Минтақадаги бошқа халқларнинг этногенези ва этник тарихи
Download 1.21 Mb. Pdf ko'rish
|
Orta osiyodan deportatsiya qilingan xalqlar
Кийим-кечаклари. Арабларда жунли матолар кўп ишлатилган. Масалан,
кигиз астарли тўн (чайдамия) бошқа этник гуруҳларда кебенак деб аталади. Шунингдек, ичи мўйнали пўстиннинг турига кўра, қўзи пўстин, барра пўстин ва тулки пўстинларга бўлинган. Чўпонлар эса совуқ қиш пайтларида пўстин билан биргаликда ичи мўйнали кенг иштон (чолвор) ҳам кийган. Кекса арабларда эса рўмол шаклидаги белбоғлардан эмас, балки узунлиги 3–4 метрли бўлган бир неча марта ўралган вазра (камар)дан фойдаланилган. Эркаклар анъанавий бош кийим сифатида салла ўраган. Салла 4–5 метрли мато бўлагидан ўралган бўлиб, у ҳамиша ўраб юрилган, аммо иш пайтлари кичкинароқ, байрам ва тўй пайтлари эса каттароқ ҳамда салобатлироқ қилиб ўралган. Салла ипак, пахта ва жун матоларидан турли рангларда тайёрланган. Диққатга молик томони шундаки, арабларда ёшига қараб турли рангдаги саллалар ўралган. Ёш эркаклар одатда, қизил салла, ўрта ёшлилар кўкиш ва кексалар эса оқ рангдаги салла ўраган. Бўйдоқ ёшлар ва уйланган ёш эркаклар оддий гарди салла кийган. Албатта, саллани тўғридан-тўғри бошга эмас, балки каллапўш кийилиб, унинг устидан ўралган, кексалар салла остидан кўлоҳ кийган. Араблар қадимдан мўйнали телпак ҳам кийишга одатланган. Анъанавий оёқ кийимлари ҳам турлича бўлиб, одатда, этик ва махси- кавуш билан кийилган. Чўпонлар эса юмшоқ чарм чирик ва энг сифатли ҳисобланган “калла хасани” деб аталган чармдан этик тайёрлаган. Шунингдек, қора ва яшил теридан тайёрланадиган кавуш энг қимматбаҳо ҳисобланиб, эшак терисидан тикилган. Бундан ташқари, арабларда қора рангли кавушлар оқ теридан тикилган бўлса, этик-муъзалар эса оқ дағал теридан тайёрланган. Куёв тўй пайтида очиқ рангдаги кўйлак, йўл-йўл пахтали матодан иштон, беқасб (ўзбекларда беқасам) чопон, унинг ичидан оқ матодан тикилган енгил яктак, шойи атласдан келин томондан махсус тайёрланган белбоғ ва камар таққан. Куёвнинг бош кийими тўқ қизил ёки қизил салла бўлиб, бир учига кашта тикилган ва жиға тақилган. Аёллар кийими таркибига кўйлак, иштон, камзул ва пахтали халат кирган. Араб аёлларининг қадимги кўйлаги Ўрта Осиё учун хос бўлган нов шаклдаги кийимдир. Шундай одат бўлганки, устма-уст икки қават кўйлак кийилган ва ушбу кийим кенгроқ ва узунроқ кўринишда бўлган. Кекса аёллар оқ ёки кўк рангдаги кўйлак кийган ва унинг узунлиги тўпиққача етиб, янги ҳамда ёқаси қора кашта билан безатилган. Араб қизлари яқин кунларгача “мунди ёқа кўйлак” кийган. Турмушга чиққан аёлларнинг кийимлари тик ёқали кўйлак – кенг кўринишда ва узун енгли бўлиб, анъана бўйича қизларнинг кийимлари ўрта ёш ва кекса аёлларникидан фарқ қилган. Араб қизлари турмушга чиққандан сўнг қизлик кўйлагини вертикал ёқали қисқа қирқимга эга бўлган кўйлакка алмаштиради. Бундай фасондаги кўйлак келиннинг ота-оналари томонидан тайёрлаб қўйилади. Янги оилада биринчи фарзанд туғилгач, аёл оналар кўйлаги (субинморо)ни кийишни бошлайди. Уни ёқаси узун вертикал қирқимга эга бўлади. Араб аёлларининг анъанавий кийимларида ўзига хосликни сақлаб қолган бош кийими – гизза бўлиб, у қизил сатин ва алвондан, ёқаси эса ўйма, қора сатиндан жияги қўшиб тикилади. Ушбу жияк устидан оқ ипдан ҳошия каштали бўлади. Гиззанинг олди белигача тушади, енги эса калта, тирсаккача ётмайди. Орқа томони кўйлак узунлигида, кўкрак томони эса оқ ипак билан чиройли кашталанган бўлади. Бўйигача бўлган қисми уч-тўрт хил рангдаги материалдан кўндаланг тикилади ва устидан эса 8–10 қатор кумуш танга балдоқ мусулха ва бошқа ялтироқ тақинчоқлар териб тикилади. Гизза икки хил; биринчиси қизил гизза, буни араб қизлари тўрт ёшдан бошлаб кияди. Қиз гиззаси қизил рангда бўлиб, уни улар турмушга чиққунларигача кийсалар, иккинчиси оқ матодан тикилади ва уни турмушга чиққан кунларидан бошлаб киядилар. Араб қизлари турмушга чиққанларидан кейин уч кун ўтгач, “қасабандан”, яъни “кўрпа йиғди” маросими ўтказилади. Ушбу маросимда қишлоқ хотин- қизлари қатнашади. Куёвнинг отаси мол сўйиб, қишлоқ аёлларига зиёфат беради. Келиннинг яқинлари совға-салом олиб келади ва шу куни келинга қизил газмолдан тикилган қалин каштали, ҳошиятли бош кийим – бухнак кийдирилади. Мазкур бош кийими пешонадан бетгача тушиб, қулоқ-чаккани ёпиб туради. Боғичи билан ияк остидан боғланса, бухнак устидан эса тақинчоқ (синсила) тақилади. Бош ва пешона тақинчоғи бўлган синсила байрам кийими билан бирга тақиладиган гўзаллик безаклари мажмуасидир. Барча табақадаги араб қизлари ва аёллари қадимдан ҳаммабоп тақинчоқларни афзал кўрганлар. Уларнинг сифати ва сони оиланинг иқтисодий ҳолатига боғлиқ бўлган. Тақинчоқлар ичида энг кўп тарқалгани ва барча аёллар тақиши зарур бўлган тақинчоқ – билакузук ва узук ҳисобланиб, у мовий яшил кўзли бўлиб, кумуш ёки тиллодан ясалган. Шуниси характерлики, Ўрта Осиёнинг бошқа маҳаллий халқларида кенг тарқалган қулоқ тақинчоғи сирға арабларда кам учрайди. Фақатгина бурунга тақиладиган сирға (измак, натти, чет-натти)ни олдинлари араб аёллари кўп таққан, ҳозирда эса кекса ёшли момолардагина сақланиб қолган. Бухоро яҳудийларининг кийимларида ўзига хос миллий анъаналар яхши сақланиб қолган. Эркакларнинг кийими узун кўйлак (курта) ва иштон (эзор) дан иборат бўлиб, улар ҳар хил бичимда тикилган. Аёлларнинг кийими эса (ич кўйлак), куртаи рў (устки кўйлак), иштон (эзор)дан иборат бўлган. Бош кийимлари ҳақида шуни таъкидлаш керакки, эркаклар телпак, қоракўли, каллапўш, дўппи, қишда бараги, аёллар эса ёшига қараб дурра рўмол ўраган. Эмизакли боласи бор жувонлар лачак кийиб юрган. Уйғурларнинг кийимлари кўп жиҳатдан қўни-қўшнилари ва маҳаллий аҳолидан кескин фарқ қилади. Эркаклар тор тик ёқали кўйлак билан кенг боғичли иштон (танбал) кийиб юрган. Иштоннинг пойчаси этик ичига тиқиб юрилган. Кўйлак устидан енги тор, тик ёқали бешмет, кейин узун чопон кийилган ва чопон устидан узун чит белбоғ боғланган. Қишда қўй терисидан тикилган пўстин (жуга) кийилган. Оёққа маси (махси), чарм калиш ва этик кийилган. Аёллар эса узун кенг қилиб тикилган кичкина тик ёқали кўйлак, пастга торайиб борадиган иштон кийиб юрган. Турмушга чиққан аёлларнинг кўйлаклари олди кўкрагидан, қизларники эса елкасидан тугмаланадиган қилиб тикилади. Кўйлак устидан уйда ва кўчада кўпинча тугмаланмайдиган этаги тиззага тушиб турадиган, енгсиз камзул кийилган. Хитойда кўйлак ҳам кийилиб, бошларига дўппи ёки рўмол ўраган бўлса, қишда эса чети мўйнали япалоқ телпак кийилган. Бойроқ аёллар байрам кунлари читлари майда бурма рангдор тошлар билан безатилган учли юмалоқ телпак – кимхоб бўрк билан кўчага чиққан бўлса, камбағал аёллар эса телпакларини мунчоқ ва тангачалар билан безатган. Фарғона водийси ва Еттисув уйғурларининг кийимлари бир-биридан анча фарқ қилади. Фарғоналик уйғурлар яктак ва қавилган пахтали чопон кияди, белбоғларига қинга солинган пичоқ билан ностўрва ёки носқовоқ осиб олади. Қишда эса чопон устидан чакмак кияди. Дунганларда эркакларнинг кийимлари куртка (гуаза) ва узун чопондан иборат бўлган. Куртка қора ёки кўк матодан тикилган. Кенг кўйлак (санза), боғичли иштон (кўзи), оёқларига пайпоқ, чуқур, узун, паст пошнали туфли, бошларига эса мўйна телпак, оқ ёки кулранг юпқа намат қалпоқ кийган. Шанъси дунганлари ёзда, айвони кенг катта сомон шляпа кийиб юрган ва унинг остидан дўппи кийиб олган. Дунган аёлларининг кийимлари эркакларникидан деярли фарқ қилмаган. Кўйлакларнинг ранги ёрқин газмоллардан бўлиб, анча узун қилиб тикилган. Иштонларнинг пойчаси қора шойи ёки сатин парча қўйиб тикилади ва ингичка лента билан безатилади. Кўйлак ва иштон устидан чопон ҳамда унинг ичидан албатта, енгсиз нимча (жинжизи) кийилган. Ҳозирда корейслар орасида миллий кийимда юрадиганлар камайиб бормоқда, фақатгина қария аёлларда, у ҳам бўлса, кўпинча байрам-тантана кунлари бундай ҳолатни кузатиш мумкин. Ёши катта эркак ва аёллар асосан, оқ кийимни яхши кўради. Кекса хотинлар бурмали одми юпка, енглари узун оқ кофта ва калта кўйлак кийиб юради ҳамда оқ чесуча, шунингдек, газламадан кўп фойдаланади. Корейс аёллари енглари узун оқ калта кўйлак, чотари ва узун бурма юпка (чхима) кийиб юради. Мазкур юбкаларнинг ранги сариқ, пушти ва яшил ранг газламадан тикилади. Эркакларнинг кийимлари эса кенг иштон (падзи) ва аёллар кўйлаги сингари тикилган, лекин нисбатан узун кўйлак ҳамда унинг устидан одми матодан нимча (чокки) киядилар. Корейс эркакларининг бош кийимлари орасида сомон шляпа (кат) кўп ишлатилади. Аёллари эса бошяланг ёки рўмол ҳамда дурра ўраб юради. Марказий Осиё лўлилари ўзбек ва тожикларнинг кийим-кечаклари ва урф- одатларини қабул қилган. Лўлилар кийинишда ерли аҳолидан фарқ қилмасликка интилади. Эркаклари чопон (тўн), этик, телпак, баъзан эса белбоғ ўраб юрса, аёллари эса маҳаллий аҳолидек кийинса-да, лекин уларнинг рўмол ўраш услублари фақат лўлиларга хос. Лўли эркаклар ҳам, аёллар ҳам асосан, қора ва кўк рангларни ёқтиради. Download 1.21 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling