Ўғлимиз кетимдан овоз берди: — Ота-а-а! Тўппончалик мени машина имлади. — Йўл бўлсин? — дедим. — Энангни уйига! Мен машина кира бермадим. — Йўл бўлсин? Эртаматан биринчи терим бошланади? — дедим. Автоматчилар мени итаргилаб-итаргилаб машина босди. Машина ойнасидан уйимиз қарадим. Онамиз уй бўсағада серрая-серрая қолди. Болалар онамиз теварагида ғуж бўлиб-ғуж бўлиб олди. Ўғлимиз тағин овоз берди: — Ота-а-а!.. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling